Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (hudud24.uz 12.09.2023й): Ижтимоий тармоқларда “Куёв араб шайхларига ҳавас қилган кўринади” номли тўй маросими акс этган видеолавҳа тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат бўйича ИИВ билдирган расмий ахборотда, суд фуқарони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича жаримага тортган.
Изоҳ: Мазкур Исломий тўй ўтказилганидан сўнг куёв ички ишлар идорасида тергов қилинган. Суҳбат давомида куёв тўй тадбирини Исломий тарзда ўтказганини айтган. ИИВ келиннинг юзини тўсувчи либос кийгани жинс бўйича камситиш, дея баҳолаган. Ваҳоланки, ўша ички ишлар ходимлари ҳам ўзларини мусулмон деб билади ва Исломда аёл-қизларнинг юзини тўсиши Исломий ижтиҳодлардан бири ҳисобланади. Куёвга жазо тайинлаган суд эса, йигит арабча либосда тўй ўтказганлиги учун эмас, балки диний мазмундаги видео ёзувларни сақлаб, Телеграм ижтимоий тармоғида тарқатгани учун жавобгарликка тортилганини маълум қилди. Агар бу йигит диний материаллар тарқатган бўлса, нега уларнинг номи ҳамда қачон тарқатганига аниқлик киритилмади? Нега уни айнан Исломий тўй ўтказганидан сўнг судлашди? Бунинг сабаби аниқ, Россия ва Америка каби мустамлакачи давлатлар Исломий юртлардаги ҳукуматлардан аҳолининг Исломлашиш даражаси ўсиб боришига қарши курашишни талаб қилади. Ўзбекистон ҳукумати аҳолининг Исломга тобора қизиқиши ортаётганига қарши курашни ниқоблаш учун – диний идора имомларини ёллаган ҳолда – айрим Исломий урфларни, булар арабларники ва бизнинг миллий анъаналаримизга тўғри келмайди, дея талқин қиляпти. Бошқа томондан, бир қўшиқчи аёлнинг ҳиндча тўй қилгани, пойтахт ва шаҳарларда турли европача кўнгилочар тадбирлар бемалол ўтказилаётгани ноанъанавий ҳисобланмаётгани ҳукуматнинг асл башарасини яна бир карра очиб ташлади. Бундай вазиятда ўз Исломига чиройли амал қилишни истаган муслималарни “кийинишда ҳаддидан ошганлар” дея қоралаб, мушрик ҳиндлар урф-одатлари кенг тарғиб қилинаётганига кўз юмаётган имомлар қайси юз билан ўзини дин пешвоси, деб аташар экан?! Халқимиз кўз ўнгида демократиянинг ҳам, гўё демократик тамойиллар бўйича қайта сайланган ҳукуматнинг ҳам башараси фош бўлди. Демократия шахс ва жамият ҳаётида Исломнинг ҳукмрон бўлишига ҳеч қачон йўл бермаслиги аниқ. Мусулмонлар шахсий амалларига шариатдан ҳукм ола бошласа, уларни турли баҳоналар билан жазолаб, Исломдан узоқлаштиришга ҳаракатлар бўлаверади. Бундай Исломга қарши кураш сиёсати Рошид Халифалик тиклансагина барҳам топади. Ўшандагина мусулмонлар ўз динига ва ундан келиб чиққан урф-одатларига эмин-эркин амал қилишади.
Хабар (kun.uz 12.09.2023й): 11 сентябр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашувда энергетика тизимидаги муаммоларнинг ечими учун зарур бўлган ислоҳот – соҳада бозор механизмларини жорий этиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Изоҳ: Энергетика вазирининг ушбу учрашувда айтган гаплари халқимизни келажакда бирор яхшилик кутмаётганидан дарак беради. Чунки ҳукумат бир неча йилдан бери замин ҳозирлаб келаётган энергетика соҳасида нархларни эркинлаштириш ва бозор иқтисодиёти тамойилларини амалда жорий қилиш босқичига етиб келди. Соддароқ айтадиган бўлсак, энергетика соҳасига бозор иқтисодиёти тамойиллари татбиқ қилиниши натижасида нархлар ўсиб боради, давлат аралашуви камайиб, соҳа секин-аста маҳаллий ва хорижий хусусий компаниялар қўлига ўтади. Охир оқибат одамлар свет ва газни олтин баҳосига сотиб оладиган бўладилар. Давлат эса бунга деярли таъсир ўтказмайди ва хусусий компаниялар ўз шахсий товарига айлантириб олган газ ва светни хоҳлаган нархларида сотадилар. Бозор иқтисодиёти мана шу бўлади. Бу ҳали капиталистик иқтисод низомини татбиқ қилиш оқибатларининг бошланиши холос. Энди вазирнинг етказиб бериш тармоқларининг эскириб кетгани ҳақидаги гапига келсак, бунга тўлиғича ҳукумат айбдор. Чунки бугунги ва Каримов бошлиқ аввалги ҳукумат ўн йиллар давомида тармоқларни янгилашга сарфланиши керак бўлган маблағларни талон-тарож қилиб юборди. Тармоқларни таъмирлаш ва янгилашга шу вақтгача халқнинг ўзи пул сарфлаб келди. Ҳукуматнинг эса инвестиция керак, дейиш ва кириб келган инвестицияни туя қилишдан бошқа гапи ҳам, иши ҳам йўқ. Дарвоқе, вазир газ конларининг 85 фоизини ресурслари тугаб бўлганини, қолганини чиқариб олиш учун яна инвестиция кераклигини айтди. Ҳукуматнинг аҳволига қаранг?! У конларимизни Россияга бериб юбориб, энди ресурсимиз деярли тугади, демоқда. Бунинг натижасида халқимиз орасида “арзон бўлиб бўлмагандан кўра, қиммат бўлса ҳам бўлгани яхши” деган фикр ҳукмрон бўла бошлади. Лекин бу нотўғри. Чунки газ, свет ва сув каби табиий ресурсларнинг ҳақиқий эгаси халқнинг ўзи ҳисобланади. Бу ресурслар умумий мулк жумласига киради ва уларни одамларга адолатли тақсимлаш давлат зиммасидаги ишдир. Халқимиз мана шу хақиқатни англаб етмоғи ва ўзига нисбатан қандай улкан зулм қилинаётганини ҳис қилмоғи, буларнинг барчаси фақат Ислом тузуми татбиқ қилинсагина барҳам топиши муқаррарлигини аниқ билмоқлари лозим. Албатта, Аллоҳ бир қавмнинг аҳволини то улар ўзларидаги тушунчаларни ўзгартирмагунларича ўнгламайди.
Хабар (qalampir.uz 14.09.2023й): Маълум қилинишича, жорий йилнинг 10 сентябр куни Абдулла Арипов бошчилигида Вазирлар Маҳкамаси биносида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган махсус мажлис тафсилотлари нотўғри талқин қилинмоқда. “Гўёки Бош вазир амалдорларга қарата динни ёки давлатдаги ишини танлаши кераклигини айтгандек қилиб тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди…”.
Изоҳ: Бундай мажлислар аввал ҳам кўп марта ўтказилган ва буниси, табиийки охиргиси эмас. Зеро, ҳукумат ўзининг ғайриисломий сиёсатини кеча ёки бугун бошлагани йўқ. Шунинг учун бунга ҳайрон бўлишнинг ҳожати ҳам йўқ. Ҳукумат Ислом ва мусулмонлар душмани бўлган Америка, Россия, Хитой ва Ғарб давлатлари каби кофир мустамлакачилар билан ош-қатиқ бўлишда давом этар экан, бундан бошқача сиёсатни кутишнинг ўзи нодонликдир. Мана, Мирзиёев кечагина “азон овозини эшитсам кўзимга ёш келади” деяётган эди. Бугун эса азон овозининг пасайтирилаётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти ва ҳукумат юқорида урғуланган сиёсатни юргизаётганини ҳисобга олсак, ундан бундай ишларнинг содир бўлишидан ажабланмаса ҳам бўлади. Бу худди золим Каримовнинг бир гапни айтиб, унинг тескарисини қиладиган сиёсатига ўхшаб кетяпти. Бундай тутуриқсиз ва жирканч сиёсатнинг сабаби – юқорида айтганимиздек – кофир мустамлакачиларни рози қилишдир. Шунинг учун халқимиз куфр демократия ёки яна қандайдир бошқача режимлар шароитида ўзи эътиқод қилиб келаётган динига тўлиқ риоя этолмай, “мен мўътадил Исломчиман” деб муроса йўли билан бир амаллаб яшашдек хорликка рози бўлишни бас қилиши лозим. Халқимиз ниҳоят шуни тушуниб етиши керакки, Аллоҳнинг буйруқ ва тақиқларига риоя қилиб яшаш учун анави ҳукуматнинг рухсати керак эмас. Ҳолбуки, бу ҳукумат халқимизга тиқиштираётган демократиясидаги “виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунлари билан мусулмонларга нима мумкину, нима мумкин эмас, дея белгилаб қўйишининг ўзи Аллоҳга қарши уруш очишдир. Динни ҳаётдан, демакки, давлатдан ажратишга асосланган тузумни қабул қилишни ўзи улкан жиноят ва хиёнатдир. Бундай ишга фақат Аллоҳдан кўра ўзига ўхшаган ожиз бандалардан кўпроқ қўрқадиган тақвосиз ва қўрқоқ кимсаларгина қўл уриши мумкин холос.
Хабар (uza.uz 14.09.2023й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Изоҳ: Марказий Осиё президентларининг ўзаро маслаҳат учрашуви – гарчи ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлса-да – воқеда деярли бирор натижа келтирмаяпти. Масалан, ўтган йили қирғиз-тожик чегарасида уюштирилган қонли тўқнашувларнинг олдини ололмади ёки тўхтатиб қололмади. Ушбу мамлакатлар ўртасидаги чегара ўтиш пунктларида халқни қийнаб келаётган муаммолар ва сунъий тўсиқларни санаб тугатиб бўлмайди. Ёки савдо қилиш, таълим олиш, даволаниш, меҳнат миграцияси каби ишлар борасида бешта давлат бир-бирининг фуқароси учун вақтинчалик яшаш рухсатномаси талаб қилишини олайлик. Булар минтақа аҳолиси учун фақат ортиқча сарф-харажат ва машаққат туғдиряпти холос. Ёки ҳеч бўлмаса минтақа иқтисодиёти учун ғоят зарур бўлган эркин савдо режимини амалда татбиқ қилиш каби осон ишлар ҳам ҳалигача йўлга қўйилмади… Албатта, халқларимизни бирлаштириб, уларнинг турли соҳадаги алоқаларини мустаҳкамлаб, ривожлантирадиган ишларни йўлга қўйиш мана бу президент ва ҳукуматларнинг қўлидан келмайди. Чунки уларнинг қарори ўз қўлида эмас, улар ўз шахсий иродасига таяниб иш кўрадиган сиёсатчилар ҳам эмас. Улар мустамлакачи Россия, Америка каби кофир давлатларнинг қош-қовоғига қараб иш тутадилар. Бундай маслаҳат учрашувлари минтақадаги мусулмон халқларни Ислом ақидаси асосида бирлашишларига хизмат қилмайди, аксинча уларнинг орасидаги сохта чегараларни мустаҳкамлаб, улар орасида бўлиниш ва низоларни кучайтиради холос. Зеро, бу президент ва ҳукуматларнинг ҳар бири кофир мустамлакачи давлатлар ва қолаверса, ўз шахсий манфаатлари учунгина қайғурадилар. Агар улар ростдан ҳам ўз халқлари учун қайғурганларида, аввало ўртадаги чегараларни олиб ташлаган бўлардилар. Минтақанинг мусулмон халқлари бошини Ислом асосида қовуштирган, ягона Ислом давлатини қуриш учун кучларни бирлаштирган бўларди. Ҳа, бу иш уларнинг имконияти ва тоқати етадиган иш эди. Агар шундай бўлганида бизнинг Россия ва Америка каби душманларимиз йўлимизга тўғаноқ бўлишга кучлари етмасди. Уларнинг ҳозирги аҳволи бунга яққол далилдир. Албатта, ҳозир ҳам кеч эмас. Ҳолбуки, Аллоҳ Таоло биз мусулмонларга душманларимизни заифлатиш ва уларнинг бизга қарши тўқиётган макрларини ўзларига қарши қаратиш билан ёрдам беряпти. Бундай олтин фурсатдан унумли фойдаланиб қолиш ўз қўлимиздадир.
Хабар (kun.uz 16.09.2023й): Банклар ва бизнесга валюта операциялари бўйича чеклов киритилгани жамоатчилик танқидларига сабаб бўлгач, МБ раиси журналистлар билан учрашди ва бу қарор бекор қилинганини айтди. Унинг таъкидлашича, бу қарор кескин мунозараларга сабаб бўлгани учун тез орада бекор қилинган.
Изоҳ: 5 сентябр куни Марказий банк томонидан банклар ва бизнесга валюта операциялари бўйича чеклов киритилган эди. Орадан ўн кун ўтиб, яъни 15 сентябр куни бу чеклов бекор қилинди. МБ раиси бунга изоҳ бериб, жумладан шундай деди: “Бу қарор бўйича маълум бир ижобий фикрларни кўрмадик. Фалсафада шундай тушунча бор, жамият қабул қилмаган қарор, бу – нотўғри қарор…”. Афтидан бу қарор ҳукуматдаги ва унга яқин бўлган бизнесмен доираларга ёқмаган кўринади. Чунки Ўзбекистонда давлатнинг юқори идоралари томонидан қабул қилинган қарорнинг бунчалик тез бекор қилиниши жуда кам учрайдиган ҳолат. МБ раисининг қарорни жамият қабул қилмади, деган гаплари кўпроқ ушбу қарорни бекор қилинишининг асл сабабини яшириш учун ўйлаб топилган бўлиши мумкин. Зеро, одамларнинг норозилигига сабаб бўлаётган қонун ва қарорлар камми? Масалан, яқинда бўлиб ўтган “Стихия” номли бузуқ фестивалнинг ўтказилишига ҳам одамлар қарши эди. Лекин ҳукумат бунга умуман эътибор бермай, уни ўтказишга рухсат берди. Ёки солиқ соҳасида тадбиркорларни эзиб келаётган қонун ва қарорлардан норозиликлари ҳалигача эътиборга олинмай келиняпти. Ёки чорак асрдан бери фақат Роббим Аллоҳ дегани учун қамоқда ушлаб келинаётган мусулмонлар оилаларининг оҳу ноласини ҳукумат гўё эшитмаётгандек. Ёки бўлмаса аксари мусулмон бўлган халққа етти ёт бегона бўлган демократияни тиқиштиришдан олдин ундан кимдир розимисан ё норозимисан, деб сўраганмиди?! Бундай бузуқ тузум келтириб чиқараётган “гендер тенглиги”, “аёллар ва болалар ҳуқуқи”га оид бўлган усти ялтироқ, ичи қалтироқ қонун ва қарорларни мусулмон халқимиз хоҳлаганмиди?!… Ҳа, бундай саволларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Агар юқоридаги қарор жамият норози бўлганлиги учун бекор қилинган бўлса ҳам, бу ҳукуматнинг иккиюзламачилигини яна бир бор фош қилади. Чунки у қонун ва қарорларни Америка ва Россия каби кофир мустамлакачи давлатлар ҳамда Мирзиёев бошлиқ ҳукумат амалдорлари ва уларга яқин одамлар манфаати учун чиқаради ёки бекор қилади. Аслида, қонунлар инсонлар тарафидан тузилиши мумкин эмас. Зеро, ҳукм қилиш Аллоҳгагина хосдир. Яратувчимиз дин деб рози бўлган Ислом белгилаб берган қонунларгина татбиқ қилишга лойиқдир.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
18.09.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми