Энг тубан адоват
“Зиндон хотиралари” туркумидан
Энг тубан адоват
بسم الله الرحمن الرحيم
Зиндон хотиралари туркумидан сиз азиз ўқувчиларга ҳикоя қилинаётган воқеалар аслида 1999 йилдан то ҳозирги кунгача давом этмоқда, десак хато қилмаган бўламиз. Тиконли симлар ортида Ҳизб ут-Таҳрир йигитлари устида бўлган ва бўлаётган зулмга йўғрилган воқеаларни ўқиш сиз азизлар учун қанчалар оғир бўлмасин, етказишда давом этамиз. Зеро, у йигитлар кўтариб чиққан ғоя – Уммат учун дунё ва охират азизлиги кафолатидир. Модомики, улар ҳар бир мусулмон зиммасида вожибга айланган бир амални бажариш ортидан чорак асрдан буён панжара ортида қолиб кетаётган эканлар, ҳар бирингиз уларнинг аянчли қисматидан воқиф бўлишингиз ва бугунги аҳволларига бефарқ бўлмаслигингиз зарур! Ҳукумат вакиллари ва таниқли диний билим эгалари билиб ёки билмасдан Аллоҳ ва Росулига муҳаббатли кишиларни ҳануз турли атамалар билан сиз халққа танитмоқдалар. Улар террорчи ҳам, экстремист ҳам эмаслар, балки дин, Уммат ва шу халқ ғамида буюк мақсад сари отланган кишилардир. Чорак асрдан буён уларни зиндонларда ноҳақ ушлаб туришар экан, зиндон нидоларини етказишда давом этаверамиз. Мақсадимиз очиқ-ойдин, кимнинг ким эканидан сиз азизларни бохабар қилиш, хулоса эса, албатта сизнинг иймон ва ихлосингизга ҳавола.
Навбатдаги воқеа тиконли симлар ортида биродарларнинг намозларига қарши ҳатто кофирлар ҳам қилмаган тадбирларни ўзларини мусулмон санаган зона ходимлари томонидан содир этилгани ҳақида.
64/62-зона. Бухоро. Когон шаҳри. 2003-2005 йиллар.
Зона раҳбарияти янги йил муносабати билан эрталабки нонуштага торт бўлакларини столга тузаттирди. Ҳолбуки бундай “саховат” уларга бутунлай бегона эди. Зона раҳбарлари янги йил байрамига ҳизбийларнинг муносабатини ўз кўзлари билан кўриш учун ошхонага йиғилишган. Бирортамиз “байрам” тортига қўл текизмадик. Бу шунчаки, Исломга бегона байрамни нишонлаб, намозга қарши курашаётган ходимларга енгилгина норозилик намойиши эди. Раҳбарият ўзини мусулмон санаса-да, лекин бу “ҳақорат”ни ҳазм қилолмади ва ғазабланди. Бу каби сиёсий тадбирлардан кўпинча мағлуб бўлган раҳбарият жамоага қарши зимдан тиш қайради ва бутун олам мусулмонлари орзиқиб кутадиган Қурбон ҳайитида энг тубан кўринишдаги адоватини намойиш қилди.
Саҳарга яқин таҳорат учун секторга чиққан йигитлар ғалати хабар билан кириб келишди. Айтишларича, кечаси сектор ичидаги кенг саҳнга канализация ахлатини балчиққа аралаштириб ёйиб ташлашганмиш… Секторни бадбўй ҳид тутиб кетган эди. Уларнинг бундан кўзлаган мақсадлари Ҳайит намозини ўқитмаслик. Шунинг учун саҳнни нажосатга булғашганди.
Проверка (эрталабки йўқлама-саноқ) тугади. Барчамиз раҳбарият ходимлари эътиборидамиз. Улар янги йилдаги аламини олиш қасдида туришибди. Шу боис гўё сектор атрофидан бизларнинг бу ишга қандай муносабат қилишимизни “ҳузурланиб” томоша қилишаётгандай…
Бу ҳолат бир зум узоқ ўтмишни эслатди. Ушбу манзара гўё Абу лаҳаб хотини билан бирга Сарвари коинот Муҳаммад ﷺнинг йўлларига тикон ташлаганининг ўзгачароқ такрорига ўхшарди. Аммо улар мушрик бўлса, манавилар ўзларини мусулмон санайдиган жоҳиллар эди.
Ҳайит намозини адо қилиш режаси йигитлар томонидан аллақачон тузиб қўйилганди. Проверка тугаши биланоқ барча йигитлар саҳнга кириб чўнтакларидаги целлофанларни балчиқлар устига тўшадилар ва устидан бушлатларини жойнамоз ўрнида ёзиб сафландилар. Атрофдаги барча олабўжилар вазиятни кузатиб, кимнингдир бўйруғини кутаётгандек, саросимага тушишди ва бирдан намозга сафланиш чақириғи – азон садоси ўта ширин овозда янграб гўё ҳаммани сеҳрлади. Мен умрим бўйи бундай гўзал чақириқни эшитмагандим. Юмшаган қалблар қувончи кўзларни ёшлади, диллар нурга чўмди. Бундай азон сасини биринчи бор тинглаган бошқа аристонларнинг ўриси-ю корейси, менти-ю кенти бир неча дақиқада ўзгача қиёфада кулгудан тўхтаб, баъзилари ўтириб ҳам қолди. Субҳаналлоҳ! Барча сукутда. Намозга танланган имом қироати ҳам барчанинг бошини анчагина эгиб қўйди. Намоз хутбаси ва теран дуолардан таъсирланган аристонлар дуога жўр бўлиб, қўл очмоқдан ўзларини тиёлмадилар…
Азиз ўқувчим! Мен ўшандаги дуоларни сизга етказишдан ўзимни тияман, сабаби-нуқсонли қилиб қўйишдан чўчидим. Аммо ўшанда ич-ичимни титратган ҳисларимни имкон қадар бўлишаман.
Ёшлигимдан масжидларда қип-қизил гиламлар устида, хушбўй мушк ифорлари таралган жамоатлар ичида ҳайит намозларини ўқиганман. Ҳатто элга танилган ва кейинчалик анави қотил Каримов қатағонида шаҳид кетган машҳур қорилар қироати ва хутбаларидан дилларим яйраган. Аммо уларнинг барчасини ўша балчиқлар устига тўшалган увадалар устида адо этилган намозга ҳеч ҳам алишмайман. Чунки бу намоз дубинкалар қуршовидаги ҳақиқий ғариблар намози эди. Юрт масжидларида алвон гиламлар устидаги намоздан увадалар устидаги бу намоз, ҳеч шубҳасиз ўзгача эди. Анави масжидлар минбарида қўллар золим, қотил “шоҳ” ҳаққига дуолар айтиб кўтарилган бўлса, бу жамоадаги ғариблар Ислом ва мусулмон-мазлумлар ҳаққига дуои хайрда бўлиб, ҳалиги нусха ва унинг ювиндихўр жаллодларини дуоибад қилмоқда эдилар. Сиз азизлар, минбардаги дуолар маъносига “амин” айтиб жўр бўлишдан тийилиб гоҳо қўлингизни тушириб, гоҳида кўтарган бўлсангиз, бу ғарибларнинг дуога очилган қўллари кўзларидан оққан ёш ила ҳўл бўларди. Сиз азизлар, намоздан сўнг оилангиз учун байрам ширинликлари ташвишида бўлганингизда, увада устидаги бу ғариблар атрофдаги таёқлилар “сийлови”га тайёр турардилар…
Ушбу хотира сўнггида, сиз ўқувчиларнинг ақл мезонига оддийгина савол ташлаймиз. Қани айтингчи, намозга қарши курашувчи ҳукуматдаги ўша кимсаларни чин мусулмонлар, тўғри иш қилган кишилар, деб айта оламизми?! Маълумки, ҳукумат ходимлари – буйруқ бераётгани ҳам, бажараётгани ҳам – ўзларини мусулмон санайдилар. Лекин уларнинг Аллоҳнинг шариатини ҳаётга қайтариш мақсадида ҳаракат қилган, сўнгра шу йўлда қамалган мазлумларга нисбатан бундай муносабатда бўлишлари ҳеч ақлга сиғадими?! Зоналарда ибодатга, эътиқодга қарши курашаётганлари ҳар бир иймонли кишининг шаръий мезонида асло тош босмайди, мусулмонлик даъволари амалларига мутлақо тескаридир.
Азиз мусулмонлар! Иймон билан куфр ўртасидаги чегара барчага аниқ ва равшан, зеро:
قَد تَّبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
– “(Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди”. (Бақара:156)
Бу ўринда мусулмонликни даъво қилаётган, ўзининг оқибати, охиратига бефарқ бўлмаган ҳар бир кимса ниҳоятда огоҳ бўлиши лозим бўлган ўта нозик бир нарса бор. У иймон ва нифоқ (мунофиқлик) ўртасидаги чегарадир. Биз ҳеч кимни фалончи мунофиқ, демоқчи эмасмиз. Нифоқ қалб иши, қалбнинг ҳолатидир, уни ёлғиз Аллоҳ билади. “Ла нифақо баъдан-нубувва” – “нубувват (пайғамбарлик) давридан сўнг нифоқ йўқ”, яъни ҳеч ким бошқа бир кимсани мунофиқ, дейиши жоиз эмас. Дарҳақиқат, Қурон ва Суннатда мунофиқлик сифатлари ҳақида кўплаб нусуслар келган бўлиб, буларнинг бари иймон эгаларини хушёрликка, огоҳликка чақиради. Шунга биноан, мазкур воқеада баён қилингани каби ибодатдан, хайрли ишлардан, даъватдан тўсиш айни мунофиқликдир. Аллоҳ Таоло бундай дейди:
الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ بَعْضُهُم مِّن بَعْضٍ ۚ يَأْمُرُونَ بِالْمُنكَرِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمَعْرُوفِ وَيَقْبِضُونَ أَيْدِيَهُمْ ۚ نَسُوا اللَّهَ فَنَسِيَهُمْ ۗ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ هُمُ الْفَاسِقُونَ ﴿٦٧﴾
– “Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар ва (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар”. (Тавба:67)
Азиз мусулмонлар! Буларни ёритиш орқали, сиз қадрдонларни бундай ишларга қўл уриш ёки ундай кимсаларни дўст тутиш у ёқда турсин, ҳатто уларга хайрихоҳ ҳам бўла кўрманг, уларга нисбатан ичингизда ҳам, ташингизда ҳам ғазаб ва нафрат кайфиятида бўлинг. Шояд шунда ким дўсту ким душман, ким яхши-ю ким ёмон эканини аниқ англаб олсангиз. Унутманг, киши охиратда ўзи яхши кўрганлари билан бирга бўлур, буни кўп бора эшитгансиз. Қолаверса, ҳақни ва ҳақ йўлдагиларни кўриб олиш устида фикрлаш ҳам тақво ишидан бўлиб, тавфиққа элтувчи омиллардан биридир. Меҳрибон Роббимизнинг мана бу сўзини яна бир карра тадаббур қилинг-а:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَتَّقُوا اللَّهَ يَجْعَل لَّكُمْ فُرْقَانًا وَيُكَفِّرْ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ
– “Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур ва ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур”. (Анфол:29)
(Ўз навбатида қалбдан отилиб чиққан сизга илинаётганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими
25.05.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми