Ислом мафкурасининг муваффақияти
Ислом мафкурасининг муваффақияти
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Ислом мафкурасининг муваффақияти хусусида сўз юритар эканмиз, аввало унинг бошланиш нуқтасига назар ташлаймиз албатта. Ислом бутун араб халқини тоифачилик-қабилачилик зулматларида, жаҳолат қоронғуликларида тентираб юрган қолоқ фикрий ҳолатдан тонгги қуёш каби ёруғлик сари етаклади. Нафақат арабларни, балки бутун оламни, Ислом нури билан жилваланган фикрий уйғониш асрига олиб чиқди. Ислом ўз давлатига эга бўлган даврдан бошлаб, мусулмонлар ер куррасига ушбу Ислом нурини ёймоққа отландилар. Улар Исломни бутун оламга олиб чиқар эканлар, Форс, Ироқ, Шом ўлкалари, Ўрта Осиё, Миср ва Шимолий Африкани ишғол қилдилар. Бу халқлар ҳар бири ўзига хос миллат бўлиб, бири иккинчисига ўхшамас ва ҳар бири ўзига хос тилига эга эди. Форс мамлакатидаги форс миллати Шомдаги румликлардан, Мисрдаги қибтийлардан ва Шимолий Африкадаги барбарлардан фарқ қилар эди. Уларнинг одатлари, анъаналари ва динлари ҳам ҳар хил эди. Уларнинг барчаси Ислом ҳокимияти соясида яшаб, Исломни тушуна бошлагач, ҳаммаси Исломга кириб келди ва ягона уммат – Ислом Умматига айланди. Шунинг учун ҳам бу халқ ва миллатларни бирлаштиришдаги Ислом мафкурасининг муваффақияти мислсиз эди. Ҳолбуки, Ислом мафкурасини етказишдаги алоқа воситалари туялардан иборат бўлса, тушунтириш (тарғиб қилиш) воситалари тил (сўз) ва қаламдангина иборат эди.
Ушбу муваффақиятнинг сабаби Ислом мафкурасининг инсон ақлини қаноатлантиргани ва фитратига мос келганлигидир. Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. га эргашганларнинг кўпчилиги ўқиш ва ёзишни билмайдиган инсонлар бўла туриб, умматларнинг ичида ягона гулга айландилар, уларнинг исмлари бугунги кунда ҳам ва то Қиёматга қадар зикр қилинганда, Аллоҳ улардан рози бўлсин, дея эсланади. Улар қабул қилган иймон мафкура бўлиб, халқларни етаклади, низом бўлиб ҳаёт майдонида бошқарди ҳамда бу иймон уларнинг ҳаёт-мамот масаласига айланди. Улардаги иймон қуввати ва ҳарорати шу даражада эдики, у бутун оламни иситар эди. Ҳа, улар соф фитратли, бошқаларга гўзал намуна бўладиган азиз ва буюк инсонлар эди.
Шундай экан, бугун Ислом Уммати хорликдан қутулиб, азиз ва буюк умматга айланишни истаса худди илк мусулмонлар сингари Исломни мабда ва бутун оламга олиб чиқиладиган мафкура сифатида қабул қилмоқлари лозим бўлади. Чунки саҳоба р.а. лар Пайғамбаримиз с.а.в. га тақлидан, кўр-кўрона эргашмадилар, балки Росулуллоҳ с.а.в. нинг даъватлари устида тафаккур қилдилар. Қачонки, ақллари қаноатланиб, қалблари таскин топгач иймон келтирдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймони қоядек мустаҳкам бўлди.
Исломнинг фикрий етакчилигини оламга ёйиш ҳар қандай замон ва макон учун лойиқ ва зарурий эканлигида ҳеч қачон шубҳа бўлмаган. Гап албатта унда эмас, балки Ислом Умматидадир. Уммат ўзининг мана шу асосий вазифасини, яъни мафкурани ёйиш ишини тушуниб етиб, уни амалга оширишга киришсагина бутун дунёни тезлик билан зулматдан нурга олиб чиқишини ўз кўзлари билан кўради. Ислом мафкурасининг ҳозирги асрдаги мислсиз муваффақиятини кўриб қувонади. Ушбу иш албатта амалга ошади, зеро бизнинг қўлимиздаги нарса зулмни даф қилиб, адолат улашувчи, залолатдан ҳидоятга етаклагувчи, ботилни йўқ қилиб, ҳақни ғолиб қилгувчидир!
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Зайниддин
08.10.2020й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми