Капитализм онани хорлайди
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Оила пойдеворининг емирилиши ёки “оила глобал гирдоб даврида”
Капитализм онани хорлайди
“Гирдоб” атамаси ҳозирги вақтда глобал бизнесни беқарорлаштираётган рақамли иқтисод контекстида кенг муҳокама қилинмоқда, чунки эски савдо ва бизнес усуллари эътиборга олинмаяпти ҳамда улар аҳамиятга эга бўлмай қўйди. Бироқ бу мақоладаги “емирилиш” сўзи Ғарб ва Шарқдаги миллионлаб оилаларга таъсир қилаётган ҳамда гуманитар ҳалокатга айланган тартибсизлик ва бошбошдоқлик, асосан аёллардан фойдаланиш мақсадидаги сармоялар оқими тўғрисида сўзлайди. Замонавий аёл андозасига кўра, классик феминизм капитализмнинг иқтисодий низоми билан муваффақиятли бирлашди, бу оналик гирдобининг янги даврига, оддий сўз билан айтганда, оналик принципларининг вайрон бўлишига олиб келди. Бу жараён нафақат мусулмон аёлларга, балки ғайримусулмон мамлакатлардаги, айниқса Ғарб ва Осиёдаги оналарга ҳам таъсир қилди.
Бу мақоламизда оила институтини парокандаликка олиб келган сабаблардан бирини кўриб чиқамиз, аниқроғи, оналар эксплуатациясини назарда тутадиган капиталистик иқтисодий низом келтириб чиқарган миграциянинг феминизациялашувидир (муҳожирликда аёллар улушининг ортиши). Айнан шу миллионлаган болалардан воз кечилишига ва ажрашиш ҳолатларининг мислсиз даражада кўпайиб кетишига олиб келди.
Аёлларнинг меҳнат муҳожирлиги
Капитализм пайдо бўлганидан бошлаб аёлларга беписандлик билан муносабатда бўлган ва унга арзон ишчи кучи ёки ишлаб чиқариш воситаси деб қараган. Аёлнинг асосий роли моддий манфаатга, иқтисод тили билан айтганда, капиталистик компанияларга моддий манфаат келтиришига қаратилган. Капитализмга тегишли фойда, деб аталмиш бу бало, илк пайдо бўлган кунлардаёқ аёл ҳуқуқларини талаб қилишда ташқи томондан жозибадор кўриниши учун феминистик ғоя ва шиорлар билан ниқобланган эди.
Аммо замонавий гирдоб даврида капитализмнинг асл башараси борган сари яққол кўзга ташланиб бормоқда. Капитализмнинг очкўзлиги унинг тарафдорларини оналарни чекланмаган эксплуатация қилишларига олиб келди, бу ҳолат, айниқса, капиталистик бозорлар ўлим талвасасини бошидан кечираётган Осиё ва Тинч океани минтақаларида кучлироқ намоён бўлмоқда. Мазкур минтақа аёлларнинг улкан меҳнат муҳожирлиги билан тўқнашди, бу иқтисодни ривожлантиришга лаёқатсиз бўлган капиталистик амбицияларнинг муқаррар натижаси эди. Бу амбицияларни 2012 йил 29 июнда Хиллари Клинтон “ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) раҳнамолигида аёллар ва иқтисодиёт” форумида жуда аниқ тушунтириб берди. У: “Дунё бўйича ишчи кучининг 40 фоизини, қишлоқ хўжалигидаги ишчи кучининг 43 фоизини ва талабаларнинг ярмидан кўпроғини аёллар ташкил қилади. Шундай экан, бу мантиқан оддий: барча давлатлар учун аёлларнинг иқтисодий имкониятини чеклаш пулни ҳавога совуриш дегани. Бу, айниқса, ҳозирда биз ҳали-ҳануз қийинчилик билан иқтисодий кризисдан чиқиш йўлларини излаётганимизда бефойдадир”, — деди.
Клинтоннинг сўзлари капиталистик давлатларнинг асл мотивациясини очиқ-ойдин кўрсатмоқда, улар ўз қизларини келажак авлоднинг оналари ва сақланиши вожиб бўлган номус деб эмас, балки атиги иқтисодий ўсиш омили ва двигатели деган эътиборда қурбон қилишга тайёрлар. Капитализм оналарни қасддан камситади ва уларга оддий ишчи, балки ундан ҳам пастроқ даражадаги ишчи деб қарайди. 2013 йилги Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, 43 миллион аёл болага қараш, овқат тайёрлаш ҳамда уй хизматчиси сифатида бола тарбиячиси, хизматкорлик ва фаррошлик соҳасида банд бўлган.
Бу мазкур соҳанинг сезиларли ўсганини кўрсатмоқда, аниқроғи кейинги 18 йилда 19 миллион одам уй хизматчиси бўлган. Ўз юртларидаги қашшоқлик ва фаровонликнинг йўқлиги миллионлаган аёлларни ишлаш ҳамда очлик тўлқинини қайтариш учун ўз уйларини ва фарзандларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур қилмоқда. Бу аёлларнинг кўпчилиги учинчи дунё давлатларидан, шу жумладан исломий юртлардан. Уларнинг аксари Осиё ва Тинч океани минтақасидан (21.4 млн), ундан кейинги ўринда Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси аёллари туради (19.6 млн). Капитализмнинг фойда ва эркин бозор тизимига, шунингдек, либерал мафкурага асосланган бугунги моделининг оламий татбиқи, капитализмнинг ҳаракат қилишига ва олдинга юришига имкон берди. Бу эса, ўз навбатида, бойликларни бир ҳовуч магнатлар қўлида тўпланиб қолишига олиб келди ҳамда учинчи дунё давлатларининг, хусусан Ислом оламини қашшоқликнинг энг қуйи даражасига тушириб қўйди. Бунинг оқибатида уй ишлари учун аёлларнинг меҳнат муҳожирлиги, деган ҳолат пайдо бўлди ва ўсди, бу эса аёллар меҳнатини эксплуатация қилинишига олиб келди.
Ўн миллионлаган болаларни оилавий бахтдан маҳрум қилиниши
Феминизмнинг заҳарли ғоялари капитализмнинг очкўзлиги билан ҳамкорликда оиланинг бола, оила ва жамият ҳаётига умумий равишда таъсир кўрсатишини доим эътиборсиз қолдиради. ЮНИСЕФнинг Филиппиндаги вакили Ванесса Тобинни таъкидлашича, ушбу хавфдан оилавий меҳнат муҳожирлиги харажатлари иқтисодий фойдадан ошиб тушаётгани, бундан эса, биринчи навбатда, оилавий муносабатлар ва аҳолининг ўсиш динамикаси зарар кўраётганини кўрсатган кўплаб татқиқотлар огоҳлантирган. Тобин, аёлларнинг ҳам оиладаги, ҳам жамиятдаги иқтисодий ролини қайта белгилаш туфайли аёллар меҳнат муҳожирлигининг ўсиши вазиятни оғирлаштирганини таъкидлади (2008 йил, гендерлик, миграция ва тараққиёт масалалари бўйича халқаро конференция).
Оналик ролининг бузилиши – бунга қўшимча никоҳ институтининг заифлашуви – қаровсиз ва нотинч авлодни пайдо бўлишига сабаб бўлди, бу оналарни иқтисодий ўсиш двигатели сифатида фойдаланаётган Уммат муносабатининг оғир оқибатларидир. Индонезия болаларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳорижда ишлашга кетган оналар томонидан ташлаб кетилган кичик ёшдаги миллионлаган болалар ҳақида маълумот (2016 йил) чоп этди. Ота-она ғамхўрлиги ва она меҳридан маҳрум 11.2 миллион индонезиялик болалар мавжуд. Шу билан биргаликда, ЮНИСЕФ (2008) ҳисоботларининг кўрсатишича, Филиппинда 6 миллион бола ҳорижда меҳнат муҳожири сифатида ишлашга кетган оналари томонидан ташлаб кетилган. Ташлаб кетилган болалар меҳнат муҳожири бўлган оналари билан ҳорижга кўчиб кетишда ҳам муаммоларга дучор бўладилар. Биргина Малайзиянинг Сабоҳ шаҳрида Индонезиядан келган меҳнат муҳожирларининг таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган 50000 фарзандлари мавжуд. Гонгконгда ҳам худди шундай, юз минглаган индонезиялик ва филиппинлик меҳнат муҳожирлари томонидан дунёга келтирилган “ҳужжатлаштирилмаган болалар” муаммоси мавжуд.
Миллионлаган болаларни ўз оналаридан ажратган бу иқтисодий миграция Хитойда ҳам учрайди. ЮНИСЕФ ва Бутунхитой аёллар федерацияси маълумотларига (2016 йил) кўра, мамлакатнинг қишлоқ жойларида ота-оналарнинг бири ёки иккаласи томонидан ташлаб кетилган 17 ёшгача бўлган 61 миллион бола мавжуд. 30 миллиондан ортиқ ўғил ва қизлар – айримлари атиги 4 ёшга кирган – ота-оналаридан узоқдаги қишлоқларда давлат мактаб-интернатларида, баъзилари буви ва буваларидан ёки бошқа васийларидан йироқда яшамоқдалар. Пекин педагогика университети профессори Ли Ий Фаи томонидан ўтказилган тадқиқотларига кўра, Хитойда ташлаб кетилган бундай болалар жинсий зўравонлик, ўзини ўзи ўлдириш, бола савдоси, жиноятчилик каби кўплаб муаммоларга дуч келмоқдалар. Бу Ислом адолати ва унинг нуридан йироқда бўлган илмоний маданиятни оналикнинг бузилишига бўлган ҳақиқий таъсиридир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى
– “Ким Менинг Эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”. (Тоха:124)
Исломда аёлларнинг ҳақлари ва имкониятларини ҳақиқий маънода таъминланиши – унга келажак авлод мураббияси ва маданиятни сақлайдиган ролнинг берилишидир, асло қандайдир арзон ишчи кучи роли эмас. Ҳизб ут-Таҳрир исломий партияси томонидан ишлаб чиқилган конституция лойиҳасининг Исломда ижтимоий масалаларга алоқадор бобида қуйидагича келади: “Аёл кишининг асосий вазифаси оналик ва хонадон бекаси бўлиш ҳисобланади. Унинг шарафи ва номуси ҳимоя қилиниши вожибдир”.
Ислом модели капитализмга мутлақо зиддир. Ислом аёлларнинг оналик ролини келажак авлоднинг сифатли тарбияси билан боғлайдиган инсонлар ўртасидаги юксак алоқаларни ҳимоя қилади, буни таълимни қўллаб-қувватлаш билан жамиятдаги оналикнинг муҳим ролини ҳимоя қилиш ва келажак авлодни барқарор тарбиясини кафолатлаш орқали амалга оширади. Шу билан бир вақтнинг ўзида, Ислом аёлларни барча ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳақ-ҳуқуқларини, хусусан ўқиш ва таълим олиш ҳуқуқини таъминлайди. Ислом аёлнинг асосий эҳтиёжларини унинг эркак қариндошлари таъминлаб бериши зарур эканини таъкидлайди. Агар аёлнинг қариндошлари йўқ бўлса, унинг эҳтиёжларини таъминлашни давлат ўз бўйнига олади.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Марказий ахборот офиси учун махсус
Вика Каммара
28 Муҳаррам 1440 ҳ.й.
08.10.2018 й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми