Насх (бекор қилиш) хусусида
Насх (бекор қилиш) хусусида
Қуръон боғларига саёҳат туркумидан
بسم الله الرحمن الرحيم
ان النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهم عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларнинг ичингизда яхшироғингиз, Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганингиздир”. Бухорий ривояти.
Муқаддас китоби бўлган Қуръони Каримни бандаларининг ҳидоят топишлари учун дастур қилиб берган Аллоҳга Унинг Ўзига муносиб мақтов ва ҳамдлар бўлсин. Ушбу Китобни умматга энг олий кўринишда чиройли етказган, ушбу Китоб мўъжизалиги билан у зотнинг Пайғамбарлиги исботланган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар бўлсин.
Рукнимизнинг ўтган сонида Бақара сурасининг 106 ва 107 оятлари тафсирини кўриб чиқиш асносида Аллоҳ Таъоло ўзи нозил қилган баъзи оятларни насх қилгани, яъни нозил қилинган бир оятни амалдан тўхтатиб, унинг ўрнига бошқасини туширгани тўғрисида сўз юритган эдик. Қуйида Исломда насх қилиш тушунчасига батафсил тўхталамиз.
Насх (бекор қилиш) хусусида
Насх (бекор қилиш) юқорида айтиб ўтганимиздек, олдин ўтган бир ҳужжатдан олинган шаръий ҳукмни бекор қилиб, унинг ўрнига кейин келган ҳужжатдан олинган янги шаръий ҳукмни қўйишдир. Насх амалиёти учун қуйидагилар бўлиши шарт.
- Собиқ ҳужжат (матн) ортидан айнан шу ҳукм мавзусида очиқ бир ҳужжат (матн) келиши.
- Ҳар икки ҳужжатда олдинги ҳужжатдаги ҳукмнинг бекор қилинганини аниқ кўрсатувчи бир қарина бўлиши лозим. Насх амалиёти учун қарама-қаршиликнинг ўзи кифоя қилмайди.
- Насх хабарга эмас, ҳукмга алоқадор бўлади. Аллоҳдан бўлган хабар фақат ва фақат қатъий тасдиқланади. Унда насх бўлиши мутлақо мумкин эмас. Ҳужжатларни ўрганар эканмиз, насх фақат шаръий аҳкомларгагина алоқадор бўлганига амин бўламиз.
- Тиловати насх қилинган, деган гап хато гап. Биронта оятнинг тиловати насх бўлмаган. Нозил бўлган Қуръоннинг ҳаммаси мусҳафда мавжуд. Биронта оятнинг тиловати насх қилинмаган. Оҳод ҳадисларда Қуръон, деб айтилган гаплар Қуръон эмас, яъни оҳод ҳадисларда Қуръоннинг баъзи оятлари бор бўлиб, уларга амал қилиш сақланиб қолган, тиловати насх қилинган, деган гап тўғри гап эмас (Ушбу гапни айтувчилар зинокорни тошбўрон қилиш тўғрисида оят нозил бўлган бўлиб, уни тиловати насх қилинган, амалда эса қолган дейишади ва бу гапларига ҳадисдан далил келтиришади). Чунки Қуръон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаси бўлиб, у одамларга қарши ҳужжатдир. Шундай экан, у одамларга қатъий далил билан, яъни мутавотир йўл билан етиб бориши лозим. Қуръон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлар эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни одамларга, кўпчиликка, жамоага тиловат қилиб берар эдилар. Махсус котиблар уни ёзиб борардилар. Бундай ишнинг оҳод йўли билан ривоят қилиниши мумкин эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни якка шахсларга эмас, жамоага тиловат қилиб берардилар. Шу билан бирга Қуръонни Аллоҳ Таъолонинг Ўзи сақлаган.
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
“Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз”. (Ҳижр. 9)
Шундан билиб олсак бўладики, Қуръон бизга гумонли йўл билан эмас, аниқ, қатъий йўл билан етиб келиши лозим. Мана шулар оҳод йўли билан ривоят қилинган ҳадислардаги гаплар Қуръон эмаслигини кўрсатади. Шунга кўра, қўлимизда мавжуд бўлган Қуръондан бошқа қуръон йўқ. Қуръоннинг ҳаммаси тиловат қилинади. Унда тиловати насх қилинган биронта ҳам оят йўқ. Мана шу насх фақат ҳукмдагина бўлишига, унинг тиловатда бўлиши мумкин эмаслигига қатъий далилдир.
- Оят фақат оят билангина бекор қилинади. Чунки Аллоҳ Таъоло айтади: “وَإِذَا بَدَّلْنَا آيَةً مَّكَانَ آيَةٍ — Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак”. (Наҳл. 101)
Яъни Аллоҳ Таъоло оятни оят билан бекор қилади. Юқоридаги оятда ҳам худди шу гап айтилган.
مَا نَنسَخْ مِنْ آيَةٍ أَوْ نُنسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍ مِّنْهَا أَوْ مِثْلِهَا
“Бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз”.
Оятни насх қиладиган оятни Аллоҳнинг Ўзи нозил қилади. Яъни насх қилувчи ҳам оят бўлади. Чунки уни Аллоҳ нозил қилади. Қуръон Аллоҳ Таъолонинг каломидир. Тўғри, суннат ҳам Аллоҳ томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган ваҳийдир. Лекин у лафзий эмас, маънавий ваҳийдир. Унинг лафзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мансубдир, Росулуллоҳ айтаётган сўзлардир. Шунинг учун у Қуръонни насх қила олмайди. Бунда суннатнинг мутавотир ёки оҳод бўлиши фарқ қилмайди. Чунки юқоридаги икки оят, оятни фақат оятгина насх қила олишига далолат қилиб турибди. Суннат Қуръон билан, оҳод ҳадислар мутавотир ҳадислар билан ҳам, оҳод ҳадислар билан ҳам насх бўлиши мумкин. Насхнинг қонун-қоидалари усул илмида ўрганилади.
- Насх қоидаси омни (умумни) хослаш қоидасидан фарқ қилади. Насх олдинги ҳукмни батамом бекор қилади. Унга қайтиб амал қилинмайди. Хослаш эса умумий ҳукмнинг ҳаммасини эмас, маълум бир қисмини бекор қилади. Масалан, биринчи қибла Ақсо масжидига юзланиб намоз ўқишнинг бекор қилиниши ва унинг ўрнига янги қибла Каъбага юзланиб намоз ўқиш ҳукмини қўйиш Ақсо масжидига юзланиб намоз ўқишни батамом бекор қилади. Мана шу насх, дейилади.
فِى الْإِبِلِ السَّائِمَةِ زَكَاةٌ
“Ўтлаб юрадиган туялар учун закот берилади”. Байҳақий ва Ҳоким ривояти. Ҳасан. Ушбу ҳадисга кўра, ҳар қандай туялардан эмас, ўтлаб юрадиган туялардан закот берилиши келиб чиқяпти, яъни умумий туялар маъносидан ўтлаб юрадиган туяларга хосланяпти.
- Насх борасида ворид бўлган ҳужжатларни ўрганадиган бўлсак, янги ҳукм насх қилинган эски ҳукмга нисбатан уч турли бўлади:
а) Янги ҳукм насх қилинган ҳукмга нисбатан енгилроқ бўлади.
Унинг бажарилиши енгиллаши ҳам ёки умуман олиб ташланиши ҳам мумкин.
б) Янги ҳукм насх қилинган ҳукмга ўхшаган бўлади.
в) Янги ҳукм насх қилинган ҳукмга нисбатан машаққатлироқ бўлади.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим
15.03.2018й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми