Россияга энергетик қарамликнинг тез суратларда ўсиши халқимиз учун дард устига чипқон бўляпти
Россияга энергетик қарамликнинг тез суратларда ўсиши халқимиз учун дард устига чипқон бўляпти
بسم الله الرحمن الرحيم
Ўзбекистон энергия манбаларига бой юрт бўлишига қарамай, энергетик вазият борган сари оғирлашиб боряпти. Чунки табиий газ, нефт ва нефт маҳсулотлари импорти учун бюджетдан миллиардлаган долларлар сарфланяпти. Статистика энергоресурслар импорти нархлари ҳақидаги маълумотларни очиқламай келяпти. Бироқ шуниси аниқки, халқимиз энергоресурсларни Марказий Осиёдаги энг қиммат нархларда сотиб олишга мажбур бўляпти. Ҳолбуки, аҳолининг катта қисми қўл учида кун кўради. Масалан, Марказий банк ўтказган сўровномага кўра, умуман жамғармаси йўқлар улуши тахминан 37,0-37,5%ни ташкил этади. Бир ойга етадиган жамғармаси борлар улуши эса тахминан 32-32,5%. Бу аҳолининг моддий аҳволи 2020 йилдаги пандемия давридан бери ўзгармади, дегани. Чунки Марказий банкнинг ўша вақтдаги сўровномасида умуман жамғармаси йўқлар улуши 37,4%ни ташкил қилган эди. Энди ўтган 4 йил давомида инфляциянинг тўхтовсиз ошиб бориши, нархларнинг қимматлашиши кабиларни ҳисобга олсак, аҳоли янада камбағаллашганлигини тушуниб олиш қийин эмас. Ҳа, ўзбек ҳукуматининг Россияни рози қилиш учун юритаётган энергетик сиёсатининг оғир юки шу бечора халқимиз гарданига тушяпти. Жумладан, божхона қўмитаси импорт қилинаётган 31 гуруҳдан иборат 722 турдаги истеъмол товарлар рўйхати ва ҳажмини очиқлай бошлади. Бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров ўз телеграм каналида қуйидагиларни ёзди:
“Божхона қўмитаси тақдим этган маълумотлар одамни даҳшатга солади. Ўзи қаёққа кетаяпмиз, деган хавотирли саволлар туғдиради. 2022 йилнинг дастлабки 6 ойи билан солиштирганда 2024 йилнинг 6 ойида Ўзбекистонга дизель импорти 7,7 баробарига кўпайган… Дизель билан боғлиқ абсурд завод ишга тушгач янада авж олган. Қарангки, Ўзбекистон дизелни ўртача 816 доллардан импорт қилмоқда, GTL заводига ишлаб чиқарган дизелини 600 доллардан скидка билан экспорт қилишга рухсат берилган (маълумотлар ёпиқ). Ўзимиз шимолдаги босқинчини (Россия назарда тутиляпти – таҳр.) “отанг яхши” деб эланиб 816 доллардан дизель импорт қилсакда, ўзимизнинг дизелни 600 доллардан сотсак. Қойилмисиз?… Uzbekistan GTL очилишида завод йилига 500 млн долларлик импорт ўрни қопланиб, 200 млн долларлик экспорт ва 2 трлн сўмлик солиқ тушумларини таъминланиши эълон қилинган. Нархи 4 млрд.долларгача шиширилган завод билан боғлиқ барча қарорлар шу тўқилган осмон рақамларга ишонилган ҳолда маъқулланган. Аслида завод қурилишидан асосий мақсад каррасига қимматлаштирилган пудрат орқали пул ишлаш бўлган холос ва бу мақсад йўлида энерготашаббускорлар ҳар қандай чиройли рақамларни тақдим этишаверган. Ҳалигача коппор зарарда ўтирган, каррасига қимматлаштирилган Uzbekistan GTL заводи қурилишини заруриятини шонли энергетиклар арзон ва етарли миқдорда дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш билан ҳимоя қилишган эди. Қарангки, 4 млрд.доллар совурилганига қарамай, на арзон, на ички истеъмолни қоплайдиган дизелга эга бўлдик”. (Иқтибос тугади)
Бундай ҳолат бошқа энергоресурсларда ҳам кузатиляпти. Отабек Бакиров бу борада шундай дейди:
“Тақдим этилган маълумотлар ичида дарҳол кўзга ташланадиган бу ёқилғи-энергетика ва нефть маҳсулотлари импорти билан боғлиқ. Афсуски охирги 7 йилда, Ўзбекистон энергетикасининг тубга қараб индирилгани импортга, айниқса агрессор бўлган мамлакатдан импортга қарамликни яратди. Вазият ёмонлашаётган бўлса ёмонлашмоқдаки, асло яхшилангани йўқ. Қарангки, охирги 6 ойда суюқ ёқилғи (бу асосан пропан ва бутан) импорти 14 каррага ошган. Импорт ошгани билан нархлар тушиб қолдими? Йўқ. Пропан нархлари ҳар куни рекордни янгиламоқда (Кечаги савдоларда пропаннинг тоннаси 8,8 млн.сўмга чиққан. Солиштириш учун, 3 ой аввал пропаннинг тоннаси 4,7 млн.сўм эди). Демак, ё пропан ишлаб чиқариш деярли тўхтаб қолган ёки яққол тил бириктириш юз бермоқда. Маълумот учун, пропаннинг бир килоси 37 центдан импорт қилинган (бу килоси 4800 сўм, литри 2500 сўм дегани). Яна бир қизиқ тенденция мазут импортининг 2 баробардан кўпга ортгани билан боғлиқ. 6 ойда қарийб 300 млн.долларлик мазут импорт қилинган. Келаётган куз ва қишда газ ўрнига мазут ёқилиши ўтган мавсумдан ҳам кўпайишига ишорами бу? Демак, ўтган мавсумдаги экологик ҳолат яна каррасига ёмонлашади”. (Иқтибос тугади)
Буларга жорий йилнинг 7 ойи давомида қарийб 1 млрд. долларлик газ импорт қилинганини ҳам қўшадиган бўлсак, Россияга қарамлик миқёсини тасаввур қилиш қийин эмас. Албатта, кўпчиликда нега руслардан олиш керак, нега ён қўшнилардан эмас, деган табиий саволлар туғилади. Мисол учун, Отабек Бакиров шундай ёзмоқда: “Туркманистон Давлат хом-ашё биржасига 36 800 тонна пропан савдога қўйилган. Ўртача нархи тоннасига 300 доллар. Солиштириш учун, Ўзбекистон товар хом-ашё биржасига кунига ўртача 1100 тонна пропан қўйилмоқда, нархи ўртача 700 доллардан. Сиз нима деб ўйлайсиз, кимлар туркман пропанини сотиб олмоқда? Асосан Афғонистон, кейин БАА ва Туркия. Нима деб ўйлайсиз, нега шундоқ биқинимиздаги Туркманистонда 300 доллардан пропан олиш ўрнига, 3000 км наридан, босқинчилардан 600 доллардан пропан келтирилмоқда?” (Иқтибос тугади)
Аввало, шуни ҳеч эсдан чиқармаслик керакки, юртимиз аслида энергия манбаларига жуда бой. Собиқ энергетика вазири Алишер Султонов “бизнинг газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади” деб айтгани ҳам бежизга эмас. Албатта, бу ўринда гап – у назарда тутганидек – фақат энергия тежамкорлигида эмас. Масала бундан-да кенгроқ ва жиддийроқ. Масала шуки, ҳозирги бошқарув – барча соҳаларда бўлганидек – ғайриисломий қонун-қоидалар асосида юргизиляпти. Бундай бошқарув эгалари энергетика соҳасини Россияга қарам бўлишига йўл қўйишмоқда ва бу билан ўзларининг баъзи тор манфаатларига ҳам эришмоқда. Яъни ҳукуматдагилар ва уларга яқин бўлганлар руслардан олинаётган энергоресурслар савдосидан пул ишлашяпти. Бу соҳа улар тарафидан тўлиқ назорат қилинади ва монополияга айлантирилган. Қабул қилинаётган қонун-қарорлардан ҳам асосан шуларнинг манфаати кўзланган. Халқ манфаати эса деярли эътиборга олинаётгани йўқ. Бечора халқ газ тўлдириш учун соатлаб навбатда тураётгани, бунинг натижасида турли жанжаллар чиқаётгани, ҳатто одамларнинг жароҳат олишига ва ўлим топишигача бораётгани уларни ташвишга солмаяпти. Муҳими, рус оғалари улардан рози бўлсин, ўзлари ҳам қуруқ қолмасин. Халқимиз устида мана шундай ёмон бошқарув ва ботил тузум ҳукмрон бўлиб тураркан, аҳвол ўзгармайди, аксинча ёмонлашиб бораверади.
Юртимизнинг бой энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш, керак бўлганда уларни қўшни юртлардан ҳеч бир тўсиқсиз олиш учун Ислом тузуми асосидаги бошқарув бўлиши керак. Мана шунда халқимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бири бўлмиш энергия манбалари етишмовчилигига жуда тез барҳам берилади. Чунки Исломда газ, нефт, электр каби табиий ресурслар умумий, яъни халқ мулки ҳисобланади ва одамларни улар билан таъминлаш давлат зиммасида бўлади. Бу борадаги Аллоҳнинг ҳукми шу. Пайғамбар ﷺ дедилар: “Мусулмонлар уч нарсада: яъни сув, яйлов ва оловда шерикдирлар”. Пайғамбаримиз ﷺ яна шундай марҳамат қилдилар: “…Имом (халифа) бошлиқдир ва у ўз раъийяти(қўл остидагилари)дан жавобгардир”.
Исломий ҳукумат бу бойликларга сотиб фойда олинадиган товар сифатида эмас, одамлар эҳтиёжини қондирадиган бир восита деб қарайди ва халқ манфаати учун сарф қилинишини назорат қилади. Режалар ва ишлар ҳам одамлар манфаати тақозосига кўра ишлаб чиқилади ва юритилади.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
28.08.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми