Шукрини адо қилдингизми?

“Зиндон хотиралари” туркумидан
Шукрини адо қилдингизми?
بسم الله الرحمن الرحيم
Золим шоҳдан то миршабларигача иймон аҳлига нисбатан қутурган 2007-2016 йиллар. Ўша кезлари зона баннерларида янги шиор пайдо бўлди – “Махсус контингентни ахлоқан қайта тарбиялашда жамоатчиликнинг таъсирини кучайтириш”. Яъни зонадаги даъватчи йигитларни ўз ғояларидан қайтариб, ҳамма қатори қилиб “тарбиялашда” барча аристонни – ўғри-ю тўғрисини, қотилу зинокорини “уруш”га жалб қилишга киришдилар. Афсус, улар буни қанчаликдир даражада уддаладилар. Ким Ҳизб ут-Таҳрир йигитлари билан ҳар қандай алоқага киришса, ҳатто олди-берди қилиб қўйгудай бўлса, кўппакни савалагандан баттарроқ қийноққа солишди. Қийноққа солувчилар узоқ муддатларга қамалган аристонлардан бўлиб, улардан зонага уя қилиб олган МХХ ходими сунъий “положенец” пайдо қилиб, “ўғри қонуни”ни барчанинг устига татбиқ қила бошлади. Зарафшон, Қарши каби шаҳарлардаги зоналардан ўша йиллари бир неча ўнлаб шаҳидлар чиқди. Зарафшонда Эдик арманни жаллоди бўлган “бек” деганлари қутуриб кетди. Унинг асл исми Бекзод бўлса-да, “Шайтанат” сериалини зонада қайта-қайта атайлаб қўйилавергач, ундаги сунъий қаҳрамон Асадбекка тақлид қилиб, у исқирт ҳам ўзини “бек” дейишларини хуш кўрадиган бўлиб қолди. Зонага янги келган биродарларга у: “Бу зона санларни конечний остановканг бўлади. Ё масса (омма) билан тенг дышат қиласанлар ёки ўлиб кетасанлар. Черный салафанлар етарли. Қайси бирларинг муддатдан илгари роднойларинг олдига қайтгинг келса, салафанда дачка қилворамиз. Так что братухани прогонларини обезличит қилишга торопиться қималаринг, тушундиларингми!?” – дер эди. Бу исқирт маҳлуқ қишда музлаган бассейнга ташлаш, кўкрак қафасини майиб қилиш каби зулмларни ўз ғоясига содиқ биродарлар устида икки қайта такрор қилиб ўтди. Бу “тегирмон”дан ҳам бутун чиққанларни устидан янги тажрибани йўлга қўйди. Тунда ётоқдан олиб кетилган собит йигитимизни эрталабки проверкадан кейин бўйнига арқон боғлаб тўрт “оёқлаб” судраганча секторларга олиб кирарди. Барчани йиғиб: “Мана бу уже бизлардан эмас, “обиженный”. Тара-мискаси отдельный. Бу билан ким полоскаться қилса, жесткий спрос бор! Ким тушунмади?” – дерди. Барча бирдек жим. Омманинг сукути унга яхшигина тарсакидек туюлса-да, у буни сезмаганга олиб ўша биродарни судраганча кейинги сектордагиларга “ибрат” қилиш учун олиб чиқиб кетарди. Орамизда шаръий ҳукмни билувчилар кам. Бўлса ҳам гаплашиш имконсиз. Собитларимиз ўзларини мана шу ғалати хорлик остонасида сезардилар. Чунки тунда яна собитларни ўғрининг қароргоҳига чорлаб: “Хўш, энди навбат кимники, ораларингда мардларинг борми?” – деб сўрарди… Хаёлимда бу “бек”ни нимталаб ташлардим. Олдимизда гўё ўлдириш ёки ўлиш ва ёки хорликка рози бўлиш танлови бордек туюларди. Тун шу танлов қаршисидаги ички баҳс билан уйқусиз тонгга уланиб кетарди.
Бундай ожизлик Роббимга астойдил илтижо қилишга ундарди. Тўғри, азиматга бардошинг етмаса, рухсатга амал ҳам бизларга шаръан жоизлигини биламиз, лекин қайсидир кўринишда ички қайсарлик ҳам тинч қўймас эди. Эртанги кун режаси тузилди. Мен ўзимни нималаргадир тайёрладим. Бир водийлик биродарим билан золим “қароргоҳига” олиб кетишди. Мен аллақачон уларнинг барчасига хитоб қилиш режасида эдим. Олиб киришганида ўн бешлар чамаси “лахмачлар” айлана креслоларда ястаниб ётарди. Мени тиз чўктириб ўтирғизишди. Уларни изнисиз бошни кўтариш мумкин эмас. Лекин ички бир туртки қуввати билан барчасига нафрат билан қараб чиқдим. Ажабки, улар менинг қарашимдан гўё сеҳрлангандек жим эдилар. Анави золим “бек”нинг қулоғига кимдир бир нарсани узоқ шивирлаётган эди. Унинг ранги ўзгарди ва хонадан ҳаммани чиқариб юборди, мени эса олиб қолди. Менга бир муддат қараб турди-да: “Ёнаётган ўтга ўзини отиш жоизми?” – деди. Мен унда қандайдир заифлик ва титроқни сезгандек бўлдим. Демак, кимдир жонига қасд қилиб ўзини оловга отган, бўлмаса манави исқирт бундай савол бермасди. Унга жавобан бир собитимизнинг муфтийга қилган жавобини бердим: “Сиз билан бу ишни шаръан жоизми ёки йўқми экани ҳақида кейинроқ гаплашамиз. Сизлар қанча биродарларимизни ўлдирдингиз. Бу қотилликларнинг шаръий ҳукми нима эканини биласизми?! Ва анави биродарларимизнинг ўз жонига қасд қилганига келсак, ўшандай ножоиз ишга ундаган нарсани сизлар пайдо қиляпсиз-ку!” – дедим. Аммо бу гапим ўзимга ўлим тилашдек бўлса-да, у ажабки индамади ва: “Чиқ, йўқол”, – деди. Мен ташқарига чиққанимда анави иккинчи биродарим йўқ эди. Демак, золимлар менинг нафратли нигоҳим сабабли эмас, балки кимдир ўзини оҳак пиширадиган оловли трубага отгани учун заифлашган эканлар…
Ётоққа соғ қайтишим бошқаларни ҳайрон қолдирди. Мен имкон қилиб биродарларимизга ўзимни қилган “қаҳрамонлигим”ни сўзлаб бергандим, барчаси қойил қолишди. Аммо улар орасида жимгина ўтирган, бизлардан кўра олимроқ йигитимиз менга қараб: “Ака, сиз кечаси билан ухламай Аллоҳдан бирор нарса сўраганмидингиз?” – деди. У мен билан ётоқда қўшни эди. Демак, тунги безовталигимни кузатган экан. Мен унга: “Ҳа, албатта, сўрагандим”, – дея жавоб бердим. Шунда у: “Ундай бўлса, ғалабани ўзингизга нисбат бериб мағрурланмасдан, Аллоҳга шукрини адо этинг!” – деди. У мутлақо ҳақ эди. Мен ўзимнинг кечаги қалтираган вужудим билан ҳозирги мағрурлигимни солиштириб, уялиб кетдим. Ва тавбага киришиб, ишора билан икки ракаат шукрона намозини адо этдим.
إِن يَنصُرْكُمُ اللّهُ فَلاَ غَالِبَ لَكُمْ وَإِن يَخْذُلْكُمْ فَمَن ذَا الَّذِي يَنصُرُكُم مِّن بَعْدِهِ وَعَلَى اللّهِ فَلْيَتَوَكِّلِ الْمُؤْمِنُونَ
– “Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ёрдамсиз ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам сизга ёрдам берар эди?! Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар”. (Оли Имрон:160)
(Ғалабани асло ўзимга нисбат бермасликдан таълим берган биродаримни эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
14.05.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми