ТАЛОҚ
ТАЛОҚ
(“Исломда ижтимоий алоқалар” туркумидан)
(2)
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Талоқ эрнинг қўлида бўлади, хотиннинг қўлида бўлмайди. Талоқ нега эрнинг қўлига берилганлигига келсак, Аллоҳ Таоло шундай ҳукм қилган ва шариатда бунга иллат келмагани учун иллатланмайди. Никоҳ ва талоқнинг воқелигини чуқур текшириш шуни кўрсатадики, турмуш қуриш янги жуфтлик ҳаётининг бошланиши бўлгани сабабли эр ва хотин ўзи хоҳлаган жуфтини танлашда ихтиёрлидирлар ва улардан ҳар бири хоҳлаган киши билан турмуш қуришни танлаши ёки рад этиши мумкин. Лекин амалда турмуш қурилгач ва оила етакчилигига ва аёлга раҳбарлик қилиш эр зиммасига тушгач, талоқ қилиш ҳуқуқи эрга берилиши лозимдир, чунки у оила бошлиғи ва тарбиячисидир. Оиланинг муаммолари ва масъулияти бутунлай унга юклангач, оила аҳдномасини бекор қилиш ҳуқуқи ҳам унга берилиши зарур. Чунки ҳуқуқ ҳам масъулият миқдорича бўлади. Эр-хотин ўртасини ажратиш ҳуқуқи ҳам иккинчисига раҳбар бўлганига берилди. Бироқ бу шаръий ҳукмни иллатлаш эмас, балки мавжуд воқени сифатлашдир, чунки шаръий ҳукмнинг иллати фақатгина шаръий далилда келган шаръий иллат бўлиши лозим.
Бундан ташқари, талоқнинг эр қўлида эканлиги ва талоқ қилиш унинг ҳаққи эканлигининг маъноси – аёл ўзини талоқ қилиши ва эри билан орани очиқ қилиши жоиз бўлмайди, дегани эмас. Балки бу ҳуқуқ аслида ва бирор ҳолатга қайдланмай, мутлақ эрнинг қўлида ва эр ҳеч бир сабабсиз ҳам хотинини талоқ қилиши мумкин. Лекин аёл ҳам шариат далил келтирган муайян ҳолатларда ўзини талоқ қилиши ва эри билан ўзи орасидаги никоҳ битимини бекор қилиши мумкин. Шариат аёлга қуйида келтирилган ҳолатларда никоҳ битимини бекор қилиш ҳуқуқини беради:
1. Агар эр талоқ қилиш ишини аёлга топширган бўлса. Бу имкониятга кўра у ўзини талоқ қилиши мумкин. У айтади: «Мен ўзимни эрим фалончидан талоқ қилдим». Ёки «Сендан ўзимни талоқ қилдим», деб хитоб қилиши мумкин. Лекин эрига «Сени талоқ қилдим» ёки «Сен талоқсан», дейиши жоиз эмас. Чунки талоқ хотин томонидан содир бўлган бўлса ҳам, эрнинг устига эмас, хотиннинг устига тушади. Расулуллоҳ ﷺ аёлларига ихтиёр берганлари ва саҳобалар ҳам шунга ижмо қилганларига кўра, эр талоқ ишини хотин қўлига топшириши мумкин;
2. Агар аёл эрида жинсий заифлик ва бичмалик каби жинсий алоқага монелик қилувчи иллат борлигини билса ва ўзи жинсий алоқага монелик қилувчи иллатлардан соғ-саломат бўлса. Бунга ўхшаш ҳолатларда у никоҳини бекор қилишни эридан талаб қилиши мумкин. Агар ҳоким бу айбнинг борлигини аниқласа, бир йил муддат қўяди. Бу муддат ичида эр хотинига қўшила олмаса, аёлнинг талаби қондирилади ва никоҳ бекор бўлади. Ривоят қилинадики: «Ибн Мунзир бичилган бўла туриб бир аёлга уйланди. Умар р.а. унга: «Аёлингга буни айтдингми?», дедилар. «Йўқ», деди ибн Мунзир. Шунда Умар р.а.: «Унга айт ва ихтиёр бер», дедилар». Ривоят қилинишича, Умар жинсий заиф кишига бир йил муҳлат берганлар. Агар хотин эрининг олати кесиб ташланган ёки фалаж бўлганини билса, билган пайтдан бошлаб ихтиёри ўзида бўлади. Бу аёлга муддат қўйилмайди, чунки бундай ҳолатда жинсий алоқага умид йўқ ва уни кутишнинг ҳам маъноси йўқ;
3. Aгар эр билан аёл қўшилишдан аввал ёки кейин эр билан бирга соғлом яшаш мумкин бўлмайдиган бирор хавфли касаллик, масалан, қичима, мохов, таносил, сил каби касалликлар эрида борлиги ёки юққанлиги маълум бўлса, хотин қозига мурожаат қилиб, эри билан ўртасини ажратишни талаб қилиши мумкин. Агар мазкур касалликнинг борлиги аниқланса ва ундан маълум муддат ичида даволанишнинг иложи йўқлиги билинса, аёлнинг талаби қондирилади. Унинг ихтиёри доимий бўлиб, маълум вақтга чекланган эмас. Бунинг далили – имом Молик «Муватто» китобида ривоят қилиб, унга Саид ибн Мусайябдан ушбу сўзлар етганлигини айтади:
«أيما رجل تزوج امرأة وبه جنون أو ضرر فإنها تخير فإن شاءت قرت, وإن شاءت فارقت»
«Қайси бир киши бир аёлга уйланса ва унда жиннилик ёки бирор зарарли касаллик бўлса, бу аёлга ихтиёр берилади: агар хоҳласа бирга яшайди, хоҳласа ажрашади»;
4. Агар никоҳдан кейин эр жинни бўлиб қолса, аёл қозига мурожаат қилиб, эридан ажралишни талаб қилиши мумкин. Қози ажралишни бир йил муддатга кечиктиради. Агар бу муддат ичида эр жинниликдан тузалмаса ва хотин ажралиш фикридан қайтмаса, қози ажралишга ҳукм қилади. Бунга ҳам «Муватто»да келган ҳадис далил бўлади;
5. Агар эр узоқ ёки яқин сафарга чиқиб дом-дараксиз кетса ва унинг ҳақида ҳеч қандай хабар бўлмаса ҳамда аёлга ҳаёт кечириш учун нафақа топиш қийинлашиб, имкони бўлмай қолса, у ҳолда – эрни қидириш ва топишга бор имкониятларни сарф қилганидан кейин, аёл ажрашишни талаб қилиши мумкин. Бунинг далили Пайғамбар ﷺ нинг:
«أطعمني وإلا فارقني»
«Мени едириб—ичир. Агар едириб—ичирмасанг, мени қўйиб юбор», деб ўз эрига айтган хотин ҳақидаги ҳадислари далил бўлади. Ажралишга едириб-ичирмаслик иллат бўляпти;
6. Агар бадавлат бўла туриб, хотинини боқишдан бош тортса ва аёл тирикчилиги учун зарур бўлган нафақани эрининг бойлигидан ҳеч ололмаса, у ҳолда аёл талоқни талаб қилиши мумкин. Қози бирор муҳлат қўймай, шу заҳотиёқ никоҳни бекор қилиши лозим. Чунки Расулуллоҳ ﷺ:
«امرأتك ممن تعول تقول أطعمني وإلا فارقني»
«Хотининг сен боқадиган оиланг аъзоларидандир. У: «Мени едириб-ичир. Едириб-ичирмасанг, мени қўйиб юбор», деб айтиши мумкин», дедилар. Умар р.а. хотинлари олдига умуман келмай қўйган кишиларга: «Ё нафақа беринглар ёки талоқ қилинглар», деб хат ёзганлар. Саҳобалар буни билишган ва инкор қилишмаган. Демак, бу уларнинг ижмоъси бўлган;
7. Агар эр билан хотин ўртасида низо ва келишмовчилик чиқиб қолса, хотин ажралишни талаб қилиши мумкин. Қози эрнинг қариндошларидан битта ҳакам, хотиннинг қариндошларидан битта ҳакам тайинлаши вожиб. Оилавий мажлис уларнинг ҳар бирининг шикоятини тинглайди ва ислоҳ қилишга уриниб кўради. Агар ислоҳ қилишнинг иложи бўлмаса, шу мажлиснинг ўзи уларни ўзи лозим кўргани бўйича ажратиб юбораверади. Аллоҳ Таоло дейди:
}وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلاَحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا{
– “Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр томонидан бир ҳакам, хотин томонидан бир ҳакам чақирингиз. Агар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур”. (Нисо:35)
Юқорида санаб ўтилган ҳолатларнинг аввалгисида шариат аёлга ўзини талоқ қилиш ҳуқуқини берди ва кейингиларида талоқни талаб қилиш ҳуқуқини берди. Бу ҳолатларнинг воқелиги шуни кўрсатадики, Шореъ оилавий ҳаётда аёл эрнинг соҳибаси деб ва уйда содир бўлган ҳар қандай нохушликнинг зарари эрга теккани каби аёлга ҳам тегади, деб қараган. Демак, оила бошига тушган бахтсизликдан қутулиш учун аёл томонидан никоҳни бекор қилиш ҳуқуқини кафолатлаш зарур. Шунинг учун Шореъ оилавий хотиржамлик йўқолган вақтда эр билан бирга қолишга аёлни мажбур қилмади ва яшаш имконияти йўқлиги ёки оилавий хотиржамлик йўқлиги аниқ бўлган ҳолатларда унга никоҳни бекор қилиш ҳуқуқини берди.
Бундан маълум бўладики, Аллоҳ Таоло талоқ қилиш ҳуқуқини эркакка берди. Чунки у хотини тепасида раҳбар ва оиланинг масъулидир. Аёлга эса, ўз турмушида бахтсиз бўлмаслиги, хотиржамлик ва осойишталик ўрни бўлган оила бахтсизлик ва изтироб ўрни бўлиб қолмаслиги учун никоҳни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини берди.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси
21.10.2020й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми