Инсон муаммосига тўғри ечим беришнинг аҳамияти
بسم الله الرحمن الرحيم
Инсон муаммосига тўғри ечим беришнинг аҳамияти
Инсониятнинг бутун тарихи давомида инсон ҳаётида дуч келадиган муаммоларга тўғри ечим бериш масаласи энг асосий масала бўлган. Ҳатто бу масала тўғрисидаги тортишувлар қирғинбарот урушлар келтириб чиқарган. Албатта, бундай бўлиши табиий ҳолдир. Чунки инсоннинг қайси амалига қараманг, у ўзининг ғариза (бақо, нав ва тадайюн) ва узвий эҳтиёжларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой) қондириш учун ҳаракат қилаётганини кўрасиз. Шуларни қондиришда инсон муаммога, яъни уларни қандай қондириш борасидаги муаммога дуч келади. Масалан, инсон нав ғаризасидаги жинсий майлни қондириш учун олдида бир неча ечимлар борлигини кўради: никоҳ билан ва никоҳсиз. Шулардан қайси бирини танласа у тўғри ечим бўлади? Шу каби муаммолар инсон муаммоси ҳисобланади ва у на ижтимоий, на иқтисодий ва на бошқача муаммодир, балки қатъиян инсон муаммосидир. Бу борада турли фикрлар билдирилди, бир гуруҳ инсон ўз эҳтиёжларини қонун-қоида асосида қондириши шарт, фақат уни инсон ўзи белгилаши керак деди, яна бир гуруҳ қонун-қоида бўлиши шарт, фақат у инсон тарафидан эмас, балки инсонни Яратувчиси томонидан бўлиши лозим деди. Албатта, биринчи гуруҳ ичида инсон муаммосига ечим бериш борасида ихтилофлар бўлган, лекин бу ихтилоф қонун-қоиданинг манбаси борасида эмас, балки унинг асоси борасидаги ихтилофдир. Масалан, капитализм тарафдорлари ўртача ечимга, яъни динни ҳаётдан ажратишга асосланишган бўлса, социализм тарафдорлари моддага асосланишган. Бошқача қилиб айтганда, улар асосланаётган фикрий пойдевор, яъни ақидалари ҳар хил бўлган. Лекин иккаласи ҳам манба борасида, яъни қонун инсон тарафидан бўлиши кераклиги борасида ихтилоф қилишмаган, уларнинг бу борадаги фикрлари бир хил бўлган. Энди инсон муаммосига ечим Яратувчи томонидан бўлиши кераклигини илгари сурган гуруҳ, яъни мусулмонлар орасида Ислом шариатига Қуръон ва Суннатнинг асосий манба эканлиги ҳамда унинг асоси бўлган Ислом ақидаси борасида ихтилоф бўлмаган. Чунки улар қонун асоси бўлган Ислом ақидаси борасида ҳам, унинг манбаи бўлган Қуръон ва Суннатнинг тўғри ечим бериши борасида ҳам ҳеч қачон шубҳа-гумонга бормаганлар. Фақат шу манбадан ҳукм олишда ва Ислом ақидасидан балқиб чиққан тузумни татбиқ қилишда ихтилофга борганлар холос.
Табиийки, гуруҳлараро ва гуруҳлар ичидаги бу баҳс-мунозаралар уруш келиб чиқишигача олиб борди. Аниқроқ қилиб айтсак, бу урушлар давлатлараро уруш миқёсида олиб борилган. Бунга узоқ ва яқин тарихдан ҳамда ҳозирги кундан мисоллар жуда кўп. Бундай урушлар қандай таърифланишидан қатъий назар, асл асос ана шу масалага, яъни инсон муаммосига тўғри ечим бериш масаласига бориб тақалади. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу масала ҳар қандай даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Бугунги кунда эса, бу масаланинг долзарблиги шу даражага етдики – агар у тез орада ҳал қилинмаса – бутун дунё ҳалокатга юз тутиши муқаррар бўлиб қолди. Кимлардир бу жумлаларни ўқиб кулиб қўйиши ва ортиқча ваҳима қилмасликни маслаҳат бериши мумкин. Лекин асл ҳақиқат шуки, бўлаётган воқеа-ҳодисалар тўғрисида озгина чуқурроқ фикрлаб кўрган одам бутун дунё жар ёқасига келиб қолганлигини англайди. Жар ёқасига келиб қолиш деганда, инсон ҳаётида дуч келадиган муаммоларга тўғри ечим бера олмаётган бугунги кунда татбиқ қилинаётган тузумларнинг ҳалокатли даражадаги муваффақиятсизлиги назарда тутилмоқда. Бу тузумлар нимага асосланишидан (масалан, капиталистик ёки социалистик ақидага) қатъий назар, юқорида айтилганидек, қонун манбаи инсон ақли қилиб олиняпти. Инсон ақли ҳеч қачон қонун олинадиган манба бўлиб қолмаслиги керак. Чунки инсон чеклангандир, у ҳар бир соҳада ошиб ўтиб кета олмайдиган қандайдир чегарага бориб тўхтайди. Унинг қонун чиқариш ҳақидаги тушунчалари ихтилофли, тафовутли, зиддиятли бўлиб, у ўзи яшаб турган муҳитдан таъсирланишга маҳкумдир (http://hizb-uzbekiston.info/tafovutli-hilma-hil-va-ziddiyatli-onunlar/). Бунинг натижасида – бугунги кунда воқеликда содир бўлаётганидек – инсониятни бахтсизликка элтадиган тузум келиб чиқади.
Балки бугун инсоният ўз тарихида кузатилмаган тараққиётнинг энг юксак босқичига чиққандир, лекин бу тараққиёт ҳаётда инсон фойдаланадиган воситаларнинг кўплиги ва қулайлигининг ортиб бориши холос, асло тўғри ечим масаласини ҳал қилгани эмас. Инсоният воситалар борасида энг юқори тараққиётга эришган тақдирда ҳам – инсон муаммосига тўғри ечим берилмас экан – одамлар ҳақиқий маънода бахтли ҳаёт кечиришлари мумкин эмас. Чунки ғариза ва узвий эҳтиёжларни қондиришни ўзи – бу қондириш воситалари ҳар қанча кўп ва қулай бўлишидан қатъий назар – инсонни бахтли қила олмайди. Масала қондиришда эмас, балки қандай қондиришдадир. Ғариза ва узвий эҳтиёжлар тўғри қондирилсагина инсон ҳақиқий бахтли ҳаёт кечиради. Шу ўринда бир фактни эслатиб ўтиш жоиз. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мусулмонлар Ислом қонунларини бир неча аср давомида ҳаётга татбиқ қилган даврда бу жамиятда одамлар фаровон ва бахтли ҳаёт кечирганлар. Ваҳоланки, ўша даврнинг тараққиёт даражасини бугунги кундаги тараққиёт даражасига солиштириб бўлмайди. Бугун одамлар фойдаланаётган кўплаб қулайликлар у даврда бўлмаган, лекин шунга қарамай, Ислом қонунлари татбиқ қилингани сабабли ўша даврдаги жамият фаровон жамият бўлган. Чунки одамлар ўз эҳтиёжларини Ислом белгилаб берган қонун-қоида асосида тўғри қондирганлар. Бунинг ортидан улар қалб хотиржамлигига эришганлар, яъни ҳақиқий бахтли ҳаёт кечирганлар.
Бизнинг бу борадаги қисқача мулоҳазаларимиздан шуни хулоса қилиш мумкинки, инсон ўз ғариза ва узвий эҳтиёжларини қондиришда ўзи қонун ишлаб чиқадиган бўлса, бу уни бахтсизликка олиб боради. Яратилган махлуқот ўзига нима яхши-ю нима ёмонлигини, нима адолату нима зулм эканини қаердан ҳам билсин. Ахир буларни унинг Яратувчисидан бошқа ким яхшироқ билиши мумкин? Албатта, Ўз бандаларига меҳрибон ва раҳмли бўлган Аллоҳ билувчироқдир! Бас, шундай экан, биз ожиз бандалар учун бу дунё ҳаётида Яратувчимиз берган дастур асосида яшашимиз фақат яхшилик ва бахтдир.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Фаррух
01.09.2018й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми