Саҳобалар ҳаётидан лавҳалар
Саҳобалар ҳаётидан лавҳалар
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Муалло ибн Жоруд Ҳазрати Умарнинг яқин дўстларидан бири эди. Кунларнинг бирида икки дўст сайр қилиб юришар экан, бир аёлнинг овози уларни тўхтатди.
– Лаббай, холажон, – деди амирул мўминин. Аёл яқинлашиб, Ҳазрати Умарнинг олдига келди:
– Сени бир пайтлар «Умарча» деб чақирардим. Вақт ўтиб, «Умар» бўлдинг. Мана, бугун «амирул мўминин»сан. Атрофга қараб олиб, сўзида давом этди:
– Лекин, эй Ҳаттобнинг ўғли, амирлик сени талтайтириб, ҳароб қилмасин, Аллоҳни унуттирмасин. Инсонларнинг дардига малҳам бўл. Бир нарсани ёдда тутки, Аллоҳдан қўрққанларга узоқлар яқин бўлади. Ўлимни ўйлаган киши яхши ишларни қила олмасликдан чўчийди, ҳисоб-китоб қилинишига ишонган киши азобга дучор бўлиши мумкинлигини ўйлайди.
Аёлнинг бу гапларини тинглаб турган Ҳазрати Умарнинг одобли болакай каби бошини эгиб туриши Муаллони ҳайратда қолдирди. Ҳазрати Умар кўз ёшларини тўсар эди. Бу орада атрофга одамлар ҳам тўпланиб қолишди. Шунда Муалло кампирга:
– Етар, бас. Амирул мўмининни йиғлатдингиз-ку, – деди. Ҳазрати Умар унга юзланди:
– Жим! Бу аёл кимлигини биласанми? Бу Ҳавла бинти Ҳаким бўлади. Аллоҳ унинг дардини тинглаб, унга кушойиш (бирор қийин ишнинг осон ҳал бўлиши) берган. Энди Умар унга қулоқ солмасинми?! Агар бу аёл кун чиққандан то ботгунгача гапирса ҳам, албатта, қулоқ соламан. Мени фақат намозгина уни тинглашдан тўхтатиши мумкин (Қуртубий, «Тафсир»).
Ҳавла у ердан узоқлашаркан, нам кўзлар уни кузатиб, лаблар ҳаққига дуолар қилиб қолди.
Шундай қилиб, бу воқеа Ислом тарихига ажойиб лавҳа бўлиб кирди. Бирон-бир мансаби бўлмаган аёл келиб, йўлнинг ўртасида мўминлар амирини тўхтатиб, ўғлидек панд-насиҳат қилади, мўминлар амири ҳам уни жон қулоғи билан тинглайди ва кўзлари билан уни кузатиб қолади. Ҳазрати Умар аёлни эшитар экан, ўйнамасдан жиддий тарзда тинглади. Ҳар иккиси ҳам кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳолатда буюк жасорат соҳиби эканликларини намоён қилган эдилар.
Ҳавла Авс ибн Сомитнинг аёли эди. Эри билан ўрталарида бўлган бир воқеа туфайли Расулуллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига келиб, турмуши бузилаётганини айтган, натижада Аллоҳ унинг масаласи бўйича Мужодала сурасини тушуриб, муаммони аёл истаган тарзда ҳал қилиб берган эди.
Рамазон ойи келди. Ҳазрати Умар хуфтон намозини ўқиб бўлиб, дўстлари билан шаҳар айланишга чиқди. У ёқ-бу ёққа юрди. Ёрдамга муҳтожларнинг дардини эшитишга тайёр эди.
Масжидга қайтганида бир гуруҳ одамлар таровиҳ намозини ўқиётганини кўрди. Баъзилар якка тартибда ўқиётган бўлса, бошқалар жамоат бўлиб ўқишарди. Бу ҳолат Ҳазрати Умарга ёқмади ва дўстларига:
– Одамлар бир имомга эргашиб ўқиганлари афзалроқ эмасми? – деди.
– Ҳа, тўғри фикр.
Эртасига бомдод намозини ўқиб бўлиб, жамоатга юзланди ва бундан буён таровиҳ намози жамоат бўлиб ўқилишини айтди. Ҳазрати Умар кўзлари билан кимнидир қидирди ва топганидан кейин айтди:
Убай, сени таровиҳ намозига имом қилиб тайинлайман.
Ҳазрати Умар бир куни шаҳар айланаркан, масжидга кирганларида жуда катта жамоат йиғилганини кўрди. Яна қандайдир чора-тадбир кўриш керак эди. Ҳазрати Умар Сулаймон ибн Абу Хасмани чақириб:
– Бундан буён таровиҳ намозида аёлларга имомлик қиласан, – деди ва у зотнинг буйруғи билан аёлларга алоҳида жой ҳозирланди.
Кейинроқ Ислом оламининг турли бурчакларига мактуб йўллаб, таровиҳ намозини жамоат бўлиб, йигирма ракаатдан ўқишга фармон берди.
Кечаси шаҳарда айланиб юрар экан, Умар р.а. халқ бир имомга эргашиб таровиҳни ўқиётганини кўриб, мамнун бўлди. Ўзи ярим тунда якка ҳолда ўқирди.
Ҳазрати Усмон масжидни кенгайтиргунларига қадар таровиҳни аёллар алоҳида ўқидилар, кейинчалик яна бир имом ортида жамоат бўлишди. (Ибн Касир, «Ал-бидоя»; Бухорий, «Саҳиҳ»)
Аҳмад Лутфий Қозончининг “Ҳазрати Умар ибн Хаттоб р.а.” китобидан олинди
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим
14.03.2019й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми