Референдум спектаклидан кейин сайлов спектакли
Референдум спектаклидан кейин сайлов спектакли
بسم الله الرحمن الرحيم
Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашув якунида мамлакатда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. У имзолаган фармонга мувофиқ Ўзбекистонда президент сайлови 2023 йил 9 июлда ўтказиладиган бўлди. Марказий сайлов комиссияси рухсати билан 5 та сиёсий партия сайловда қатнашадиган бўлди. Улар: ХДП, ЎзЛиДеП, «Адолат», Экологик партия ва «Миллий тикланиш» партияларидир. Булардан 4 та сиёсий партия президент сайловига ўз номзодларини эълон қилди. «Миллий тикланиш» партияси эса сайловда ЎзЛиДеПдан кўрсатилган Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлайдиган бўлди. Буни шу партиянинг етакчиси, 2021 йилдаги президент сайловида номзод бўлган Алишер Қодиров маълум қилди. Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган смета бўйича сайлов кампаниясига 174 млрд. сўм (15 млн. доллар) сарфланадиган бўлди.
Хўш, мусулмонлар бу сайловга нисбатан қандай позицияни эгаллашлари керак? Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бу сайлов ҳам олдинги сайловлар каби куфр тузуми умрини узайтиришдир. Ўзбекистондаги давлат тузуми ҳам дин ҳаётдан ажратилган секуляр, яъни куфр тузумдир. Шунинг учун мусулмон кишининг бундай сайловларда қатнашиши шаръан ҳаром.
Шариат кўрсатиб берган сиёсий тузум Халифалик давлатидир. Бу давлат фақат Исломий ақида асосига қурилади. Халифани тиклаш тариқати байъатдир. Мусулмонлар инъиқод (халифалик битими тузилиши) шартлари тўлиқ топилган номзодлардан бирини халифа этиб сайлайдилар ҳамда унга Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ ﷺ Суннатига амал қилиши шарти билан байъат берадилар. Шундан кейин унга итоат этишлари вожиб бўлиб қолади. Халифа, агар унда очиқ-ойдин куфр кўринмаса, умрининг охиригача ўз вазифасида қолаверади. Халифаликнинг нақадар муҳимлигини Росулуллоҳ ﷺнинг:
إنما الإمام جنة يقاتل من وراءه ويتقى به
“Имом – бир қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади” деган ҳадиси ҳам кўрсатиб турибди. Бу шу даражада муҳимки, ҳатто имом Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ жума намозининг саҳиҳ бўлиши учун халифанинг ўзи ёки у изн берган волий каби кишилар адо этиб бериши шарт, деб ижтиҳод қилганлар. Биз мусулмонлар бўйнидаги тиклаш вожиб бўлган сиёсий тузум – мана шу тузумдир.
Ўзбекистондаги мавжуд тузум эса – юқорида айтганимиздек – бошқа мусулмон юртлардаги каби динни ҳаётдан-сиёсатдан ажратувчи куфр тузумидир, жумладан давлат бошлиғини сайлаш масаласида ҳам. Бундан ташқари, бу сайлов ҳам 30 апрелда бўлиб ўтган референдум ва олдинги президентлик сайловлари каби яна бир спектакл эканлиги шундоқ кўриниб турибди. Чунки сайловда гўё Мирзиёев билан рақобатлашиб, қатнашадиган анави партиялар “чўнтак” партиялардир. Масалан, “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзининг партияси Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини изоҳлаб: “Бугунги мураккаб давр бирлашишни талаб қилмоқда. Биз амалдаги президент атрофида мустаҳкам бирлашиб, она ватанимиз қудрати ва халқимиз фаровонлигини таьминлашнинг энг самарали йўлини топишимиз зарур” деди. Мирзиёев ҳам: “…дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда” деган эди. Қолган партиялар ҳам шунчаки “хўжа кўрсин”гадир.
Қолаверса, улардан кўрсатилган номзодлар омма халққа ўз иқтидори ва хизмати билан яхши танилган шахслар ҳам эмас. Бошқача айтганда, Мирзиёев билан ҳақиқий рақобатлашадиган жиддий мухолиф номзоднинг ўзи йўқ. Ҳатто бу сайловда халқаро кузатувчи сифатида қатнашадиган ОБСЕнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳам 2023 йил 26 июнда ўзининг оралиқ ҳисоботида: “Сиёсий манзара ўзгаришсиз қолган, сиёсий партиялардан ҳеч бири амалдаги президент олиб бораётган сиёсат ва курсга очиқ мухолафатда эмас” деб билдирди.
Мирзиёев ўзининг ўтмишдоши, шафқатсиз диктатор Каримовдан фарқли ўлароқ, ўзини ислоҳотчи ва демократ сифатида кўрсатиб келяпти. Каримов “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” шиори билан халқни чорак аср лақиллатиб келган бўлса, Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” деган шиорни ўртага ташлади. Ўзбекистоннинг келажаги қандай “буюк” бўлганини кўрдик. “Янги Ўзбекистон” ҳам шундай қуруқ шиор, балки ундан-да баттарроқ бўлиши ҳозирданоқ аниқ бўлиб бормоқда. Чунки ҳозирда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат Каримов давридан ҳам кўра кўпроқ хатарли тус оляпти дейиш мумкин. Буни биргина мисолда кўрадиган бўлсак, Мирзиёев даврига келиб мамлакат ташқи қарзи 40 млд АҚШ долларидан ошиб, мамлакат ЯИМининг 40-45 фоизини ташкил қилмоқда. Шунингдек, Мирзиёев 2020 йил 15 сентябрда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг собиқ президенти Сума Чакрабартини ўзининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлади. Бу ҳақда ЕТТБнинг собиқ бошлиғи ўз Twitterида маълум қилган эди. У: “президент Шавкат Мирзиёевга ислоҳотлар программаларини амалга оширишда ўзим ёрдам бера оладиган вақтни сабрсизлик билан кутаман” деб ёзди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Ғарб Мирзиёев ислоҳотларини қўллайди. Чакрабартидан ташқари Мирзиёев Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, JPMorgan, Citibank ва бошқа муассасалардан ҳам қатор хорижлик маслаҳатчиларни ҳам таклиф қилган. Бу муассасаларнинг фаолияти эса хусусийлаштириш, гендер тенглиги каби дастурларни илгари суриш орқали мусулмонлар жамиятини ва мусулмон оилаларни ўзлигидан айириб, моддий ва маънивий емириб, хонавайрон қилиш сари этаклашга қаратилгани ҳаммамизга маълум.
Шунинг учун бу сайловга – ундан олдин бўлиб ўтган референдум каби – минтақа устида ўзаро курашаётган йирик давлатлар томонидан “яшил чироқ” ёқиб берилгани ҳам кўриниб турибди. Масалан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2023 йил 22 майда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан олиб борган музокаралар чоғида: “Президент Ш. М. Мирзиёев янги Конституцияга мувофиқ шу йил 9 июлда муддатидан олдин президент сайлови ўтказилиши ҳақида фармон чиқарганидан хабаримиз бор. Ишончимиз комилки, сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юқори ташкилий савияда ўтади. Ўз навбатида биз Россия Федерациясида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари, меҳнат муҳожирлари ва бошқа ватандошларингизга, улар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари учун барча шароитларни яратамиз. Бу борада биз сизнинг элчихонангиз ва Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги бошқа дипломатик муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Ушбу тадбирнинг ҳам муваффаққиятли ўтиши учун бутун имкониятимизни ишга соламиз” деди. Аслида Каримов даврида бош вазир бўлган Мирзиёевни 2016 йилда ҳокимият тепасига Россия ўша вақтдаги МХХ бошлиғи Рустам Иноятов ёрдамида олиб келган эди. Стратегик ва ташқи сиёсат тадқиқотлари Маркази директори белорус сиёсатшуноси Арсений Свицкийнинг айтишича, Иноятов ва Мирзиёев россияпараст йўналишдаги одамлардир. Қолаверса, жорий йилнинг 21 мартида Мирзиёев Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида рус маданий маркази кўргазмаси билан танишар экан: “Қўшиқда тўғри айтилган, Россия ва Ўзбекистон доимо бирга бўлган ва бирга бўлади. Энг оғир дамларда биз бирга бўлганмиз ва бирга бўламиз” деди. Ҳатто Мирзиёев катта давлатлар Ўзбекистоннинг ким томонда эканлигини ўзидан сўрашаётганини айтганида ҳам очиқ жавоб беришдан қочиб: “Жавобим битта – бир томонман. Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман” деган сўзлар билан чекланди. Шунинг учун Мирзиёев Украина урушида заифлашган Россиядан юз ўгирди, дейишга ҳали вақт эрта.
Америка ва Ғарб ҳам ҳозирча Мирзиёевдан рози. Буни қуйидаги мисолда кўриш мумкин. 2023 йил 1 июнда Юнисеф “ҳар бир гўдак учун” сайти ушбу хабарни тарқатди: “ХМТ (Халқаро меҳнат ташкилоти), ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ижтимоий ҳимоя миллий Агентлиги ташкил этилганини олқишлайди. Ривожланиш бўйича ҳамда жаҳондаги ва Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимояга оид ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи етакчи ҳамкорлар сифатида биз бу Агентликнинг ташкил этилиши Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни олдинги силжитиш ҳамда ижтимоий ҳимоя, ривожланишга оид миллий ғоялар ва Барқарор Ривожланиш Мақсадлари стратегиясини амалга оширишни таъминлаш учун бир муҳим қадам бўлади, деб ҳисоблаймиз…”. БМТ илгари сурган Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (ЦУР)даги энг асосий мақсад эса гендер тенглигидир. Улар буни “қашшоқликка барҳам бериш”, “очликка барҳам бериш”, “сифатли таълим”, “яхши сиҳат-саломатлик ва фаровонлик” ва ҳоказо мақсадлар, деган усти ялтироқ қоғозга ўраб беришмоқда. Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева жорий йилнинг 25 мартида Вашингтонда Жо Байденнинг ёрдамчиси ва АҚШ президенти маъмуриятининг гендер сиёсати кенгаши директори Женнифер Кляйн билан учрашди. Суҳбатдаги бош мавзулардан бири аёлларни гендер зўравонликдан ҳимоя қилиш ва бу тўғрида Ўзбекистонда кўрилаётган тадбир-чоралар ҳақида бўлди. Саида Мирзиёева ўзининг телеграм каналида: “Мулоқот – умуман олганда – очиқ ва ўзаро ишонч руҳида бўлди. Биз Ўзбекистонда аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонллик жиноятларига оид Жиноий ва Маъмурий кодексга киритилган тузатишлар қоғозда қолиб кетавермаслиги учун қандай қадамлар ташлаш кераклигини муҳокама қилдик. Женнифер Кляйн бу йўналиш бўйича амалий ёрдам кўрсатишни таклиф қилди. Буни ҳисобга олиб ўйлайманки, биз келгусида ўзаро алоқаларимизни янада мустаҳкамлаб, кенгайтира оламиз” деб ёзди. Айтиш мумкинки, Америка ва Ғарб умуман Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга нисбатан “юмшоқ сиёсат” юргизмоқда. Экспертлар фикрича, Америка ва Ғарб “қаттиқ сиёсат” юргизиб, Мирзиёевни Москва ва Пекин қучоғига янада кўпроқ туртишни истамайди.
Хитой ҳақида айтадиган бўлсак, унинг бу минтақадаги сиёсий вазни Россия ва АҚШники каби бўлмаса-да, лекин Тошкент ва Пекин бугун транспорт инфратузилмасини ривожлантириш (“Ўзбекистон – Қирғизистон-Хитой” темир йўли), энергетика ва Ўзбекистон ҳудудида қўшма саноат корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш каби муҳим лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шунинг учун Хитой бу минтақада барқарорлик бўлишидан манфаатдор. Хитой раиси Си Цзиньпин жорий йилнинг 19 майида бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” саммитида: “…минтақа мамлакатлари ички ишларига аралашадиган ва “рангли инқилоблар”га гиж-гижлайдиган ташқи кучларга кескин қаршилик кўрсатишимиз лозим…” деган эди. Демак, айтиш мумкинки, Хитой ҳам Мирзиёвнинг ҳокимиятда қолишига қарши эмас.
Хуллас, Мирзиёев бу мустамлакачи давлатларни рози қилиш учун кўп векторли сиёсат юргизмоқда. Буни Россия ноилож қабул қиляпти, дейиш ҳам мумкин. Чунки Россия – айниқса Украина ботқоғида заифлашганидан кейин – АҚШ ва Ғарбнинг глобаллаштириш стратегиясига унчалик ҳам қарши туролмаяпти.
Ҳозир бутун мамлакат бўйлаб асосан Мирзиёев фойдасига сайловолди ташвиқот ишлари кетяпти. Шунинг учун сайлов деб аталмиш бу “спектакл”да ҳам Мирзиёвнинг энг кўп овоз олиб, “ғолиб” чиқишига ажабланмаса ҳам бўлади. Шундай қилиб, Мирзиёев кетма-кет икки муддат ҳокимият тепасида турганидан кейин яна учинчи муддатга ҳам сайланиши ва ҳокимият тепасида 2037 йилгача туриши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Мирзиёевнинг асосий мақсади – мусулмон юртлардаги барча ҳокимлар каби – қандай йўл билан бўлмасин президентлик курсисини сақлаб қолишдир. Буни референдум воқеалари ва юқоридаги мисоллар аниқ кўрсатиб турибди. Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин. Шунинг учун бу тузумни йўқ қилиб, ўрнига адолатли Ислом қонунларини барпо этишга ҳаракат қилиш шаръий вожибгина бўлиб қолмай, балки бу зулматлардан, қашшоқлик, ишсизлик, қолоқлик ва жаҳолатдан чиқишнинг ягона йўли ҳамдир. Мирзиёев ҳокимияти ҳам мустамлакачи хўжайинлар давлатлари каби бамисоли ўргимчак уясидир. Яқинда Аллоҳнинг изни ила тикланажак Иккинчи Рошид Халифалик давлати бу "ўргимчак уялари"ни супуриб ташлайди. Эртанги кун эса уни кутувчи учун жуда яқиндир.
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا ۖ وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ ۖ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
– “Аллоҳдан ўзга “дўстлар”ни ушлаган кимсаларнинг мисоли худди (ўзи учун) уй қуриб олиб, (ўша уйидан паноҳ истаган) ўргимчакка ўхшайди. Албатта уйларнинг энг нимжони ўргимчак уясидир. Агар улар билсалар эди, (ўргимчак уяси каби ожиз бутлардан паноҳ истамаган бўлур эдилар)”. (Анкабут:41)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими раиси Ислом абу Халил
07.07.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми