Ҳайвонларни рўйхатга олиш қонуни: тартиб, назорат ва халқ елкасидаги яна бир юк
Ҳайвонларни рўйхатга олиш қонуни: тартиб, назорат ва халқ елкасидаги яна бир юк
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўзбекистонда қабул қилинган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун 2026 йил 7 августдан кучга киради. Расмий изоҳларга кўра, у ветеринария хавфсизлигини таъминлаш, касалликлар тарқалишининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда ҳайвонлар эгаларини аниқлашга қаратилган. Бир қарашда ҳаммаси жойидадек. Аммо қонун мазмунига чуқурроқ назар ташланса, ундаги талаблар, муддатлар ва амалий механизмлар жиддий саволларни келтириб чиқаради.
Қонунга мувофиқ, деярли барча турдаги ҳайвонлар — қорамолдан тортиб ит ва мушуккача — мажбурий тарзда идентификация қилиниши, рўйхатга олиниши, электрон базада кузатиб борилиши шарт. Ҳар бир ҳайвонга алоҳида рақам, чип, бирка ёки жетон берилади. Бу жараён, табиийки, бепул эмас.
Расмий баёнотларда харажатлар масаласи очиқ-ойдин айтилмаган. Аммо амалиётдан маълумки, чиплаш, биркалаш, хизмат кўрсатиш харажатлари охир-оқибат, албатта, оддий халқ зиммасига тушади. Айниқса, қишлоқ жойларда тирикчиликни икки-учта қорамол ёки бир неча қўй-эчки билан ўтказаётган аҳоли учун бу қўшимча молиявий юкламадир.
Бу рўйхатга олиш орқали келажакда солиқ ёки йиғимлар жорий этилиш эҳтимоли юқори. Ҳайвонлар тўлиқ электрон базада акс этар экан, давлат учун кимда неча бош мол борлигини билиш муаммо эмас. Демак, эртага “мол-ҳайвон солиғи”, “уй ҳайвони йиғими” ёки шунга ўхшаш тўловлар пайдо бўлмаслигига ким кафолат беради?
Албатта, касалликларни назорат қилиш, эпизоотик хавфларни олдини олиш муҳим. Лекин бу вазифалар илгари ҳам мавжуд эди. Янги қонун эса ушбу назоратни марказлашган шаклга олиб чиқмоқда.
Қашшоқлик чегарасида яшаётган оилалар учун уни чиплаш ва рўйхатга олиш эса яна харажат, яна ҳисобот, яна текширув демакдир.
Сўнгги йилларда давлат бюджети, инвестиция оқимлари, халқаро лойиҳалар ҳақида кўп гапириляпти. Аммо оддий халқнинг ҳаётида енгиллик сезилмаяпти, аксинча, коммунал тўловлар, солиқлар, жарималар ва мажбуриятлар кўпайиб бормоқда. Ипидан игнасигача рўйхатга олинаётган халқнинг эса, бардоши тугаб бориши табиий.
Бунинг сабаби, Ўзбекистон ҳукумати юритаётган капиталистик иқтисодий сиёсатнинг илдизида муаммога нотўғри қараш ётади. Ҳукумат иқтисодий инқироз сабабини давлат томонидан бойликни халққа тўғри тақсимлаб берилмаётганида эмас, балки гўёки халқ қўлидаги “ортиқча” бойликни етарли йиғилмаётганида, деган тасаввурда кўради. Шу боис, муаммони ҳал қилиш йўли сифатида давлат халқнинг “чўнтаги”ни кавлашни кучайтиради: солиқлар оширилади, турли йиғимлар, жарималар ва мажбурий тўловлар орқали халқдан бойликни сўриб олиш сиёсати авж олдирилади.
Натижада иқтисодий муаммолар камайиш ўрнига янада чуқурлашади. Чунки халқ қашшоқлашгани сари бозор заифлашади, харид қобилияти тушади, ишлаб чиқариш сусаяди ва иқтисодиёт ўзи-ўзини еб битирадиган ёпиқ доирага тушиб қолади.
Исломий иқтисодий қараш эса, бундан мутлақо фарқ қилади. Ислом муаммонинг ечими халқдан бойлик йиғиб олишда эмас, балки мавжуд бойликни адолатли ва тўғри тақсимлай олмасликда деб кўради. Шунинг учун Ислом шариати бойликни муайян тоифалар қўлида айланиб қолишини ман этади ва уни жамият қатламлари орасида тўғри тақсимлашни давлатнинг асосий вазифаси қилиб белгилайди.
Закот, байтулмол, умумий мулк тушунчаси ва шаръий сарф-ҳаражат аҳкомлари орқали бойлик халқ ичига қайта оқади. Натижада адолатли тақсимот қарор топади, иқтисодий муаммолар бартараф этилади ва халқнинг фаровон ҳаёти таъминланади. Яъни Исломда давлат халққа юк бўлмайди, балки халқнинг юкини кўтариб, оғирини енгил қиладиган ҳақиқий масъулият эгасига айланади.
Росулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қиладилар:
كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ؛ فَالْإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ
“Сизларнинг ҳар бирингиз қўриқчи (масъул)сиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагилардан сўраласиз. Имом (раҳбар) қўриқчидир ва у ўз раиятидан сўралади”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Иззатуллоҳ
10.01.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми