Ўзбекистон ва Туркия: Анқара келишувлари ва геосиёсий воқелик
Ўзбекистон ва Туркия: Анқара келишувлари ва геосиёсий воқелик
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
2026 йилнинг 19-20 январ кунлари Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий даражадаги тарихий музокаралар бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги, таркибида Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов, Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов ва ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов бўлган нуфузли делегация Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қабулида бўлди. Президент Эрдўған вазирлар билан учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини алоҳида эътироф этди.
Ушбу ташриф доирасида куннинг энг муҳим воқеаси — «4+4» механизми (Таркибида Ташқи ишлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирлари ва Разведка хизматлари раҳбарлари) доирасидаги йиғилиш бўлди. Унда замонавий глобал воқеликлар ва хавфсизлик таҳдидларига қарши «Қўшма ҳаракатлар режаси» қабул қилинди. Шунингдек, вазирлар Бахтиёр Саидов ва Ҳоқон Фидан раислигида Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг тўртинчи йиғилиши ўтказилиб, унда савдо, энергетика, терроризмга қарши кураш ва миграция масалалари муҳокама қилинди. Бу учрашувлар икки давлат Президентлари ҳамраислигида ўтадиган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига асосий тайёргарлик босқичи бўлди.
Шу билан бирга, Анқарада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан раислигида Стратегик режалаштириш қўшма гуруҳининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Вазирлар савдо, инвестиция, энергетика хавфсизлиги ва мудофаа саноати соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришни муҳокама қилдилар. Шунингдек, Транскаспий Шарқ-Ғарб Ўрта йўлаги (Middle Corridor) ва Боку–Тбилиси–Карс темир йўлининг аҳамияти, ҳамда 2025 йил Самарқандда эълон қилинган «Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни»нинг рамзий маъноси қайд этилди. Ушбу учрашув икки давлат Президентлари ҳамраислигида ўтадиган Юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик вазифасини ўтади.
Музокаралар якунида Мудофаа вазирлари Яшар Гулер ва Шуҳрат Холмуҳамедов томонидан «2026 йил учун ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режаси» ва ҳарбий тиббиёт бўйича битим имзоланди. Ички ишлар вазирлари даражасида эса кибержиноятчиликка қарши кураш ва миграция жараёнларини тартибга солиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг расмий чиқишларида, хусусан, 2025 йил 6 ноябрда Вашингтонда бўлиб ўтган "C5+1" саммити доирасида ва ундан олдинги Анқара ташрифлари чоғида: "Туркия бизнинг стратегик шеригимиз ва қардошимиздир. Мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлигимиз мамлакатимизнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашнинг муҳим пойдевори бўлиб хизмат қилади" дея таъкидлаб, ҳарбий алоқаларга юқори сиёсий мақом берган эди. Ушбу стратегик йўналишнинг мантиқий давоми сифатида, Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан илк бор 2024 йил 12 сентябрда Тошкентда ўтказилган вазирлар ва разведка раҳбарларининг "4+4" йиғилишида икки давлат муносабатларини "сиёсий мукаммаллик даражасига эришган алоқалар" деб таърифлаган эди. 2026 йил 20 январь куни Анқарада бўлиб ўтган Стратегик режалаштириш гуруҳининг тўртинчи йиғилишида ҳам ушбу тамойил асосий мезон сифатида белгиланди. Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов эса Туркиянинг юқори технологик мудофаа тизимларини Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришни "армияни модернизация қилиш ва технологик мустақилликка эришишнинг ягона йўли" сифатида баҳолаб келмоқда.
Бу жараён Россия-Украина уруши келтириб чиқарган янги геосиёсий воқелик фонида янада стратегик аҳамият касб этмоқда. Украинадаги жанг ҳаракатлари Россиянинг Т-72 ва Т-80 каби танклари ҳамда анъанавий артиллерия тизимларининг замонавий дронлар ва юқори аниқликдаги қуроллар қаршисидаги заиф жиҳатларини фош қилди. Бу эса арсеналининг 80-90 фоизи совет ва Россия техникасидан иборат бўлган Ўзбекистонни мудофаа тизимини тубдан қайта кўриб чиқишга мажбур этди.
Британиянинг RUSI (Royal United Services Institute) таҳлил маркази экспертларининг ҳисоботларига кўра, Россиянинг Украинадаги "логистик инқирози" ва "Bayraktar TB2" дронларининг Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини четлаб ўтишдаги муваффақияти Марказий Осиё учун асосий дарс бўлди. Натижада Ўзбекистон нафақат "Bayraktar", балки ундан кучлироқ бўлган ва сунъий интеллект билан бошқариладиган "Akıncı" зарбдор дронларини ўз арсеналига муваффақиятли қўшиб олди ва Туркия билан бу борадаги стратегик ҳарбий-техник ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.
Россиялик ҳарбий эксперт Юрий Ляминнинг таъкидлашича, Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси ички эҳтиёжларга йўналтирилгани ва микрочиплар танқислиги сабабли Тошкентга ваъда қилинган замонавий қуролларни етказиб бериш муддатларини номаълум вақтга сурган. Бу эса Ўзбекистон Мудофаа вазирлигини Туркиянинг "Nurol Makina" компанияси билан 1000 дона "Ejder Yalçın" зирҳли техникасини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва ASELSAN компанияси билан рақамли алоқа тизимларини ишлаб чиқариш каби аниқ технологик алянсларга ундади.
Геосиёсий жиҳатдан ушбу яқинлашув АҚШ ва НАТО блокларининг минтақадаги стратегик манфаатларига тўла мос келади. АҚШ Давлат департаментининг Марказий Осиё бўйича собиқ ёрдамчиси Дональд Лу ўз вақтида Туркиянинг бу ролини "суверенитетни мустаҳкамловчи омил" деб атаган эди. 2025 йил октябрида лавозимига киришган янги ёрдамчи, стратегик хавфсизлик бўйича эксперт Пол Капур ва у мансуб бўлган Трамп маъмуриятининг янги стратегиясида Туркия "Американинг минтақадаги хавфсизлик юкларини баҳам кўрувчи (burden sharing) асосий воситачи" сифатида аниқ қайд этилган.
Пол Капур ўз чиқишларида Трамп маъмуриятининг позициясини ифодалаб: "Биз иттифоқчиларимизнинг ўз хавфсизлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олишини қўллаб-қувватлаймиз. Туркиянинг Марказий Осиёдаги роли Америка манфаатларига мос келади ва минтақани Москванинг қурол-яроғ қарамлигидан қутқаради" дея таъкидламоқда. Вашингтон учун бу АҚШнинг бевосита ҳарбий харажатларисиз Россия ва Хитой гегемониясига берилган "арзон ва самарали зарба" ҳисобланади. Трампнинг TRIPP (International Peace and Prosperity) лойиҳаси доирасида Туркия минтақани Ғарб бозорларига боғловчи асосий "стратегик кўприк" сифатида тан олинган.
Бироқ Россия томони бу ҳолатга кескин муносабат билдириб келмоқда. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова "ташқи кучларнинг минтақа хавфсизлик тизимига суқулиб кириши" борасида бир неча бор огоҳлантирган бўлса, Кремлга яқин ҳарбий таҳлилчилар ва экспертлар бу жараённи Россия миллий хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид деб баҳоламоқдалар.
Хусусан, Миллий мудофаа журнали бош муҳаррири Игор Коротченко Туркияни минтақада "НАТОнинг троян оти" деб атаб, Анқаранинг ҳарбий экспансияси аслида Вашингтоннинг режаси эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, Туркия орқали кириб келаётган ҳарбий стандартлар ва разведка тизимлари келажакда минтақа давлатларини Россиянинг мудофаа тизимидан (КХШТ) бутунлай узиб қўйишга хизмат қилади.
Яна бир таниқли эксперт, ҳарбий фанлар доктори Константин Сивковнинг фикрича, Трамп маъмуриятининг "Туркия орқали таъсир ўтказиш" стратегияси Россияни жанубий чегаралардан стратегик қуршовга олишнинг янги босқичидир. Сивков буни "геосиёсий муҳосара" деб атайди ва Туркиянинг Ўзбекистондаги ҳарбий иштирокини Россиянинг "юмшоқ қорни"да НАТОнинг билвосита плацдарми яратилиши сифатида талқин қилади.
Шунингдек, Россия Стратегик тадқиқотлар институти (РИСИ) эксперти Дмитрий Александров Туркиянинг ҳарбий-техник ёрдамини Россиянинг минтақадаги қурол монополиясини тугатиш ва Москванинг хавфсизлик камарини ичидан емиришга қаратилган тизимли операция деб баҳолайди. Ушбу экспертлар бир овоздан Туркиянинг фаоллиги Марказий Осиёни Россиянинг стратегик назоратидан чиқариб, Ғарбнинг манфаатларига хизмат қилувчи "буфер зона"га айлантиришидан хавотир билдирмоқдалар.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг Туркия билан ҳарбий алянси бир қарашда миллий хавфсизликни таъминлашдек туюлса-да, аслида давлатни бир мустамлакачининг таъсиридан чиқариб, иккинчи мустамлакачига боғлаб қўйишга олиб борадиган қарамлик йўлидир. Ўзбекистон каби кичик давлатлар катта мустамлакачи кучларнинг геосиёсий ўйинларида фақат қурбон ва восита вазифасини ўтайди. Шу боис, мустамлакачиларнинг бу каби режаларини фақатгина мусулмон ўлкаларининг ташқи блоклардан воз кечиб, яқинда қайта тикланажак Пайғамбарлик манҳажидаги Халифалик давлати соясида ўз ақидасига асосланган мустақил сиёсий ва ҳарбий қудратини тиклашигина барбод қила олади. Ҳақиқий ечим – йирик давлатлар ўртасида мувозанат излаш эмас, балки илоҳий низомга қайтиш ва Умматнинг ягона қудратини намойиш этишдадир.
Салоҳиддин
25.01.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми