ШИА ВА СУННИЙ МАСАЛАСИ: ТАРИХИЙ ИЛДИЗЛАР ВА СИЁСИЙ ВОҚЕЛИК
ШИА ВА СУННИЙ МАСАЛАСИ: ТАРИХИЙ ИЛДИЗЛАР ВА СИЁСИЙ ВОҚЕЛИК
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Шиа ва сунний масаласи, айниқса Эроннинг минтақавий сиёсати ва Ислом уммати ичидаги мазҳаблар ихтилофини тўғри тушуниш учун тарихнинг энг теран қатламларига назар ташлаш лозим. Энг аввало, «сунний» ва «шиа» атамаларининг келиб чиқишига тўхталсак: «Шиа» сўзи арабча «шиъату Али» (Алининг тарафдорлари) иборасидан олинган бўлиб, дастлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин раҳбарликка энг лойиқ зот Али розияллоҳу анҳу деб билган сиёсий гуруҳни ифодалаган.
«Сунний» атамаси эса «Аҳли сунна вал жамоа» (Суннат аҳли ва жамоат) иборасининг қисқартмаси бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг йўлларига ва саҳобаларнинг ижмосига (бирдамлигига) эргашган мусулмонларнинг катта кўпчилигини англатади. Бу терминларнинг илмий негизига назар солсак, «Аҳл» сўзи маълум бир йўл ёки динга эргашувчиларни, «Сунна» эса нафақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўз ва ишлари, балки Исломнинг амалий татбиқи, яъни исломий ҳаёт тарзини англатади. «Жамоа» эса мусулмонларнинг амир (раҳбар) ва исломий тушунчалар атрофида жипслашишини ифодалайди.
Ислом тарихида илк ихтилоф ақидавий эмас, балки сиёсий бошқарув, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин умматга ким раҳбарлик қилиши борасидаги баҳсдан бошланган эди. Бу борада Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хасталиклари вақтида у зотнинг ҳузурларидан чиққанида, одамлар: «Эй Абу Ҳасан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволлари қандай?», деб сўрашди. У: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, бугун эрталаб яхши бўлиб қолдилар», деб жавоб берди. Шунда Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу унинг қўлидан ушлаб, деди: «Аллоҳга қасамки, уч (кун)дан кейин сен бошқа бировга тобе бўласан. Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу касалликларидан вафот этадилар деб ўйлайман, чунки мен Абдулмутталиб авлодларининг юзи ўлим олдидан қандай бўлишини биламан! Юр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, ҳокимият (ўзидан кейин) кимга қолишини сўрайлик. Агар у бизники бўлса, буни билиб оламиз, агар бошқаларники бўлса, Расулуллоҳ билан гаплашамиз ва у зот бизни васиятларига киритиб қўядилар». (Бунга жавобан) Али деди: «Аллоҳга қасамки, агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан (халифаликни) сўрасак-у, у зот бизга рад этсалар, у зотдан кейин одамлар уни бизга асло бермайдилар! Аллоҳга қасамки, мен бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамайман».
Баъзи саҳобалар Алининг халифаликка Абу Бакр, Умар ва бошқалардан кўра ҳақлироқ эканига ишонишарди. Бу гуруҳга Аммор, Абу Зарр, Салмон Форисий, Жобир ибн Абдуллоҳ, Аббос ва унинг ўғли, Убай ибн Каъб, Ҳузайфа ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа кўплаб саҳобалари кирарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг, Мадинадаги Бану Саида чодирида (Сақифада) ансорлар ва муҳожирлар йиғилиб, халифалик масаласини муҳокама қилдилар. Бу ерда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳ каби улуғ саҳобалар иштирок этиб, мусулмонларнинг бирлигини сақлаб қолиш учун Абу Бакр сиддиқга байъат берилди. Тарихда ҳижрий 41-йил мусулмонлар Муовия (р.а.) атрофида бирлашгани учун «Омул Жамоа» (Жамоа йили) деб аталган, бу эса атаманинг асл мақсади умматни бирлаштириш эканини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, Ҳазрати Али ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Аввом ва Бану Ҳошим хонадонининг баъзи вакиллари дастлабки босқичда бу жараёнда қатнаша олмаганлари ва раҳбарликка Аҳли байт яқинроқ экани ҳақидаги фикрлари кейинчалик «шиалик» фикрининг сиёсий куртаги бўлиб хизмат қилди. Бироқ, шуни таъкидлаш жоизки, ҳазрати Алининг ўзи кейинчалик ҳазрати Абу Бакр, Умар ва Усмонга байъат бериб, уларнинг халифалиги даврида бош қози ва маслаҳатчи сифатида фаолият юритди.
Абу Бакр ва Умарнинг бошқаруви даврида, шунингдек, Усмон розияллоҳу анҳу бошқарувининг илк йилларида мусулмонлар фатҳлар, Исломни ёйиш, Ислом Давлатининг қудратини ошириш ва унинг устунларини мустаҳкамлаш билан машғул эдилар. Бу вақт давомида Алининг афзаллиги ва халифаликка бўлган ҳаққи ҳақидаги фикр «уйқу» ҳолатида бўлди. Токи «пайғамбарлик васияти» фикри юзага чиққунга қадар — гўёки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алининг ўз маънавий вориси экани ва ўзидан кейин халифаликни олиши кераклиги ҳақида васият қолдирган эмиш. Юқоридаги васият тарафдорларининг фикрига кўра, Али сайлов ва байъат йўли билан эмас, балки васият матни асосида Имомдир. Кейинчалик Али ва ундан кейинги имомларнинг «маъсумлиги» (гуноҳдан поклиги) фикри пайдо бўлди, унга кўра уларнинг хато қилиши мумкин эмаслиги ва улардан чиққан барча қарорлар тўғри экани даъво қилинди. Кейин Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг халифалиги масаласи кўтарилди.
Ушбу васиятнинг баъзи тарафдорлари Абу Бакр, Умар ва Усмон, шунингдек, уларнинг тарафдорлари ва уларга ихтиёрий равишда байъат берган мусулмонлар Алининг ҳаммадан устунлигини била туриб хато қилишган, дейиш билан чекланишди. Аммо ораларидан ғулотлар(ортиқча чуқур кетганлар) ҳам чиқди ва улар Абу Бакр, Умар, Усмон ва уларни қўллаганларнинг барчасини — Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларини рад этиб, халифаликни ҳақли эгасига бермаганликда айблаб, кофирга чиқаришди. Баъзилари эса барча чегаралардан ўтиб, Алини илоҳийлаштиришди. Шу тариқа шиалар пайдо бўлди, шуни таъкидлаш керакки, улар ягона бир гуруҳ эмас.
Энг муҳим шиа гуруҳлари қуйидагилардир:
Зайдийлар — булар Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибнинг издошларидир. Афтидан, зайдийлар шиаликнинг энг мўътадил ва суннийларга энг яқин мазҳаби ҳисобланади. Тарихий маълумотларга кўра, бу мактаб асосчиси Зайд ибн Али муътазилийлар етакчиси Восил ибн Атонинг шогирди бўлган. Восил ибн Ато афзалроқ шартларга жавоб бермайдиган кишининг ҳам Имом бўлишига рухсат берган. «Ҳа, Али ибн Абу Толиб Абу Бакр ва Умардан кўра афзалроқ Имомдир, — дер эди Зайд, — бироқ бу Абу Бакр ва Умарнинг бошқаруви ноқонуний-ношаръий эканини англатмайди». Зайд ибн Али ҳокимиятни васият матни асосида олиш тарафдори бўлмаган, шунингдек, илоҳий ваҳий ким Имом бўлиши кераклигини белгилаганига ҳам ишонмаган.
Имомийлар. Бу мактаб вакиллари ўз таълимотларининг асосий эътиқоди Имом шахси атрофида жамлангани учун имомийлар деб аталган. Ушбу мактаб асосчиларининг сўзларига кўра, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам халифа бўлиш ҳуқуқи Али ибн Абу Толибга тегишли экани ҳақида васият қолдирган, Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб эса бу ҳуқуқни тортиб олган (узурпация қилган). Натижада имомийлар бу икки халифадан воз кечганлар (табарро қилганлар). Имомийларнинг ўзлари ҳам ягона мактаб эмас. Имомларнинг шахси борасида бир-бирига зид фикрда бўлган кўплаб имомий гуруҳлар мавжуд. Баъзилари имомлар сони ўн иккита бўлиши керак деб ҳисобласа, бошқалари ўзларини Исмоил ибн Жаъфар ас-Содиқнинг издошлари деб аташади. Исмоилийлар ўз таълимотларини оддий жамоа аъзолари учун очиқ бўлган «зоҳирий» (маросимлар ва ҳуқуқий қоидалар) ва фақат «хослар» учун очиқ бўлган «ботиний» қисмларга бўладилар…
Хорижийлар ва шиалар Умавий халифаларни ҳокимиятни тортиб олувчилар ва золимлар эканида бир хил фикрдалар. Очиқ, яширин ва икки маъноли тарзда улар Умавийлар Халифалигига қарши курашда ҳамкорлик қилишган. Ислом тарихидаги бурилиш нуқтаси сифатида Сафавийлар давлатининг пайдо бўлишини кўрсатиш мумкин. 1501 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий Эрон тахтига ўтириб, шиаликни давлат дини деб эълон қилгунга қадар, Эрон аслида йирик сунний олимларни (Имом Бухорий, Термизий, Ғазолий кабилар шу замин фарзандлари эди) етиштириб чиқарган сунний ўлка эди. Сафавийлар ўз сиёсий ҳокимиятларини мустаҳкамлаш ва Усмонийлар халифалигига, хусусан Султон Салим Явуз каби қудратли ҳукмдорларга қарши мафкуравий девор қуриш учун шиаликни мажбуран ёйдилар. Бу ерда мазҳаб адолат излаш воситаси эмас, балки икки йирик куч ўртасидаги геосиёсий рақобат қуролига айланди. Усмонийлар Европа сарҳадларида фатҳлар қилаётган бир пайтда, Сафавийларнинг орқадан зарба бериши мусулмонларнинг умумий қудратини заифлаштирди.
1979 йилги «Ислом инқилоби» Эрон тарихида янги саҳифа очди. Оятуллоҳ Ҳумайний ҳокимиятга келгач, «Инқилоб экспорти» ғоясини ўртага ташлади. Зоҳиран бу ғоя бутун мусулмонларни мустамлакачиликка қарши бирлаштиришдек кўринса-да, амалда Эрон ўз таъсирини минтақадаги шиа жамоалари орқали кенгайтиришга киришди. Ироқ-Эрон уруши (1980-1988) бу зиддиятни янада қонли тусга киритди. Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ ва Британия, бу урушдан мусулмонларни бир-бирининг қўли билан қириш ва икки давлатнинг ҳам иқтисодий салоҳиятини йўқ қилиш учун усталик билан фойдаланди.
«Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» қоидаси асосида мусулмонларнинг ички мазҳаб ихтилофлари сунъий равишда алангалатиб турилди. Бу стратегиянинг асосий меъморларидан бири, АҚШнинг собиқ Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Збигнев Бжезинский бўлиб, у ўз вақтида: «Биз учун қайси бири муҳимроқ? Бир нечта қўзғолончи мусулмонларми ёки Совет империясининг қулашими? Ислом дунёсини ичидан парчалаш бизга минтақани назорат қилиш имконини беради», деб очиқ тан олган эди. Айнан шу даврдан бошлаб, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) ҳужжатларида мусулмонларни «радикал суннийлар» ва «жангари шиалар»га ажратиб, уларни бир-бирига қарши қайраш асосий йўналиш этиб белгиланди.
Бугунги кунда Ливандаги ҳизбуллоҳ(ҳизби эрон), Ямандаги ҳусийлар ва Ироқдаги шиа гуруҳларининг Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши — бу диний биродарликдан кўра кўпроқ «Шиа ярим ойи» лойиҳасини амалга ошириш ва минтақада Эроннинг стратегик устунлигини таъминлашга қаратилган. Эрон раҳбарияти Ғазо ва Фаластин масаласини ҳамиша ўз риторикасининг марказига қўяди, бироқ тарихий фактлар шуни кўрсатадики, Эроннинг риторикаси билан амалий ишлари ўртасида катта фарқ-тафовут бор.
Мусулмон уммати яҳудий вужуди зулмидан инграётган бир пайтда, Эрон фақатгина «прокси» (вакил) гуруҳлар орқали чекланган ҳаракатлар қилади, аммо тизимли равишда умматнинг бирлигини таъминлайдиган илоҳий низом (Халифалик) йўлида эмас, балки ўз миллий ва мазҳабий чегаралари доирасида иш юритади. Шу билан бирга, сунний дунёсидаги раҳбарларнинг ҳолати ҳам Эрондан қолишмайдиган даражада ачинарлидир. Саудия Арабистони, Миср ва бошқа сунний давлатларнинг раҳбарлари ўз халқини Эрон хавфи билан қўрқитиб, амалда Ғарб мустамлакачилари ва яҳудий вужуди билан иттифоқ тузмоқдалар. Улар шиа ва сунний ихтилофини ўз тахтларини ҳимоя қилиш учун восита қилиб олишган.
Бу масалада АҚШнинг яна бир стратеги, Кондолиза Райс 2006 йилда «Янги Яқин Шарқ» лойиҳасини эълон қилар экан, минтақадаги чегараларни мазҳабий ва этник асосда қайта чизиш зарурлигини таъкидлаган эди. АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими Ричард Хаасс эса: «Яқин Шарқдаги ўттиз йиллик уруш (сунний-шиа ихтилофи) биз учун фойдали, чунки улар бир-бири билан банд бўлган вақтда (исроил)нинг хавфсизлиги таъминланади ва бизнинг энергия манбаларига бўлган назоратимиз мустаҳкамланади», деб ёзган эди.
Аслида, на Эрон раҳбарияти ва на сунний юртлардаги хоин раҳбарлар Ислом умматининг ҳақиқий манфаатини ўйламайдилар. Агар улар ҳақиқатан ҳам дин ва уммат учун қайғурганларида эди, чегараларни очиб, мусулмонларнинг умумий қўшинини Ақсони қутқаришга сафарбар қилган бўлардилар. Бунинг ўрнига, улар мазҳаб урушларини қўзғатиб, мусулмонларни Сурия, Яман ва Ироқда бир-бирларининг қонини тўкишга мажбур қилдилар. Бу ихтилофларнинг энг катта фойда кўрувчиси эса яҳуд вужуди ва АҚШ бошчилигидаги кофир давлатлардир. Улар мусулмонлар бир-бирини «кофир» ёки «адашган» деб айблаш билан банд бўлган вақтда, Ислом юртларининг бойликларини талон-торож қилишда ва мусулмонларни тизимли равишда қиришда давом этмоқдалар.
АҚШнинг RAND Corporation таҳлилий маркази томонидан тайёрланган «Ислом оламининг фуқаролик уруши» номли ҳисоботда очиқдан-очиқ: «Биз мусулмонлар ичидаги анъанавий сунний ва шиа зиддиятларини қўллаб-қувватлашимиз ва уларни бир-бирига қарши қуроллантиришимиз керак, токи улар бизга қарши бирлашишга вақт ва имкон топа олмасинлар», деб ёзилган. Демак, бугунги кундаги мазҳабпарастлик — бу шунчаки диний тушунмовчилик эмас, балки Оқ уй ва Пентагон томонидан ишлаб чиқилган, мусулмонларни бир-бирига қонхўр душман қилиб кўрсатувчи стратегик режанинг мевасидир.
Тўғри хулоса шундан иборатки, шиа ва сунний ўртасидаги ихтилоф бугунги кунда ақидавий эмас, балки 90 фоиз сиёсий ва геосиёсий мазмунга эга. Мусулмонларни мазҳабга қараб бўлиш — бу умматни заифлаштириш учун ишлатиладиган эски қуролдир. Энг аввало шуни англаш лозимки, мусулмонларнинг амалий аҳкомларда (фиқҳий ҳукмларда) ихтилоф қилишлари, яъни турли мазҳабларда бўлишлари табиий ва соғлом ҳолатдир. Бу асло бўлиниш ҳисобланмайди, балки Ислом фикрининг кенглиги ва бойлигидан далолат беради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимнинг (фиқҳий) ихтилофи раҳматдир», деб марҳамат қилганлар.
Бироқ, бу фиқҳий хилма-хиллик асло ақидавий бўлинишга айланмаслиги керак. Мусулмонлар учун «сунний» ёки «шиа» деган номлар эмас, балки ақида бирлиги ва ягона Уммат туйғуси эътиборлидир. Биз воқеага тўғри баҳо беришимиз учун Эроннинг ҳам, сунний юртлардаги раҳбарларнинг ҳам хатти-ҳаракатларини Ислом мезони билан ўлчашимиз керак. Ислом бизни «Аллоҳнинг арқонини бир жамоа бўлган ҳолда маҳкам тутинг ва бўлинманг» деб буюрган. Демак, ҳар қандай адоватли бўлиниш — хоҳ у мазҳабий бўлсин, хоҳ миллий — шариатга зиддир.
Қолаверса, манбаларда таъкидланганидек, «Аҳли сунна вал жамоа» тушунчасини фақат муайян ақидавий мактаблар ёки салафийлик билан чеклаб қўйиш ҳам уммат ичида «биз ҳақиқиймиз, қолганлар адашган» қабилидаги бўлинишларга сабаб бўлмоқда. Бундай тор ёндашув мусулмонларни бир-биридан узоқлаштириб, мустамлакачиларнинг «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» режасига хизмат қилади. Халифалик тарихда турли мазҳаб ва фиқҳий мактаб вакилларини битта давлат ичида, адолат ва тинчлик соясида бошқарган ягона тизим бўлган. Ўша даврларда мазҳаблар бир-бирини тўлдирган, аммо ҳеч қачон сиёсий урушлар учун баҳона бўлмаган.
Бугунги кунда бизга шиалик ёки суннийлик уруши эмас, балки барча мусулмонларни битта «қалқон» остида бирлаштирадиган ҳақиқий Исломий раҳбарлик керак. Бу раҳбарлик қайтгандагина, мусулмонларнинг қони тўкилиши тўхтайди ва мазҳаб ихтилофлари сиёсий манфаатлар қурбонига айланмайди. Бизнинг вазифамиз — мазҳабпарастлик ботқоғига ботмасдан, умматнинг юзини ягона душманга ва ягона нажот йўли бўлган Халифаликка қаратишдир. Фақат шундагина Эроннинг ҳам, сунний давлатлар раҳбарларининг ҳам, уларнинг ортида турган АҚШ каби мустамлакачиларнинг ҳам геосиёсий ўйинлари фош бўлади ва мусулмонлар ўзларининг асл қудратини қайта тиклайдилар. Пайғамбарлик минҳожидаги Халифалик қайта тикланмас экан, мазҳаблар ўртасидаги табиий фарқлар душманлар қўлида қурол бўлиб қолаверади.
Аллоҳ таоло мусулмонларнинг қалбини бирлаштирсин, фиқҳий хилма-хилликни бир-биримизга адоват эмас, балки меҳр-оқибат воситаси қилсин ва бизни ботил низомлардан қутқариб, Ўзининг ҳақ низомига қайтарсин.
Салоҳиддин
12.04.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми