БААнинг ОПЕКдан чиқиши: сабаб ва оқибатлар

БААнинг ОПЕКдан чиқиши: сабаб ва оқибатлар
2026 йилнинг 1 майида Бирлашган Араб Амирликлари ОПЕК ва «ОПЕК плюс» келишувидан расман чиққанини эълон қилди. Бир қарашда кунлик нефть қазиб олишни 3,4 миллиондан 5 миллион баррелгача оширишга қаратилган ушбу техник қадам замирида аслида анча чуқур сиёсий мазмун ётибди. Бу қарор нафақат иқтисодий юриш, балки жаҳон молиявий тизимидаги глобал ўзгаришлар ва халқаро курашларнинг ўзига хос сигналидир.
Иқтисодий лойиҳалар ва IMEC йўлаги
Амирликлар нефть ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали ўз зиммасидаги улкан инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни мақсад қилган. Бу борада энг муҳим йўналиш — IMEC (Ҳиндистон-Яқин Шарқ-Европа) халқаро иқтисодий йўлагидир. Ушбу лойиҳа Ҳиндистон портларини БААдаги Жабал Али ва Халифа бандаргоҳлари билан, сўнгра Саудия Арабистони ва Иордания орқали, ишғол остидаги Ҳайфа порти билан боғловчи улкан темир йўл тармоғини назарда тутади. Шу нуқтаи назардан, Амирликлар учун нефть квотасини ошириш зарурати ОПЕКдан чиқиш учун асосий важ бўлиб хизмат қилди.
Оқибатлар ва қарамлик хавфи
БААнинг бу қарори ОПЕКни сиёсий жиҳатдан бироз заифлаштириши мумкин, бироқ ташкилот Амирликлар улушини бошқа аъзолар ўртасида тақсимлаш орқали бозордаги мувозанатни сақлаб қолишга қодир. Амирликларнинг ўзи учун эса вазият бироз мураккаб: энди у нефтини ОПЕК нархларидан пастроқ баҳода сотишга мажбур бўлади. Шунингдек, мамлакат нефть секторида Британиянинг «BP» ва «Shell» ҳамда Франциянинг «Total» каби трансмиллий гигантларнинг таъсири янада кучайиши, бу эса ташқи қарамликни ошириши мумкин.
1960 йилда ОПЕКга асос солган беш давлат — Саудия Арабистони, Ироқ, Қувайт, Эрон ва Венесуэладан тўрттаси ўша пайтда Британия таъсир доирасида эди. Бу ташкилотнинг илк даврларда Лондон манфаатларига хизмат қилганини англатади. Ҳатто БАА ҳам 1967 йилда, ҳали давлат сифатида мустақилликка эришмай туриб (ўшанда Абу-Даби амирлиги сифатида) ушбу тузилмага аъзо бўлган эди.
Америка таъсири ва Олтин стандартидан воз кечиш
Вақт ўтиши билан Британиянинг минтақадаги мавқеини АҚШ эгаллади. Вашингтон Саудия Арабистони ва Ироқни ўз таъсир доирасига олиб, 1991 йилда Қувайт устидан ҳарбий назорат ўрнатди. Америка Бретон-Вудс келишувидан воз кечиб, долларни олтин стандартдан узишга қарор қилгач, ОПЕКнинг стратегик аҳамиятини теран англади. Олтин ўрнини жаҳон иқтисодиётининг янги "қон томири" — нефть эгаллаши керак эди.
Петродоллар тизимининг шаклланиши
Ўша даврда ОПЕК АҚШга тўлиқ тобе бўлмаса-да, Вашингтон Саудия Арабистонини нефть нархини кескин (2,25 доллардан 12 долларгача) ошириш имконияти билан ўзига оғдириб олди. Бу жараён 1973 йилги Октябрь уруши фонида усталик билан амалга оширилди. Натижада нефть савдосининг фақат долларда юритилишини кўзда тутувчи «петродоллар» тизими дунёга келди. Бу АҚШга нефть айланмасига мутаносиб равишда назоратсиз доллар босиб чиқариш имконини берди.
Тизимнинг емирилиши ва янги воқелик
Петродоллар ҳукмронлиги 2016 йилда «ОПЕК плюс» формати шакллангунга қадар барқарор эди. Бироқ янги иштирокчиларнинг келиши нефть савдосини доллардан бошқа валюталарга ўтказиш ҳақидаги мунозараларни жонлантирди. Бугунги кунда жаҳон бозоридаги нефть савдосининг 20 фоизи "долларсиз" амалга оширилмоқда. БААнинг ташкилотдан чиқиши эса бу кўрсаткичнинг янада ўсишидан далолат беради.
"Қоғоз нефть" ва биржалар назорати
Нефть конлари шарқ давлатларида бўлса-да, нархни ҳамон Нью-Йорк ва Лондон биржаларидаги "олтилик" компаниялари белгилайди. У ерда реал нефть ҳажмидан ўттиз баравар кўп бўлган "қоғоз нефть" (фьючерслар) айланади. Бу виртуал бозордаги нархлар Уолл-стрит ва Лондон Сити манфаатларига кўра шаклланиб, нефть қазиб олувчи мамлакатларни ўзлари овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган биржалар гаровига айлантириб қўяди.
Санкциялар ва геосиёсий қурол
Ҳозирги кунда нефть шунчаки ёқилғи эмас, балки санкциялар қуролидир. АҚШ ундан Эрон ва Кўрфазга қарши тўғридан-тўғри, Европа ва Хитойга нисбатан эса билвосита босим воситаси сифатида фойдаланмоқда. Россия ва Британия каби давлатлар эса ўз ресурслари ва "BP" каби трансмиллий корпорациялари туфайли бундай босимлардан нисбатан ҳимояланган.
Бретон-Вудснинг якуни ва янги танглик
Тарихий парадокс шундаки, АҚШ ўз вақтида Яқин Шарқдаги урушлар фонида олтин стандартидан воз кечган эди. Бугун эса янада шиддатли минтақавий тўқнашувлар воситасида Бретон-Вудс тизимининг қолдиқларини бутунлай тугатишга уринмоқда. Бундай геосиёсий ўйинлар эса оддий халқлар бошига фақат қашшоқлик ва иқтисодий танглик ёғдиради.
Ресурс лаънати — Нигерия ва Индонезия мисоли
Ресурсга бой бўлатуриб, қашшоқлик зулматида яшаш — замонавий мустамлакачиликнинг энг ачинарли манзарасидир. Нигерияда "Shell" ва "Total" миллиардлаб фойда кўраётган бир пайтда, аҳолининг 40 фоизи очлик ва экологик ҳалокат гирдобида. Ўз вақтида ОПЕКни тарк этган Индонезия ҳам маҳаллий технологиялар етишмаслиги сабабли экспортёрдан импортёрга айланиб қолди. Иккала ҳолатда ҳам мамлакат бюджетлари Техас ва Лондон биржалари иродасига боғланиб қолган.
Якун — Ҳақиқий озодлик йўли
Нефть қазиб олувчи давлатлар учун ҳақиқий мустақиллик фақатгина ОПЕК каби ташкилотлардан чиқиш билан чекланмайди. Бунинг учун, энг аввало, юқори технологияларни ўзлаштириш ва Ғарб биржалари монополиясини парчалай оладиган мустақил нарх белгилаш марказларини яратиш зарур. Энг муҳими — сиёсий қарамлик кишанларидан қутулиш лозим. Акс ҳолда, нефть баррели “эркин савдо” ниқоби остида халқлар бойлигини Ғарб тегирмонига элтувчи занжир бўлиб қолаверади.
Доктор Муҳаммад Жилоний
Роя газетасининг 2026 йил 13 май, чоршанба кунги 599-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми