Суюлтирилган газ таъминоти бўйича янги ҳийлакор сиёсат

Суюлтирилган газ таъминоти бўйича янги ҳийлакор сиёсат
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
7 сентябрда Шавкат Мирзиёевга аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш таклифлари тақдим этилди. Расмий маълумотга кўра, мамлакатда 3,8 миллионга яқин истеъмолчи ва қарийб 2 минг ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ олади. 2026 йилда улар учун 604,8 минг тонна газ етказиб бериш режалаштирилган. Бироқ истеъмолчиларнинг 22 фоизи газни 46 кундан ҳам узоқ оралиқда олмоқда. Шу сабаб айрим оилалар баллонни автомобиль газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархида сотиб олиб, белгиланган нархдан бир неча баравар кўп харажат қилмоқда.
Таклифларга кўра, «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида LPG-Trade тузилади. У газни биржа орқали харид қилиб, аҳолига етказади. Чакана нархни белгилашда «иқтисодий асосланган механизм» жорий этилади, эҳтиёжманд оилаларга ҳар бир килограмм газ учун компенсация тўланади, ижтимоий соҳа объектларига эса газ биржа нархида берилади. Андижонда камида икки хусусий оператор иштирокида тажриба ўтказилиб, мобил илова, онлайн буюртма ва уйга етказиб бериш хизмати йўлга қўйилади. Кейин бу тартиб бошқа ҳудудларга ёйилиши мумкин.
9 сентябрда Энергетика вазири Шерзод Ходжаев хусусий операторлар аҳолига газни эркин нархда сотиши учун шароит яратилишини айтди. Демак, гап фақат баллонни ўз вақтида етказиш ёки ҳисоб-китобни рақамлаштириш ҳақида эмас. LPG-Trade, биржа хариди, «иқтисодий асосланган» нарх, эркин нархда сотувчи хусусий оператор ва манзилли компенсация — бир-бирига боғланган битта сиёсатнинг бўлакларидир.
Расмий баёнда аҳолига белгиланган нархда сотишдан пайдо бўладиган манфий фарқни бюджетдан қоплаш ҳам назарда тутилган. Хусусий операторларга эса эркин нархда сотиш йўли очилмоқда. Шу тариқа икки каналли тизим пайдо бўлади: бир томонда давлат белгилаган ҳажм ва компенсацияга боғланган таъминот, иккинчи томонда газни тезроқ ёки белгиланган меъёрдан ортиқ олишга муҳтож одам учун эркин нархдаги бозор. Бугун кечикиш туфайли автомобиль газ шохобчасига боришга мажбур бўлаётган оила эртага худди шу қиммат бозорни расмий хусусий оператор орқали топиши мумкин. Сотув усули қонуний ва қулай бўлади, лекин оиланинг қиммат газ сотиб олишга мажбур бўлиш сабаби бартараф этилмаслиги мумкин.
Муаммо таъминотдами ёки нархда?
Расмий маълумотнинг ўзи асосий муаммони кўрсатмоқда: газ айрим ҳудудларга белгиланган вақтда етиб бормаяпти. Бундай муаммонинг табиий ечими газ ҳажмини аҳоли эҳтиёжига мослаштириш, ишлаб чиқариш ёки зарур импортни кўпайтириш, захира, баллон, транспорт ва тақсимот қувватини кенгайтириш ҳамда сунъий танқисликка йўл қўймасликдан бошланиши керак эди.
Таклифларнинг марказида эса газ ҳажмини кўпайтириш эмас, уни ким харид қилиши, ким етказиши, нархи қандай шаклланиши ва қимматлашувни кимга компенсация қилиш масаласи турибди. Мобил илова буюртмани енгиллаштиради, хусусий оператор етказишни тезлаштириши мумкин. Лекин илова ҳам, оператор ҳам ўз-ўзидан қўшимча газ ишлаб чиқармайди. Агар умумий ҳажм эҳтиёждан камлигича қолса, одам аввал газни навбат кутиб ололмаган бўлса, янги тартибда уни юқори нарх сабаб олишга қийналади. Яъни маъмурий навбат ўрнини нарх тўсиғи эгаллаши мумкин.
«Иқтисодий асосланган нарх» бетараф техник ибора эмас. Бозор мантиғида у газни ишлаб чиқариш ёки импорт қилиш, биржадан сотиб олиш, сақлаш, ташиш ва етказиш харажатларига оператор фойдасини ҳам қўшиб қоплайдиган нархни англатади. Хусусий ширкат зарар кўриб хизмат қилмайди. Шунинг учун газ қимматга тушса, харажат аҳолига ўтади; чекка ҳудудга етказиш қиммат бўлса, бу ҳам нархга ёки бюджет субсидиясига қўшилади. Натижада таъминотдаги таваккал ва харажат давлат зиммасидан истеъмолчи ҳамда бюджет зиммасига кўчади.
Газни биржа орқали харид қилиш ҳам оддий ташкилий ўзгариш эмас. Илгариги тартибда давлат аҳоли эҳтиёжи учун газни белгиланган нархда ажратиб, ишлаб чиқариш ва етказиш харажати ўртасидаги фарқни ўзи кўтарар эди. Биржа механизмида эса улгуржи нарх талаб, таклиф, импорт қиймати ва бозордаги бошқа ўзгаришларга боғланади. «Иқтисодий асосланган» чакана нарх ана шу ўзгарувчан харажатни аҳолига етказадиган кўприк бўлади. Демак, LPG-Trade фақат янги номдаги етказиб берувчи эмас; у давлат ажратмаси билан аҳоли ўртасидаги муносабатни биржа хариди билан истеъмолчи ўртасидаги муносабатга айлантиради.
Андижондаги тажрибанинг моҳияти ҳам шу ерда очилади. «Ҳудудгазтаъминот» билан ёнма-ён камида икки хусусий оператор газни эркин нархда сотади. Демак, рақобат аввало ким арзон хизмат қилади деган масалада эмас, газни бозор қоидаси бўйича сотадиган янги каналларни вужудга келтиришда ишлаяпти. Агар тажриба муваффақиятли деб баҳоланса, шу тартиб бошқа ҳудудларга ҳам жорий этилади. Шундай қилиб, бир ҳудуддаги техник тажриба бутун мамлакат таъминот тизимини бозорлаштириш воситасига айланади.
Ижтимоий соҳа объектларига газни биржа нархида бериш ҳам жиддий оқибат туғдиради. Мактаб, шифохона ва бошқа муассаса даромад олиш учун эмас, одамларнинг зарур эҳтиёжини қондириш учун ишлайди. Газ харажати ошса, фарқ барибир бюджетдан, яъни халқ маблағидан қопланади ёки бошқа зарур харажатлар қисқаради. Биржа нархи харажатни йўқ қилмайди; уни фақат бир ҳисобдан бошқа ҳисобга кўчиради.
Бу сиёсат қайси халқаро йўналиш ичида?
Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича 2026 йилги ҳисоботи нарх ва савдони эркинлаштиришни якунлаш, нархларни бозор кучларига тўлиқ мослаштириш, тўғридан-тўғри маъмурий назорат ўрнига бозор институтларини кучайтиришни тавсия қилади. Ҳисоботда энергия тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархлар «харажатларни қоплаш даражаси»га яқинлаштирилгани ижобий баҳоланган. Шунингдек, умумий субсидия ва нарх назоратидан воз кечиб, яхши нишонланган ижтимоий дастурларга ўтиш, энергия нархи ислоҳотини эҳтиёжмандларга манзилли ёрдам билан бирга тугаллаш сиёсий йўналиш сифатида кўрсатилган. (ХВЖ, Ўзбекистон бўйича 2026 йилги IV модда ҳисоботи, 13, 53 ва 55-бетлар).
Бу тавсиянинг амалдаги шакли тўрт бўғиндан иборат: нархни бозорга яқинлаштириш, барча учун берилган субсидияни қисқартириш, фақат рўйхатга киритилган эҳтиёжмандларга компенсация бериш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш. Суюлтирилган газ бўйича таклифларда шу тўрт бўғиннинг барчаси бир вақтда кўриниб турибди.
Жаҳон банки иштирокидаги iCRAFT дастури бу таъсирнинг бошқа воситасини кўрсатади. 2023-2028 йилларга мўлжалланган ва 46,25 миллион долларлик мазкур дастур Жаҳон банкининг илк «сиёсатни кредитлаш» лойиҳаси деб тақдим этилган. Унда энергия субсидияларини қисқартириш каби сиёсий чоралар натижасида камайтирилган углерод чиқиндиси ўлчанади, текширилади ва шу натижа учун маблағ тўланади. (TCAF — Ўзбекистон iCRAFT дастури; Жаҳон банки ҳужжатлари).
Бу – оддий экологик грант эмас. Энергия субсидияси камайса, нарх кўтарилиши истеъмолни қисқартиради; истеъмол камайиши эса чиқинди камайиши сифатида ҳисобланади. Кейин шу натижа текширилиб, молиявий рағбатга айлантирилади. Яъни аҳоли учун энергиянинг арзонлигини сақлаш эмас, субсидияни қисқартириш орқали бозор нархига ўтиш халқаро дастурда пул тўланадиган сиёсий натижага айланган.
Таъсирнинг механизми — ислоҳотни молиялаштириш, натижа кўрсаткичини белгилаш, уни ўлчаш, техник маслаҳат бериш ва кейинги маблағни шу натижага боғлашдир. Бу механизм «тўғри ислоҳот» деб баҳоланадиган йўналишни, унга бериладиган маблағни ва унинг самара мезонини халқаро молия муассасалари белгилаган бозор андозасига боғлайди. Натижада ички қарор халқаро капиталистик сиёсатнинг маҳаллий ижросига айланади.
ХВЖнинг йиллик назорати, Жаҳон банкининг молияси, техник ёрдами ва натижа учун тўлови бир йўналишда ишлайди: давлат умумий нархни ушлаб туришдан чекинади, энергиянинг тўлиқ харажати истеъмолчига яқинлаштирилади, норозилик кучаймаслиги учун эса манзилли ёрдам тизими қурилади. Суюлтирилган газ бўйича таклиф шу тайёр сиёсий қолипнинг яна бир соҳага татбиқ этилишидир.
«Манзилли компенсация» кимни ҳимоя қилади?
Манзилли компенсация дастлаб адолатли чорага ўхшайди: газ қимматлашади, давлат камбағал оилага ёрдам беради. Аммо у газ нархини пасайтирмайди ва таъминотни кўпайтирмайди. У фақат янги нарх зарбасининг бир қисмини айрим оилалар учун юмшатади.
Масалан, даромади белгиланган мезондан паст оила реестрга кирса, ҳар килограмм учун компенсация олади. Даромади шу чегарадан озгина юқори, аммо бой бўлмаган иккинчи оила эса тўлиқ бозор нархини тўлайди. Унинг даромади ошмаган, газга эҳтиёжи ҳам камаймаган бўлади; фақат у «эҳтиёжманд» тоифасига кирмагани учун ёрдамдан маҳрум қолади. Шу тариқа одамларни газ билан таъминлаш масаласи ким давлат рўйхатида камбағал деб топилиши масаласига айланади.
Компенсация оператор учун ҳам қулай механизмдир. Оператор газни ўз харажати ва фойдасини қоплайдиган нархда сотади. Нархни кўтара олмаган харидорнинг пули эса қисман бюджетдан тўлдирилади. Бунда хусусий сотувчи даромади ҳимояланади, қимматлашувнинг ижтимоий ва сиёсий оғирлигини давлат бюджети кўтаради. Демак, компенсация фақат камбағал оилани эмас, бозор нархига ўтиш сиёсатининг ўзини ҳам муҳофаза қилади.
Умумий субсидияда давлат газ нархини ушбу тизимдаги барча истеъмолчилар учун паст ушлаб туради. Манзилли компенсацияда эса нархнинг ўзи юқори даражага чиқарилади, сўнг давлат танлаган тоифага пулнинг бир қисми қайтарилади. Бир қарашда ҳар икки ҳолатда ҳам бюджетдан маблағ сарфлангандек кўринади. Аммо сиёсий фарқ катта: аввал арзон газ умумий тартиб бўлиб, қиммат бозор истисно эди; кейин бозор нархи умумий тартибга, компенсация эса истиснога айланади. Шу ўзгариш давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятини ҳам ўзгартиради.
Хулоса қилиб айтганда, суюлтирилган газ таъминотини «ислоҳ қилиш» таклифларидан келиб чиқадиган натижа фақат кечикаётган баллонни тезроқ етказиш эмас. Таклифлар амалга ошса, давлатнинг суюлтирилган газ истеъмолчиларига белгиланган нархда газ етказиш масъулияти қисқаради; газ биржа ва эркин нархга яқинлашади; хусусий операторлар савдо ва етказишга киради; қимматлашувни кўтара олмайдиган айрим оилаларга эса бюджетдан компенсация берилади.
Шу билан давлатнинг вазифаси ҳам ўзгаради. У газни умумий эҳтиёж сифатида таъминловчи томондан бозорни ташкил қилувчи, хусусий операторни назорат қилувчи ва бозор келтирган оғирликни манзилли ёрдам билан юмшатувчи идорага айланади. Халққа эса газдан ҳақли равишда фойдаланувчи эмас, пули етганича хизмат сотиб олувчи истеъмолчи сифатида қаралади.
Таклифларнинг кўринмаган томони мана шудир: таъминотдаги ҳақиқий кечикиш ва танқислик бозор нархи, хусусий етказиб бериш ва умумий субсидиядан воз кечиш учун асос қилиб олинмоқда. Газ ҳажмини кўпайтириш биринчи ўринга қўйилмаяпти; мавжуд газни сотиш ва унинг харажатини аҳоли билан бюджет ўртасида тақсимлаш тизими ўзгартириляпти. Бу эса алоҳида бир соҳадаги техник ислоҳот эмас, капиталистик давлатнинг халқ олдидаги умумий таъминот масъулиятини қисқартириш сиёсатидир.
Бу сиёсатда ҳар бир томоннинг ўрни ҳам равшанлашади. Давлат умумий субсидия ва бевосита етказиб бериш юкини қисқартиради. Хусусий оператор доимий эҳтиёж мавжуд бўлган янги бозорга киради, тўлов қобилияти паст истеъмолчининг харид имкони эса бюджет компенсацияси билан қисман сақлаб турилади. Халқаро молия муассасалари нархни бозорлаштириш, субсидияни қисқартириш ва хусусий секторни кенгайтириш дастурининг навбатдаги натижасини қўлга киритади. Аҳоли эса биржа нархи, импорт харажати ва оператор фойдасидан пайдо бўладиган таваккални ўз даромадидан қоплайди.
Ислом эса масалани нархдан эмас, газнинг ўзи кимнинг мулки эканидан бошлайди. Расулуллоҳ ﷺ: «Одамлар уч нарсада шерикдирлар: сув, ўт-ўлан ва оловда», дедилар (Абу Довуд).
Шунга кўра, катта газ захиралари умумий мулкдир. Давлат унинг эгаси эмас, Уммат номидан бошқарувчи вакилдир. У газни қазиб олади, қайта ишлайди, сақлайди ва одамларга етказади. Бу ишлар учун хусусий ширкатнинг ускунаси ёки хизмати зарур бўлса, давлат уни маълум ҳақ эвазига ёллаши мумкин. Лекин нарх хусусий компанияга кон ёки бозор устидан ҳукмронлик бериш, унинг фойдасини кафолатлаш ёхуд одамни пули етмагани учун умумий мулкдан маҳрум қилиш воситасига айлантирилмайди.
Салоҳиддин
16.09.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ