Наҳза ҳаракатига: сиёсий фаолият Исломга асосланмоғи лозим
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Роя газетаси:
Наҳза ҳаракатига: сиёсий фаолият Исломга асосланмоғи лозим
Устоз Усома Можрий – Тунис
Тунисдаги Наҳза ҳаракати шўро кенгаши ўз ҳизбининг сиёсий фаолиятини даъват амалларидан ажратишга қарор қилди. Ҳаракат раҳбари Рошид Ғаннуший шўро кенгашининг 46 сессияси фаолиятлари бошланиши олдидан бундай сўзларни айтди: «Биз ҳозирда фақат сиёсий фаолият олиб борувчи сиёсий партияга айланиш устида ишламоқдамиз. Партия ислоҳотларга ихтисослашади. Ислоҳотлар давлатни ислоҳ қилишдан бошланади ва бошқа соҳалар фуқаролик жамиятига қолдирилади. Фуқаролик жамияти бу соҳалар муаммоларини партиялардан, шу жумладан Наҳзадан мустақил бўлган ташкилот ҳамда жамиятлари орқали ҳал этади ва бу билан шуғулланади».
Наҳза Ҳаракати маслаҳат кенгаши раиси Фатҳий Иёдий ҳаракат – негизи исломий масалаларга асосланган демократик фуқаровий сиёсий ҳизб сифатида – вазифаларни белгилаш учун ўзининг исломий лойиҳасини ҳавола қилишни истаётганини таъкидлади.
Бу қарор Наҳзанинг жорий ҳафта охирида ўтказилиши режалаштирган конференциясида тасдиқланадиган бўлди. Ушбу қарор даъват билан сиёсатни ажратиш ҳақида расман эълонни шарт қилувчи ички ва ташқи босимлар натижасида чиқарилди. Ҳаракат шундоқ ҳам, қўзғолондан кейин бу нарса устида очиқдан-очиқ иш олиб борди, илмоний дастурни тиқиштирди, натижада ҳукумат тепасига коррупциячилар қайтиб келишди, шаръий аҳкомларга амал қилмай, уларни ортга улоқтирди. Шунга қарамай, яна унга расмий қарор чиқариш, даъватни сиёсатдан ажратиш талаб қилинмоқда. Би-Би-Си араб билан суҳбатда Наҳза ҳаракати маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари Жамол Тоҳир бундай деди: «Биз 1981 йилдан бери сиёсий ҳизб сифатида рухсатнома олишни талаб қилиб келдик, аммо буни ололмадик. Ниҳоят, қўзғолон бошланди ва ҳамма учун сиёсат билан шуғулланиш эшиклари очилди. Биз ўшандан буён Наҳза ҳаракатини юртдаги геосиёсий вазият билан мослашган ҳолда ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз».
Шундай қилиб, афсуски, бу ҳаракат ўзининг фикрлашига воқени манба қилиб олди, воқе унга нимани кўрсатса, ўшани бажарадиган бўлди.
Наҳза ҳаракати етакчилари сиёсат бу ишларни бошқариш эканидан бутунлай ғафлатда қолишди ёки атайин бундан кўз юмишмоқда. Ишларни бошқариш эса фақат Ислом билан бўлиши керак. Яна бир тарафдан, даъват сиёсий фаолиятдир. Чунки одамларни Исломни қабул қилишга тарғиб этиш ҳам сиёсий фаолият ҳисобланади. Чунки бу одамларни уларга манфаат келтирадиган ишга буюриш туркумига киради ва бу сиёсатдир. Шунинг учун исломий даъватни сиёсий йўлдан узган ҳолда олиб бориш мумкин эмас, буни тасаввур қилиб бўлмайди. Шунингдек, сиёсатдан узилган даъватнинг бўлишини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди.
Даъват билан сиёсат ўртасида қарама-қаршилик, деган нарса исломий фикрда йўқдир, унга ёт нарса. Чунки Ислом бундай таклифни тан олмайди. Зотан, Ислом шундай бир мабдаки, бу мабда битта манбадан, яъни исломий ақидадан балқиб чиқувчи фикрлар, тушунчалар ва ўлчовлар жумласига асосланади.
Шунинг учун Наҳза ҳаракатидаги биродарларимизга Аллоҳ Таолонинг ушбу каломини эслатамиз:
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ ۚ وَأُولَـٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
«Орангиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган бир жамоа бўлсин, ана ўшалар нажот топгувчилардир» [Оли Имрон 104]
Яъни, эй мусулмонлар, орангиздан бир жамоа албатта бўлиши керак, у жамоат сифатида икки фаолият билан шуғуллансин, Исломга даъват қилиш фаолияти ва маъруфга буюриб, мункардан қайтариш фаолияти. Аллоҳ ушбу ояти каримада «бўлсин» дея буюраётган бу жамоа сиёсий бўлиши лозим. Жамоанинг сиёсий бўлиши эса, оятда унинг фаолияти белгилаб берилганидан келиб чиққан. Яъни Исломга даъват қилиш ва маъруфга буюриб, мункардан қайтариш фаолияти. Маъруфга буюриб, мункардан қайтариш умумий бўлиб, ҳукмдорларни маъруфга буюриш, мункардан қайтаришни ҳам ўз ичига олади ва бу улардан ҳисоб талаб қилиш фарзлигини англатади. Демакки, бу сиёсий фаолиятдир, ҳатто сиёсий фаолиятларнинг энг муҳимидир.
Роя газетасининг 2016 йил 18 май чоршанба кунги 78-сонидан
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми