Даромад солиғини тўлаш ҳалолми?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيم
Даромад солиғини тўлаш ҳалолми?
Даромад солиғи, нега энди айнан даромад солиғи ҳақида алоҳида мақола ёзиш керак экан? Бу кўпчиликка эриш туюлиши мумкин. Энди Хизб ут-Тахрирни шу даромад солиғига ёпишиши қолувди, дерсиз? Албатта бу жуда ҳам майда ва баҳслашишга арзимайдиган масалага ўхшаб кўриниши мумкин. Аммо шунақа майда-чуйда, муҳосаба (танбеҳ) қилишга арзимайдигандек кўринган масалаларга беэътибор бўлганимиз учун ҳозиргидек хор ҳолатга келиб қолмадикми? Мусулмон одам хукуматнинг ҳар бир чиқараётган, ҳаттоки энг майда масалалардаги қарорларини чуқур таҳлил қилиши ва унга нисбатан ўз фикр-мулоҳазасини билдира олиши керак, чунки Аллохнинг буйруғи шундай.
Демак, даромад солиғи. Бу солиқ тури ҳақида гапиришдан олдин, келинг унинг тарихига бир назар ташлайлик. Даромад солиғига илк бор Буюк Британияда асос солинган. Бу солиқ тури 1799-йил 9-январда қонунийлаштирилган. Жисмоний шахсларга даромад солиғи солишга эса, давлат бюджет тақчиллиги, яъни давлат харажатлари учун пулнинг етишмаслиги, натижада эса қарздорликнинг ортиб кетиши сабаб бўлди. Бундан ташқари, ўша пайтда Буюк Британия ҳарбий ишларга жуда катта пул сарфларди. Харажатларни қоплаш учун қўшимча тарзда халққа солинган даромад солиғи, ҳозирги кунга келиб дунёдаги деярли барча давлатларнинг, шу жумладан Исломий юртларнинг ҳам энг асосий солиқ турларидан бирига айланди.
Ҳозирда Ўзбекистонда даромад солиғи, асосан иш ҳақидан ундириладиган солиқ бўлиб қолмоқда. Бу солиқ тури прогрессив, яъни ҳисобланган иш ҳақи ўсиб боргани сари, у ҳам кўпайиб бораверадиган солиқдир. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2013 йилги Давлат бюджетининг ижроси бўйича эълон қилган маълумотларига кўра, 2013 йилда Ўзбекистон бюджетининг даромадлар қисми 26 триллион 223,2 миллиард сўмга тенг бўлган. Шундан, 2 триллион 717 миллиард сўмини жисмоний шахслардан ундирилган даромад солиғи ташкил қилган. Бундан кўриниб турибдики, давлат бюджетининг 10% дан ортиқроқ қисми, мусулмонларнинг ҳалол ишлаб топган пулларидан куфр давлатлари ўйлаб топган солиқ тури орқали қопланмоқда.
Бу фақатгина битта солиқ турининг ўзи, қолганларини қўшганимиз йўқ. Ўзингиз ҳам иш жойингизда бош ҳисобчидан бир ойлик иш ҳақингиздан қанча даромад солиғи ушлаб қолинаётганини билиб, сўнг ўша суммани 12 га кўпайтиринг, ўшанда давлат сиздан 1 йилда қанча пулингизни ушлаб қолаётганини сезасиз. Шу ерда нимага, деган савол туғилади. Қандай асос билан давлат сизга бу солиқни солишга ҳақли? Ҳам асосий вақтда давлат учун ишлайсиз, ҳам даромад солиғи ва бошқа турдаги тайини йўқ солиқларни тўлайсиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Энди бу солиқ ундирилгандан сўнг, тўғридан-тўғри яна иш ҳақи тўловларини тўлаш учун йўналтирилади. Яъни давлат пулни халқдан олиб, яна ўзига ойлик қилиб беради. Мана, халқни иш ҳақи билан таъминлаяпмиз, деб мақтаниб ҳам қуйишади. Ахир бу куппа-кундузи ўғирликку.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда қонун билан солиқдан озод қилинган шахсларнинг каттагина лашкари мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 180 моддасига мувофиқ “қуйидаги жисмоний шахслар солиқдан тўла озод қилинади: Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ҳамда божхона органларининг оддий хизматчилари ва бошлиқлари таркибига кирувчи шахслар, шунингдек ўқув ёки синов йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар — хизматни ўташ (хизмат вазифаларини бажариш) муносабати билан олган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар суммалари бўйича;”
Каримов 2012 йил 2 август куни “Суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида” фармонини имзолади. Фармонга кўра, “Конституциявий суд, умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судларининг судьялари хизмат вазифаларини бажаришлари муносабати билан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ тўловидан озод қилинсин”.
Давлатнинг тўлиқ таъминотида бўлиб, унга бир тийин ҳам солиқ тўламайдиган кучишлатар тузилмаларнинг кўп сонли лашкарига (аниқ статистик маълумотлар йўқ, аммо экспертларнинг таъкидлашича, бир миллиондан кам эмас) қанчадан-қанча имтиёз ва меҳрибонликлар тақдим этилган? Демак, солиқ тўлаш фақат оддий халқнинг бўйнидаги “фарз” бўлиб қолмоқда.
Юқорида айтилганидек, бу ва бошқа кўплаб солиқ турлари куфр давлатларидан Исломий ўлкаларга олиб келинган балолардан биридир. Исломда эса нафақат даромад солиғи, балки шариат рухсат бергандан ташқари бошқа ҳар қандай турдаги солиқлар харом қилинган. Бунга Халифалик давлат дастури (конституцияси) дан мисол келтирамиз.
146-модда. Мусулмонлардан Байтулмолнинг харажатларини қоплаш учун шариат ижозат берган солиқлар йиғиб олинади. Шу шарт биланки, солиқлар мулк эгасининг одатий эҳтиёжларидан ортган мол-мулк ҳисобидан олинади ҳамда давлат эҳтиёжларини қоплашга етарли бўлиши риоя қилинади (ғайри мусулмонлардан солиқ мутлақо олинмайди. Улардан фақат жизя олинади).
147-модда. Шариат умматга вожиб қилган ҳар қандай амални бажариш учун Байтулмолда маблағ мавжуд бўлмаса, масъулият уммат зиммасига ўтади. Бундай ҳолда давлат солиқ солиш орқали бу маблағни умматдан йиғиб олиш ҳуқуқига эга. Шариат умматга вожиб қилмаган амаллар учун эса давлат ҳеч қандай солиқ солиши жоиз эмас. Давлат маҳкама ва идораларнинг таъминоти учун ёки бирор МАНФААТНИ адо қилиш учун тўлов солиқлари олиши жоиз эмас.
Кўриб турганингиздек, Ислом давлати фақат Аллоҳ ҳалол қилган амалларнигина бажаради ва харом қилганларини эса мутлақо қилмайди. Чунки бу амаллар ортида МАНФААТ эмас, балки Аллоҳнинг розилиги ётади. Шуни унутмангки, биз нафақат қилган гуноҳларимиз, балки топган ва ишлатган ҳар бир тийинимиз устида Аллоҳ олдида сўроқ қилинамиз!
Фарруҳ
14.05.2014й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми