Исломга даъват ҳар бир мусулмон учун шарт ва бу шарафли ишдир
بسم الله الرحمن الرحيم
Исломга даъват ҳар бир мусулмон учун шарт ва бу шарафли ишдир
Аллоҳ Таъоло Одам фарзандларидан Пайғамбарларни танлаб олди, уларни бошқалардан афзал қилди ҳамда Ўз динини, шариат аҳкомларини етказишни, ҳидоят нурини таратишни улар зиммасига юклади. Демак, шариат аҳкомларини етказиш, ҳидоят нурини тарқатиш пайғамбарлар иши ва вазифасидир. Бу иш еру осмонларга, тоғу тошларга таклиф қилинди, аммо улар бу оғир залворли юкни қабул қилмадилар. Инсон эса қабул қилди. Аллоҳ Таъоло айтади:
إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَن يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً
«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир». (Аҳзоб:72)
Бу омонат Аллоҳнинг шариатига амал қилиш деб айтилади кўпгина уламолар томонидан. Яъни бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди.
Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам дедиларки:
“Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар албатта яхшиликка даъват қилиб, ёмонликдан қайтарасизлар. Ёки (яъни шундай қилмасангизлар) Аллоҳ устингизга мусибатларни жўнатади, кейин сизлар дуо қиласизлар, лекин дуоларингиз ижобат бўлмайди”. Термизий ривояти.
Яъни бундан кўриниб турибдики, бизлар ўзимизни мусулмон деб хисобласак, албатта, Аллоҳнинг йўлига даъват қилиб, Унинг розилиги учун яшашга чақиришимиз бўйнимизга вожиб бўлади. Агар шундай қилмасак, Пайғамбаримиз солалоҳу алайҳи ва саллам айтиб турибдиларки, Аллоҳ бизлардан рози бўлмайди, бизларга турли синов мусибатлар беради ва бизларнинг дуоларимизга жавоб бермай қўйяди, ижобат қилмайди.
Аллоҳ Таъоло бир қанча оятларида даъват килишга бизларни буюрди. Бу ишни бизлар пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан мерос қилиб олдик.
ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билгувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билгувчироқдир. (Наҳл:125)
Аввало, даъватчилар шуни унутмасинларки, даъват холис Аллоҳ учун бўлмоғи керак . Баъзи шахслар, гуруҳлар манфаатлари учун эмас. Даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Яъни даъват қилинаётган шахсга ҳужжат билан, далил билан гапирилсин, токи ақли қаноатлансин, қалби хотиржам бўлсин. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий ҳолати, маданий саъвияси эътиборга олинмоғи, оғир келмайдиган, малолланмайдиган йўсинда даъват қилинмоғи лозимдир. Даъват чиройли маъвиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Чиройли гапларни топиб, тушунарли тарзда балоғат ва фасоҳат билан гапириш зарур. Кишилар билан гўзал услубда мунозара қилиш керак. Беҳаё сўзлар билан суҳбатдошни обрўсига, шахсиятига тегмасдан мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб бориши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал қилмасдан, унинг қалбига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, сухбатдошида Исломга мойиллик уйғотадиган усталик билан мунозара олиб бориши лозим. Ва ниҳоят, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ишининг натижаси Аллоҳдан эканлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Даъват натижасида уммат ўз Исломига қайтиб, уни ақлга асосланган эътиқод ва комил тузум сифатида қабул қилсин. Кейин эса унга асосланиб ҳаёт йўлини белгилаб олсин. Ўз ҳаётидаги жами амаллари учун Ислом ақидасини фикрлари учун бир асос пойдевор қилсин. Ислом ҳукмларидан муаммоларига ечимларни, исломий тушунчалар мажмуидан ўзи учун муайян дунёқарашни, исломий фикрлардан бутун оламга рисолат ва фикрий етакчиликни қўлга киритсин. Зеро, мусулмонлар халқлар ва миллатлар ўртасида энг юқори мавқени фақат Ислом туфайлигина эгаллаган. Бу Умматнинг ғолиб ва музаффар бўлишининг ягона сабабчиси ҳам, азиз ва мукаррам бўлишининг бирдан-бир йўли ҳам ягона Исломдир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтганларки; ”Аллоҳ Таъоло бизларни Ислом билан азиз қилди, агар исломни тарк этсак, Аллоҳ бизларни хор қилмай қўймас”. Иззат Аллоҳники, пайғамбарларники ва мўминларникидир, лекин мунофиқларгина буни билмайдилар.
Шариат аҳкомларини одамларга етказиш, уларни ҳидоят сари етаклаш мутлақо шарафли ва улуғ ишдир. Агар биз мусулмонлар Пайғамбар С.А.В келтирган ҳақ динга эргашиб, у зот келтирган нарсага иймон келтириб, Аллоҳ ва Росулининг буйруқларига тўла тўкис буйсиниб, ҳидоят нурини тарқатсак, пайғамбарлар қилган ишни бажарган бўламиз. Албатта бу иш ниҳоятда улкан масъулиятли ишдир. Даъват ишини олиб бораётганлар ҳамма замонларда қаттиқ таъқибга олинганлар, сиқувга ҳамда турли азоб уқубатларга, имтиҳонларга мубтало бўлганлар, зеро бу иш сийратда шундай бўлганига башарият кўп бора гувоҳ бўлгандир.
Сийратга назар солсак:
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг асҳоблари ҳам қаттиқ азобга дучор бўлганлар. Масалан, Билол розияллоҳу анҳу қаттиқ азобланди. Мушриклар уни Макканинг куйдирувчи жазирама иссиқда, офтобнинг тиғида ушлаб турдилар ва саҳронинг қизиган қумларига улоқтириб, унинг кўкраги устига улкан тошни қўйдилар. Кофирлар уни ана шу тарзда азоблар экан «Муҳаммадга кофир бўлиб, Лот ва Уззога ибодат қилмагунингача шу аҳволда қолаверасан» — деб қичқиришар эди. Шунга қарамай Билол уларга фақат: «Аҳад, Аҳад» — деб жавоб қайтарар эди. Ёсирнинг оиласи ҳам қаттиқ азобга дучор бўлди. Амморнинг онаси Сумайя азоб остида ўлдирилди. Бу онамиз Исломдаги энг биринчи шаҳид бўлиш бахтига мушарраф бўлди. Амморнинг отаси ҳам азоб остида ўлдирилди. Улар азобланаётган пайтда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассалам уларнинг ёнидан ўтар эканлар: «Эй Ёсир оиласи, сабр қилинглар. Зеро сизларга ваъда қилинган жой жаннатдир» — деган эдилар. Ҳабиб ибн Зайд ҳам қаттиқ азобланди. Мусайлама Каззоб уни ушлаб олиб унга: «Муҳаммадни Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик берасанми?» — деди. Шунда у: «Ҳа, шундай гувоҳлик бераман» — деди. Мусайлама каззоб: «Мени ҳам Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик берасанми?» — деган эди, Ҳабиб унга масхаромуз назар ташлаб: «Нима дединг, сўзингни эшитмаяпман» — деб жавоб берди. Шунда Мусайлама каззоб ғазабдан қутуриб, Ҳабиб то шаҳид бўлгунгача аъзоларини бирин-кетин кесиб ташлайди. Аллоҳ Таъоло ана шу улуғ аждодларимиздан рози бўлсин!
Даъватчининг бошидан кечирадиган меҳнат машаққатлари шубхасиз Аллоҳ йўлида чекилаётган меҳнат ва машаққатлардир. Шунинг учун уларга чидамоқлик ва сабр қилмоқлик лозимдир. Чунки чидам ва сабр зиёдалашган сари савоб ва ажр ҳам зиёда бўлиб боради. Бу эса даъват шаънини янада юксакларга кўтаради ва Аллоҳ Таъолонинг нусратини яқинлаштиради. Сабрга ундайдиган ва бунинг эвазига жуда улкан савоб берилишини баён қиладиган кўплаб оятлар келган. Аллоҳ Таъоло айтади:
لتُبْلَوُنَّ في أموالكم وأَنْفُسِكُم ولَتسمَعُنَّ من الّذين أوتوا الكتاب مِن قبلكم ومن الّذين أشركوا أذًي كثيرًا وإن تَصْبِرُوا وتتَّقوا فإنَّ ذلك من عَزْمِ الأُمُور
— «(Эй мўминлар), албатта молу-жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Аллоҳ Таъоло мол ва жонларингизга хилма-хил офат ва балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар) ва албатта сизлардан илгари китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир». (Оли Имрон 186)
Исломга амал қилувчи, Аллоҳга даъват этувчи, холис мусулмонлар пайғамбарлар юрган айнан шу йўлдан бормоқлари вожибдир.
Аллоҳ Таъоло «Аср» сурасида айтади:
وَالْعَصْرِ* إِنَّ الْإِنسَانَ لَفِي خُسْرٍ* إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ
“Асрга қасамки, албатта инсон хусрондадир. Магар иймон келтирганлар, солиҳ амаллар қилганлар, бир бирларини ҳақга чақирганлар, бир бирларини сабрга чақирганлар мустаснодир.
Абдумалик
09.12.2015й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми