Ўзбекистондаги иқтисодий “ўсиш” кўрсаткичлари ёки сохта рақамлар билан халқни алдаш давом этмоқда
بسم الله الرحمن الرحيم
Ўзбекистондаги иқтисодий “ўсиш” кўрсаткичлари ёки сохта рақамлар билан халқни алдаш давом этмоқда
Барчамизга маълумки, иқтисодий ўсиш кенг қамровли тушунча бўлиб, нафақат рақамларда балки халқнинг турмуш даражасида ҳам намоён бўлади. Яъни иқтисодий ўсиш ортидан халқнинг турмуш даражаси яхшиланади ва бунинг воқеси халқнинг асосий ва камолий эҳтиёжларни қўлга киритиш имконияти ортганлигида кўринади. Аксар ҳолларда халқ иқтисодий ўсишни мана шу қўлга киритаётган асосий ва камолий эҳтиёжларига қараб ҳис қилади. Шу сабабли, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш даражасини таҳлил қилиш учун рақамларнинг ҳақиқийлигини текширмоқчи бўлсак, буни назардан қочиришимиз хато бўлади ва хулосамиз ҳаётга боғланмаган қуруқ рақамларни солиштиришдан иборат бўлиб қолади. Мақсадимиз, бу таҳлиллар орқали халқимизга ҳақиқий ҳолатни англатиш, воқелигини тушунтиришдир. Келинг, Ўзбекистон ЯИМини биринчи чоракдаги “ўсиш”и кўрсаткичларини таҳлил қилиб чиқайлик. Ўзбекистон ОАВларида таъкидланишича:
2016 йил биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,7 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 12,8 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.
Хизматларнинг замонавий турларини, энг аввало, ахборот-коммуникация технологияларига асосланган турларини жадал ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хизматлар ҳажмларининг 12,1 фоизга ўсишини ва уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2015 йилнинг биринчи чорагидаги 59,3 фоиздан 59,5 фоизгача кўпайишини таъминлади.
Энг аввало шуни таъкидлаймизки, маълумотларда берилаётган “ўсди” ибораси қайси даврга нисбатанлиги мавҳум, сабаби иқтисод соҳасини тушунмайдиган инсон учун “ўсди” ибораси тўғри маънода қабул қилинади. Бу ерда айнан шу жиҳатга эътибор қаратилган, чунки бу ибора чалғитувчи бўлиши билан бирга инсонларга таъсири ҳам инобатга олинган ҳолда қўлланилган. Аслида ўсиш ёки пасайиш, ортиш ва камайиш иборалари бир давр маълумотларини муайян бир даврга тааллуқли маълумотларга таққослаш жараёнида аниқланган кўрсаткичларга қараб белгиланади.
Эътибор бериб қарасак, ЯИМ ҳар йили ўсиб бормоқда, давлат бюджети ҳар йили ЯИМ га нисбатан профицит билан бажарилмоқда, инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмаган, ҳар бир соҳада фақатгина “ўсиш” га эришилмоқда. Албатта бу маълумотлар телевидение, ОАВ ва бошқа ҳукумат каналлари орқали баланд минбарлардан туриб халқимизга фахрланиш учун жимжимадор сўзлар билан тантанали равишда етказилади.
Лекин бу “ўсиш” халқимиз ҳаётида қандай намоён бўлмоқда? Ҳақиқатдан ҳам халқимиз бу “ўсиш” ни ҳис қилмоқдами? Ўзбекистон ЯИМи ҳақиқатда “ўсган” ми? Қуйида бу саволларга ўз таҳлилларимиз орқали жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Келинг, ОАВлар хабарларидаги маълумотларни соҳалар бўйича таҳлил қилайлик.
1. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга “ўсган” ини кўриб чиқсак. Бунинг учун саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўсиш суръатини йилма-йил таққосласак (фоиз ҳисобида):
2010 – 8 %,
2011 – 0 %,
2012 – 7.7 %,
2013 – 7,1 %,
2014 – 6,2 %,
2015 – 4 %,
Рақамлардан кўриниб турибдики, саноат ишлаб чиқариш суръати йилдан йилга камайиб бормоқда. Агар бу ҳолатни сабабини ўрганмоқчи бўлсак, банкрот қилинган, ҳусусийлаштириш йўли билан йўқ қилинган, чет эллик инвесторларга сотиш учун савдога қўйилган стратегик саноат корхоналарини рўйхатига эътибор бериш кифоя қилади, биргина 2015 йилнинг ўзида 68 та корхонадаги давлат улуши чет эллик инвесторларга сотиш учун савдога қўйилди. Шундан 10 таси стратегик аҳамиятга эга саноат ишлаб чиқариш корхоналари. Бир неча юзлаб давлат иқтисодини шакллантирувчи саноат корхоналари яксон қилинди.
Саноат маҳсулотларининг ўсишини ифодаловчи омиллардан бири бу давлатнинг экспорт салоҳиятини ўсганлиги билан ифодаланади, яъни экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш суръатларининг ошиши ва уни бошқа мамлакатларга экспорт қилишнинг ҳажми ортиши билан ифодаланади. Келинг, шу омилни биргина “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси мисолида кўриб чиқайлик:
Ўзбекистон автомобилсозлик саноати “флагман”и ҳисобланган Асакадаги “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси автомобил заводининг аҳволи ҳам мақтангудек эмас. 2013 йилда автомобил ишлаб чиқариш 246 минг донани ташкил қилган бўлса, 2014 йилга келиб 245,7 минг донани ташкил қилди ёки ишлаб чиқариш суръати 0,13 фоизга камайган, бундан ташқари 2015 йилга режалаштирилган ишлаб чиқариш прогнозида ҳам 219 минг дона автомобил ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, бу 2014 йилдагидан 11 фоизга кам. Бу камайиш 2016 йилда ҳам давом этаётгани автомобилларни чет элга экспорт қилиш кўрсаткичидан ҳам кўриниб турибди, яъни 2015 йилнинг биринчи чорагида Россия бозорларида 5411 дона автомобил сотилган, бу кўрсаткич 2014 йилнинг биринчи чорагидагидан (12858 дона) 57,9 фоизга кам бўлса, 2016 йил биринчи чорагида 4532 дона автомобил сотилди ёки 2015 йилнинг шу давридан 16 фоизга кам. Бугун Ўзбекистонда омон қолган ва зўрға фаолият юритишга уринаётган, чуқур иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ботқоғига ботган саноқли саноат ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб чиқариш суръатининг “ўсиши” ақлга сиғмайди. Буни юқоридаги таққослашимиздаги рақамлар ҳам айтиб турибди.
2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,7 фоизга “ўсгани”.
Барчамизга маълумки январь – март ойларида табиий шароитда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари (мева, сабзавот, полиз экинлари) етиштирилмайди, фақатгина иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни йилдан – йилга ортиб бориши ақлга сиғмайди, сабаби иссиқхоналарда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун биринчи навбатда иситиш муаммоси долзарб масалага айланади, Ўзбекистон ҳукуматининг йилдан – йилга аҳолини табиий газ билан таъминлашни камайтириб бораётганини инобатга олсак, иссиқхоналарда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш имкони камайишлиги аниқ. Бошқа маҳсулотлар, яъни тухум, сут, гўшт каби маҳсулотлар етиштиришни кўриб чиқсак, шу нарса маълум бўладики, етиштирилган гўшт маҳсулотларининг деярли 94 фоизи, сут маҳсулотларининг 95,7 фоизи ва тухумнинг 54,8 фоизи аҳоли ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган. Албатта бу маҳсулотларни етиштиришни ортиши элимиз дастурхонини тўкинлигини таъминлайди. Хўш, бу ютуқларда ҳукуматнинг қандай роли бор?
Ҳукумат ўзи мақтанаётган бу “ўсиш” га ҳисса қўшаётган маҳсулот етиштирувчиларни қандай рағбатлантираётганини билиш учун биргина маълумотни тақдим қиламиз:
“Солиқ ходимлари томонидан ўтказилаётган рейдлар натижасида жорий йилнинг уч ойи давомида мамлакат бозорларидаги жами 8,4 миллиард сўмлик товар мусодара қилинди. Жумладан, 272,1 миллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ноқонуний савдога қўйилганлик важидан олиб қўйилган”. (“Озодлик” радиоси, 22.04.2016 йил.)
Изоҳга ҳожат йўқ.
3. Чакана товар айланмаси ҳажми – 12,8 фоизга ва хизматлар ҳажми – 12,1 фоизга кўпайишини кўрсак.
Бу иккала ҳолат ҳам бир омилга боғлиқ, яъни энг кам иш ҳақини оширилишига. Яъни 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 баравар (10 фоизга) оширилди. Ўз-ўзидан товар ва хизмат кўрсатиш нархлари ошиши табиий, шу сабабли бу “ўсиш” ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни таннархи ошиши ҳисобига холос. Яъни маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми эмас, таннархи ортмоқда. Жумладан чакана товар айланмаси ҳажми ҳам ортмаган, аксинча нарх ошишининг натижаси бўлиб, бунинг сабаби қуйидагича:
Чакана товар айланмасининг шаклланиши бевосита аҳоли билан боғлиқ, яъни товар ва маҳсулотлар чакана савдо муассасалари орқали аҳолига сотилиши натижасида шаклланади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, аҳолининг 2015 йил бошидан буён энг асосий муаммоси маблағ билан боғлиқ, яъни иш ҳақи, пенсия, стипендия ҳамда бошқа нафақаларни ўз вақтида маблағ билан таъминланиши ва берилиши муаммога айланди, шу сабабли аҳолининг аксар қисми фақат зарурий эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олмоқда холос. Демак, чакана товар айланмаси ҳажми аввалги даврларга нисбатан пасайган, лекин нархларнинг ошиши ҳукумат томонидан бу кўрсаткични ҳам “ўсган” сифатида тақдим қилишига монелик қилмади. Агар ҳақиқатда 2016 йилнинг биринчи чорагида чакана савдо айланмаси ҳажми 12,8 фоизга ошган бўлса, нима учун банклар аҳолини ана шу ўсган миқдор натижасида ҳосил бўлган миқдорда бўлса ҳам маблағ (нақдми, нақд пулсизми) билан таъминлай олмаяпти? Ахир чакана савдо муассасалари орқали тушган нақд пуллар, савдо терминаллари орқали қилинган харидлардан тушган маблағлар банкларнинг ҳисоб рақамига тушадику. Агар шуни эътиборга олсак, аҳолига берилаётган пул маблағлари пул – товар – пул схемаси бўйича чакана товар айланмаси ҳажми 12,8 фоизга ошиши натижасида ҳосил бўлган маблағ миқдоридаги пул аҳолига иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар шаклида берилиши керак эди. Афсуски, бундай ҳолат кузатилмаяпти. Аксинча, банк ва алоқа бўлимлари олдидаги турнақатор навбатлар ортса ортяптики камаймаяпти. Энди хизматлар ҳажми – 12,1 фоизга кўпайишига келсак, бу борадаги ютуқ ҳам энг кам иш ҳақининг оширилиш натижаси ва бундан бошқа нарса эмас. Агар хизмат кўрсатиш соҳаларини кўриб чиқсак:
1. Молия, банк хизматлари;
2. Маиший хизматлар;
3. Коммунал хизматлар;
4. Транспорт хизмати;
5. Бошқа хизматлар…
Бу хизмат кўрсатиш соҳалари аҳолига пуллик хизмат кўрсатади, ўз-ўзидан аниқки, энг кам ойлик иш ҳақи ошиши баробарида хизмат кўрсатиш нархлари ҳам ортади. Буни тушуниш учун жуда чуқур фикрлашга ҳам ҳожат йўқ. Сабаби, айнан шу соҳадаги “ўсиш” ни халқимиз жуда яхши ҳис қилади. Шунинг учун, ҳукумат даъво қилаётганидек “хизмат кўрсатиш ҳажми” нинг ошишига сабаб бўлган омилларни кўриб чиқсак. 2015 йилнинг май ва октябрь ойида ошган нархлар (умумий):
Табиий газ – 15 %, Совуқ сув – 19,4 %, Иссиқ сув – 17,3 %, Эл.энергия – 16 %, Иссиқлик таъминоти – 27 %.
Албатта, бу хизматларни кўрсатаётган корхоналарнинг кўрсаткичлари “ўсади”, фақат “ўсиш” маҳсулот ҳажмига нисбатан эмас, балки энг кам иш ҳақи ошиши натижасида маҳсулот таннархининг ошиши ҳисобига бўлади. Чунки айнан эл.энергия, табиий газ, совуқ сув таъминоти қандайлигини халқимиз жуда яхши билади ва ҳис қилади. Чунки, 2015 йилнинг биринчи чорагидан 2016 йилнинг биринчи чорагигача табиий газ, электр-энергия ва ичимлик суви билан таъминлашда бирорта ижобий ўзгариш бўлмади, аксинча таъминотдаги узилишлар ҳар йилгидан кўра кўпроқ бўлди. Бундан ташқари, транспорт соҳасидаги “ўсиш” ҳам хизматлар ҳажмини ошишидан эмас, бевосита ёқилғи нархининг ошишидан ҳосил бўлган. Яъни 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб бензин ва солярка нархи – 45 сўмга, суюлтирилган газ нархи – 35 сўмга ва сиқилган газ нархи – 30 сўмга оширилди, бунинг натижасида, албатта, йўлкира нархлари ҳам ошади. Буни ҳам халқимиз жуда яхши ҳис қилади. Юқоридагилардан Ўзбекистон ЯИМи ниманинг ҳисобига 7,5 фоизга ўсгани кўриниб турибди.
Энди диққатингизга ҳавола қиладиган солиштирма маълумотлардан Ўзбекистон ЯИМи ҳақиқатда ҳам жадал суръатларда ўсмоқдами йўқми, билиб оласиз. Бунинг учун, Ўзбекистонга қўшни бўлган икки давлат Қозоғистон ва Туркманистоннинг кўрсаткичларини таққослаймиз ва ЯИМ ўсишини йилма – йил кўриб чиқамиз:
1. Қозоғистон ЯИМ.
1990 йилда 29,7 млрд АҚШ доллари;
2000 йилда 18,3 млрд АҚШ доллари;
2010 йилда 148 млрд АҚШ доллари;
2015 йилда 195 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.
Эътибор берсак, қозоғистоннинг ЯИМ 1990 йил кўрсаткичига нисбатан 6,6 баробарга, 2000 йил кўрсаткичига нисбатан 10,7 баробарга, 2010 йил кўрсатикчига нисбатан 1,3 баробарга ортмоқда. Шунингдек, 2014 йилдаги Россия ва Халқаро иқтисоддаги сезиларли пасайишнинг таъсири сабабли 2015 йилда Қозоғистон ЯИМ ўсиши 2014 йилга нисбатан 2,8 фоизга пасайган. 2014 йилда ЯИМ 225,6 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.
2. Туркманистон ЯИМ.
1990 йилда 3,1 млрд АҚШ доллари;
2000 йилда 4,9 млрд АҚШ доллари;
2010 йилда 22,1 млрд АҚШ доллари;
2015 йилда 44,4 млрд АҚШ долларини ташкил қилди.
Туркманистонда ҳам ЯИМ ўсиш суръати йилдан – йилга ортиб боришини кузатсак, 1990 йил кўрсаткичига нисбатан 14,3 бараварга, 2000 йил кўрсаткичига нисбатан 9 баробарга, 2010 йил кўрсаткичига нисбатан 2 баробарга ортгани кузатилади. Албатта, Россия ва Халқаро иқтисоддаги пасайиш таъсири сезиларли даражада бўлган, чунки 2015 йилда ЯИМ ҳажмини ўсиши 2014 йил кўрсаткичига нисбатан 1,8 фоизга пасайган. 2014 йилда ЯИМ 47,5 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.
Энди диққатингизга Ўзбекистон ЯИМ кўрсаткичларини тақдим қиламиз:
1990 йилда 14,7 млрд АҚШ доллари;
2000 йилда 13,8 млрд АҚШ доллари;
2010 йилда 39,5 млрд АҚШ доллари;
2015 йилда 66 млрд АҚШ долларини ташкил қилди.
(Маълумотлар http://www.ereport.ru/stat.php?razdel=country, http://www.be5.biz/makroekonomika/gdp/gdp_uzbekistan.html сайтларидан олинди)
Агар ЯИМ ҳажмини ортиб боришини кузатсак, 1990 йил кўрсаткичидан 4,5 баробарга, 2000 йил кўрсаткичига нисбатан 4,8 баробарга, 2010 йил кўрсаткичига нисбатан деярли 1,7 баробарга ортганини кўрамиз.
Агар маълумотларга эътибор берсак, Қозоғистон ЯИМи 2000 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 9 баробарга, Туркманистон ЯИМи 2000 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 10,7 баробарга ошган бўлса, Ўзбекистон ЯИМи 2000 йилдаги кўрсаткичга нисбатан бор йўғи 4,7 баробар ошган. Ана энди ўзингиз хулоса қилиб олаверинг, кимнинг иқтисоди йилдан йилга гуркираб ўсаётганини. Энг қизиғи шуки, хатто жадал иқтисодий ривожланиши кузатилаётган Хитойнинг ҳам ЯИМ ўсиш суръати пасайиб, ўз тарихидаги энг паст 6,7 фоизга тушиб қолишига сабаб бўлган дунё иқтисодидаги пасайиш Ўзбекистонга таъсир қилмади. Жуда қизиқ.
Шунингдек, ЯИМни ҳарид қобилиятига кўра аҳоли жон бошига нисбатини 2015 йил кўрсаткичлари бўйича солиштирсак:
1. Қозоғистон 24268 АҚШ доллари;
2. Туркманистон 16449 АҚШ доллари;
3. Ўзбекистон 6068 АҚШ долларини ташкил қилди.
Юқоридагилардан кўринадики, бу жиҳатдан ҳам қўшни давлатлар кўрсаткичлари юқори. Баъзи инсонлар бу кўрсаткичларни ҳисоблашда аҳоли сони, ЯИМ шакллантирувчи омилларнинг фарқи ва нисбатига қараб баҳо бериш керак, деган хулосага келишлари ҳам мумкин, шу сабабли шубҳа ва гумонлардан ҳоли бўлиш учун Қозоғистоннинг кўрсаткичларини тенг яримини олсак ҳам, яъни ЯИМ кўрсаткичини тенг ярми 97,5 млрд АҚШ долларини, ЯИМни харид қувватига кўра аҳоли жон бошига нисбатини тенг ярмини олсак 12134 АҚШ долларини ташкил қилади (2015 йилда Қозоғистон аҳолиси 18.200.000 кишини ташкил қилди). Кўриниб турибдики, шундай ҳолатда ҳам кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг кўрсаткичларидан баланд экани кўриниб турибди.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, юқоридаги маълумотлардан Ўзбекистон ЯИМи йилдан – йилга “ўсаётгани”, халқимизнинг “фаровон” ҳаёт кечираётганлиги ҳақидаги ҳукуматнинг баландпарвоз гаплари қанчалик ҳақиқатдан узоқлиги маълум бўлади. Бундан ташқари, ЯИМ ҳажмини “ўсиши” фақатгина энг кам иш ҳақини ошиши ва бунинг оқибатида барча маҳсулотлар таннархининг ошиши натижаси эканини ҳисобга олсак, Ўзбекистон иқтисоди нақадар аянчли аҳволда эканлиги аён бўлади. Гапларимизни яна бир исботи шуки, Ўзбекистон аҳолисининг аксар ёшлари ҳаёти “фаровон” лигидан ва яшаш даражаси “юқори” лигидан қўшни давлатларда, жумладан, Қозоғистон, Россия ва ҳаттоки Қирғизистонда ҳам мардикорлик қилмоқда, қарияларимиз мана шу “фаровон” ҳаёт неъматларини банк ва алоқа бўлимлари олдида уззу – кун навбат кутиб тотишмоқда. Лекин қўшни давлатларнинг бирорта фуқароси мардикорчилик учун Ўзбекистонга келганига ҳеч ким гувоҳ бўлгани йўқ.
Ва яна шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчимизки, юқоридаги рақамлар ҳақиқат бўлган тақдирда ҳам, давлат капиталистик ёки капиталистик иқтисодиётга ўхшаган иқтисодни татбиқ қилар экан, инсонлар, хусусан мусулмонлар ҳеч қачон рўшнолик кўрмайдилар, келажакда ҳозиргидан ҳам қашшоқроқ ҳаёт кечиришга маҳкум қилинадилар. Чунки бундай тузумнинг асоси манфаатдорликдир, унинг фақат битта қонуни бор: энг кучлиларгина яшаб қоладилар, яъни ўрмон қонунидир.
Албатта сўнгги хулоса ўзингизга ҳавола.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси Салохиддин
05.05.2016й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми