ИСЛОМИЙ АҚИДА АҚЛИЙ, РУҲИЙ, СИЁСИЙ АҚИДАДИР.
بِسْـــمِ اللهِ الرَّحْمٰـــنِ الرَّحِيـــم
ИСЛОМИЙ АҚИДА АҚЛИЙ, РУҲИЙ, СИЁСИЙ АҚИДАДИР.
Ислом «Ла Илаҳа Иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ»га асосланади. Шунинг учун бу калима барча шаръий қонунларининг, фикрларининг ва бошқа ақоид (ақидавий масала)ларининг асосидир.
Бу ақлий, руҳий, сиёсий ақидадир.
У ақлий ақидадир. Чунки ақлий баҳс (изланиш) уни қабул қилишни ва унга таслим бўлишни талаб этади. Зеро, бу ақида инсонларга, уларнинг ўзи ва теварак-атрофидаги нарсалар ҳақида тасаввур беради. Бу тасаввур далил ва ҳужжатларга асослангандир. У баъзи ҳодиса кўринишларини ёки уларнинг барчасини мувофиқлаштирадиган қуруқ изоҳ эмас, балки коинотдаги мавжуд нарсалар, ҳодисалар ва ҳақиқатлар, улар муқаррар олиб борадиган оқибатни тушунтиришдир.
У руҳий ақида ҳамдир. Чунки бу тушунтириш Аллоҳ Субҳанаҳуга ва ғайбга иймон келтиришга асосланади. Чунки ҳис билан сезилган нарсалар ва модда азалий эмас, балки улар йўқдан яратилган бўлиб, улардан ташқари жаннат, дўзах, фаришталар ва шайтонлар каби ҳис этилмайдиган нарсаларни ҳам яратган ҳамда итоат қилинишга ва амрини маҳкам ушлашга буюрилган Аллоҳ Субҳанаҳу бу нарсаларнинг холиқидир.
У шунингдек сиёсий ақида ҳамдир. Чунки яратиш ва йўқдан бор қилиб вужудга келтириш, Холиқ билан махлуқ ўртасидаги ягона алоқа эмасдир. Зеро, бу ўринда Пайғамбар «Муҳаммад Расулуллоҳ» САВ Аллоҳдан инсониятга келган рисолат ҳам бор. Бу рисолат инсонларни, хоҳ якка шахслар бўлсин, хоҳ жамоатлар бўлсин, баъзи ишларга буюради, баъзи ишлардан қайтаради ва уларнинг барча ҳаётий ишларига, ҳатти-ҳаракатларига ва ҳаракатсиз ҳолатларига аралашади. Чунки Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг буйруқлари ва қайтариқлари эътиқодни ҳам ва ибодатлардаги, алоқалардаги, ҳукмдаги, қазо (суд)даги ва даъватни оммалаштиришдаги ишларни бошқариш кайфиятини ҳам ўз ичига олади.
Аммо унинг ақлий ақида эканлигини оладиган бўлсак, мусулмонларда бу жиҳатдан камчилик йўқ. Улар йўлиққан ва йўлиқаётган нарсалар ҳақ билан ботил ўртасидаги курашнинг қонуниятидадир. Чунки ҳақ даъватчилари тўғри ҳужжат ва далил-исботларга эгадирлар ва эътиборни ҳақиқатга қаратадилар. Аммо ботил аҳли эса эътиборни ҳақиқатдан чалғитадилар, уни бузиб кўрсатадилар ва яширадилар. Улар одамлар орасига залолат уруғини сочадилар ва ўша залолатни ҳақиқат деб, уқтирмоқчи бўладилар ҳамда фикрлашни издан чиқаришни ва одамларни хомхаёллар ва арзимас ишлар орқасидан елиб-югурадиган қилиб қўйишни истайдилар. Мусулмонлар ақидасига нуқсон фақат шу ақиданинг сиёсий ва руҳий эканлиги жиҳатидан кириб қолади.
Унинг сиёсий ақида эканлиги олинадиган бўлса, кофирлар мусулмонларни динларидан адаштириб, уларни тубанликка тушириб юборишдан тортиб, то уларнинг Давлатларини йўқ қилиб ташлашга ва ўзларига малай майда давлатчаларга бўлиб ташлашга муваффақ бўлдилар. Улар мусулмонларни мана шу тарқоқликка маҳкам ёпишиб оладиган ва демократияга, динни ҳаётдан ажратишга чақирадиган ҳамда Исломни фақат руҳоният дини ёки инсон билан унинг Холиқи ўртасидаги якка шахснинг ўзигагина тегишли алоқа деб тушунадиган қилиб қўйишди. Бунинг натижасида мусулмонлар куфр фикрларга маҳкам ёпишиб олдилар ва кофирларга нисбатан эҳтиром билан қарайдиган бўлдилар ва уларни тараққиёт ҳамда ҳазорат (цивилизация) эгалари ва этагини ушласа арзийдиган юксак маданият намоёндалари деб ҳисоблайдиган бўлдилар.
Биз бугунги кунда мусулмонларнинг Исломни сиёсий ақида сифатида, фақат ибодат ишлари учунгина эмас, ҳаётнинг барча ишлари учун низом келиб чиқадиган эътиқод сифатида тушуниб, сезиларли даражада уйғонаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз ва Ислом Давлатини, Халифалик Давлатини барпо қилиш ва Ислом низомини жорий этиш учун мусулмонларнинг ҳаракатга келаётганларини кўряпмиз. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мана шу асрнинг иккинчи ярми Исломий Оламнинг ҳамма томонини қамраб олган уйғонишни бошланганидан далолат беради.
Лекин бу уйғониш ёки ғафлатдан ўзига келишда туманга ўхшаш бир хиралик бор. Бунга сабаб шуки, Исломнинг ҳазорат ва сиёсий низом сифатида ҳаётга қайтиши куфр бошлиқларини ва уларнинг малайларини ваҳимага соляпти ва оромларини бузяпти. Шунинг учун улар мусулмонларнинг сиёсий ақида сифатидаги Ислом асосида уйғонишлари қаршисида мағлуб бўлганларидан кейин залолатга солиб адаштириш сиёсатини қўллашга ўтишди. Биз бу ўринда уларнинг ботиллигини исботлаб ўтирмоқчи эмасмиз. Улар жумласига бу фикрга очиқ қарши чиқмаслик, лекин сарой уламолари, муфтийлар ва кофирларнинг ўзлари Исломий деб ном қўйишган ҳаракатлардан ўзларига югурдаклар етиштириш орқали ва чуқур ўрганиб чиқилган ҳамда бир мақсад сари йўналтирилган ҳолда Исломни бузиб тушунтириш ва залолатга бошлаш ишларини бажариб берадиган кишилар, минбарлар, муассасалар, университетлар ва оммавий ахборот воситалари киради. Бу нарса соф Исломий фикрни ўз манбаида ва истинбот усулида бўғиб ташлаш, унинг Умматга бегоналиги, замон ва воқелик билан бирга қадам ташлашдан ожизлиги тўғрисида шубҳа уйғотиш ва шу тариқа даъватчиларини қўрқитиш ҳамда уларнинг пайини қирқиш қасдида қилинади. Исломни бундай бузиб кўрсатишни ривожланиш ва мусулмонларнинг нажот йўли, ҳозирги асрга мос келувчи фикр деб жар солинади.
Куфр тушунчаларига мувофиқ қилиб мослаш, ҳамда кофирларнинг ва улар томонидан қўйилган югурдакларининг розилигига эришиш мақсадида Ислом фикрларини бузиб тушунтириш ва моҳиятини қўпол равишда бузиш нажот воситаси эмас, балки Аллоҳнинг қаҳр ва ғазаби сари юришдир. У қолоқлик, кофирларга қарамлик, хорликнинг янада зиёда бўлишига сабабдир, у Исломий фикр эмас, балки куфрнинг айнан ўзидир.
Исломни мана шундай бузиб кўрсатиш сабабли умумий тарзда бўлса ҳам, ақида ва низомларни яхши тушуниб етмаган динга муҳаббати зўр баъзи мухлис кишилар ва кўпчилик авом (омий, илмсиз) мусулмонлар адашиб қолиши ва ҳақ йўлдан тойиб кетиши мумкин.
Ўзидан низом келиб чиқадиган, сиёсий ақида сифатидаги Ислом асосида уйғонишда ҳануз мана шундай камчилик мавжуд. Шунинг учун албатта фикрий кураш олиб бориш, сиёсий олишув ҳамда мана шу туманга ўхшаш хираликни моҳиятини, унинг шайтоний фитна эканлигини фош этиб ташлаш ва Исломий муҳитни ундан тозалаш учун бу курашни янада авж олдириш зарур.
Бундай адашиш ва ҳақ йўлдан тойишга бўлган мойилликни асосий сабаби Исломий ақидани руҳий ақида сифатида тўғри тушунишда мусулмонларга сингиб қолган камчиликдир.
Исломий ҳақиқатни бузиб кўрсатувчилар ва адашганлар кўзларига куфр кучлари жуда улкан бўлиб, аксинча мусулмонлар кучлари жуда заиф, ҳеч нарсага арзимас бўлиб кўриняпти ва беихтиёр ишларни шуларга қиёслашяпти.
Улар куфрнинг оламдаги ҳарбий, иқтисодий, сиёсий ва сақофий ҳукмронлигини кўряптилар ва Исломий оламдаги мавжуд давлатчаларга, уларнинг ана шу куфр олдидаги ўта заифлигига, куфрга мутлақ қарам эканлигига ва шу давлатчаларнинг мусулмонларга ўтказаётган жабр-ситамларига ва қатағонларига ҳам назар ташлаяптилар. Бошқа томондан, улар мусулмонларнинг нақадар заифлигини, уларда ҳеч қандай куч-қувват йўқлигини, бўлганда ҳам фақат душманлари бўлмиш куфр ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун рухсат берган миқдордагина кучга эга эканликларини кўрмоқдалар. Улар оламга назар солиб, мусулмонлар олами катта кучлар ҳукмронлиги остидаги кичкина қишлоқ бўлиб қолганлигини кўрмоқдалар. Лекин улар Аллоҳни кўрмаяптилар, шунинг учун умидсизликка тушмоқдалар, натижада адашиб залолат йўлига кирмоқдалар ва бошқаларни ҳам адаштириб залолатга бошламоқдалар.
Улар Аллоҳнинг дини азиз бўлиши мумкинлигидан умидларини узганлар. Шунинг учун улар нажотни куфр билан ҳамкор бўлишда, уни рози қилишга уринишда, унинг шиорларини кўтариб чиқишда, унинг манфаатларини сақлаб қолишда деб билмоқдалар. Натижада куфрнинг қувват ва имкониятини кўриб турган, лекин шу билан бирга Аллоҳнинг энг Буюк Зот эканлигини ҳам кўраётган, Аллоҳга берган аҳдида мустаҳкам турган мухлис (холис) кишиларга қарши курашда фирoавнлар ва уларнинг югурдак тўдалари билан бирга бўлиб қолмоқдалар.
Мана шу нарса Умматдаги ана шу туман каби хираликнинг сабабчисидир. Бу иймондаги заифликдир. Ҳатто кўзга кўринган уламо, муфтийлар орасида ҳам шу хира туман ўраб олган шундай кимсалар борки, ундаги иймон ниҳоятда заифлашиб, ҳавойи-нафсига эргашиб кетган ва куфр фикрларига розилигини изҳор қилган, натижада эса иймондан тариқча ҳам қолмаган.
Мақсад албатта бу нарса ҳақиқатни бузиб кўрсатаётганларнинг ва ҳақ йўлдан тойганларнинг ана шу тоифасини кофирга чиқариш эмасдир. Чунки биз уларнинг Аллоҳга, Унинг фаришталарига ва иймоннинг бошқа арконларига иймон келтираётганларини кўриб турибмиз ва уларнинг намоз ўқиётганликларининг ва ҳаж қилаётганларининг гувоҳимиз. Зеро, «Ла Илаҳа Иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни исботлашда ёки уни қабул қилишга, уларнинг ақли етади, фикри ишлайди. Лекин бу иймоннинг таъсири сулук (ҳаёт тарзи, ишлари)да мавжуд эмас. Унинг таъсири Аллоҳнинг ваъдасига, нусратига, қўллаб-қувватлашига, ёруғ кунларни беришига, меҳрибонлигига, карамига, бирлигига, қудратига, қазо-қадарига, сақлашига, тинчлик-омонлик беришига ва енгил-осон қилишига бўлган иймонда кўринмайди. Бу худди Пайғамбаримиз САВнинг ушбу сўзларидаги нарсага ўхшайди:«Зинокор зинони мўмин ҳолида қилмайди, хамр (ароқ ва шунга ўхшашлар)ни ичувчи мўмин ҳолида ичмайди, ўғри мўмин ҳолида ўғрилик қилмайди ва одамларни қаратиб туриб, уларнинг кўз ўнгида зўрлик билан талончилик қилувчи мўмин ҳолида талончилик қилмайди». Бу ҳадисни Бухорий ривоят қилган.
Ана шу ҳақ йўлдан тойганлардан сўрасангиз, албатта иймон келтиришади. Агар уларга: Аллоҳдан қўрқинглар ва Унга итоат қилинглар, — десангиз, сўзсиз улар: Кўрмисан, ахир подшоҳ ва унинг малай ювиндихўрларини, куфр ва унинг тўдасини кўрмаяпсанми, — дейишади:
–„Улар Аллоҳни унутдилар, бас, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйди (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амалларни қилишдан юз ўгиртириб қўйди)". [59:19]
–„Бас, қачонки улар (ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди". [61:5]
Албатта бизнинг ақидамиз қуруқ ақлий баҳснинг ўзи ёки биз лаззат оладиган қуруқ идрокнинг ўзигина эмас. Ҳеч шубҳасиз у нафсга ва сулук (ҳаёт тарзи)га таъсири бўлган иймондир. Бу иймоннинг таъсири машаққатларда, қийинчиликларда, танг ҳолатларда ва бошга мусибат тушганда намоён бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ бизни Унинг ўзига ибодат қилишимиз учун яратди. Унга ибодат қилиш эса итоат қилиш билан бўлади. Ибодат жумласига Унинг Ўзигагина бандалик қилиш, Унинг динига ёрдам бериш, динни эъзозлаш ва ҳукмларини бажо келтириш киради.
Даъватчилар бу дунёда ўзларининг заифлигини, чорасизлигини, душманларининг зўрлигини кўрадилар. Улар динни эъзозлаш ва моддий имкониятларга қараб унга ёрдам бериш учун йўл беркилганини кўрадилар. Бу йўл уларнинг чекланган назарида беркдир. Агар уларнинг назари тўғри бўлган тақдирда ҳам бу йўл дунёвий моддий ҳисоб-китобга биноан беркдир. Агар улар дин аҳкомларини ўзгартира бошласалар ва кофирларни рози қилишга уринсалар ҳамда Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг душманларини дўст тутсалар ва Аллоҳдан кўра кўпроқ улардан қўрқсалар бу иймондаги заифлик ва иймон йўлидан чекиниш нишонасидир. Бу эса иймон хусусида Аллоҳнинг имтиҳонидан йиқилиш демакдир.
Мўмин даъватчилар қачонки ўзларидаги мавжуд заифлик, ночорлик, сон жиҳатидан ва аслаҳа-анжомдаги етишмовчилик, ер, уй-жой, ризқ ва хавфсизликдаги танглик ва йўлларнинг беркилиши, уларнинг иймонларини имтиҳон қилиш эканлигини, шунинг учун уларга Аллоҳнинг амрини мукаммал адо этишлари ва дунёвий сабаблар ва оқибат-натижалар, ҳисоб-китоби бўйича қанчалик арзимас бўлмасин тоқатлари етганича тадбир излашлари ҳамда бор имкониятни Аллоҳнинг ибодатига, Унинг нусратига ва динини эъзозлашга сарфлашлари вожиблигини, чунки улар қазо ва қадар, ризқ ва омонлик қўлида бўлган ҳаёт берувчи ва ўлдирувчи, азиз қилувчи ва хорловчи, ҳамма нарсага қодир Зотнинг Ўзигагина таваккул қилган инсонлар эканликларини англаб етсалар, шундагина иймоннинг ҳақиқий маъноси ярқ этиб кўринади, иймонининг шуъуридаги таъсири муносабатларда ва сулукда ўз ифодасини топади. Агар куфр кучли бўлса, Аллоҳ унданда кучлидир. У ҳар қандай ҳолатда ва ҳар лаҳзада ҳозиру нозир зотдир. Аллоҳ Таоло шундай дейди:
–„Аслида ғалаба-ёрдам фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур".[3:126]
У Зот яна дейди:
–„Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсанглар (яoни Унинг йўлида жиҳод қилсанглар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур". [47:7]
Аллоҳга ёрдам бериш эса Унга иймон келтириш ва итоат қилиш ҳамда ана шунда собит туришдир. Шу билан бирга тайёргарлик кўришни ва сабабларни мусаббабот (сабаб натижалари, оқибатлари)га боғлашни ҳам четлаб ўтиш жоиз бўлмайди. Аллоҳ Таоло шундай дейди:
–„Айтинг: «Амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар»". [9:105]
Аллоҳ Таоло дейди:
–„Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас". [13:11]
Шунинг учун тайёргарлик кўриш ва ишга киришиш вожибдир. Аллоҳ Таоло бу тўғрида Пайғамбаримиз САВдан намуна олиб, у кишига эргашишимизни буюради. Мўминларнинг чораси ва имкониятлари заиф бўлгани учун, динни ўзгартириш, уни бузиб кўрсатиш ва тоатдан юз ўгириш аҳволни ўзгартирмайди. Чунки бу нарса маъсият (осийлик), Аллоҳ Таолонинг ғазабини келтириш ва иймондаги заифликдир. Бундай ҳолатда талаб қилинадиган иш иймонни кучайтириш, уни янада мустаҳкамлаш, амални кўпайтиришга қаттиқ киришишдир:
–„Ундай зотларга айрим кимсалар: «Одамлар сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқинг!»- деганларида, бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!»- дедилар. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмати ва фазли билан қайтдилар".
[3:173-174]
Дунёвий ҳисоб-китоблар бўйича бу нарсалар ва мусаббабот нусратнинг сабаби ва ғояни рўёбга чиқариш воситаси эмасдир, балки фақат нусратнинг шартларидир, холос. Уларни мукаммал тарзда эътиборга олиш эса Аллоҳ Субҳанаҳунинг амрини бажаришдир ва уни амалга ошириш эса Аллоҳга итоат қилиш ва Унга ёрдам бериш жумласига киради. Шунга кўра даъватчи мўминлар тоқатлари етган барча нарсаларни тайёрлайдилар, агар заиф ёки бечораҳол бўлсалар, у ҳолда олға босишда давом этадилар, сабот-қатъият кўрсатадилар ва Аллоҳнинг нусратига қаттиқ ишонган ҳолда сабр қиладилар. Мана шу олға юриш, сабот-матонат ва сабр Аллоҳ буюрган сабаблардандир ва унга ёрдам беришимиздир ҳамда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг Ўз нусратини туширишининг шартларидандир.
Албатта бизнинг ақидамиз руҳий ақидадир. У эса Аллоҳнинг амрини, қайтариқларини, муроқабани (доимо Ундан қўрқиб Унга қараб туришни), Унинг ҳисоб сўрашини доимо ёдимизда тутишимизни, Унинг чексиз куч-қудратини, Буюк азаматини, ваъдасини, бирга эканлигини ва нусрат беришини унутмаслигимизни англатади. Мана шундай ҳолатдагина ва сулукда гавдаланиб шаклланишига қараб Аллоҳга яқинлик ҳосил қилинади ва ҳаёт кечириш ҳам олий Зотнинг биргалиги, Унинг ҳифзу-ҳимояти ва ғамхўрлиги билан бўлади.
Иймоннинг мана шу мартабасини яхши англаб етмоқ, унга маҳкам ёпишмоқ, доим ёдда тутмоқ, Умматни ундан огоҳ этиб, унга даъват қилмоқ жуда зарурдир. Иймон ўзимиздаги ёки бошқа бировдаги нарсага эмас, Аллоҳ хузуридаги нусратга, кўриб турган нарсаларга эмас, Аллоҳ хузуридаги ёруғ кунларга, ўзимиздаги эмас, Аллоҳ хузуридаги тинчлик-омонликка ва қўлларимиздаги эмас, Унинг қўлидаги ризққа ишонишдир. Бу фақат тилдагина эмас, сулук (ҳаёт ишлари)да ҳам яққол кўзга ташланишидир.
Саййидимиз Мусо АС ва у киши билан бирга бўлган мўминларни Фиръавн ва унинг шафқатсиз тўдаси камситиб хўрлади. Мусо қавми денгизга етиб боришгач, у киши билан бирга бўлганлар:
–„Бизлар аниқ тутилдик" [26:61]
дейишди. Чунки моддий ҳисоб-китоблар орқада, Фиръавн орқамизда, олдинда денгиз, демак нажот топишнинг имкони йўқ, дер эди. Мусо АС Фиръавнни ҳам, денгизни ҳам, шунингдек Аллоҳни ҳам кўриб турар эди. Нажот қандай келишини, оғир ҳолатдан қандай чиқиб кетилишини, ёрдам қандай келишини у киши билар, бошқалар билиши шарт эмасди. Лекин Аллоҳнинг амрини, ваъдасини Унинг фақат Ўзигина биладиган аскарлари борлигини доим ёдда тутишимиз зарур. Шунинг учун Мусо АС ўзининг тобеларига мана бу сўз билан рад жавобини берди:
–„Йўқ, аниқки мен билан бирга Роббим бор. Албатта У мени (нажот) йўлига бошлар". [26:62]
Шунда денгиз иккига бўлиниб йўл очилди, Мусо ва у киши билан бирга бўлганлар нажот топишди. Фиръавн ва у билан бирга бўлганлар эса мағлуб бўлди. Аллоҳ Таоло шундай дейди:
–„Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган-курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз". [29:69]
У Зот яна айтади:
–„Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур". [65:2]
Саййидимиз Нуҳ АСга Аллоҳ унинг қавмидан саноқли кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмаслигини ваҳий қилди ва унга:
–„Бизнинг хифзу-ҳимоямизда бир кема ясагин" [11:37]
деб амр қилди. Кофирлар у кишининг ёнидан ўтар эканлар, сув бўлмаган маконда ва денгиз сира ҳам етиб келмаган жойда кема қуряпти, деб у кишини масҳара қила бошладилар. Лекин Нуҳ АС уларга:
–„Агар (бугун) сизлар биздан кулсангиз, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби, биз ҳам сизлар (нинг устингиз)дан кулурмиз" [11:38]
дер эди. Чунки у киши воқеликка таъсир ўтказувчи ва уни ўзгартирувчи бошқа омил (сабаб)ларни кўрар эди. Улар моддий ўлчов, ҳисоб-китобларнинг қуруқ ўзи эътиборга олинмаган омиллар жумласига кирар эди. Ҳақиқатда Нуҳ ва кемага чиқариб олинган кишилар нажот топдилар ва кофирлар эса ғарқ бўлдилар. Бу нарсада мўминлар учун ибрат йўқми ахир?!
–„Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмину, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас, ҳали У (Уҳудда мунофиқларни ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади". [3:179]
Макка фатҳ қилиниши арафасида саҳобий Ҳотиб ибн Абу Балтаа РА Қурайшга, уларни Набий САВнинг уларга қарши жанг қилмоқчи эканликларидан огоҳлантириб, мактуб юборди. Аллоҳ Таоло бу нарсани ўз Пайғамбарига ваҳий орқали маълум қилди ва бу иш фош бўлди. Шунда Ҳотиб агар мусулмонлар мағлуб бўлса, Маккада ўзи учун бир ҳимоячи бўлишини истаганини, чунки Маккада унинг қариндош-уруғлари ва ҳимоячилари йўқлигини айтиб узр сўради. Бу ҳолни кўрган Умар ибн Ҳаттоб: «Ё Расулаллоҳ, рухсат беринг, бу мунофиқнинг бошини танасидан жудо қилай», деганида, Набий САВ кўнмадилар. Унинг рост сўзлаётганини ҳамда Исломдан чиқмаганини айтдилар ва: «Эҳтимол Аллоҳ Бадр аҳлига хабар бериб хоҳлаган ишни қилинглар, зеро, Мен сизларни мағфират қилдим, дегандир», дедилар. Бу ҳодиса мусулмонларга номуносиб эканлигига ишора ва шу билан бирга бу нарса шу ишни қилувчини кофирга чиқариш ҳам эмас. Лекин у Аллоҳ билан боғланишдаги заифлик ҳолатларидан биридир. Шунинг учун бу ҳодиса хусусида иймоннинг мана шу маъносини, яъни Аллоҳ билан доимий боғланиш ва Унинг муроқабасида бўлиш (яъни қалби билан Аллоҳ Таолога қараб туриш ва Аллоҳ мени кўриб туриб, деб хисоблаш)ни таъкидлаш учун Қуръони Карим нозил бўлди. Аллоҳ Таоло деди:
–„Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборасизлар, ҳолбуки улар, сизларга кеган Ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!" [60:1]
Аллоҳ куфр ва унинг аҳлига нисбатан очиқ душманлик ва безор бўлиш ҳолатини эгаллашга буюрди:
–„Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга иймон келтирган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносбатларида) гўзал намуна бордир. Эсланг, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, биз сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Биз сизлар (ишониб ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар". [60:4]
Аммо даъватчилар қўрқаётган ёки умид боғлаётган нарсага келсак, унинг йўли Исломни нотўғри талқин этиш, ўзгартириш ва маъсият (осий бўлиш) эмас, балки унинг йўли сабот-матонат, Аллоҳга таваккул қилиш ва Унинг Ўзинигина дўст тутишдир:
–„Аллоҳ мўминларнинг дўстидир". [2:257]
–„Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир". [65:3]
–„Аллоҳ ўз бандасига (яъни уни барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми!" [39:36]
Шунинг учун Ҳотиб умид қилган ўзи билан кофир душман ўртасида дўстлик ўрнатиш ҳаракати фалокатлардан қўрқиш натижаси эди. Шу сабабли Қуръон бунга, яъни фалокатлардан сақланишга ва кофирлардан бутунлай ажралиш, уларга қарши кураш олиб бориш ҳолатида сабот билан туришни таъкидлаш учун келди. Агар қатъият кишига барча йўлларни бутунлай беркилишига олиб борадиганга ўхшаб кўринса, бу ҳолда у дарҳол Аллоҳнинг чексиз қудратини эслаши вожиб.
Масалан, Пайғамбаримиз САВнинг қаршисида барча йўллар батамом беркилади, у кишини ёлғончига чиқаришади ва азоблашади, у кишининг саҳобалари ҳам азобланадилар, шунинг учун нусрат ва ёрдам талаб қиладилар, шунда у зотни ҳайдаб чиқарадилар ва қабиҳлик билан рад жавобини берадилар. Шунда у киши бу дунёда ёрдам берувчи бирон ишончли суянчиқ топа олмай бошлари оққан томонга йўл оладилар. Шунда Пайғамбаримиз дунёнинг моддий ўлчовларига суянадиларми ва ҳақдан орқага чекинадиларми? У киши ҳислари билан кўриб турган моддий қувватлар билан чекланиб, умидларини уздиларми ёки динни бошқа нарсага алмаштирдиларми? Йўқ, асло, балки у киши энг машаққатли шароитларда, ҳамда заифлик, нотавонлик ва чорасизликнинг энг машаққатли дамларида барча нарсаларнинг эгалиги қўлида бўлган Зотга илтижо билан юзланадилар: «Аллоҳим, қувватим заифлигини, чорам озлигини ва одамларга хўрланишимни Ўзингга арз қилиб баён этаман. Эй раҳм қилувчиларнинг энг раҳмлиси бўлган Зот, сен заиф бечораларнинг Роббисидирсан ва менинг Роббимсан, мени кимларга топшириб қўйяпсан? Хўмрайиб менга қовоғини соладиган узоқ бир бегонагами ёки менинг ишимга Ўзинг эга қилиб қўйган душмангами? Агар менинг устимга Сенинг ғазабинг бўлмаса, бу нарсаларга ҳеч парво қилмасман ва лекин Сенинг офиятинг мен учун жуда кенгдир. Менга ғазабингни туширишингдан ёки менга қаҳринг келишидан қўрқиб паноҳ беришингни сўраган ҳолда, зулматлар ёришиб чароғон бўлиб кетишга ва дунё-охират иши яхшиланишига сабаб бўлувчи, Юзингнинг Нурига сиғинаман. Рози бўлгунингача ризолик ўзинг учундир. Ҳеч қандай куч ва қувват йўқ, фақат Ўзинг берсангина бўлади». Эй Аллоҳнинг Расули, сизга Аллоҳнинг салоти-раҳмати бўлсин.
Албатта, Исломий ақида биз такрорлаб юрадиган ёки ёд оладиган илми калом эмас, ҳамда у мусулмонлар ичида бир-бирини кофир дейдиган ёки бир-бирини айблайдиган гуруҳлар пайдо бўладиган даражага етгунча бир-биримизни кофирга чиқарадиган сифатларнинг маънолари тўғрисидаги тортишув ҳам эмас. Ваҳоланки, ҳаммалари ҳам ақидага ва тўғри илмга зўр иштиёқлари борлигини даъво қиладилар. Сўнгра улар кофир ва золим ҳокимларга мадҳиялар ўқийдилар, уларни ҳимоя қиладилар, уларга яқинлашадилар ва минбарларга кўтариладилар ҳамда Аллоҳнинг сифатлари хусусида баҳс юритишда, ҳокимларни оппоқ қилиб кўрсатишда, Аллоҳ нозил этган нарсадан бошқа нарса билан ҳукм юритишни оқлашда ва мухлис (холис) даъватчиларга тажовузда ҳамда улардан нафратлантиришда саҳифа-саҳифа қоғозларни ёзиб тўлғазадилар.
Ҳеч шубҳасиз, ақида — Аллоҳга берган аҳдларида мустаҳкам турадиган бу аҳдни ўзгартирмайдиган ва уни ҳеч нарсага алмаштирмайдиган кишиларнинг иймони ва ҳолатидир:
–„Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) берган аҳду-паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан айримлари ўз аҳдига вафо қилди (яъни шаҳид бўлди, улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду-паймонларини) ўзгартирганлари йўқ". [33:23]
Дўст тутиш — садоқат бир муносабат (позиция) бўлса, душман тутиш — безор бўлиш ҳам бир муносабатдир. Зеро, булар амалий ҳолатдир, демак у сиёсий иш бўлиб, ўз соҳибининг иймонига, мана шу иймон сабабли нафсининг хотиржамлигига ва Аллоҳ ўзи билан бирга эканлигига далолатдир.
Саҳиҳ Бухорийда келадики, Абу Ҳурайра РАдан ривоят қилинишича, у шундай деди: «Набий САВ бир куни одамлар олдига чиққанларида у кишининг олдига Жибрил келди ва иймон нима? деди. Пайғамбар деди: «Иймон — Аллоҳга, Унинг фаришталарига, У билан учрашишга, Пайғамбарларига иймон келтирмоқлигингиз, қайта тирилишга иймон келтирмоқлигингиз». Жибрил деди: Ислом нима? Пайғамбар САВ дедилар: «Ислом — Аллоҳга ибодат қилмоқлигингиз ва Унга бирон нарсани шерик қилмаслигингиз, намозни адо этишингиз, фарз бўлган закотни беришингиз ва рамазон рўзасини тутишингиздир». Жибрил деди: Эҳсон нима? Пайғамбар САВ дедилар: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингиздек ибодат қилмоғингиздир, чунки сиз Уни кўрмасангиз ҳам, У сизни кўриб туради».
Мана шундай иймон ва эҳсон билан мўминга дунё мусибатлари ва юз бераётган ёки юз бериши кутилаётган қўрқинчли ҳолатлар арзимас нарса бўлиб туюлади, дунёнинг катта нарсалари кичик, кучлилари заиф, неъматлари ва қимматбаҳо нарсалари жуда арзимас бўлиб қолади. Кўзлари ёш тўкади ва Аллоҳ билан учрашишга ошиқади, Аллоҳни кўриб турганини қалбан хис қилиши уни тарк этмайди ва Унга яқин банда бўлиш учун имтиҳон ва синов фурсатини ғанимат билади, шунинг учун жонини ҳам, молини ҳам қурбон қилиш, унга осон бўлади ва агар ўзининг орқасида қоладиган фарзандлари ва ожиз кишиларининг ҳолидан хавотир олиб қўрқса ҳам жасурлиги, сабот-матонати яна ҳам ортади. Чунки Аллоҳ ўзларининг Дўсти ва Мавло Ҳожаси эканлигини жуда яхши билади:
–„Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот этиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳақидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқиб ҳақ сўзни айтсинлар!" [4:9]
Аммо куфрга, унинг қонунларига ва ҳокимларига ёрдам бериш, ҳамда уларни дўст тутиш ва Аллоҳдан кўра кўпроқ улардан қўрқишига келсак, бу шундай ҳолатки, бу ҳолдаги киши мўмин ҳисобланмайди, шариат аҳкомларини бузиб кўрсатиш эса, гарчи бу нарса катта уламолар деб аталмиш кимсалар томонидан содир бўлган тақдирда ҳам гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳисобланади. Шунинг учун бундай ҳолатлар ҳақ йўлдан тойган ва қалбларида мараз (касал-иллат) бўлган, Аллоҳни унутган, Аллоҳ ҳам уларга ўзларини унуттириб қўйган ва қалбларини кўр қилиб қўйган кимсаларнинг ҳолатларидир:
–„Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур". [22:46]
Аллоҳ Таоло деди:
–„Энди қалбларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи-нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ (тушуниш қийин бўлган) оятларига эргашадилар". [3:7]
Энг Буюк сўз айтувчи Зот шундай деди:
–„Бас, Сиз дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз», деган ҳолларида улар (кофирлар) томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ мусулмонларга ғалаба берса ёки Ўз хузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар." [5:52]
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми