Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (president.uz 04.08.2023й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда иштирок этди.
Изоҳ: Президентлар саммит сўнгида 17 соҳа йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича қўшма баёнотни имзолашди. Бироқ бу келишувлар асосида муайян қийматга эга молиявий шартномалар имзоланмади. Шунга кўра айтиш мумкинки, бу йиғилиш Қўштепа канали келтириб чиқариши мумкин бўлган зиддият ва яқинда ўтказиладиган Россия ва Марказий Осиё йиғинида кўтариладиган энергетика ва транспорт-логистика масалалари бўйича маслаҳатлашув саммити бўлди, дейиш мумкин. Маълумки, Ўзбекистон минтақа етакчилигини қўлга киритиш мақсадида АҚШнинг Афғонистон бўйича тузган лойиҳаларини амалга оширишда ташаббускор бўлиб келяпти. Қўштепа канали қурилиши аслида Ўзбекистон манфаатларига мутлақо тўғри келмайди ва бу лойиҳага тўсқинлик ҳам қилолмайди. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон Толибон билан яхши қўшничилик алоқаларини сақлаб қолиш учун ҳам канал қурилишига ёрдам беришга ваъда берган. Бироқ Қўштепа канали хусусида турли хавотирлар билдирилаётгани сабабли Мирзиёев ҳукумати қўшнилар билан бу масалада ёндашувларни бирлаштиришга чақира бошлади. Бошқа тарафдан эса, 2 август куни Қозоғистонга Афғонистондан 200 кишилик делегация учиб келди. Остонадаги конгресс марказида ўтган қозоқ-афғон бизнес-форумида Қозоғистон Афғонистон билан савдо айланмасини 3 миллиард долларга етказишни эълон қилди. Бундан ташқари, Қўштепа канали қурилиши Қозоғистонга умуман даҳли йўқ масала, дейиш мумкин. Шулардан келиб чиқиб хулоса қилса бўладики, минтақа етакчилиги учун Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги қандайдир рақобат тобора кўзга ташланмоқда. Мусулмонлар ўртасидаги бундай форум ва йиғинлар – қандай кўринишида бўлишидан қатъий назар – Ислом ўлкаларини мустамлакачи давлатлар олдида қудратли қилмайди ва уларнинг таъсир доирасидан чиқишига ёрдам бермайди. Мусулмон ўлкалари Рошид Халифалик байроғи остида бирлашмас экан, Россия, Америка, Хитой каби мустамлакачилар тузаётган сиёсий ва иқтисодий лойиҳалар ортидан парчаланиш ва заифлашишга маҳкум бўлиб қолаверади.
Хабар (qalampir.uz 05.08.2023й): Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Путинга муҳожирлар устидан шикоят қилди. У бу борадаги қонунчиликни кучайтиришни таклиф қилди ва акс ҳолда “мигрантларнинг маҳаллий можаролари оммавий кўча тартибсизликларига айланиб кетиши” дан огоҳлантирди. Улар орасида ўзбек мигрантлари алоҳида эслаб ўтилган.
Изоҳ: Россиядаги юртимиз фуқаролари устида кечаётган таъқиблар, айниқса шу йилларда кескин авж олмоқда. Путинга ФСБ расмийлари томонидан йўлланган мурожаат матнида қуйидаги жумла ҳам мавжуд: “2023 йилнинг олти ойи давомида Россия ҳудудида муҳожирлар томонидан 22 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга кўп”. Маълумки, мигрантлар “хатар”идан огоҳ этувчи орган ходимлари куч ишлатар тизимлар ёрдамида ўзбек ватандошларни масжидлар ичкарисигача таъқиб этаётгани, яшаш жойларига қуролланган махсус гуруҳлар билан бостириб кираётгани ҳақидаги видеороликлар ижтимоий тармоқларда кўплаб кузатилмоқда. Бу кураш кимнинг, қайси томоннинг манфаатидан келиб чиқиб юз бераётган бўлиши мумкин? Россия Украина урушидаги аскарлар камомадини мигрант “жиноятчи”лар ҳисобидан тўлдирмоқчи бўлаётганига аллақачон бир қанча асосли далиллар тўпланган. Ва яна асосий сабабларидан бири – Россия учун узоқ йиллардан буён “томорқа” вазифасини ўтаб келаётган Ўзбекистонни бугунги кунда Америка бошлиқ Ғарб, шунингдек Хитой тарафидан шиддат билан ўз таъсири остига олишга ҳаракат қилинаётганидир. Мигрантлар масаласи эса, Россиянинг Ўзбекистонга хоҳлаган пайтда босим ўтказиши мумкин бўлган муҳим ричагларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бугунги аҳволи, омонлиги ҳар жойда, ҳатто ўз юртимизда кафолатсиз қолаётгани бизнинг энг оғриқли нуқтамизга айланди. Бугун ҳар қандай инсон ўз шарафи, омонлиги кафолатига яратган ва Пайғамбари ﷺ орқали тўғри йўлни танитган Аллоҳнинг низоми ила бошқариладиган Халифалик давлатидагина эга бўлишини англамоғи вақти аллақачон етиб келди.
Хабар (kun.uz 07.08.2023й): Жорий йилнинг ўтган 6 ойида давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўмни, бюджет харажатлари эса 129 трлн сўмни ташкил этган. Бу маълумотларни эълон қилган иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўз нутқида “дефицит” сўзини ишлатмади.
Изоҳ: Вазир нутқида “дефицит” сўзини ишлатмагани ҳукумат ҳали ҳам очиқ кўриниб турган муаммони тан олмай, уни яширишга уринаётганини кўрсатади. Шунинг учун ҳукумат бюджет ҳақида берилаётган маълумотларни йилнинг бошидаёқ тўхтатиб қўйган эди. Демак, бюджетдаги дефицит 29 трлн сўмни, ўша вақтдаги валюта курси бўйича салкам 2,5 млрд долларни ташкил қилган. Ваҳоланки, ҳукумат бу йилги бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 2 млрд доллар қарз олишни режалаштирган эди. Юқоридаги ҳисобот фақат ярим йиллик эканини ҳисобга олсак, четдан олиниши керак бўлган қарз миқдори йил охирига борганда қарийб икки баробарга ошиб, 3,5-4 млрд долларни ташкил қилиши мумкин. Бу эса давлат ташқи қарзлари янада ошишига олиб келади ва бюджетга қўшимча юк бўлиб тушади. Ҳукумат яна Жаҳон банки, ХВЖ каби иқтисодиёт қотилларидан қарз сўраши оқибатида юрт иқтисодини уларнинг қўлига топшириб, халқимиз бошига янги турдаги солиқ тўловлари солинишига ва давлат ажратаётган охирги қўллаб-қувватловлардан ҳам маҳрум бўлишига олиб келади. Шунингдек, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов бюджет харажатлари ошишида табиий газ импорти ҳам катта ўрин тутганини айтганди. Ўзининг табиий ресурсларини Россия каби мустамлакачилар қўлига топшириб қўйиб, яна ундан қиммат нархларда газ импорт қилишдек абсурд сиёсат оқибати бу. Аслида юртимиз бойлиги халқимиз эҳтиёжидан ортиб, бировдан қарздор бўлиш эмас, ҳатто қарз берадиган даражада етарли эканлигини шу соҳа мутахассислари яхши билади. Шунинг учун бу ердаги асосий муаммо ресурсларнинг етишмаслигида эмас, балки бойлик, табиий неъматларнинг адолатли-тўғри тақсимоти йўқлигидадир. Демак, бугунги иқтисодий тангликнинг ягона ва энг тўғри ечими – тўғри тақсимотни кафолатлайдиган адолатли иқтисод низомини татбиқ қиладиган ғамхўр бошқарувни ҳокимиятга олиб келишдир. Бу – Исломдаги иқтисод низоми бўлиб, у манави капиталистик демократия яроқсизлиги оқибатида тоғдек йиғилиб қолган муаммоларни тез ва самарали муолажа қилади.
Хабар (qalampir.uz 08.08.2023й): Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистоннинг 2022 йилда энг кўп зарар кўрган ТОП-20 давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини очиқлади. Улар орасида энергетика йўналишида фаолият юритувчи корхоналар кўпроқ.
Изоҳ: Эълон қилинган ушбу рўйхатга кўра, энергетика йўналишидаги 3 та йирик корхона кўрган зарар умумий зарар миқдорининг деярли 80 фоизини ташкил қилиб, 10,4 трлн сўмга етган. Хусусан электр энергияси таъминоти тизимидаги корхоналарнинг катта миқдорда зарар кўраётганига сабаб сифатида – халқаро валютада жалб қилинган кредитлар бўйича валюта курси фарқи, тўловларнинг вақтида қилинмаслиги, нархларнинг пастлиги, энергоблокларнинг паст қувватда ишлаши, кўмир ёқилғисининг табиий газга нисбатан қимматлиги кабилар келтирилган. Булардан шуни тушуниш мумкинки, ҳукумат электр энергияси ва газ нархларини оширишга замин тайёрлаяпти. Шу пайтгача электр ва газ таъминотини яхшилаш учун нархларни ошириш кераклиги ҳақида таклифлар янграб келаётган эди. Чунки уларнинг фикрича, таъминотни яхшилаш учун нархларни ошириш лозим бўлади ва нархлар оширилса, бу соҳага хусусий компанияларни жалб қилиш осон кечади. Шундагина таъминот яхшиланиб, ниҳоят халқни узлуксиз энергия манбалари билан таъминлашдек энг оғриқли муаммо бартараф қилинади. Бироқ бундай фикрлаш нотўғри. Чунки биринчидан, давлатга қарашли энергетик корхоналарнинг зарар кўриб ишлаётгани ҳақиқат бўлса ҳам, уларни ташкил қилишдан мақсад фойда кўришми ёки аҳолининг энергияга бўлган асосий эҳтиёжларини таъминлашми? Аслида ҳукумат аҳолини газ ва сувдан олинадиган электр энергияси билан бепул таъминлаши зарур. Сабаби, булар хусусийлаштириш мумкин бўлмаган омма мулки ҳисобланади. Булардан моддий манфаатни кўзлаш капиталистик иқтисод нуқтаи назаридан келиб чиқади. Ҳукумат ҳам бу масалага шу нуқтадан қараяпти. Иккинчидан, юртимизнинг табиий ресурсларга бой бўлгани ҳолда ўзини энергия билан таъминлай олмаётганининг бош сабаби ҳам яроқсиз Ғарб капиталистик иқтисод қонунлари ва уни халқимиз бошига мажбурлаб татбиқ қилаётган ҳукуматнинг ёмон бошқарувидир. Бу ҳукумат бугунги аянчли аҳволни яхшилаш учун бу тузумдан воз кечиш ўрнига, унга янада қаттиқроқ ёпишяпти. Сабаби, бунда халқнинг эмас, аксинча халқнинг қонини зулукдай сўраётган ўша амалдорлар ва улар билан тили бир сармоядорлар манфаати бор. Агар Ислом низоми татбиқ қилинганда эди, халқимизни қийнаб келаётган ва сунъий пайдо қилинган энергия муаммосидан жуда тез чиқиб кетган бўлардик.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
14.08.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми