Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (kun.uz 08.10.2024й): Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 200 киловатт соатлик ижтимоий норма оширилиши кутилмаётганини маълум қилди.
Изоҳ: Вазирнинг сўзларидан билиниб турибдики, ўзбек ҳукумати халқ манфаати учун эмас, балки мустамлакачи давлатларни рози қилишга хизмат қиладиган қонун-қоидаларни татбиқ қилишда қаттиқ туради. Ҳолбуки, жорий қилинган 200 кВт/с лимит халқ орасида қаттиқ норозилик уйғотди. Чунки лимитни жорий қилишдан мақсад электр нархини ошириш эди. Бундай нарх ошириш сиёсати эса, ҳукумат тинимсиз олишда давом этаётган риболи қарзлар билан боғлиқ. Маълумки, бюджетдан электр учун субсидия ажратилади ва бу ўз ўрнида бюджетга оғир юк бўлиб тушяпти. Айнан шу субсидияни камайтириш ёки умуман бекор қилиш натижасида триллионлаган маблағлар тежалади ва давлатнинг ташқи қарзларини узиш учун йўналтирилади. Ахир, Ғарбдаги қатор рейтинг ташкилотлари ўзбек ҳукуматига энергетика соҳасида ислоҳотлар ўтказилиши кераклигини бежизга бир неча бор “тавсия” қилишмаганди. Бу ҳукуматга қарзни узиш учун бюджет харажатларини қисқартириши кераклигига берилган ишора эди. Бироқ энг катта муаммо шуки, халқимиз зулмни ўз бошига тушмагунча ҳис қилмаяпти, ҳатто ҳис қилганидан сўнг ҳам зулмга қарши етарлича кураша олмаяпти. Масалан, электр нархи оширилиши анча аввал маълум бўлган бўлса-да, шу иш амалга ошмагунча халқ тарафидан айтарли қаршилик бўлмади. Бошига тушганидан сўнг қилинган норозилик ҳам асосан ижтимоий тармоқ орқали бўлди ва ҳукумат томонидан умуман эътиборга олинмади. Шунинг учун мусулмон халқимиз ўз ҳақ-ҳуқуқини Ислом асосида таниши ва уни талаб қилишга эътиборини қаратиши лозим. Мана шундагина у ўзига нисбатан қилинаётган зулмларни вақтида ҳис қилади ва унинг олдини олиш ёки бартараф этиш учун талабни ҳам тўғри қўя олади.
Хабар (qalampir.uz 08.10.2024й): Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг барча давлатлари умумий тарих хотирасини сақлаш ва уни сохталаштиришнинг олдини олиш муҳимлигини тушунади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин 8 октябрь куни Ҳамдўстлик Давлат раҳбарлари кенгашида сўз очди.
Изоҳ: Маълумки, Россия Фанлар академиясининг Ижтимоий фанлар бўйича илмий ахборот институти МДХнинг 5 та ва узоқ хорижнинг 5 та давлатидаги дарсликларда Россия тарихи ва бугунги замонавий Россия қандай ўқитилиши ҳақида 150 саҳифалик расмий тадқиқотни эълон қилган эди. Ана шу тадқиқотда МО давлатларининг тарих дарсликларида Рус империяси ва Совет Иттифоқи салбий тасвирланганлиги айтилган. Бу Путинни хавотирга солгани унинг юқоридаги сўзларидан маълум бўлиб турибди. Нима учун Путинни тарих масаласи хавотирга солмоқда? Бунинг сабаби шуки, тарих инсон шахсиятини шакллантиришда ўз таъсирига эга бўлган сақофий-маърифий омиллардан биридир. Шунинг учун мустамлакачи давлатлар мустамлака қилинган давлатларда ушбу фанга қаттиқ эътибор қаратадилар. Мисол учун, Халифаликни қулатган кофир ғарб, бир бутун Ислом умматини миллатчиликка асосланган кучсиз давлатчаларга бўлиб ташлади-да, ҳар бир миллатнинг тарихи шу йўсинда талқин қилинишига эътибор қаратди. Натижада араблар тарихи, турклар тарихи, ўзбеклар тарихи, қирғизлар тарихи ва ҳоказолар вужудга келди. Бундан ташқари, мустамлакачи давлат ўз мустамлакасининг мактаб ва институтларида ўтиладиган тарих дасрликларида унга нисбатан дўстона муносабат шаклланишига эътибор беради. Бундан мақсад мустамлакачилик сиёсатининг давомий бўлишидир. Бироқ ўзини мусулмон санаган ҳар бир инсон кофирларнинг устунлигидан саналадиган барча йўлларни йўқ қилувчи Исломий давлатни тиклашга ҳаракат қилиши шарт. Аллоҳ таоло айтади:
وَلَنْ يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلاً
– “Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай”. (Нисо:141)
Хабар (ozodlik.org 09.10.2024й): Ўзбекистонда диндорларни оммавий ҳибсга олиш ва қамоққа ташлаш ҳолатлари кўпайган. Бу ҳақида озодлик ютуб каналида эълон қилинган видеолавҳада хабар бермоқда.
Изоҳ: Маълумки, Ҳизб ут-Таҳрир Исломий сиёсий партияси шу йил июл ойида ““ВОО УММАТИМОО!!!” Ўзбекистондаги фикр маҳбусларидан нидо!” шиори остида оламий кампания ўтказган эди. Мазкур кампания доирасида Ҳизб ут-Таҳрир ўз таҳлилларида, Мирзиёв ҳукумати Каримов даврини “ахлат тузум” дея таъкидлаган бўлса-да, бироқ Ислом ва мусулмонларга қарши курашда ана шу режим услубига қайта эргаша бошлаганлигини, хоссатан, узоқ йиллар диний эътиқодлари сабабли қамалиб чиққан собиқ сиёсий маҳкумларни қайта ҳибсга олиб, яна узоқ муддатларга қамаётганлиги ҳақида хабар берган эди. Озодлик эълон қилган видеода форум 18 ташкилотининг билдиришича, Қашқадарёдан 100 ва Тошкентдан тахминан 60 одам экстремизм айблови билан ҳибсга олинганлиги, улардан баъзилари муқаддам судланган ва яна айбланаётганлигидан ташкилотнинг хабари бор экани айтилади. Эътиборлиси, форум 18 ташкилоти вакилининг фикрича, Каримов ўлимидан кейинги “асал ойи” тугаб, мусулмонлар яна эътиқодлари туфайли таъқиб ва тазйиқларга учрамоқда. Бунинг сабаби эса биз мусулмонлар ҳаётида татбиқ қилинаётган кофир Ғарб демократиясидир. Чунки Халифалик давлати қулатилиб, капитализм ва социализм каби куфр тузумларининг дунёга ҳукмронлик қилган кунидан бошлаб мусулмонлар устида мустамлакачиларнинг зулму зўравонликлари бирор кун ҳам тўхтагани йўқ. Токи, Халифалик давлати қайта тикланиб, Ислом тузум сифатида ҳаётга қайтмас экан, мусулмонлар ўз эътиқодлари туфайли қийинчиликларга дучор бўлишларига чек қўйилмайди. Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Имом (яъни халифа) қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Хабар (qalampir.uz 09.10.2024й): МДҲ давлатлари Мирзиёев томонидан таклиф этилган дерадикализация дастурини қабул қилди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, мазкур дастур радикализмнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига ёрдам берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган. Унинг асосий вазифалари Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг халқаро ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, ўзаро ҳамкорлик амалиётини ривожлантириш, давлатларнинг радикализация соҳасидаги фаолиятини ахборот-таҳлилий ва илмий-услубий таъминлашдан иборат. Маълумки, ушбу дастур 2020 йилги саммитда МДҲга аъзо давлатларнинг Терроризмга қарши маркази иштирокида ишлаб чиқилган. Демак, ушбу дастур мазмун ва моҳиятидан келиб чиқиб сиёсий Исломга қарши кураш учун ишлаб чиқилгани аниқ. Ачинарлиси, ўзларини мусулмон ҳисоблаган МО давлатлари раҳбарлари айнан Ислом ва мусулмонларга чексиз адоват эгаси бўлмиш Путиннинг туғилган кунида ушбу жирканчли дастурни гўё унга “туҳфа” сифатида ҳадя қилишмоқда. Албатта, ўз тахтларидан бошқа нарсани ғам қилмайдиган бундай раҳбарларнинг минтақа мусулмонлари учун ҳеч қандай нафи йўқлиги аллақачон аён бўлган. Бугунги кунда Ислом умматининг ҳаёти кофир мустамлакачилар ва уларнинг устимиздаги малай ҳокимлари томонидан амалга ошириб келинаётган турли зулму зўравонликларга тўлиб-тошди. Бу зулмларнинг энг асосийси Ислом умматини ўз динидан терроризм, экстремизм ва радикализм каби туҳматлар билан тўсишдир. Бироқ Аллоҳнинг изни ила, кофир ва тоғутларнинг чиранишларига қарамай, Ислом қонунларини татбиқ қилувчи Халифалик давлати, албатта, тикланади.
يُرِيدُونَ أَن يُطْفِئُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَيَأْبَى اللَّهُ إِلَّا أَن يُتِمَّ نُورَهُ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ
– “Улар Аллоҳнинг Нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) ёмон кўрсалар-да, фақат Ўз нурини комил қилишни (яъни ҳар тарафга ёйишни) истайди”. (Тавба:32)
Хабар (kun.uz 10.10.2024й): Қарийб 1 млрд сўмни ўзлаштирган МИБнинг Юнусобод тумани бўлими ходими жиноий жазога тортилди.
Изоҳ: Айтилишича, МИБнинг Юнусобод тумани бўлимининг депозит бўйича мутахассиси 13 нафар фуқаронинг пластик картасига ўтказиб олиш орқали бўлим депозит ҳисобрақамидаги маблағдан 932 млн сўмни ўзлаштириб юборган. У ўзлаштирилган пулларни онлайн қиморга тикиб, ютқазган. Маълумки, бу ташкилот ҳукумат томонидан халқни қақшатиб, қўлидаги охирги мулкини ҳам юлиб олиш учун ташкил қилинган эди. Ҳозирга келиб МИБ халқимиз лаънатлайдиган давлат ташкилотларидан бирига айланиб улгурди. Унинг ходимлари ҳатто йўқсил-камбағалларнинг молини зўрлик билан тортиб олишдан ҳам тап тортмаяпти. Чунки уларга мана шундай вазифа юкланган, яъни бой-камбағаллигидан қатъий назар, чиқарилган ҳукмни ижро қилиш. Хабарда келтирилган ҳолат бу ташкилот ҳам коррупция, талон-тарож каби жиноятларга бўғзигача ботиб қолганини кўрсатмоқда. Емоқнинг қусмоғи бор деганларидек, одамлардан зулм йўли билан тортиб олинган ҳаром мол на давлатга ва на жамиятга юқади. Юртимиз Аллоҳ қайтарган бундай ҳаром ишларга ғайриисломий капиталистик тузум татбиқи оқибатида ботиб қолди. Демакки, ундан чиқиб кетиш учун яна Исломни ҳокимиятга олиб келиш керак бўлади. Зеро, Исломда бировнинг ҳаққига тажовуз қилинмайди, мазлумнинг ҳақи золимдан олиб берилади, коррупция, талон-тарож каби иллатларга чек қўйилади. МИБ каби зараркунанда ташкилотлар ўрнини халққа хизмат қилиб, мушкулини осон қиладиган ва унинг дуосини оладиган давлат ташкилотлари эгаллайди.
فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلا يَضِلُّ وَلا يَشْقَى وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضنكاً
– “Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта, унинг учун танг (бахтсиз) ҳаёт бўлур”. (Тоҳа:123-124)
Хабар (uza.uz 12.10.2024й): Миллий медиа бирлашмаси ва Халқаро Пресс Клуб томонидан ўтказилаётган теледебатларнинг учинчи сони бўлиб ўтди. “Иқтисодиёт ва тадбиркорлик” мавзусида ўтган қизғин баҳсларда барча партиялар ўзларининг келгуси 5 йиллик учун режа ва мақсадларини айтиб ўтдилар.
Изоҳ: Маълумки, жорий йил 27 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови ўтказилади. Ҳозирда партиялар томонидан сайловолди тарғибот ишлари ва дебатлар олиб бориляпти. Албатта, буларнинг ҳаммаси расмиятчилик ва хўжакўрсинга ўтказилаётган спектакл эканлигини халқимиз жуда яхши билиб турибди. Яна шуниси ҳам кундек равшанки, сайловда ким депутат бўлиши-ю, қайси партия кўпроқ ўрин эгаллашининг халқимиз учун умуман аҳамияти йўқ. Чунки бундан жамиятимизда, юртдошларимиз ҳаётида бирор ижобий ўзгариш юз бермайди. Бу Ўзбекистонни демократлашаётганини дунёга кўз-кўз қилиш учун кўрсатилаётган бир томоша холос. Бироқ Ўзбекистон ҳақиқий демократик давлатга айланса ҳам, бу халқимизга ҳеч қандай яхшилик олиб келмайди. Чунки бу чўнтак партиялар ва улардан ташкил топган Қонунчилик палатаси юқорида ўрнашиб олган бир тўда порахўр жиноятчиларнинг манфаат ва хиёнатларини қонуний қилиб беришга хизмат қилишдан нарига ўтмайди. Энг муҳими шуки, бундай ясама қонунларни ишлаб чиқувчи депутатларни сайлайдиган демократик сайловларда иштирок этиш мусулмон киши учун асло жоиз эмас. Зеро, ҳукм фақат Аллоҳгагина хосдир! Қонунни инсон чиқаришига рози бўлиш – Аллоҳга шерикликни маъқуллашдир. Қайси иймони бор одам Аллоҳга ширк келтиришни англатадиган бундай қабиҳ гуноҳга қўл уриши мумкин?! Бунинг акси ўлароқ, халқимиз Халифалик давлатини тиклаш орқали халифага байъат берадиган кун тезроқ келишини дуо қилиб сўраб, бу йўлда қўлидан келганча ҳаракат қилиши айни Аллоҳ буюрган иш ҳисобланади. Мана шунда Аллоҳ таоло раҳмат қилиб нозил қилган Ислом аҳкомлари ҳаётимизда жорий бўлади ҳамда барча иймон аҳли интиқлик билан кутаётган ҳақ ва адолат тантана қилади иншаАллоҳ!
إِنِ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلّهِ
– “Ҳукм фақат Аллоҳникидир”. (Юсуф:40)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
14.10.2024й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ