Умра зиёратини қийинлаштириш ортидаги мақсадлар
Умра зиёратини қийинлаштириш ортидаги мақсадлар
بسم الله الرحمن الرحيم
Умра тадбирларини ноқонуний тарзда ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан шуғулланаётганларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди. Маълум қилинишича, ибодат мақсадида Саудия Арабистонига ташриф буюрган, аммо Макка шаҳрига киритилмаган, қолаверса, меҳмонхонадан чиқариб юборилган ҳамда қайтиш учун авиачиптага эга бўлмаган 93 нафар ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқародан мурожаат келиб тушган.
Қайд этилишича, ушбу зиёратчиларнинг аксари “Yusro tour”, “Muslim travel”, “Meta travel”, “Elchi travel” томонидан сафарга юборилган. Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги консулхонаси томонидан масала ўрганилганда, ушбу зиёратчилар номидан меҳмонхонага тўлов қилинмагани аниқланган. Шу билан бирга, турфирмаларнинг Саудияда жойлашган меҳмонхонадан 35 минг АҚШ доллар қарзи борлиги маълум бўлган. Шундан сўнг, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фуқароларни ўз юртига қайтариш масаласи кўриб чиқилган.
Маълумки, “Ҳаж” ва “Умра” масаласи Ўзбекистонда сиёсий-мафкуравий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда қасддан қийинлаштириб қўйилган соҳалардан бири бўлиб келди. Халқнинг дардига айланиб улгурган бу муаммога ечим топиш ўта муҳимлигини англаган Мирзиёев ҳукумати 2018 йилнинг октябрь ойида Умра зиёратчиларига квотани бекор қилди. Берилган бундай имкониятдан фойдаланиб, халқимиздан ҳар ойда янада кўпроқ киши Аллоҳнинг уйига зиёратга ошиқа бошлади. Халқимизнинг улуғ орзуси бўлган Умра зиёратини қулай адо этишида туристик фирмаларнинг хизмати катта бўлди. Эндиликда ҳукумат умрачилар билан боғлиқ ҳадигини яширган ҳолда турфирмаларга катта талаблар қўяётгани хавотир уйғотади. Ўзбекистондаги қонунчиликда “Умра” тадбирларини турфирмалар амалга оширишига бирор ёзма тақиқ йўқ. Шунга қарамай, маҳаллий турфирмаларни “Умра” зиёратини ташкиллаштиришига ягона монопол ташкилотнинг сиқувлари сақланиб қолди. 2020 йилдаги ҳолатдан бир мисол, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шокиров Саудия томонига муайян мазмундаги илтимоснома киритилганини тасдиқлаган. Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонасидан илтимос қилинганки, “Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тақдим этган рўйхатдан ташқари бошқа фуқароларга, иложи бўлса, Умра визаси берилмасин”, – деган эди у. Ваҳоланки, бундан аввал, диний идора бундай илтимоснома йўлланганини рад этганди.
2023 йилнинг август ойига келиб, бу соҳани лицензиялаш орқали тартибга солиш мақсадида 345-сонли қарор қабул қилинди. Қарорда турфирмалардан 100 минг доллар миқдордаги маблағни захира қилиб қўйиш белгиланди. Кун.уз сайти суҳбат ўтказган турфирма раҳбари Шерзод Самининг таъкидлашича, 80 га яқин сайёҳлик фирма мана шу лицензияни олган, 200 дан ортиқ турфирма эса лицензиясиз ишлаб келган. Аммо бу лицензиялаш халқ манфаатларини кўзлаб эмас, балки турфирмаларни назоратсиз қолдирмаслик ва улардан пул ундириш учун қилинган.
Аслида, Умра зиёратини давлат доимий назорат қилиб келади, бироқ бундан одамлар оғирини енгиллатиш ва уларга кенг шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинмаган. Чунки одамлар Умра зиёратини лицензияли турфирмалар ёки давлат ташкилоти орқали қилмоқчи бўлса, қиммат нархга рўбарў келишяпти. Шунинг учун улар нисбатан арзонроқ нарх таклиф қилаётган турфирмаларга мурожаат қилишга мажбур бўлишяпти. Яъни давлат одамларни арзонидан қайтариб, қимматига мажбурлашни мазкур масаланинг ечими сифатида тақдим қиляпти. Бошқача айтганда, арзоннинг шўрваси татимайди қабилида, одамларга қиммат бўлса ҳам ишончли йўл билан боринглар, демоқчи бўляпти. Бу эса одамларга танлов имкониятини қолдирмаслик ҳисобланади. Аниқроқ айтсак, монополия қилишдир. Бундан ташқари, ўша лицензияси бор турфирмаларнинг айримлари одамларни чув туширгани ҳақида хабарлар ҳам чиқди.
Жорий йилнинг 24 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Доғистонда содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралади ҳамда “хавфсизлик соҳасидаги умумий таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмалар ўртасидаги фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди”. Шундан сўнг, Россия ички ишлар вазири Ўзбекистонга келди. Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилди. Суҳбат давомида Россия ва Ўзбекистон ўртасида эришилган олий даражадаги келишувларнинг амалий ижроси кўриб чиқилди.
Терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, 2024 йил 2 июль куни 935-сонли қонун қабул қилинди. Бунда, Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган сифатида белгиланди. Гарчи бу қонуннинг кучга кириш санаси 14 октябрь этиб белгиланган бўлса-да, Шавкат Мирзиёевнинг Москвага амалий ташрифи якунланганининг эртасигаёқ, яъни 9 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 300-сонли қарори қабул қилинди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясининг шартлари эълон қилинди. Лицензия олиш учун қўйилган талаб ва шартлар турфирмаларнинг кескин эътирозига ва Саудия Арабистонининг ҳайратига сабаб бўлди. Ўша талаб ва шартларнинг айримлари қуйидагилар:
1. Зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида мутахассисни тайинлаш ва штатида камида бир нафар дипломга эга мутахассиснинг бўлиши. (Бу мутахассисларга турфирма алоҳида хизмат ҳақи тўлаши керак)
2. 1 млн АҚШ доллари миқдордаги маблағни “Зиёрат” жамғармасига захира қилиб қўйиш. (Агар бу захирани миллий валютада қўйилса, доллар курсининг юқорилаши, инфляция ва бу пулни банк курси бўйича қайтариб олишда турфирма зарар кўради. Бу зарар эса табиийки зиёратчилар бўйнига тушади)
3. “Умра” хизматини лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва филиал орқали амалга оширмаслик. (Яъни шаҳар четидаги ва қишлоқ жойлардаги аҳоли лицензияда кўрсатилган турфирма манзилига келишга мажбур бўлади)
Ва булардан бошқа қатор талаблар кўздан кечирилса, лицензиялашдан мақсад турфирмаларни хатолардан тўхтатиш ёки халқимизга ишончли хизмат кўрсатишини таъминлаш эмас, аксинча ҳукуматнинг хавотиридан келиб чиқиб соҳани кескин назорат остида ушлаш кўзда тутиляпти. Бу хавотирни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев изоҳлади. “Кейинги вақтда, мана, ижтимоий тармоқларда кўряпмиз, у ерга борганларнинг ғоявий “ишлови” қанақа бўлади? Бизнинг “умрачи“ларимизга ким хизмат кўрсатяпти? Агар уларга ўқиган, диний соҳа ходимлари (ҳамроҳлик қилиб) борадиган бўлса… қайтиб келганидан кейин ғоявий жиҳатидан ҳам тўғрилашнинг имкони қийин бўлиб боряпти. Фақат молия билан боғлиқ нарса эмас-да бу” деди у. Бундан хулоса шуки, расмий Москва билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан келиб чиқиб, Мирзиёев ҳукумати умрачилар воситасида жамиятда Исломлашув кучайиб боришидан ҳадиксирамоқда. Исломнинг ҳар қандай кўринишига бундай ёндашув Россия мустамлакачилигини тобора чуқурлаштиради ва халқимизни соф ибодат ҳисобланган Умра зиёратини адо этишини қийинлаштиради. Ҳозирда фақат 12 та турфирмага Умра зиёратини ташкиллаштириш ҳуқуқи берилган. Бундай қаттиқ чеклов Умра зиёратларини кескин камайишига олиб келади ва ҳукумат билан чатишиб кетган жиноий гуруҳнинг соҳа монополияси орқали янада бойишини таъминлайди.
Бу муаммо ҳам ўз ечимини кутаётган масалалар қатори Рошид Халифалик тикланиши билан барҳам топади. Негаки, раҳбарлар ва омма халқнинг ҳаёти фаровон бўлиши ва юртнинг ҳар томонлама тараққиёт топиши уларнинг Аллоҳ билан алоқаси кучли бўлишига боғлиқдир. Бунинг учун эса уни қандай амалга ошишини англатувчи тўғри мафкурага асосланган давлат керак бўлади ва у, шунингдек, Ҳаж ва Умра йўлини ҳам осонлаштиради. Зеро, бу давлат “Ҳаж” ва “Умра” масаласига даромад келтирувчи манба деб эмас, улуғ ва шарафли вазифа деб қарайди.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Абдураҳмон
19.12.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми