Исломда ижтимоий алоқалар туркумининг давоми

МУСЛИМА АЁЛ ЮЗИНИ ЁПИШИ МАВЗУСИ-2
Исломда ижтимоий алоқалар туркумининг давоми
بسم الله الرحمن الرحيم
Мақоланинг ўтган сонида муслима аёл умумий ҳаётда юзини ёпиши вожиб эканини таъкидловчи мужтаҳидларнинг келтирадиган далилларини баён қилган эдик. Қуйида шу ишни давом эттириб, муслима аёл юзини ҳижоблаши вожиб, дегувчи мужтаҳидларнинг далил қилиб келтирадиган ҳадисларини ўрганамиз ва ушбу ҳадислар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бошқа аёлларга тегишли бўлмаганини кўриб чиқамиз.
Ўтган мақоладаги фикрлар Аллоҳ муслима аёлларга ҳижобни (яъни юзни беркитишни) фарз қилганлигини даъво қилувчилар далил қилиб келтиришган оятлар хусусида эди. Ҳижобга далил қилиб келтирилган ҳадислар эса унга далолат қилмайди. Масалан, мукотаб, яъни пул эвазига озод бўлиш учун хўжайини билан битим тузган қул битимдаги пул миқдорича (яъни адо қиладиган) пулга эга бўлса, ундан ҳижобланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига хосдир. Буни Абу Қалобанинг ҳадиси ҳам таъкидлайди:
كان أزواج النبي صلى الله عليه و سلم لا يحتجبن من مكاتب ما بقي عليه دينار
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари мукотабнинг зиммасида бир динор қолмагунча ундан ҳижобланмас эдилар”. Байҳақий ривояти. Ҳасан.
Кўриниб турибдики, ҳадисда муслима аёл ҳижобланишига (юзини беркитишига) бирор ишора йўқ. Умму Салама ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ва Маймунадан ҳижобланишларини талаб қилганларига келсак, бу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига хосдир ва бу ҳадис Умму Салама ва Маймуна ҳақида баён қилинган. Ҳадис матни қуйидагича: Ибн Шиҳоб Умму Саламанинг қули Набаҳондан ривоят қилади, Умму Салама унга айтиб берган: “Мен ва Маймуна Расулуллоҳ ҳузурларида эдик. Биз у кишининг ҳузурларида турганимизда, Ибн Умми Мактум келиб, у кишининг ҳузурларига кирди. Бу воқеа бизга ҳижоб (юзни беркитиш) фарз қилингандан кейин юз берган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ундан ҳижобланинглар (яъни юзингизни беркитинг)”. Мен айтдим: “У кўр, бизни кўрмайди ва танимайди ҳам”. Шунда у зот: “Сизлар ҳам кўрмисизлар, уни кўрмаяпсизларми?!” дедилар”. Термизий ривояти. Оиша онамиздан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
كان الركبان يمرون بنا ونحن مع رسول الله محرمات فإذا حاذى بنا سدلت إحدانا جلبابها من رأسها على وجهها فإذا جاوزنا كشفناه
“Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эҳромда эдик, олдимиздан отлиқлар ўтиб туришарди. Бизнинг рўпарамиздан ўтишганда, биз жилбоб (ёпинчиғ)имизни бошдан юзга тушириб олар, ўтиб кетишгандан кейин очар эдик”. Абу Довуд. Ҳасан. Бу ҳадис Бухорий Ибн Умардан ривоят қилган қуйидаги ҳадисга зиддир:
لا تنتقب المرأة الحرمة ولا تلبس القفازين
“Эҳромдаги аёл юзига ниқоб ҳам ёпмайди, қўлқоп ҳам киймайди”. Бухорий, Насаий, Термизий ва Абу Довудлар ривояти.
Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да айтишига кўра, Ниқоб – буруннинг устига ёки кўзнинг остидан боғланадиган ёпинчиқ. Оиша онамизнинг ҳадислари эҳромдаги аёлларнинг олдиларидан отлиқлар ўтган вақтда юзларини тўсиб олганларини баён қиляпти. Ибн Умарнинг ҳадиси эса ниқоб кийишдан ман қилинишига далолат қиляпти. Маълумки, Абу Довуд ўзидаги бирор ҳадис тўғрисида сукут сақласа, ўша ҳадис саҳиҳ, у ҳужжатликка ярайди, деб эътибор қилинади. Бироқ ундан саҳиҳроқ бўлган ҳадис у ҳадисга зид келиб қолса, у ҳолда у ҳадис тарк қилинади. Бу ерда кўриниб турибдики, Абу Довуднинг ҳасан даражадаги ҳадисидан Бухорийнинг ҳадиси устун ва буни бирон инкор қилгувчи йўқ. Шунинг учун Оиша онамизнинг ҳадислари саҳиҳ ҳадисга зид келгани туфайли рад этилади ва ҳужжат қилинмайди. Энди Фазл ибн Аббоснинг ҳадисига келсак, унда ҳижобга (яъни юзни берикитишга) далолат йўқ, балки ҳижобнинг йўқлигига далил бор. Чунки Хасъамийлик аёл юзи очиқ ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эди. Юзи очиқлигига далил шуки, Фазл унинг юзига қараган. Бу ҳадис учун бошқа ривоятда ҳам далил келган:
فأخذ رسول الله الفضل فحول وجهه من الشق الآخر
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фазлни ушладилар ва унинг юзини бошқа томонга буриб қўйдилар”. Бухорий ривояти. Бу қиссани Али ибн Абу Толиб ривоят қилганлар ва қуйидагиларни қўшимча қилганлар:
فقال له العباس يا رسول الله, لم لويت عنق ابن عمك؟ قال: رأيت شاباً وشابة فلم آمن الشيطان عليهما
Аббос: “Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), нега амакингизнинг ўғлини бошини буриб қўйдингиз?” – деб сўраганида: “Ёш йигит билан ёш қизни шайтон тўғри йўлдан оздиришидан қўрқдим”, деб жавоб бердилар.
Демак, Хасъамийянинг ҳадиси ҳижобнинг (юзни беркитишнинг) бўлишига эмас, балки ҳижобнинг бўлмаслигига далил. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни юзи очиқ ҳолда кўрган эдилар. Аммо Фазлнинг бошини буриб қўйишларига келсак, Фазл қизга шаҳват билан қараганини, қиз ҳам унга қараганини кўрдилар. Бунга Алининг: “Шайтон уларни тўғри йўлдан оздиришидан қўрқдим”, деган ривоятлари далилдир. Мана шунинг учун унинг юзини у қарагани учун эмас, балки шаҳват билан қарагани учун буриб қўйдилар. Шаҳват билан қараш – гарчи юз билан кафтга бўлса ҳам – ҳаромдир. Тасодифий қараш ҳақидаги ҳадисга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жарирга кўзини олиб қочишни, яъни тўсишни буюрганлар. Бу Аллоҳ Таолонинг:
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ
“(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар!” (Нур. 30)
сўзида келган кўзни тўсиш жумласидан, деб эътибор қилинади. Бу ерда тасодифий қарашдан юз билан кафтга қараш эмас, балки юз билан кафтдан бошқа аврат бўлган жойлар кўзда тутиляпти. Чунки юз билан кафтга қараш тасодифий бўлмаган ҳолатда ҳам жоиз. Юз билан кафтга қарашнинг мубоҳлигига далил Хасъамийянинг собиқ ҳадисидир. Яна бир далил шуки, аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилишган вақтда ва уларга ваъзу иршод қилган пайтларида уларнинг юзларига қарар эдилар. Бу эса юз билан кафтдан бошқа ерга тасодифан қараган киши жавобгар бўлишига далолат қилмайди. Аммо “Бир қарашни иккинчи қарашга эргаштирма”, ҳадисига келсак, бу ҳадис бир қарашдан эмас, балки такрор қарашдан қайтарган.
Мана шуларга кўра, “Аллоҳ ҳижобни (муслима аёл юзини беркитишни) шаръий ҳукм қилган”, деб даъво қиладиган кишилар далил қилиб келтирган ҳадисларда ҳижобнинг (юзни беркитишнинг) вожиблигига далил йўқ. Бу билан Аллоҳ ҳижобни муслималарга вожиб қилганлигига ҳамда на намозда ва на намоздан ташқарида юз билан кафтнинг аврат эканлигига ҳужжат бўладиган далилнинг йўқлиги маълум бўлади. Ҳужжат қилиб келтирилаётган далилларда бунга далил қилишга кучли асос мавжуд эмас.
Аммо юз билан кафтнинг аврат эмаслигига, аёл киши юзи ва кафти очиқ ҳолда бозор ва кўчаларга чиқиши жоизлигига келсак, бу Қуръон ва ҳадисда собит бўлган.
Мақоламизнинг келгуси сонида юз билан кафтнинг аврат эмаслигига Қуръонда келган далилларни батафсил ўрганамиз.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим.
04.05.2018й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ