ЁЛЛАНУВЧИНИНГ ҚИЛАДИГАН ИШИ

بسم الله الرحمن الرحيم
ЁЛЛАНУВЧИНИНГ ҚИЛАДИГАН ИШИ
Иш тури
(“Исломда иқтисод низоми” туркумидан)
وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
– Аллоҳ сенга ато этган молу давлат билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутма. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма, чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас. (Қасос:77)
Рукнимизнинг аввалги Ишни аниқ белгилаб қўйиш мавзусида ёлланувчининг воқеси билан таништирдик, шунингдек унинг қиладиган ишини, муддатни, иш ҳақи ва сарфланадиган куч-меҳнатни аниқ белгилаб қўйиш зарур эканини таъкидлаб ўтдик. Бугунги мавзуимизда ишга ёлланувчи ёлланиладиган Иш тури ҳақида маълумот берамиз.
Иш тури
Ҳар бир ҳалол ишга ишчи ёллаш мумкин. Тижорат, деҳқончилик, саноат, хизматкорлик, вакиллик, рақибнинг жавобини етказиб туриш, ҳужжат (асос) топиб ҳокимга етказиш, ҳуқуқини талаб қилиш, кишилар орасида ҳукм чиқариш (қозилик қилиш), қудуқ қазиш, қурилишда ишлаш, автомобил ёки самолёт ҳайдаш, китоб чоп қилиш, Қуръон нусхаларини кўпайтириш (нусха олиш), йўловчилар ташиш ва бошқа ишларга ишчи ёллаш мумкин.
Ишга ёллаш муайян (аниқ белгиланган) иш учун ёки келишувда таърифланган иш учун, ёлланувчининг сифати (мутахассислиги) га қараб бўлиши мумкин.
1. Агар ижара (яъни ишга ёллаш) аниқ белгиланган бир ишга ёки аниқ бир ишчига бўлган бўлса, масалан, Холид Муҳаммадни кийим тикишга ёки автомобил ҳайдашга ёлласа, ишчининг ўзи бу ишни бажариши вожиб, ўрнига бошқа бировни бажартириши мутлақо мумкин эмас. Агар касал бўлса ёки ишни бажаришга ожизлик қилиб қолса ҳам бировга ҳавола этмайди. Чунки ишчи аниқ қилиб тайинлаб қўйилган, яъни Муҳаммад. Агар кийим бузилса ёки автомобил ҳалокатга учраса, бошқа кийим тикиб бериши ёки бошқа автомобилда ишни бажариш ишчига вожиб эмас, чунки иш тури ҳам аниқ тайинлаб, белгилаб бўлинган (яъни кийим тикиш ва автомобил ҳайдаш).
2. Агар шартнома (келишув) ўзида таърифланган нарсага бўлса (автомобил ҳайдаш ёки кийим тикиш) ёки унда таърифланган ишчи (тикувчи ёки ҳайдовчи) муайян ишга ёлланса ёки унда таърифланган ишга (тикувчилик ёки ҳайдовчиликка) ёлланса, у ҳолда ҳукм ўзгаради. Сабаби бу ерда эътибор ёлланувчининг шахсига эмас, унга сифат (мутахассислик) бўлган жиҳатга қаратилган. Чунки бундай ҳолатда ишчи ишни ўзи бажариши ёки ўрнига бошқа бировни тавсия этиши мумкин. Агар касал бўлса ёки ишни бажаришга ожизлик қилиб қолса, ўрнига уни бажарадиган кишини қўйиши вожиб, чунки шартномада бажариладиган иш тури белгиланган, бажарувчи эмас. Шунингдек ёлловчи унга қайси автомобил ёки қайси кийимни келтириб берса – модомики бу нарсаларга шартномада кўрсатилган иш таърифи тўғри келадиган бўлса – ўша автомобилни ҳайдаши ёки ўша кийимни тикиши вожиб бўлади. Чунки нарсанинг зоти (ўзи) эмас, балки тури белгиланган (автомобил ва кийим). Зоти эмас, балки тури белгиланган ҳолатларда ихтиёр ёлловчига ўтиб, келишув (шартнома)да келишилган турдаги нарсанинг ўзидан хоҳлаганини олиб келиши мумкин.
Иш турини белгилашда ишни қиладиган ишчини ҳам ҳисобга олинади. Унинг қанча куч сарфлашини аниқлаш учун шундай қилинади. Масалан, муҳандис (инженер) каби.
Иш турини белгилашда қилинадиган иш ҳам ҳисобга олинади. Бу ишга сарфланадиган куч-меҳнатни аниқлаш учун шундай қилинади. Масалан, қудуқ қазиш каби.
Шунга кўра, ишни таъриф-тавсиф қилиб, турини аниқ кўрсатиш унинг ўзини аниқ кўрсатиш кабидир. Шунинг учун ишнинг таъриф-тавсифини аниқлаб олишнинг ўзи кифоя қилади ва ишнинг ўзи келишув (шартнома)да кўрсатилиши ҳам, кўрсатилмаслиги ҳам, ёлланувчи келишув вақтида ҳозир бўлиши ёки бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, фалон муҳандисни ёллаб, ишга тайин қилишимиз жоиз бўлгани каби худди шундай сифат (мутахассислик)га эга бўлган бошқа бир муҳандисни ўзини кўрмай туриб ёллашимиз ҳам жоиз бўлади. Шунингдек фалон кўйлакни тиктириш учун киши ёллашимиз жоиз бўлгани каби, шундай сифатга эга бошқа бир кўйлакни кўрмай туриб тиктириш учун киши ёллашимиз ҳам жоиз бўлади.
Агар киши бирон ишга қабул қилинса, лекин у бу ишни бошқа бир одамга ўзи оладиган ҳақдан арзонроққа бериб, қолган иш ҳақи унга фойдага қолса жоиздир. У ўша бошқа одамга ёрдам берадими ёки йўқми бунинг фарқи йўқ. Чунки у бошқа одамни ўзи оладиган иш ҳақига тенг ҳақ билан ёки озроқ ё кўпроқ ҳақ билан шу ишга ёллаб ишлатиши жоиз бўлади. Шунга кўра, демак, дурадгорлар, тикувчилар ва уларга ўхшаш ҳунар эгаларининг ўзлари билан бирга ишчи ёллашлари, шунингдек пудратчи (шартнома тузувчи)ларнинг келишилган ишларни бажаришга ишчилар ёллашлари жоиздир. Бу ишчиларга ўзлари оладиган иш ҳақига тенг миқдорда ҳақ берадиларми ёки озроқ ё кўпроқ ҳақ берадиларми, бунинг фарқи йўқ. Чунки бу ҳам ёллаш ҳисобланади. Бунда аниқ белгиланган ишларга ёллаш бўладими ёки аниқ белгиланган муддатга бўладими, бунинг фарқи йўқ. Бу ҳам шариатда жоиз бўлган хусусий ишчи ёллаш турига киради.
Аммо ишчиларнинг иш ҳақидан олиб қолиш шарти билан ишчилар ёллаши ёки улар оладиган иш ҳақининг бир қисми ҳисобига улар устидан назоратчи қўйиши жоиз эмас. Чунки бу ҳолатда белгиланган ҳақнинг бир қисмини олиб қолган бўлади. Абу Довуд Абу Саид Худрийдан Расулуллоҳ с.а.в. нинг шундай деганларини ривоят қилади:
إِيَّاكُمْ وَالْقِسَامَةَ. قَالَ: فَقُلْنَا: وَمَا الْقِسَامَةُ؟ قَالَ: الشَّىْءُ يَكُونُ بَيْنَ النَّاسِ فَيَنْتَقِصُ مِنْهُ
“Қисоматдан сақланинглар. (Абу Саид) айтди: Биз: қисомат нима? – дедик. Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: Одамлар орасидаги нарсани озайтириш”.
Ато Расулуллоҳ с.а.в.дан қилган бир ривоятда Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар:
اَلرَّجُلُ يَكُونُ عَلَى الْفِئَامِ مِنَ النَّاسِ فَيَأْخُذُ مِنْ حَظٍّ هَذَا وَحَظٍّ هَذَا
“Киши одамлар орасида тақсимловчи бўлиб унинг ҳақидан, бунинг ҳақидан олиши бўлади, натижада унинг насибасидан ва бунинг насибасидан олади”.
Масалан, бир шахс билан шартнома тузган одам юзта ишчи олиб келиб, ҳар бир ишчига бир динордан беришга келишиб олган бўлса, сўнг ишчиларга бир динордан озроқ берса, бу иш жоиз бўлмайди. Чунки келишиб, гаплашиб олинган миқдор ҳар бир ишчига белгиланган ҳақ ҳисобланиб, камайтирса уларнинг ҳаққига хиёнат қилган бўлади. Аммо юзта ишчи олиб келишни гаплашиб, бериладиган иш ҳақини айтмаса ва уларга келишиб гаплашилган пулдан камроқ ҳақ берса жоиз бўлади. Чунки бу пайтда уларнинг белгиланган иш ҳақидан камайтирган бўлмайди.
Иш тури ҳеч қандай номаълумлик қолдирмайдиган даражада аниқ белгиланиши шарт. Шунда аниқ, маълум нарсага ёллаш бўлади, чунки номаълум нарса (иш)га ёллаш фосид (нотўғри, ботил) ёллаш бўлади. Масалан, “бу сандиқларни Самарқанд шаҳридан Тошкентгача олиб бориб беришинг учун ўн минг сўмга сени ёллайман” деса, бу тўғри ёллаш бўлади ёки “шу юкнинг ҳар тоннасини бир минг сўмдан юклаб берасан” деса ҳам дуруст бўлади ёки “ҳар тоннасини бир минг сўмдан юклаб берасан, ундан ортиғи ўша ҳисобда” деса ҳам жоиз бўлади. Яъни бу ердаги ёллаш умумий юкнинг ҳаммасига бўлган. Шунингдек юкнинг ҳаммасини юклашни ирода қилганлигига далолат қиладиган ҳар қандай лафзни ишлатиши жоиз.
Аммо “Бу юкдан бир тоннани бир минг сўмга юклаб берасан, ортиғи шу ҳисобда” деб “қолганидан қанча юкласанг ҳам” деган маънони кўзда тутган бўлса дуруст бўлмайди. Чунки бунда юкнинг баъзи қисмига, яъни номаълум қисмига келишув тузилган бўлади, яъни бу ердаги ёллаш фақат бир тоннага бўлаяпти. Аммо “ҳар бир тоннасини бир минг сўмдан ташиб берасан” деса тўғри бўлади. Шунингдек ҳар кубаметрига бир минг сўм тўлаш шарти билан сув чиқартириш учун ишчи ёллаш ҳам жоиз бўлади. Демак, ёллаш маълум, аниқ нарсага бўлиши шарт, агар номаълумлик аралашса дуруст эмас.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Салоҳиддин
16.05.2018й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ