Бизнес тренинглар мусулмонларга капитализмнинг захарли тушунчаларини сингдириш услубларидан биридир
Бизнес тренинглар мусулмонларга капитализмнинг захарли тушунчаларини сингдириш услубларидан биридир
بسم الله الرحمن الرحيم
Юртимизда сўнгги йилларда бизнес тренинглар, семинарлар, курслар ташкил қилиш оммавийлашаётгани кузатиляпти. Ҳатто айтиш мумкинки, бу соҳада фаолият юритаётганлар сони бир неча баробарга кўпайиб кетди. Ҳеч кимга сир эмаски, бундай курсларда қатнашаётганларнинг асосий мақсади қисқа вақт ичида бой бўлиш сирларини ўрганиш, курс ташкилотчиларининг вазифаси ўқувчиларни бу сирлардан воқиф қилиш, осон йўл билан бой бўлишни ўргатиш. Ўз навбатида, баъзи блогер ва фаоллар бунга эътибор бериб, улардан баъзилари танқидий фикрлар билдириб, курс ташкилотчиларини алдов ва фирибгарликда айблашаётган бўлса, баъзилари ижобий фикр билдириб, юртимиз иқтисодиёти ва одамлар турмуш даражасини кўтаришда ўз ҳиссаларини қўшаётганларини айтмоқдалар. Бизнес тренинг ташкилотчилари ичидан энг машҳурлари ҳатто давлат телевидениесига ҳам таклиф қилиниб, намуна сифатида кўрсатилган кўрсатувлар ҳам намойиш қилинди.
Биз бу соҳанинг тафсилотларига киришмаймиз-да, кўпчилик эътиборидан четда қолаётган ва энг муҳим бўлган нуқталарни ёритишга ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатда айтиш жоизки, бундай бизнес тренингларнинг келиб чиқиш манбаси Ғарб капитализмидир. Унинг мазмун-моҳияти эса, ҳар қандай йўл билан бойлик орттириш, яъни ҳалол ёки ҳаром йўл билан бўладими, муҳими бойлик келтирадиган бизнесга эга бўлиш. Одамларнинг бунга рағбат ва иштиёқ кўрсатаётганларининг сабаби жамиятда капиталистик фикр ва туйғуларнинг устун эканлиги, яъни бу дунё ҳаётининг мазмуни ва бахт-саодат айш-ишратда яшаш, деган фикрнинг зеҳнларга ўрнашиб бораётганидир. Шунингдек, давлат татбиқ қилаётган тузумнинг нотўғрилиги ва адолатсизлиги оқибатида яшашнинг тобора қимматлашиб, қийинлашиб бораётгани ҳам ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатяпти. Шунинг учун ҳам одамлар ўлиб-тирилиб, ҳалол ёки ҳаромлигига қараб ўтирмай, қандай бўлмасин ўзларининг молиявий аҳволларини ўнглашга ҳаракат қилмоқдалар.
Ўз навбатида, ушбу бизнес тренинглар ташкилотчилари ҳам Ғарб фикр ва тушунчаларидан таъсирланган ҳолда ўзлари билиб ёки билмай Исломга тамоман зид бўлган ботил ва нотўғри фикрларни мусулмонлар орасида кенг ёйилишига хизмат қилиб қўйишяпти. Масалан, улар ўз сўзларига далил сифатида Ғарблик машҳур бойлар ва олимларнинг ҳаёт ҳақидаги фикрларини келтиришяпти. Ахир, мусулмон одам қандай қилиб кофир капиталистларнинг сўзларига таяниши мумкин? Ахир, капиталистик фикрлар инсонларни бахил, шафқатсиз, манфаатпараст, ахлоқсиз, худбин… кимсаларга айлантириб қўяди-ку. Инсондаги барча ёмон сифатларни юзага чиқариб, уни ҳайвондан ҳам паст бўлган бир махлуқ даражасига тушириб қўяди. Жамиятда эса, ўрмон қонунига асосланган ким кучли бўлса ўшалар яшаб қолади, деган қоидани ҳукмрон қилиб қўяди. Бунинг воқелиги ҳозир ҳам биз яшаб турган жамиятда яққол кўриниб турибди ва бу тобора кучайиб, илдизи мустаҳкамланяпти.
Ҳеч шубҳа йўқки, бу масалада энг кўп жавобгар тараф ҳукуматдир. Чунки ҳукуматнинг бундай ҳолат юзага келиши билан иши йўқ. У Ғарбни рози қилиш учун мусулмонларни захарлаётган фикрларнинг ҳеч бир тўсиқсиз кенг ёйилишига қўйиб беряпти. Қандай ҳам бунга тўсқинлик қилсин, ахир бу ҳукумат учун айни муддао! Зеро, мусулмонлар қанчалик Исломдан узоқлашсалар уларни бошқариш ва ўз манфаатлари сари йўналтириш шунчалик осон кечади. Аксинча, бу режимни одамларни Ислом асосида уйғотиб, ҳаққа чақираётган мўмин ва мўминаларнинг овозигина безовта қилиши мумкин. Бу режим қандай қилиб уларни тақиб қилиш, қамаш, азоблаш ҳақида бош қотиради холос.
Одамларни бизнес тренинглар хавфидан огоҳлантиришга уринаётган блогер ва фаолларга келсак, уларнинг аксари – мусулмон бўлгани ҳолида – бу масалага Ислом нуқтаи назаридан туриб эмас, балки фойда-зарар нуқтасидан қараётганлари ачинарли ҳолатдир. Уларга шундай савол билан мурожаат қиламиз: агар ушбу бизнес тренинглар одамларга фойда келтирса, ҳаром бўлса ҳам уни маъқуллайсизми?! Давлатнинг иши бўлмаётганига яраша, ҳеч бўлмаса сизлар мусулмонларни қийнаётган муаммоларга Ислом нуқтаи назаридан қараб, вақтинчалик эмас, балки туб ечимларни тақдим этишга ҳаракат қилмайсизларми?!
Бойлик масаласини Исломгина тўғри изоҳлаб берган. Қисқа қилиб айтганда, Ислом бойликни ғоя эмас, балки восита деб белгилади. Яъни инсон молга эга бўлишда фақат Шариат белгилаб берган ҳалол йўлдан юрсин ва сарфлашда ҳам ҳалолга риоя қилсин. Молга эга бўлишда ҳам, уни сарфлашда ҳам Аллоҳнинг розилигини кўзласин. Аллоҳ Таоло айтади:
وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الآخِرَةَ وَلاَ تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلاَ تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لاَ يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
– “Аллоҳ сенга ато этган молу давлат билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутма. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма, чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”. (Қасос:77)
Биз мусулмонларда бойлик тўғрисидаги энг тўғри тушунчаларни Ислом асосида шакллантириш ва бахт-саодатнинг мазмун-моҳияти Аллоҳнинг розилиги эканлигини тушуниш билан қалбимизда хотиржамлик юзага келади. Агар капитализмнинг жирканч ва ботил фикрларига эргашишда давом этадиган бўлсак, ҳатто бутун дунё бойлиги берилса ҳам ҳақиқий бахт нималигини билмай умримиз ўтади ва энг аламлиси Охират ҳаётида ҳам Аллоҳнинг даҳшатли азобига гирифтор бўламиз.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Форуқ
26.08.2022й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми