Ўзбекистонлик аёлларнинг ўзга юртларда фоҳишалик қилаётгани сабаби нимада?
Ўзбекистонлик аёлларнинг ўзга юртларда фоҳишалик қилаётгани сабаби нимада?
بسم الله الرحمن الرحيم
Qalampir.uzнинг 4 декабрдаги хабарига кўра, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Олмаота шаҳрида фоҳишахоналар фаолиятига қарши ўтказилган рейд давомида фоҳишалик фаолияти билан шуғулланиб келаётган 14 нафар ўзбекистонлик аёллар қўлга олинган. 29 ноябрда эса Туркиянинг Сакарья шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фоҳишалар фаолиятига қарши ўтказилган махсус операцияда фоҳишалик билан шуғулланиб келаётган 49 ўзбекистонлик аёл қўлга олинганлиги хабар қилинган эди. Шунингдек, 7 октябрда яна Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиб келган Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинган. Ва бундай хабарлар тўхтамай чиқишда давом этяпти…
Ҳа, минг афсуслар бўлсинки, охирги пайтларда бундай хабарлар тез-тез тарқайдиган бўлиб қолди. Бугун аёлларининг иффати ва покдомонлиги билан фахрланиб келган халқимизнинг хижолатдан боши эгилар даражага келиб қолди. Табиийки, ушбу хабарларни ўқиган инсонга бу жирканч ишларни қилишда асосий айб ана шу аёлларнинг ўзида, деган фикр келади. ОАВлари ҳам хабарларда айни шу маънони одамларга янада кучлироқ ва таъсирлироқ қилиб етказишга эътибор қаратади. Хўш, аслида ҳам шундайми?
Сир эмаски, бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларидан кўплаб эркагу аёллар ўз юртларида моддий таъминотга етарли шарт-шароитлари бўлмаганлиги туфайли асосан Россия, шунингдек бошқа мамлакатларда сарсону саргардон бўлиб ҳаёт кечирмоқдалар. Улар орасида қулликка сотилиб кетганлари ҳам, иш топа олмай кўчаларда бошпанасиз юрганлари ҳам талайгина топилади. Энг ачинарлиси эса, иқтисодий қийинчиликларга бардош бера олмаган опа-сингилларимиз ичида танг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида, пул топишнинг енгил йўлини танлаётганлари ҳам йўқ эмас. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, бу аёлларнинг ўзлари ва яқинларига иснод келтираётган бу қилмишларини асло оқлаб бўлмайди, оқламоқчи ҳам эмасмиз. Бироқ ўша аёлларнинг бундай жирканч ишга қўл уришларига туртки бўлаётган сабабларга эътибор қаратмоқчимиз. Аввало, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирги пайтда айрим аёлларни бунга ундаётган ва инкор қилиб бўлмайдиган сабаблардан бири бу – иқтисодий тангликдир. Эътиборли жиҳати, бу аёллар олтин қазиб олиш ва сотиш бўйича дунёда юқори ўринларда турадиган ҳамда бошқа табиий бойликларга бой мамлакатнинг фуқароларидир. Лекин бу бойликларнинг асосий қисми мустамлакачи давлатларнинг ғазнасини, қолган-қутганлари эса ҳукумат тепасидаги наҳангларнинг ҳамёнини тўлдираётгани учун улардан халққа ҳеч қандай фойдаси тегмаяпти. Халқ ясама мустақилликнинг мана 30 йилдан ошиқ даври мобайнида ҳукумат тепасидаги фирибгар каззобларнинг “…келажагимиз буюк давлат”, “Янги Ўзбекистон” деган чўпчакларига ишониб, ўзини ўққа-чўққа уриб, аравасини ўзи тортиб келмоқда. Бу ҳолат яна 30 йилдан кейин ҳам ўзгармаслиги аниқ ва кундек равшан. Яна юқоридаги каби бошқа чўпчаклар ўйлаб топилади, халқнинг ишончи суистеъмол қилинаверади ва одамнинг энсаси қотадиган янгидан-янги алдамчи шиорлар кети узилмай давом этаверади. Чунки бунинг ягона ва асосий сабаби – жамият ҳаётида инсоннинг ноқис ақли маҳсули бўлган тузумнинг татбиқ этилаётганидир. Бу нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги барча инсонларга – мусулмонларга ҳам, ғайримусулмонларга ҳам – бирдек бахтсизлик келтираётган капиталистик демократия тузумидир.
Буни тушуниш учун озгина мулоҳаза юритиб кўрилса етарли бўлади. Ҳозирда оиланинг таъминотчиси ҳисобланган эркакларнинг аксари ишсизлик муаммосига дучор бўлаётганлиги ёки ҳукуматнинг кредит сиёсати туфайли қарзга ботганлиги ва яна бошқа бир неча сабабларга кўра, кўпчилик эркаклар иш излаб чет ўлкаларга кетишмоқда, кета олмаганлари оилани таъминлашга қурби етмаётганидан аёлларнинг ҳам тирикчилик карвонига қўшилишлари зарурати туғилмоқда. Ҳукумат эса ярага туз сепгандек, Ғарбнинг гендер тенглик сиёсатини татбиқ қилиб, аҳволни янада чигаллаштиряпти. Аёллар асосий вазифаси бўлмиш уй бекалигини бажариш ва фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиш ўрнига, пул топиш учун эркаклар билан тенг меҳнат қилишга мажбур бўлмоқдалар. Ҳукумат ўзи ғамхўрлик қила олмаганлиги етмаганидек, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонаси билан кўпхотинликни таъқиқловчи қонунни қабул қилиб, ғамхўрлик қилмоқчи бўлган эркакларга ҳам тўсиқ қўйди. Бу билан ҳам кифояланмай, ҳатто кўпхотинликни тарғиб қилганларни-да жазоловчи қонун қабул қилди, бундай никоҳланувчиларга ҳам, никоҳлаганларга ҳам отнинг калласидек жарима ва қамоқ жазолари тайинлади.
Ҳолбуки, 1400 йил муддат давомида Ислом давлати соясида яшаган уммат аёллари нафақат чет ўлкаларда, балки ўз юртида ҳам фоҳишалик у ёқда турсин, ҳатто эркак кишига тааллуқли бўлган ҳар қандай меҳнат турлари билан машғул бўлмаганликлари маълум ва машҳурдир. Аксинча, халифалар томонидан аёлларнинг ор-номуслари қаттиқ ҳимоя қилинганлигига кўплаб далиллар мавжуд. Чунки халифалар аёллар ор-номусини ўзларининг ор-номуси деб билардилар. Бироқ мана бу ҳамияти йўқ Ўзбекистон ҳукуматига барибир шекилли, улар аллақачон ор-номус, иффат деган тушунчалардан йироқлашиб кетган кўринади. Бу ҳукуматнинг ўз фуқаролари бўлган аёлларнинг фоҳишалик қилаётганлигига бепарволиги, худди ота ўз қизларининг фоҳишалик қалаётганига бепарволиги кабидир. Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қиладилар:
كلكم راع وكلكم مسؤول عن رعيته. الإمام راع ومسؤول عن رعيته، والرجل راع في أهله وهو مسؤول عن رعيته، والمرأة راعية في بيت زوجها ومسؤولة عن رعيتها، والخادم راع في مال سيده ومسؤول عن رعيته
“Сизларнинг ҳар бирингиз бошлиқ ва қўл остидагидан масъулдир. Имом бошлиқ ва у ўз раъийятидан масъулдир. Эркак киши ўз аҳлида бошлиқ ва у оиласидан масъулдир. Аёл киши ўз эрининг уйида бошлиқ ва у ўша уйдаги ишлардан масъулдир. Хизматкор ўз хожасининг молида бошлиқдир ва у ўша молдан масъулдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Демакки, иқтисодий танглик туфайли аёлларнинг фоҳишалик билан шуғулланишдек шармандали ишлари учун биринчи навбатда мана шу ҳукумат жавобгар бўлади. Албатта, бу ҳукумат ўз қўл остидагилардан масъулдир ва улардан келадиган яхшиликдан ҳам, ёмонликдан ҳам ўзига тегишли “улуш”ини олади. Бироқ ўзбек ҳукумати буни англашдан қулоғи кар, кўзи кўр аҳволга тушиб қолганга ўхшайди. Чунки ҳукуматдагиларнинг раҳбарлик курсисини сақлаб қолишдан бошқа ташвиши йўқлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун айтамизки, ҳукумат томонидан татбиқ қилинаётган тузумнинг асосидан бошлаб аёл кишига бўлган қараши бузуқлиги сабабли, аёлларнинг, аниқроғи бутун халқнинг ёмон ҳолати ўзгариши асло мумкин эмас. Ушбу бузуқ демократик тузум татбиқи давом этар экан, халқимиз уят ва шармандаликдан боши чиқмай юраверади! Бундан қутулишимиз учун эса, энг аввало барча мусибатларимиз бош сабабчиси ҳисобланмиш устимиздаги бузуқ куфр қонунларига ва айниқса, аёл зотига бўлган қарашларимизни ўзгартиришимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло дейди:
إِنَّ اللَّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ
– “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас”. (Раъд:11)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
12.12.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми