Экология хавф остида: яроқсиз тузумдан табиат ҳам омон қолмаяпти
Экология хавф остида: яроқсиз тузумдан табиат ҳам омон қолмаяпти
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Интернет тармоғида Жанубий Фарғона каналининг Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғидан ўтувчи қисмида қуюқ оқ кўпик оққани акс этган видеолавҳалар тарқалди. Бу кўпик нималиги, уни ким оқизгани ва экологияга қанча зарар етгани маълум эмас. Kun.uz шу воқеа ҳақида “Ҳамма билади, лекин ҳеч ким индамайди” номли мақола эълон қилди. Унда Kun.uz мухбири маҳаллий аҳоли вакиллари ва расмийлардан ҳолат бўйича муносабат сўраган. Жумладан, Ширмонбулоқда яшовчи сувчи – мироб Илҳом Буваев шундай дейди:
“2022 йилдан бери каналда назоратчи бўлиб ишлайман. Жанубий Фарғона каналида тундан то саҳаргача нима оқса оқади. Назорат қиладиган ташкилотнинг ўзи йўқ. Хўжабод туманидаги SAMO трикотаж фабрикасидан чиққан чиқинди сувлар канал сувига қўшилиб, доимий равишда ифлослантиради. Целлофан, кўмирга ўхшаган қора рангдаги химикат, кўпик оқади. Кузга борганда каналда ҳеч бир тирик зот қолмайди. Балиқларгача қирилиб кетади химикат заҳридан. Мана, яқинда оқ кўпик оқди. Бу интернетга чиқиб кетганидан кейин шов-шув бўлди. Уни ҳам бўлса Ширмонбулоққа келган меҳмонлар телефонларига видео олишиб, интернетга чиқарворишган экан. Оқ кўпик оқиши табиий ҳол ўзи бизда. Бу ҳолатга ҳеч ким таажжубланмайди ҳам. Бу ҳолатни Булоқбоши, Хўжаобод, Қўрғонтепа аҳолиси билади. Ҳеч ким чора кўрмайди-да. 3-4 йилдан бери кўпик оқиши янгилик эмас биз учун. Туман, вилоят экологияси, ҳаммаси билади химикатлар қаердан чиқаётганини. Каналда доимий заҳар оқавериб, фақат илон балиқлар қолган. SAMO'дан буёғида, айнан фабриканинг чиқинди суви оқизиладиган қисмидан бошлаб қурбақалар ҳам ўлиб кетган. Табиат жонзотлари қирилиб битди хуллас. Каналдаги балиқни ушласангиз, тепа қисми эриб кетганини кўрасиз. Авваллари бу сувдан ичар эдик. Чорвалар ичарди, ҳозир энди ҳатто товуқларга ҳам бермай қўйдик канал сувини. Ўзимиз ичаётган тоза сувдан беряпмиз”.
Энди расмийларга келсак, Андижон вилоят Санитария-эпидемиология бошқармаси мутахассиси Фирдавс Мадраҳимов, жумладан, шундай деган:
“Ижтимоий тармоққа тарқалган ҳолат юзасидан “Нил Гранит” МЧЖга келиб ўрганишни бошладик. Текшириш ишлари давом этяпти. Оқова ҳосил бўлаётган сувларидан намуна олдик. Ва барча технологик жараёнлар бирма-бир ўрганиб чиқиляпти. Лаборатория натижалари чиққандан кейин сизларга қўшимча маълумот берамиз…”.
Булоқбоши тумани экология бўлими бош мутахассиси Жасурбек Худойбердиев бу воқеа SAMO (“Нил Гранит” МЧЖ) фабрикаси билан боғлиқ эканини айтди. “Ушбу ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилиб, тўпланган барча ҳужжатлар судга тақдим этилади. Ушбу қоидабузарликни келтириб чиқарганларга қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади”, дейди экология бўлими бош мутахассиси.
Одатдагидек, муаммо интернет тармоғида шов-шув бўлиб, мамлакатдаги машҳур нашрлардан бири мазкур масалага қизиққанидан кейингина расмийлардан сас чиқди. Бироқ бу энди муаммо бартараф қилинади, дегани эмас. Чунки маҳаллий аҳолининг ўзи айтиб турибди, бир неча йилдан бери канал ифлосланиб ётганидан ҳамманинг, айниқса, мутасаддиларнинг жуда яхши хабари бор эди. Аммо шу пайтгача расмийлар керакли чораларни кўрмаган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, канал ифлосланишига битта репортаж билан барҳам бериб бўлмайди.
Бунинг сабаби шуки, воқеа “қаҳрамони” – “Нил Гранит” МЧЖ (SAMO) эгаси “мушуги пишт дейилмайдиган” кимсалардан бирига ўхшайди. Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, фабрика тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг таъсисчиси Ғаниев Акром Тўлқинович. SAMO TEXTILE кластер компанияси республикадаги йирик текстил корхоналардан бири ҳисобланади. SAMO бренди остида корхона маҳсулотларининг кўп қисми экспорт қилинади. 2021 йилда президент томонидан бир гуруҳ тадбиркорларга миннатдорчилик билдириш ҳақидаги фармойишида Ғаниев Акром Тўлқинович ҳам бор. Шунингдек, бу кимса ҳақидаги кам сонли маълумотларда унинг Олий Мажлис сенати аъзоси эканлиги ҳам кўрсатилган. Хулоса қилсак, бу кластер компанияси турли даражадаги хорижий делегацияларга кўз-кўз қилинадиган экспортчи компаниялардан бири бўлиб чиқяпти. Демакки, у “тегиб бўлмайдиган” компаниялар қаторига киради. Мана, энди масала ойдинлашган бўлса керак. Бу фабрика ташкил топганидан бери хоҳлаганича канал сувини заҳарлаганига қарамай, унга ҳеч ким чора кўра олмагани, унинг ҳукумат, балки шахсан президент Мирзиёев оиласига яқин кимсалардан бирига тегишли эканлиги эҳтимолини янада кучайтиради.
Бу ер, сув ва ҳавомиз заҳарланаётган биргина ҳолат холос. Масалан, Навоий шаҳри аҳолиси ҳам бир неча ҳафтадан бери заҳарли ҳаводан нафас олишга мажбур бўляпти. Экология вазири эса “вазият ўрганилиб, айбдор корхоналарга қарши судга даъво киритилди” дейишдан нарига ўтмади. Эътиборлиси, айбдор корхона номини тилга олмади, яширди. Яқинда Мўйноқда газ сизиб чиққанда ҳам расмийлар газ конидаги пудратчининг ким эканлигини очиқламади…
Шулардан кўриниб турибдики, ўзбек режими татбиқ қилаётган капиталистик демократия тузумида сиёсий элита ва капиталист бойлар манфаати ҳимоя қилинади. Агар бу ўзлари ўйлаб топган қонунларни бузишни тақозо қилса ҳам, ҳеч иккиланмай қонунларга тупуриб қўйишади. Бироқ халқимиздан – гарчи бу конституция ва қонунлар мусулмон халқ эътиқодига зид бўлса ҳам – уларга ҳурмат ва итоатда бўлишни қаттиқ талаб қилишади. Бу ҳукумат мана шундай иккиюзламачи, бу тузум мана шундай яроқсиз тузумдир.
Минг афсуски, ёмон бошқарув ва ахлат тузум оқибатида ҳам одамлар манфаатларига, ҳам табиатимизга улкан зарар етмоқда. Буни анави лоқайд ҳокимлар ва улар татбиқ қилаётган қонунлар билан тузатиб бўлмайди. Ер-сув ва ҳавомизни асраб-авайлаб, уни ишончли ҳимоя қиладиган Ислом тузуми келсагина ҳақиқий ва ижобий ўзгаришлар юз беради. Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
– “(Эй Муҳаммад) Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”. (Анбиё:107)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Форуқ
12.08.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми