“Хитой инвестицияси” маҳаллий фермерларни куйдирмоқда

“Хитой инвестицияси” маҳаллий фермерларни куйдирмоқда
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Йиллар давомида телевизор экранлари ва расмий минбарлардан янграётган “фермер – элимиз таянчи”, “фермер бой бўлса, давлат бой бўлади” деган баландпарвоз гапларнинг сийқаси аллақачон чиқиб кетди. Бу баёнотлар нафақат ер билан тиллашаётган заҳматкаш фермер учун, балки қишлоқ хўжалигидан йироқ бўлган оддий шаҳарлик учун ҳам шунчаки мазмунсиз шиорга айланиб улгурди. Давлат раҳбарининг фермерларни ҳимоя қилиш ва уларга кенг эркинликлар бериш ҳақидаги ваъдалари янграётган бир пайтда, жойларда мутлақо акс манзара кузатилмоқда. Бунинг исботи сифатида “Озодлик” радиосининг Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан тайёрлаган сўнгги суриштирувини келтириш мумкин. Унда маҳаллий фермерларнинг ерлари “Хитой инвесторлари” учун ноқонуний ва зўравонлик билан олиб қўйилаётгани фош қилинган. Воқелик шуки, “Савай ариқ сувлари” ва “Азизабону дурдонаси” каби ўнлаб фермер хўжаликлари раҳбарлари тун ярмида ҳокимиятга чақирилиб, ИИБ ходимлари босими остида ердан “ихтиёрий” воз кечиш ҳақида ариза ёзишга мажбурланган.
Қизиғи шундаки, туман ҳокимлари ва мутасаддилари буни “Президент топшириғи” дейишган. Фермер Зоиржон Гаппаровнинг сўзларига кўра, ҳокимлик вакиллари очиқчасига: “Бу президентнинг топшириғи, хитойликларга ер беришимиз керак”, дея таҳдид қилган. Топшириқ президент томонидан келган экан, демак, фермерларнинг ерини тортиб олиш маҳаллий амалдорларнинг шахсий қарори эмас. Бундан ташқари, ҳокимлар ва мутасаддилар президентни “номини сотадиган” даражада аҳмоқ бўлмасалар керак. Булардан хулоса қилиш мумкинки, фермерлар ерини тортиб олиш энг юқори даражадаги қарор соҳиблари томонидан келган топшириқдир. Шунинг учун фермерлар додини эшитадиган одам йўқ ва улар бунинг сабабини маҳаллий ҳокимиятдан эмас, балки президентгача етиб борган Хитой таъсиридан излашлари лозим.
Мазкур можарода расмийларнинг тутган позицияси алоҳида эътиборга молик ва уларнинг ҳар бир гапи замирида ҳуқуқий ҳийлалар яширинган. Қўрғонтепа тумани фермерлар кенгаши раиси Орифжон Қаюмов ва бошқа мутасаддилар фермерларнинг айбловларини кескин инкор этиб, ерлар шунчаки “захирага олингани” ва ҳали ҳеч қандай хорижий инвестор кириб келмаганини иддао қилишмоқда. Бироқ фактлар шуни кўрсатадики, бу “захирага олиш” жараёни ерни эски эгасидан тозалаш ва уни янги хўжайинга топшириш босқичидаги ҳуқуқий кўприкдир. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилган “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” МЧЖ айнан мана шу мақсадда тузилган. Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиевнинг “ерлар Дирекция орқали хитойликларга ижарага берилади” деган иқрори расмий баёнотларнинг нақадар ёлғон эканини фош қилади. Демак, “захирага олиш” шунчаки ҳуқуқий ниқоб бўлиб, у фермернинг ижара ҳуқуқини бекор қилиш ва ерни йирик хорижий корпорацияларга “йирик лот” сифатида топшириш учун ишлатилмоқда.
Энг аламлиси, бу адолатсизлик нафақат ер, балки ҳаёт манбаи бўлган сув тақсимотида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Маҳаллий фермерларнинг суриштирув давомида билдирган эътирозларига кўра, улар йиллар давомида сув танқислигидан азият чекиб, экинлари қуриб қолаётган бир пайтда, янги келган хитойлик инвесторлар учун алоҳида имтиёзлар ва “яшил йўлак”лар яратилган. Фермерларнинг айтишича, сув лимитлари биринчи навбатда хорижлик инвесторларга йўналтирилиб, маҳаллий деҳқонларнинг манфаатлари очиқчасга оёқости қилинмоқда. Бу эса ҳукуматнинг ўз фуқаросига бўлган муносабати нақадар совуқ ва ҳисоб-китобли эканини, мустамлакачилик сармоялари ва ифлос капитал халқнинг стратегик ресурслари ҳамда келажак авлодлар ҳақидан устун қўйилаётганини кўрсатади.
Бу ерда ўринли савол туғилади: нима учун Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий фермерларга керакли шароитни яратиб бериш ва қўллаб-қувватлаш ўрнига, тайёр ер ва сувни мустамлакачига тортиқ қилмоқда?
Аслида, маҳаллий қишлоқ хўжалигини оёққа турғизиш учун ерни бегонага бериш эмас, балки ўз фермерларимиз ихтиёрига бериш кифоя эмасмиди? Масалан, томчилатиб суғориш тизимларини ҳокимликлар томонидан мажбуран тиқиштириладиган ва давлат маблағларини талон-торож қилувчи фирибгар ширкатларсиз, фермернинг ўз ихтиёрига қўйиб бериш, шунингдек, совет давридан қолган мажбурий пахта режаларини буткул бекор қилиш ҳамда ернинг ҳақиқий унумдорлигига қараб, фермер билан адолатли шартномалар тузишнинг ўзи соҳани гуллатиб юбормасмиди?! Нега ҳукумат ўз халқига, яъни маҳаллий фермерларга молиявий ёрдамлар ажратиш, ерни асраб-авайлаш учун техник кўмак бериш ўрнига, уларни турли йўллар билан “қарздор” қилиб, кейин шу сунъий қарзи эвазига ерини тортиб олиш йўлидан бормоқда? Бу фермерни ривожлантириш эмас, балки уни ўз ерида синдириш сиёсати эмасми?!.
Бундай “сахийлик” сабабини Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий тобеликнинг хавотирли рақамларидан қидириш лозим. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорига айланган бўлиб, ўзаро товар айланмаси 12,5 млрд доллардан ошиб кетди. Энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига, айниқса асосий капиталга энг кўп сармоя киритувчи давлатдир – жами хорижий сармояларнинг қарийб 28 фоизи айнан Пекин ҳиссасига тўғри келади. 2024 йилнинг ўзида мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги компаниялар сони 4800 тадан ошиб, кўп йиллик етакчи бўлган Россияни ҳам ортда қолдирди. Ҳукумат учун бу рақамлар – халқаро майдондаги улкан “муваффақият” ҳисоботи бўлиб хизмат қилмоқда.
Алатта, бу рақамлар ортида Хитойнинг Марказий Осиёдаги “юмшоқ кучи” ва иқтисодий экспансияси яширинган. Кўпчилик мустақил экспертларнинг фикрича, бу жараён “тизимли қарамлик” деб аталади. Ҳукумат Хитой пулларисиз иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини ушлаб тура олмаймиз, деб ўйлайди. Шу сабабли, улар онгли равишда Хитойнинг талабларини бажаришга киришадилар. Андижондаги воқеалар шуни кўрсатадики, маҳаллий аҳолининг ҳуқуқлари “инвесторнинг кўнглини олиш”дан анча паст туради. Бу ҳам мажбурият, ҳам танловдир. Ҳукумат ўз халқига таяниш, фермерларга эркинлик бериш орқали ички ресурсни сафарбар қилиш йўлини эмас, балки хориждан тайёр пул олиб, эвазига ер ва сувни топширишнинг “осон” йўлини танлади. Бу эса вақт ўтиши билан онгли равишда қабул қилинган тобеликка айланиб боряпти.
Хулоса қилиб айтганда, Андижондаги ер можароси шунчаки маҳаллий ҳокимнинг ўзбошимчалиги ёки алоҳида бир инвестиция лойиҳасининг муваффақиятсизлиги эмас. Бу инсон манфаатидан кўра фойда ва капитални устун қўювчи капиталистик демократия тузумининг асл башарасидир. Капитализм учун деҳқоннинг тақдири, унинг оиласи ёки ерга бўлган меҳри ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бу тизимда ер ҳам, инсон меҳнати ҳам шунчаки олди-сотди қилинадиган товар ҳисобланади. Ҳукуматнинг ўз фуқаросини ярим кечаси милиция билан қўрқитиб, ерини тортиб олиши – хорижий мустамлакачи манфаати йўлида маҳаллий фермерни қурбон қилишдир. Бундай тузумда бойлар янада бойийди, заҳматкаш халқ эса ўз ерида мусофирга ва “замонавий қул”га айлантирилади. Энг ачинарлиси, ўзбек ҳукумати ўз халқининг ризқини ва келажагини шунчаки бир инвесторга эмас, балки Ислом ва мусулмонларга ашаддий душманлигини яширмаётган Хитой режимига қўш-қўллаб топширмоқда. Шарқий Туркистонда миллионлаб мусулмон биродарларимизни концлагерларда азоблаётган, масжидларни вайрон қилиб, Қуръон ва шариатга қарши уруш эълон қилган золим режим билан “стратегик шериклик” қилиш улкан иқтисодий хато, мусулмон халқиқимиз ҳаққига тажовуздир.
Ваҳоланки, мусулмонларни бундай зулм ва адолатсизликдан қутқарадиган ягона ечим мавжуд бўлиб, у – Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатидир. Халифалик Аллоҳнинг қонунларини ер юзида ижро этувчи, инсон қадрини ҳамма нарсадан устун қўювчи адолатли бошқарув тизимидир. Ислом давлатида ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш масаласи капиталистик очкўзликка эмас, балки шаръий адолат мезонларига асосланади. Расулуллоҳ ﷺ: “Ким бўш (қаровсиз) ерни обод қилса, у ўшаникидир”, – деб марҳамат қилганлар. Халифаликда давлат ерни инвесторларга сотиш учун эмас, уни деҳқонларга бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун масъулдир. Агар киши ерни уч йил давомида ишлатмай ташлаб қўйса, давлат уни олиб, ишлатадиган бошқа кишига беради. Бу эса, ернинг “йирик лот” сифатида капиталистлар ёки хорижий корпорациялар қўлида тўпланиб қолишининг олдини олади.
Модомики, биз инсон томонидан ўйлаб топилган ва фақат кучлилар манфаатига хизмат қилувчи капиталистик қонунлар билан яшар эканмиз, бошимиздан бундай зулм ҳеч қачон аримайди. Бизга керак бўлган нарса шунчаки “яхшироқ” вазир ёки “инсофлироқ” ҳоким эмас, балки Аллоҳнинг адолатини ўрнатадиган Халифалик давлатидир. Фақатгина мана шундай илоҳий тузумда деҳқон ўз ерининг ҳақиқий эгаси бўлади ва ер хорижий мустамлакачилар қўлида савдо объектига айланмайди.
Салоҳиддин
29.01.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ
1447 ҲИЖРИЙ ЙИЛ МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ
Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!