Олтин нархидаги тебранишлар
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Олтин нархидаги тебранишлар
Аҳмад Саид номига
Савол: Муҳтарам шайхимиз, Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
"Ушбу саволим сизга сиҳат-саломатлик ва офиятда барқарор бўлган ҳолингизда етиб боришига умидворман. Аллоҳ субҳонаҳу таолодан сизнинг динни азиз қилиш ва шариат аҳкомларини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги хайрли фаолиятингизда зафарлар ва мададлар тилайман. Менинг саволим қуйидагича:
"Биз сўнгги даврда олтин нархининг кескин кўтарилишига гувоҳ бўлдик, у бир неча йил ичида ўз қийматидан бир неча баробар ошиб кетди. Бу олтиннинг ўзгармас метал ва валюталар учун мезон сифатидаги табиати ўзгарганини англатадими ёки бу тебранишлар айрим сиёсий тизимларнинг назорати ва мавжуд сиёсий шароитлар натижасими?
Агар шундай бўлса, Аллоҳнинг изни ила яқин келажакда барпо бўлажак Ислом давлати олтиннинг барқарорлигини қандай таъминлайди ва ислом душманлари томонидан амалга ошириладиган манипуляцияларнинг олдини қандай олади? Баракаллоҳу фикум". Биродарингиз Аҳмад Саид, Исро ва Меърож замини-Фаластин.
Жавоб: Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Олтин нархидаги тебранишларнинг сабаби шундаки, ҳозирги кунда у товар (commodity) сифатида кўрилмоқда. Шу сабабли, бозордаги спекулятив амалиётлар унинг қиймати ошиши ёки тушишига таъсир ўтказмоқда. Хусусан, жаҳоннинг йирик давлатлари, биринчи навбатда АҚШ, асосий муомала воситаси доллар бўлиб қолишидан манфаатдор. Шу боис, улар доллар эмиссиясини (пул босишни) ҳеч қандай назоратсиз оширади ёки камайтиради. Уларнинг бир қатор давлатлар билан ўрнатган мустамлакачилик алоқалари кўп ҳолларда доллар курсининг гўёки олтин каби барқарор туришига кўмаклашади..
Агар вазият бошқача бўлганида, яъни пул деганда фақат олтин тушунилиб, босиб чиқариладиган ҳар қандай қоғоз пул исталган вақтда олтинга алмаштирилиши мумкин бўлган муайян миқдордаги олтин захирасига эга бўлганида эди (бу «вакиллик пуллари» (Representative Money) деб аталади), у ҳолда ҳозирги барча қоғоз пуллар ўзлари босиб чиқарилган қоғоз қийматидан ортиқ қийматга эга бўлолмас эди.. Бу ҳолат янада тушунарли бўлиши учун мен тушунишга ёрдам берадиган иккита жиҳатни айтиб ўтаман:
Биринчи: "Иқтисодий инқирозлар: уларнинг воқелиги ва Ислом нуқтаи назаридан муолажаси" номли китобимда шундай баён этилган:
"Иқтисодий инқирозлар пул тизимининг воқелиги натижасидир:
Дунё пул муомаласида олтин стандарти (Gold Standard) тизимига амал қилган даврда – иқтисодий ва пул барқарорлиги – равнақ этган босқичида эди. Ушбу тизим бекор қилиниб, захирасиз мажбурий қоғоз пулларга ўтилгач, вазият ёмонлашди ва инқирозлар бирин-кетин авж ола бошлади.
«Олтин стандарти» тизими қатъий (ўзгармас) валюта айирбошлаш курсини кафолатлар эди. Бунда ҳар бир давлатнинг пул бирлиги ё бевосита олтин металли кўринишида бўлган ёки унинг тўлиқ қийматини ифодаловчи ва исталган вақтда олтинга конвертация қилиниши (алмаштирилиши) мумкин бўлган вакиллик қоғозлари кўринишида муомалага чиқарилган. Шу сабабли, давлатлар ўртасидаги валюта айирбошлаш курси барқарор ва ўзгармас бўлган, чунки улар умуминсоний қабул қилинган олтин бирлигига нисбатан белгиланган эди.
Масалан, Исломда Динор (4.25) грамм олтин қилиб қатъий белгиланган. Худди шундай, Британия Фунт стерлинги қонун билан икки грамм соф олтинга тенглаштирилган, Франция Франки эса бир грамм олтин қийматига эга эди ва ҳоказо. Шу сабабли алмашув курси барқарор бўлган.
Бу тизим ички ва ташқи бозорда пул бирлиги қийматининг барқарорлигини таъминлаган. Бунга далил шуки, 1910 йилдаги нархларнинг олтинга нисбатан индекси 1890 йилдаги даража билан деярли бир хил бўлган.
Ушбу тизим бекор қилингач эса, инқирозлар сурункали тус олди…"
Иккинчи: Давлат, Аллоҳнинг изни билан, барпо этилганида, унинг пули бошқа давлатларнинг спекуляциясидан таъсирланишидан хавфсирашга ўрин йўқ. Ҳатто бошқа давлатлар олтин ва кумушдан воз кечиб, қоғоз пул тизимида қолган ҳолда Ислом давлатига таъсир ўтказишга уринса ҳам, мусулмон юртларининг стратегик афзалликлари уларни ташқи манипуляциялардан ҳимоя қилади. "Иқтисодий низом" китобида бу ҳақда шундай дейилади:
"…Ислом давлати валютаси ва бошқа давлатлар валюталари ўртасидаги алмашув курси икки сабабга кўра Исломий Давлатга таъсир кўрсатмайди:
Биринчиси, Исломий юртлар уммат ва давлат учун зарур бўлган барча хом ашё ресурсларига эга. Шу боис, бошқа маҳсулотларга нисбатан фундаментал эҳтиёж ёки зарурий эҳтиёж мавжуд эмас. Шу сабабли, маҳаллий маҳсулотлар билан кифояланиш имкониятига эга бўлиб, ташқи ўзгаришлар унга таъсир кўрсатолмайди.
Иккинчиси, Исломий юртлар дунёнинг барча давлатлари эҳтиёж сезадиган (масалан, нефть каби) товарларга эгалик қилади ва ушбу товарларни одамларга фақат олтин эвазига сотиш шартини қўйиш имкониятига эга. Ўз маҳаллий маҳсулотлари билан бошқаларга қарамликдан озод бўлган ҳамда барча инсонлар муҳтож бўлган товарларга эгалик қилувчи давлатга валюта курсининг ўзгариши асло таъсир кўрсата олмайди. Аксинча, айнан шундай давлат халқаро пул бозорларини бошқариш қудратига эга бўлади ва ҳеч ким унинг миллий валютаси устидан назорат ўрната олмайди.
Шундай экан, азиз биродар, хотиржам бўлинг! Зеро, Ҳизб сафида юксак заковат, теран онг ва оқилона тадбир соҳиблари бўлган шундай рижоллар борки, улар аввало Аллоҳ субҳанаҳунинг ёрдами ва тавфиқи ила Ислом душманларининг макру ҳийлаларини ўзларига қарши қайтаришга қодирдирлар. Зеро, Аллоҳ солиҳ бандаларига Ўзи дўстлик ва ҳомийлик қилур
Умид қиламанки, бу жавоб кифоя қилади. Аллоҳ энг билгувчи ва ҳикмат соҳибидир.
Биродарингиз Ато ибн Халил Абур Рошта 07 рамазон 1447ҳ
24 Феврал 2026м
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми