Ислом цивилизацияси деганда бино ҳашаматими ёки низом татбиғини тушуниш керакми?

Ислом цивилизацияси деганда бино ҳашаматими ёки низом татбиғини тушуниш керакми?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Цивилизация тушунчаси инсоният тарихида шунчаки моддий ютуқлар ёки муҳташам бинолар мажмуини эмас, балки инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини — иқтисоддан тортиб то оилавий муносабатларгача, сиёсатдан тортиб то таълим тизимигача тартибга солувчи мукаммал бир низомни, яъни тузумлар ижросини англатади. Лотинча "civilis" сўзидан келиб чиққан бу атама аслида шаҳарлашиш ва фуқаролик жамиятига асосланган тартибни ифодаласа-да, Ислом оламида у "тамаддун" ёки "маданият" тушунчалари орқали янада чуқурроқ, мафкуравий маъно касб этади. Машҳур мутафаккир Ибн Халдун таъкидлаганидек, цивилизация (умрон) фақатгина меъморчилик эмас, балки адолатли қонунлар ва сиёсий барқарорлик натижасидир; агар тизимда адолат ва қонунлар ижроси бузилса, цивилизация ҳам инқирозга юз тутади. Бу фикрни Ғарб тарихчиси Вилл Дюрант ҳам қувватлаб, цивилизациянинг асосий устунларидан бири сифатида айнан "сиёсий ташкилот ва ахлоқий анъаналар"ни кўрсатади.
Ислом цивилизациясининг бошқа цивилизациялардан тубдан фарқи шундаки, у инсон ақли маҳсули бўлган қонунларга эмас, илоҳий ваҳий ва Ислом ақидасига таянади. ХХ аср мутафаккири Малик ибн Набий таъкидлаганидек, "Цивилизация — бу бинолар йиғиндиси эмас, балки маълум бир идеология асосида ҳаракатга келган жамиятнинг маҳсулидир". Шу маънода, Ислом цивилизацияси ҳақида гап кетганда, биз биринчи навбатда Ислом аҳкомларининг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилишини тушунишимиз лозим. Британиялик тарихчи Арнольд Тойнби таъкидлаганидек, ҳар бир цивилизация асосида уни ҳаракатга келтирувчи "диний ва ҳуқуқий руҳ" ётади ва агар жамият бу тизимдан воз кечса, у цивилизация сифатида яшашдан тўхтаб, фақат "музей экспонати"га айланади.
Тарихга назар ташласак, Ислом цивилизациясининг энг гуллаган даврлари айнан Ислом низоми жамият бошқарувининг асоси бўлган даврларга тўғри келади. Халифалик бу цивилизациянинг сиёсий ва ҳуқуқий таянчи бўлиб хизмат қилган. Чунки муфаккир Саййид Қутб айтганидек, ҳақиқий цивилизация — бу инсонни инсонга қуллик қилишдан халос этиб, фақатгина илоҳий низом ҳукмрон бўлган муҳитдир. Бу қарашни замонавий Ғарб исломшуноси Маршалл Хожсон ҳам тасдиқлаб, Ислом цивилизациясининг муваффақиятини унинг инсон ҳаётини ягона ҳуқуқий мезон — Шариат асосида бирлаштира олганида кўради. Бағдод, Дамашқ, Қуртуба ва Бухоро каби илм-фан ўчоқларининг юксалиши шунчаки тасодиф эмас, балки адолатли исломий қонунлар ижросининг меваси эди. Ислом цивилизацияси маркази деганда тарихчилар ва олимлар ҳар доим Ислом қонунлари ижро этиладиган, адолат тамойиллари устувор бўлган ва инсоннинг қадр-қиммати илоҳий мезонлар билан белгиланиб, ҳимоя қилинган сиёсий ва ижтимоий маконни назарда тутишган.
Бироқ бугунги кунда Ўзбекистонда "Ислом цивилизацияси маркази" деб номланган мажмуанинг очилиши терминологик ва мафкуравий жиҳатдан жиддий саволларни келтириб чиқаради. Агар биз цивилизация сўзининг асл мазмунидан келиб чиқсак, Ўзбекистондаги ушбу бинони "цивилизация" деб аташ илмий ва мантиқий жиҳатдан нотўғридир. Чунки цивилизация — бу деворлар, гумбазлар ёки музей экспонатлари эмас, балки ҳаётда амал қилаётган тузумдир. Ислом цивилизацияси мавжуд бўлиши учун биринчи навбатда Ислом қонунларининг жамиятда амалда бўлиши талаб этилади. Сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимо каби барча соҳалар Ислом аҳкомлари асосида бошқарилмас экан, ҳар қандай муҳташам бинони "Ислом цивилизацияси маркази" деб аташ фақатгина юзаки рамзийликдан нарига ўтмайди ва ҳатто халқнинг исломий туйғулари билан ўйнашиш ҳамдир. Тошкентнинг тарихий Хаст-Имом ҳудудида 10 гектар майдонда қурилган, гумбазининг баландлиги 65 метр бўлган бу бино ўз кўлами билан дунёдаги энг йирик маърифий марказлардан бири бўлиши мумкин, аммо у ҳозирги ҳолатига кўра "цивилизация" деган юксак мақомга эга бўла олмайди. Ҳақиқий цивилизация тирик жараёндир. У инсонлар яшаш тарзида, давлат қонунчилигида намоён бўлади. Ислом цивилизацияси тарихида илм-фан ривожи алоҳида ажралиб турган бўлса, бунинг сабаби Ислом ақидасининг илм олишни ҳар бир мусулмонга фарз қилганида ва давлат буни тўлиқ қўллаб-қувватлаганида эди. Эндиликда бир бинони шундай номлаш, тушунчаларнинг мазмуни хиралашишига ва цивилизациянинг асл моҳияти унут бўлишга олиб келади, холос.
Президент Мирзиёевнинг бу марказга ташрифи ва у ерда билдирган фикрлари лойиҳанинг давлат миқёсидаги аҳамиятини кўрсатади. Президент марказнинг меҳмонлар Фахрий китобида дастхат қолдирар экан, бу мажмуани "юрак чизган, меҳр чизган" лойиҳа деб атади. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу маскан ёшлар учун ўз аждодларининг кимлигини англаш, миллий ва диний ўзликни ҳис қилиш жойи бўлиши керак. Марказда 114 та нодир Қуръон қўлёзмаларининг жамланиши, сомонийлар, қорахонийлар, темурийлар ва бобурийлар даврига оид артефактларнинг кўргазмага қўйилиши халқнинг тарихий хотирасини тиклашга қаратилган қадамдир. (kun.uz).
Лекин шуни алоҳида қайд этиш лозимки, "Ислом цивилизацияси" каби улкан ва тизимли тушунчани муайян бир бино ёки меъморий мажмуага хослаш ҳар жиҳатдан нотўғридир. Зеро, ҳақиқий цивилизация маркази барпо бўлиши учун Ислом қонунлари жамиятнинг ижтимо, сиёсий ва иқтисодий ҳаётида тўлиқ татбиқ этилиши шарт. Цивилизация — бу деворлар орасига қамаб қўйиладиган ёки музей пештахталарига териб қўйиладиган ўлик ашёлар тўплами эмас, балки бутун бошли жамиятнинг яшаш тарзини белгиловчи тирик низомдир.
Тарихий фактларга юзлансак, Мовароуннаҳр заминида юз берган биринчи ва иккинчи Ренессанс даврлари айнан Ислом низоми остида шаклланган эди. Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги инқилоби, Хоразмийнинг математикадаги кашфиётлари ёки Ал-Фарғонийнинг илм-фандаги ютуқлари шунчаки шахсий даҳолик эмас, балки Ислом цивилизацияси яратган муҳитнинг маҳсули эди. Бу олимлар яшаган даврда жамият Ислом ҳукмлари асосида бошқарилган ва бу муҳит илмий изланишлар учун замин яратган. Бугунги кунда Ўзбекистонда очилган марказ айнан шу меросни қайта тиклашга даъво қилмоқда. Бироқ цивилизацияни фақат музейлаштириш ёки бино қуриш орқали тиклаб бўлмайди. У инсонларнинг яшаш тарзида ва давлат тузумида яққол кўзга ташланиб туриши керак. Агар ушбу мажмуа Ислом қонунларининг ҳаётга татбиқи борасида билим бермаса ва бу тузумни ҳокимият тепасига олиб келишга хизмат қилмаса, у ҳолда у "цивилизация" мақомига асло дахлдор эмас.
Хулоса қилиб айтганда, "цивилизация" сўзи жуда салмоқли ва масъулиятли тушунчадир. У нафақат ўтмишдаги шон-шарафни, балки бугунги кундаги давлат низомини ҳам ифодалайди. Агар мазкур “марказ” ушбу асл моҳиятдан узоқ бўлса, у фақат тарихий ёдгорликларни сақловчи маскан бўлиб қолади холос. Тарихдаги Халифалик даврларида бўлгани каби, цивилизациянинг маркази бинолар билан эмас, балки илоҳий ҳукмларнинг устуворлиги билан белгиланади. Фақат Ислом қонунлари ҳаётга қайтган тақдирдагина, биз чинакам цивилизация ҳақида гапиришимиз мумкин бўлади. Цивилизация тушунчасини мана шундай кенг ва чуқур маънода англаш ва талқин қилиш бизни сатҳийлик ва сохта фахрланишдан қутқаради.
Салоҳиддин
19.05.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми