Миграция муаммосига ҳақиқий ечим

Миграция муаммосига ҳақиқий ечим
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Бугунги кунда хорижда, хусусан Россияда меҳнат қилаётган миллиондан ортиқ юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш ва уларни муносиб иш билан таъминлаш масаласи ўткир кун тартибларидан бирига айланди. 2026 йилнинг бошида Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу масала алоҳида муҳокама қилинди. Йиғилишда «AKFA Holding» асосчиси ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев хориждаги 10 минг нафар мигрантни ўз корхоналари тизимига ишга олишга тайёрлигини билдириб, алоҳида платформа ва колл-марказ яратиш таклифини илгари сурди. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, тегишли топшириқлар берди ва мамлакатдаги 600 мингга яқин тадбиркорлик субъекти бу ҳаракатга қўшилса, 1 миллиондан ортиқ юртдошимизни ортга қайтариш мумкинлиги таъкидланди.
Ушбу баёнотлар синчиклаб ва фактларга асосланиб таҳлил қилинса, реал иқтисодий зиддиятлар намоён бўлади. Ортиқхўжаев каби йирик ва давлат томонидан йиллар давомида имтиёзларга, монопол имкониятларга эга бўлган бизнес эгалари учун 10 минг иш ўрни оғирлик қилмас. Аммо мамлакатдаги кичик тадбиркорларнинг аксарияти бугунги кунда коммунал тарифларнинг кескин ошиши, доимий энергетика дефицити ҳамда юқори солиқ ва маъмурий босим остида амал-тақал омон қолмоқда. Қолаверса, хориждаги ўртача меҳнат муҳожири ойига 600-1000 доллар даромад топади, маҳаллий кичик бизнес эса паст харид қобилияти сабабли 200-300 доллар атрофида иш ҳақи бера олади, холос. Сунъий равишда 1 миллион одамни ишга олиш учун ички ва ташқи бозорда улкан талаб бўлиши керак, аммо биргина Ўзбекистон ички бозори бунча маҳсулот ва хизматни ҳазм қилишга ожизлик қилади.
Демак, биргина Ўзбекистон ва унинг ички имкониятлари ёлғизликда миллиондан ортиқ меҳнат муҳожирларини ортга қайтариб, уларни юқори маошли иш билан таъминлаши қийин масала. Бунинг учун Марказий Осиё давлатлари бир ёқадан бош чиқариб, ягона 80 миллионлик иқтисодий майдонни барпо этишлари лозим. Бу шунчаки назарий ғоя эмас, балки аниқ ва рақамларда асосланган йирик салоҳиятдир. Бугунги кунда минтақа аҳолиси 80 миллиондан ошган ва унинг 50 фоизидан ортиғи 30 ёшгача бўлган фаол меҳнат ресурсларидир. Минтақанинг умумий ЯИМ ҳажми 400-450 миллиард долларни ташкил этади ва у дунё харитасида йирик иқтисодий субъектга айланишга тайёр.
Ҳозирда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо умумий ташқи савдонинг бор-йўғи 9-10 фоизини ташкил қилади, холос. Чекловлар ва божхона тўсиқлари тўлиқ олиб ташланса, ички савдо ҳажми яқин йилларда 20-25 миллиард долларга етиши, чегаралардаги ушланиб қолишлар барҳам топгач, транспорт ва трансакция харажатлари 15-20 фоизга арзонлашиши мумкин. Ресурс ва энергетика жиҳатидан ҳам мукаммал баланс мавжуд: Тожикистон ва Қирғизистоннинг улкан гидроэнергетика салоҳияти (биргина Тожикистонда йилига 527 миллиард кВт/соат) Қозоғистон ва Туркманистоннинг газ ва нефт манбалари билан интеграция қилинса, ягона энергетика ҳалқаси орқали йилига 2-3 миллиард долларлик беҳуда исрофнинг олди олинади ва саноат арзон энергия билан таъминланади.
Агросаноатда Қозоғистоннинг йилига 20 миллион тонна мустаҳкам ғалла ва гўшт манбаси Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистоннинг мева-сабзавот ва пахтачилик салоҳияти билан бирлашса, минтақа Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёни озиқ-овқат билан таъминловчи глобал хабга айланади. Пахта ва минерал хом-ашёни хорижга сотиш ўрнига, ягона саноат кооперацияси орқали маҳаллий қайта ишлашни йўлга қўйиш қўшилган қийматни 4-5 бараварга оширади. Мана шундай 80 миллионлик мега-бозоргина миллионлаб меҳнат муҳожирларини қайтариш учун юқори маошли ва барқарор иш ўринларини яратишга қодир.
Шунингдек, минтақа давлатларининг турли ташкилотлар ва ҳарбий-сиёсий блокларга (ЕОИИ, КХШТ ва бошқалар) аъзолиги бирлашиш йўлида жиддий ҳуқуқий ва геополитик тўсиқ бўлади. Шунинг учун бу каби ташкилот ва блоклардан зудлик билан чиқиш энг тўғри йўлдир. Чунки алоҳида-алоҳида бўлинган давлатга ўз шартини ўтказадиган ташқи кучлар, 80 миллионлик яхлит ва мудофаа жиҳатидан жипслашган ягона Марказий Осиё блокининг иродаси билан ҳисоблашишга мажбур бўлади.
Энергетика ва сув масалаларини ташқи кучлар аралашувисиз, фақат ички 5 талик доирасида адолатли мувофиқлаштириш ҳамда минтақанинг ўз олтин-валюта захиралари ҳисобидан Марказий Осиё Тараққиёт Жамғармасини тузиш ташқи молиявий қарамликка барҳам беради. Бу эса минтақани ташқи кучларнинг диктатидан ҳимоя қилиб, тенг ҳуқуқли музокара олиб бориш имконини беради. Ушбу қадамлар учун давлатлар ўртасидаги сунъий савдо чекловларини бекор қилиш ва минтақа халқлари ўртасида адолатли муомалани таъминлаш зарур. Зеро, чегаралар ва ортиқча тўсиқларни олиб ташлаш одамларга иш излашда енгиллик яратади. Саноат ва савдода коррупция ва монополияга чек қўйилиб, мулк дахлсизлиги таъминланса, соғлом иқтисод барпо қилинса, маҳаллий ва минтақавий капитал эркин ҳаракатлана бошлайди.
Албатта, бу санаб ўтилганлар ҳозирги ҳолатда амалга оширса бўладиган ва вақтинча ечимлардир. Бунинг учун минтақа режимларидан ўз халқи манфаатларини биринчи ўринга қўйиш ва кучли сиёсий ирода талаб қилиниши ҳам ойдек равшандир. Бироқ шуниси аниқки, алоҳида ажратилган сунъий чегаралар ва фақат вақтинчалик иқтисодий битимлар доирасида ҳеч қачон тўғри ечимга эришиб бўлмайди.
Ҳақиқий ва мукаммал ечим бу – тарихда бўлганидек, минтақа халқларининг шунчаки «савдо ҳамкорлари» сифатида эмас, балки бир Уммат, ягона Исломий давлат сифатида бирлашишидадир. Ислом шариатида мусулмонларнинг ҳаёти миллий сунъий чегаралар билан парчаланмаган, шариат бўйича ресурслар, ер ва сув манбалари ягона уммат мулки саналади.
Тарих гувоҳ: Минтақа халқлари ягона Исломий макон ва ягона давлатчилик байроғи остида яшаган асрларда нафақат иқтисодий фаровонликка эришган, балки дунё цивилизацияси, илм-фани ва маданиятининг марказига айланган. Ушбу ягона уммат моделида инсонлар ризқ излаб ўз юртини тарк этишга мажбур бўлмаган, аксинча, ташқи дунё минтақамиз бойлиги ва адолатига ҳавас қилган. Сўнгги асрларда мустамлакачи кучлар томонидан чизилган сунъий чегаралар ва миллий айримачилик эса, халқларимизни заифлаштирди, уларни ўз юртида қашшоқлаштириб, хорижда сарсон-саргардон меҳнат муҳожирига айлантирди.
Шу сабабли, миграция, қашшоқлик, ташқи қарз ва қарамлик каби муаммоларнинг узил-кесил ва ҳақиқий ечими Исломдадир. У ҳам бўлса – мусулмонларнинг умумий эътиқод, адолатли Шариат аҳкомлари ва ягона сиёсий-иқтисодий давлатчилик концепцияси атрофида бирлашишидир. Фақат шундагина минтақа халқлари ўз ерларининг ҳақиқий эгасига айланади, миллионлаб мусулмонлар хорлик ва саргардонликдан халос бўлиб, Халифаликнинг бепоён маконида муносиб ва фаровон ҳаёт кечириш имконига эга бўлади.
Салоҳиддин
08.09.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ