Нега рибо ҳаётимизнинг табиий қисми бўлиб қолди?

Нега рибо ҳаётимизнинг табиий қисми бўлиб қолди?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Эрталаб соат олтида уйғониб, тирбанд йўлларда ишга шошилаётган, кечгача пешона тери тўкиб, топгани рўзғорнинг йиртиғига етмаётган одамнинг юзига бир қаранг. Унинг кўзларида хотиржамлик эмас, доимий хавотир ва чарчоқ бор. Нега? Чунки унинг ойлиги ҳали қўлига тегмасидан олдин аллақачон бўлиб олинган: манави миқдори телефон кредитига, мана буниси маиший техника ёки машинанинг ойлик тўловига, энг катта қисми эса ипотека фоизига… Инсон ўзи сезмаган ҳолда, эрталабдан кечгача ҳалол меҳнат қилиб, охирида судхўрлик тизимини боқиш учун яшамоқда.
Сиз ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега ота-боболаримиз оддий меҳнат билан уйлар солиб, тўйлар қилишган, хонадонига барака инган ҳолда яшаган-у, бугун икки-учта жойда ишлаб ҳам қарздан бошимиз чиқмаяпти? Нега илгари «судхўр» дейилганда жамиятнинг энг разил, нафратга лойиқ одами тушунилган бўлса, бугун ўша судхўрлик замонавий банк биноларининг ойнаванд эшиклари, жилмайиб турган операторлари ва «қулай имконият» деган чиройли рекламалари ортига яшириниб, тўримизга чиқиб олди?
Бу ҳолат ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу дунёни эгаллаб олган капиталистик демократия тузумининг энг мудҳиш ва заҳарли мевасидир. Бу тузум учун инсон – инсон эмас, балки доимий даромад келтириши керак бўлган «истеъмолчи» ва «қул»дир. Демократик қонунчилик инсоннинг ахлоқий ёки эътиқодий мезонларини четга суриб, фоиз устига қурилган судхўрликни «қонуний молиявий фаолият» деб эълон қилди. Натижада, илоҳий ҳукмларда «Аллоҳга ва Неъмат бергувчига қарши уруш» деб аталган оғир гуноҳ, бу тузумда иқтисодиёт асосига айлантирилди.
Тузум инсонни рибо тузоғига қандай туширади? У буни жуда айёрлик ва ҳаётий босимлар орқали амалга оширади:
Биринчидан, капиталистик иқтисод низоми татбиқи натижасида инфляция ва нарх-наво қимматлашуви юзага келади. Инсон ҳалол меҳнат қилиб, пешона тери билан пул йиғмоқчи бўлади. Аммо йиллар давомида йиққан пулига илгари сотиб олмоқчи бўлган уй ёки машинасининг ярми ҳам келмай қолади. Тузум инсонга: «Сен ҳалол йўл билан мақсадингга ета олмайсан, пулинг қадрсизланади. Тезроқ кел, мендан фоизга кредит ол-да, ҳозироқ эга бўл!» деган жозибадор, аммо қарз қопқонига чорлайди. Одамлар зеҳнида «барибир нарх ошиб кетади, олавераман» деган таслимият пайдо бўлади.
Иккинчидан, капиталистик тузум сунъий эҳтиёж ва ҳашамат маданиятини шакллантиради. Телевизор, телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали одамлар онгига «агар охирги русумдаги машинанг, ҳашаматли уйинг ёки қиммат телефонинг бўлмаса, сен жамиятда ҳеч ким эмассан» қабилидаги бузуқ фикр сингдирилади. Инсон ўзининг асосий эҳтиёжидан ташқари, шу сохта обрў ва ҳашамат орқасидан қува бошлайди.
Учинчидан, бу тузум жамиятдаги инсоний оқибат ва беғараз қарз (қарзи ҳасан) институтини йўқ қилди. Илгари бошига иш тушган одамга қўшниси ёки қариндоши холис, Аллоҳ учун қарз бериб туриши мумкин эди. Капитализм одамларни совуқ моддиятчига айлантирди – энди ҳеч ким ҳеч кимга текинга пул бермайди. Жигар-жигарга ишонмайдиган бўлди. Натижада, чорасиз қолган одам ягона эшик сифатида яна ўша судхўр банклар эшигига бош уриб боришга мажбур бўлмоқда.
Энг даҳшатлиси – рибо инсоннинг ҳаётидан баракани тўлиқ шилиб олади. Эътибор беринг, бугун одамлар илгаригидан кўпроқ пул топади, лекин ҳеч кимда хотиржамлик ва қаноат йўқ. Хонадонларда уруш-жанжал, оилаларнинг ажрашиши, соғлиқнинг йўқолиши ва руҳий сиқилишлар авж олган. Чунки рибо билан келган мол-дунё аслида барака эмас, балки хонадонга кириб келган оловдир. Инсон бутун умрини ўша фоизли кредитнинг ойлик тўловини ёпиш учун сарфлайди. У топган пулини оиласининг келажаги, фарзандларининг таълими ёки соғлиғига эмас, аслида банкларда ўтирган судхўр миллионерларнинг бойлигини янада кўпайтиришга сарфлайди.
Мана шу тариқа, капиталистик демократия одамларни занжирсиз ва сезиларсиз кунлик қарздорлик қулига айлантирди. Инсон ўзини «озодман, хоҳлаган нарсамни сотиб оляпман» деб ўйлайди, аслида эса у банкнинг фоиз тўловларини ёпиш учун эрталабдан кечгача югурадиган замонавий қулдир.
Шундай экан, рибонинг ҳаётимизга чуқур кириб келгани – шунчаки иложсизлик ёки тасодифий хато-камчилик эмас. Бу одамларни Аллоҳ ва Унинг адолатли Ислом низомига бўйсунишдан узиб, капиталга бўйсундирган сунъий тузумнинг тўғридан-тўғри оқибатидир. Бу ҳақиқатни англаб етмас эканмиз, «замон шунақа» деб ўзимизни алдаб, аслида ўз қўлимиз билан ҳаётимизни ва охиратимизни вайрон қилишда давом этаверамиз.
Ваҳоланки, Қуръон ва Суннат нусусларида рибонинг оқибатидан шунчалик кескин ва жиддий огоҳлантирилганки, уни эшитган ҳар бир мўмин титраб кетмасдан иложи йўқ. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُوا إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا ۗ وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
– “Рибони ейдиганлар (қиёмат куни қабрларидан) фақат шайтон уриб жинни бўлган одамдек турадилар. Бу уларнинг: “Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да”, деганлари учундир. Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони эса ҳаром қилди…”. (Бақара:275)
Яна бир оятда эса, рибодан воз кечмаганларга очиқдан-очиқ уруш эълон қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَذَرُوا مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ ﴿٢٧٨﴾ فَإِن لَّمْ تَفْعَلُوا فَأْذَنُوا بِحَرْبٍ مِّنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ
– “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинг ва агар мўмин бўлсангиз, рибонинг қолдиғини ҳам тарк қилинг. Агар шундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушдан огоҳ бўлинг!” (Бақара:278-279)
Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ҳам бу иллатнинг жамиятни қай даражада заҳарлашини очиб бериб: «Рибони еганга ҳам, уни едирганга ҳам, уни ёзиб борган котибга ҳам ва унга гувоҳ бўлган икки кишига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин, улар ҳаммаси баробардирлар», – деганлар. (Имом Муслим ривояти).
Бу оят ва ҳадислар шунчаки қуруқ тақиқ эмас, балки инсониятни қуллик ва қашшоқликдан ҳимоя қилувчи ягона қалқондир.
Агар жамиятда Исломнинг адолатли низоми ҳаётга тўлиқ татбиқ этиладиган бўлса, инсонларнинг зеҳнияти, фикри ва турмуш тарзи мутлақо бошқача шаклланади. Ислом тузуми инсонни моддият қули эмас, балки Аллоҳнинг бандаси ва Ер юзидаги халифаси сифатида тарбиялайди. Бу илоҳий низомда иқтисодиёт судхўрлик ва қарздорликка эмас, балки шариат рухсат берган шерикчилик, ҳалол тижорат ва жамиятдаги адолатли мувозанат устига қурилади.
Ислом тузуми татбиқ этилган жамиятда инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат қайта тикланади. Одамлар бир-бирини шилишдан эмас, бир-бирига холис ёрдам беришдан манфаатдор бўлади. Натижада, рибодек разил иллат шунчаки қонун билан тақиқланиб қолмайди, балки инсонлар онгидан ва жамият ҳаётидан томири билан суғуриб ташланади.
Салоҳиддин
08.09.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ