Хитойнинг J-10CE қирувчи учоқлари хариди ортида нима ётибди?

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Матбуот баёноти
Хитойнинг J-10CE қирувчи учоқлари хариди ортида нима ётибди?
Бангладеш қуролли кучларига мустақил ҳарбий доктрина зарур
Замонавий, юқори аниқликдаги қурол-яроғларни харид қилиш — бу бир масала, аммо мамлакатнинг ҳақиқий мудофаа суверенитетини таъминлаш — мутлақо бошқа стратегик вазифадир. Айни пайтда Бангладеш расмий Пекин билан «J-10CE» тоифасидаги кўп мақсадли қирувчи самолётлар ҳамда зарбдор вертолётлар хариди бўйича ҳукуматлараро музокаралар олиб бормоқда. Сиёсий элитамиз ушбу йирик ҳарбий битим тафсилотларини кўриб чиқаётган бир паллада, бир қадам ортга чекиниб, манзарага кенгроқ назар ташлаш айни муддаодир. Шубҳасиз, миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини ошириш ҳаётий зарурат, бироқ бугун танланаётган сиёсий ва ҳарбий йўналишлар келажагда узоқ муддатли стратегик оқибатларни пайдо қилади.
Жаҳон ҳарбий тарихи шундан сабоқ берадики, стратегик қуролларни лойиҳалаш, саноат ишлаб чиқариши ва мунтазам модернизация қилиш каби ҳал қилувчи соҳаларда фақат хорижий таъминотчиларга суяниб қолиш ўта хатарлидир. Мудофаа тизимида ташқи кучларга қарам бўлиб қолган давлатлар, одатда, ўз мустақиллигини бой беради, ташқи босимлар олдида заифлашади ва миллий илмий-технологик инновациялари бўғилиб қолади. Бундан ҳам ачинарлиси, бундай давлатлар кейинчалик мустақил бошқара олмайдиган, техник жиҳатдан бегона бўлган мураккаб қурол тизимларини сотиб олишнинг туганмас домига тушиб қоладилар.
Бу борада 1919–1950 йиллар оралиғидаги Туркия мудофаа саноати тарихи яққол сабоқдир. Ўз миллий ҳарбий салоҳиятини шакллантириш бўйича улкан мақсадлар қўйилганига қарамай, Туркия бунга тўлиқ эриша олмади ва НАТО альянсига аъзо бўлганидан сўнг Ғарб ҳарбий ёрдами ва технологиясига батамом қарам бўлиб қолди. Мазкур тарихий тажриба давлатнинг асл куч-қудрати қанча қурол сотиб олишида эмас, балки ўз қўли билан нимани ярата олиши ва қандай ҳарбий салоҳиятни мустақил назорат қила олишида эканини яна бир бор исбртлади.
Ислом тарихи ҳам бу стратегик ёндашувга аниқ ва мукаммал йўл-йўриқ кўрсатади. Тарихчи Воқидий ўзининг «ат-Тарих вал-Мағозий» асарида қайд этишича, Тоиф қамали пайтида ва Яман фатҳи арафасида мусулмонлар қўшини қуролсозлиги билан танилган ҳудуддан дастлаб манжаниқ ҳамда қамал учун мўлжалланган иккита ҳарбий паногоҳ аравани қўлга киритган эди. Аммо Ислом қўшини бу билан кифояланиб қолмади, балки қисқа фурсат ичида ушбу қуролларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат ва муҳандисликни тўлиқ йўлга қўйди. Натижада бошқа кучларга бўлган ҳар қандай технологик тобеликка чек қўйилиб, кейинги буюк зафарларга мустаҳкам замин яратилди. Шу тариқа, Ислом давлати асрлар давомида ҳарбий технологиялар соҳасида жаҳон пешқадамига айланди ва ўз рақибларига мутлақо қарам бўлмаган ҳолда уруш олиб бориш қудратига эга бўлди. Бу салоҳият шу даражага етдики, ҳатто ўша даврдаги қудратли Хитой империясининг ўзи ҳам Халифаликка жизя тўлашга мажбур бўлган эди.
Бугунги воқеликда эса биздан ҳар томонлама пухта, стратегик ва мулоҳазали фикр юритиш талаб этилмоқда. Чунки хориждан амалга ошириладиган ҳар бир йирик ҳарбий қурол-аслаҳа хариди қуролли кучларимиз бўйнига узоқ муддатли мажбуриятлар занжирини солади. Реактив авиация двигателлари, юқори аниқликдаги стратегик эҳтиёт қисмлар ва мураккаб ҳарбий дастурий таъминотлар мудом қатъий сиёсий шартлар ҳамда чекловлар билан етказиб берилади. Эртага Хитой ёки бошқа ҳар қандай хорижий таъминотчи геосиёсий манфаатлари ўзгарганда, ўз сиёсий босимини ўтказиш мақсадида қурол етказиб беришни кечиктириши, эмбарго жорий қилиши ёхуд ўта муҳим модернизация ва техник янгиланишларни бир зумда блоклаб қўйиши мумкин. Шундай экан, миллий мудофаа салоҳиятимиз ва хавфсизлигимиз ҳеч қачон бегона давлатларнинг манфаатлари кафолатига айланмаслиги лозим!
Аслида, Ислом уммати интеллектуал салоҳиятга, знергия ресурсларига ва улкан табиий қазилмаларга бойдир. Биз бугун уни интизорлик билан кутаётган ягона ҳаётий омил — Аллоҳ таолонинг Китоби ва Унинг Расули ﷺнинг Суннати асосида адолат билан ҳукм юритувчи одил Халифадир. Аллоҳнинг изни ила яқин келажакда қад ростлаяжак иккинчи Рошид Халифалик соясида, мавжуд салоҳятларимизни куч-қудратга айлантириш учун жадал суръатларда ўзимизда оғир машинасозлик ва мудофаа саноатини барпо қиламиз.
Ушбу мудофаа сиёсати доирасида Бангладешнинг дастурий манба кодларига тўлиқ эгалик қилиши, стратегик муҳандислик-конструкторлик маълумотларини назоратда ушлаши ҳамда ҳарбий техникани мустақил равишда модернизация қилиш ҳуқуқига эга бўлиши давлат аҳамиятига молик бирламчи устувор вазифа сифатида белгиланади. Айнан мана шундай стратегик доктринагина ҳеч қандай ташқи кучга қарам бўлмаган мустақил мудофаа хавфсизлигимиз ва мустаҳкам истиқболимизни тўлиқ кафолатлай олади.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Бангладешдаги Матбуот бўлими



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ