Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Ўзбекистон ва Ўмон шериклиги ортидаги мустамлакачи кучлар
Хабар: 17 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи якунига етди. (qalampir.uz 17.11.2026й.)
Изоҳ: Расмий хабарларга кўра, Масқатда Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан ўтказилган музокараларда Стратегик шериклик тўғрисидаги битим қабул қилиниб, божхона, транзит, молия, саноат ва логистика соҳаларига оид 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланди ҳамда 5 миллиард долларлик лойиҳалар тўплами шакллантирилди. Қўшма баёнотга кўра, Ўмон портлари Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаради, Ўзбекистон эса Ўмон капитали ва товарлари учун Марказий Осиёга кириш эшиги вазифасини бажаради. Бир қарашда икки мусулмон юрти ўртасидаги оддий иқтисодий ҳамкорликдек кўринган ушбу келишувларнинг парда ортига назар ташланса, масала фақат 5 миллиард долларлик сармоя билан чекланмаслиги ойдинлашади. Ўмон капиталининг Ўзбекистон орқали Марказий Осиёга кириши ва Ўзбекистоннинг Ўмон портлари орқали Ҳинд океанига боғланиши ортида Британия ва Америка турганини кўриш мумкин. 2019 йилги Қўшма мудофаа келишуви Лондоннинг Ўмондаги ҳарбий иштирокини мустаҳкамлаб, Дуқм портини Британия флотининг Ҳинд океанидаги логистика таянчига айлантирган. 2026 йил октябрда Ўмон султонининг Британияга ташрифида мудофаа ва инвестиция алоқаларини кенгайтиришга келишилган бўлса, орадан бир ой ўтиб Ўзбекистон раҳбари Масқатга бориб, айнан шу портлар орқали савдо йўли очиш бўйича келишув тузди. 2026 йил февралда Лондонда ўтказилган биринчи «CA5+UK» учрашуви билан биргаликда қаралса, Британия Ўмон капитали ва логистикаси воситасида Марказий Осиёга кириб келмоқда. Капитали 500 миллион долларга оширилаётган Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компанияси ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция фонди шу режанинг тайёр молиявий воситаларидир. Шунингдек, АҚШ ҳам 2019 йилги келишув асосида Салала ва Дуқм портларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланади. Демак, Ўзбекистоннинг жанубий йўли бевосита Англия–Америка ҳарбий-сиёсий назорати остидаги денгиз майдонига чиқмоқда. Ислом нуқтаи назаридан қаралса, Ўзбекистон ҳам, Ўмон ҳам битта Умматга мансуб юртлардир. VIII аср бошларида Ўмон ва Мовароуннаҳр ягона Умавий Халифалиги ҳокимияти остида бирлашган эди. Бир вақтлар ягона давлат таркибида бўлган икки мусулмон юртининг бугун сунъий чегаралар билан бўлиниб, мустамлакачи кучлар капитали ва назорати орқали боғланиши ниҳоятда ғайритабиий ҳолатдир. Исломга кўра, мусулмон юртлари ягона Халифалик остида бирлашиши шарт.
Тунги клуб рекламасини ўчириш билан жамият фаҳшдан тозаланадими?
Хабар: Расул Кушербаевнинг Телеграм-каналида Жиззах вилоятида 500 га яқин реклама ролиги қонунга зид деб топилгани ҳақида хабар тарқалди. (kusherbayev16.11.2026й)
Изоҳ: Унда келтирилишича, Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти бошқармаси сентябр-октябр ойларида икки тунги клубнинг Instagram саҳифаларидаги рекламаларини ўрганиб чиққан. Маънавият ва маърифат маркази хулосасига кўра, 500 га яқин видеороликда миллий ва оилавий қадриятларга, шунингдек, умумэътироф этилган ахлоқ нормаларига зид тасвирлар аниқланган. Натижада ҳар икки клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан қонунга зид рекламалар олиб ташланиб, 120 мингдан ортиқ обуначи номақбул контент таъсиридан ҳимоялангани маълум қилинган. Албатта, бузуқлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи тунги клуб рекламаларининг ижтимоий тармоқлардан олиб ташланиши яхшилик сари бир қадам сифатида кўринади. Бироқ масаланинг асл моҳиятига чуқурроқ назар ташланса, бу каби юзаки ва ямоқ чоралар билан жамиятни фаҳш ва маънавий бузилиш ботқоғидан тозалаб бўлмаслиги ойдинлашади. Эътиборли жиҳати шундаки, расмий хабарда фақатгина видеороликлар ўчирилгани айтилган, холос — аммо ўша фаҳш, бузуқлик, наркотик, спиртли ичимлик ва жиноятлар ўчоғи бўлган тунги клубларнинг ўзи ёпилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Касалликнинг илдизини тирик қолдириб, фақат унинг ташқи белгиларини яшириш билан жамият ҳеч қачон соғломлашиб қолмайди. Аслида бугун юртимизда тунги клубларнинг очиқчасига фаолият юритиши, ёшларнинг тунги вақтларда ахлоқсиз давраларда йиғилиши ва бунинг ортидан бузуқликнинг кенг тарқалишига замин яратаётган асосий сабаб — юртимизга Ғарбнинг бузуқ маданияти тизимли равишда сингдирилаётганидир. Кўнгилочар масканлар, замонавийлик ва эркинлик шиорлари остида Ғарбнинг ахлоқсиз турмуш тарзи ёшлар ҳаётига оммавий сингдирилмоқда. Энг асосийси ва хатарлиси эса, жамиятимиз ҳаётида айнан Ғарбнинг бузуқ дунёвий қонунлари татбиқ этилаётганидир. Модомики, амалдаги қонунлар тунги клублар очишга, ароқхўрлик ва беҳаёлик масканларини қонуний рўйхатдан ўтказишга, солиқ тўлаш эвазига фаҳш тарқатишга рухсат бериб қўяр экан, уларнинг рекламасини ўчириш билан муаммо ҳал бўлмайди. Эртага улар бошқа йўллар ва яширин усуллар билан ёшларни ўзига оммавий жалб қилишда ва уларнинг онги ва ахлоқини заҳарлашда давом этаверади. Жамиятни фаҳш, бузуқлик ва маънавий инқироздан фақатгина Ғарбнинг бузуқ маданияти ва яроқсиз қонунларидан бутунлай воз кечиб, Ислом аҳкомларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш орқалигина поклаш мумкин. Чунки Ислом низоми бузуқликнинг нафақат рекламасини, балки унинг ўзини ва унга олиб борувчи барча йўлларни ёпиб ташлайди.
«ЎЗБЕКНЕФТГАЗ» қарзлари халқ чўнтагидан ундирилмоқдами?
Хабар: Халқаро рейтинг агентлиги Fitch Ratings 16 ноябрь куни «Ўзбекнефтгаз» давлат компаниясининг узоқ муддатли кредит рейтингини «BB» даражасида тасдиқлаб, унинг прогнозини «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди. (gazeta.uz 20.11.2026й.)
Изоҳ: Расмий хабарларга кўра, бунга 2026 йилда табиий газнинг улгуржи нархлари икки марта — жами 67 фоизга оширилиб, минг куб метр учун 82 долларга етказилгани ва бунинг натижасида компаниянинг молиявий кўрсаткичлари ҳамда қарз юки яхшилангани сабаб бўлган. Айни шу кунларда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) вакили Коба Гвенетадзе ҳам Ўзбекистонни газ, электр энергияси ва коммунал тарифларни бозор нархларигача ошириш ислоҳотларини давом эттиришга чақирди. Бир қарашда «Ўзбекнефтгаз» рейтингининг яхшиланиши иқтисодий ютуқдек тақдим этилмоқда. Аммо Fitch агентлиги ҳам, ХВЖ ҳам Ғарб мустамлакачи кучларининг иқтисодий қуроллари бўлиб, уларнинг мақсади халқ манфаати эмас, балки халқаро кредиторлар ҳамда трансмиллий корпорациялар манфаатини ҳимоя қилишдир. Fitch сўнгги тўрт йилда газ қазиб олиш 25,7 фоизга камайиб кетганини, қисқа муддатли қарзлар пул маблағларидан ошиб кетганини очиқ айтиб туриб, фақат газ нархи 67 фоизга оширилгани учунгина компанияга «ижобий» баҳо бермоқда. Демак, Ғарб молиявий институтлари учун ишлаб чиқаришнинг қисқариши ёки халқнинг қийналиши эмас, балки компаниянинг олган қарзларини халқ чўнтагидан ундирилган юқори тарифлар ҳисобига ўз вақтида қайтара олиши муҳимдир. ХВЖнинг коммунал тарифларни ошириш ва субсидиялардан воз кечиш ҳақидаги талаблари ҳам айнан шу сиёсатнинг узвий давомидир. Қарз юкини камайтириш баҳонасида стратегик Uzbekistan GTL заводини 100 фоиз хусусийлаштириш режалаштирилмоқда; аввалроқ эса завод қурилмаларининг бир қисми Американинг Air Products компаниясига сотилиб, 13 триллион сўмлик қарз мажбурияти юзага келган эди. Бозор нархларига ўтиш ва хусусийлаштириш шиори остида мамлакатнинг энергетика бойликлари ташқи кредиторлар назоратига ўтказилиб, бунинг оғир юки тарифлар ошиши орқали оддий халқ зиммасига юкланмоқда. Исломий Иқтисод низомида эса нефт, газ ва электр энергияси умумий мулк ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мусулмонлар уч нарсада – сув, ўт-ўлан ва олов (энергия манбалари)да шерик эканликларини баён қилганлар. Шаръий ҳукмга кўра, ушбу бойликларни хусусийлаштириш асло жоиз эмас. Давлат уларни Уммат номидан қазиб олиб, халққа таннархида ёки бепул етказиши шарт.
Бугунги миллий байроқлар умматни парчалаш рамзидир, асл байроқ эса ливо ва роядир
Хабар: 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакат бўйлаб турли байрам тадбирлари ва расмий табриклар янграмоқда.( kusherbayev)
Изоҳ: Расмий баёнотларда ушбу сана қутлуғ кун сифатида эътироф этилиб, бу байроқ «мустақиллик рамзи» экани таъкидланмоқда. Бироқ масалага тарихий ҳақиқат ва исломий ақида нуқтаи назаридан назар ташланса, бугунги кунда ҳар бир мусулмон ўлкасидаги миллий байроқлар аслида бирлик ва мустақиллик эмас, балки бир бутун Ислом умматининг парчаланиши ва мустамлакачилар чизган сунъий чегараларнинг рамзларидир. Халифалик давлати тугатилганидан кейин мустамлакачи кофир давлатлар ягона Ислом диёрини ўнлаб майда миллат-давлатчаларга бўлиб ташлади. Умматнинг қалбига «ватанпарварлик» ва «миллий ғурур» ниқоби остида сунъий чегараларни сингдириш учун эса ҳар бир ҳудудга алоҳида мадҳия, герб ва миллий байроқлар чизиб берилди. Бугун ўзбек, қозоқ, қирғиз, турк ёки араб мусулмонлари ўзларига мустамлакачилар томонидан чизиб берилиб, тасдиқланган «мустақиллик рамзлари» билан фахрланишмоқда. Аслида эса улар ўзларининг ягона уммат сифатидаги бирликларидан айрилиб, парчаланишларини нишонламоқдалар. Ҳолбуки, Исломда мусулмонларни бирлиги, уларнинг ақидаси ва давлатининг ҳақиқий рамзи бўлган байроқлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан белгилаб берилган Ливо ва Роядир. Ливо — оқ рангли матога қора ранг билан «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ» калимаси ёзилган Исломий давлат байроғи бўлса, Роя — қора рангли матога оқ ранг билан шаҳодат калимаси битилган туғдир. Асрлар давомида мусулмонлар айнан мана шу ягона байроқ остида миллати, тили ва ирқидан қатъий назар ягона уммат бўлиб яшаганлар ва дунёга адолат таратганлар. Бугун мусулмонлар ўзларини бўлиб ташлаган сунъий байроқлар остида қолар эканлар, уларнинг куч-қудрати сочилиб, мустамлакачилар олдида заиф бўлиб қолаверадилар. Умматнинг ҳақиқий азизлиги ва мустақиллиги фақатгина мустамлакачилар чизиб берган чегаралар ва рамзлардан воз кечиб, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ягона байроқлари — Ливо ва Роя остида бирлашгандагина қайта тикланади.
Кўзбўямачилик сиёсати қурбонлари ва сохта адолат ҳукмлари
Хабар: Расул Кушербаевнинг Телеграм-каналида Навоий вилоятида фермернинг ҳушёрхонадаги ўлимидан сўнг профилактика инспекторига суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар тарқалди. (kusherbayev16.11.2026й.)
Изоҳ: Унда келтирилишича, Хатирчи туманида профилактика инспектори меҳмонлар ташрифи олдидан фермердан тракторларни далага чиқаришни талаб қилган, фермер рад этгач эса уни спиртли ичимлик истеъмол қилганлик важи билан ҳушёрхонага олиб бориб, телефонини олиб қўйган ва яқинлари билан боғланиш имконини бермаган. Оқибатда 2025 йил 2 август куни фермер ҳушёрхонада ўз жонига қасд қилиб вафот этган, экспертиза эса унинг руҳий ҳолатига айнан шу ноқонуний ҳаракатлар таъсир қилганини қайд этган. Суд эса инспекторни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш айби бўйича айблаб, фақат мансаб ваколатидан четга чиқиш моддаси билан 1 йил 6 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Ушбу фожиали воқеада эътиборни тортадиган энг асосий жиҳат — инспекторнинг «меҳмонлар ташрифи олдидан» фермерга тракторларни далага чиқариш ҳақида қўйган ноқонуний талабидир. Ахир, хавфсизлик идораси ходимининг деҳқончилик ва фермерлик соҳасига қандай алоқаси бор?! Бу бугунги кунда бутун давлат бошқаруви тизимини чирмаб олган кўзбўямачилик, юқоридан тушадиган ноқонуний топшириқлар ва сохта ҳисоботбозлик сиёсатининг яққол кўринишидир. Бундан ташқари, суднинг инспекторга чиқарган ҳукми ва қўйилган айбловнинг ўзи ҳам жиддий шубҳа уйғотади. Экспертиза хулосаси фермернинг ўлимига айнан ҳушёрхонага мажбуран олиб келиниши ва яқинлари билан алоқадан узилиши сабаб бўлганини қайд этиб турган бир пайтда, суд инспекторни «ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш» айбидан оқлаб юборди. Инсон томонидан ўйлаб топилган мана шундай иккиюзламачи қонунлардан фарқли ўлароқ, Ислом шариати инсон қонини ниҳоятда қаттиқ ҳимоя қилади ва бировнинг ўлимига қасддан ёки ноҳақ зўравонлик орқали сабабчи бўлган шахсга нисбатан аниқ ва қатъий жазо белгилайди. Ислом низомида фуқарога ноҳақ босим ўтказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган ижрочи ҳам, унга ғайриқонуний буйруқ берган бошлиқ ҳам, мансабидан қатъий назар, шариат олдида мана шундай қаттиқ жазога тортилади.
Шилқимликнинг илдизи — бузуқ муҳит ва демократик қонунлар
Хабар: Ўзбекистон президенти 13 ноябрь куни Меҳнат кодексига киритилган тузатишларни имзолади ва улар эълон қилинган куннинг ўзида кучга кирди. (gazeta.uz 17.11.2026й.)
Изоҳ: Расмий хабарларга кўра, кодекснинг янги 8−1-моддаси билан меҳнат соҳасида шаҳвоний шилқимлик қилиш тақиқланиб, иш берувчиларга жамоада бундай ҳолатлардан холи муҳит яратиш мажбурияти юклатилди. Шунингдек, қонун муқаддимасида ушбу ўзгартиришлар Ўзбекистон қонунчилигига халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш билан боғлиқ экани қайд этилган. Албатта, иш жойида ёки ҳар қандай бошқа ўринда аёлларнинг шаъни ва қадр-қимматини топтовчи шаҳвоний шилқимлик учун жазо белгиланиши, албатта, таҳсинга лойиқ иш ҳисобланади. Бироқ масаланинг асл моҳиятига чуқурроқ назар ташланса, шилқимликни келтириб чиқараётган носоғлом муҳит ўнгланмас экан, бу каби қонуний тақиқлар билан ушбу иллатни ҳеч қачон бартараф қилиб бўлмайди. Бугунги офислар, корхоналар ва турли ташкилотларда номаҳрам эркак ва аёлларнинг соатлаб бир хонада, бир даврада чегарасиз аралашиб ишлаши, очиқ-сочиқ кийиниш ва беҳаё мулоқотлар одатий ҳолга айланган. Бундай аралаш муҳит нафақат шаҳвоний шилқимликка, балки жамиятда зино ва оилавий хиёнатларнинг авж олишига ҳам кенг йўл очиб бермоқда. Бир томондан номаҳрам эркак ва аёлларни бир жойга жамлаб, уларнинг аралашиб ишлашини «гендер тенглиги» ва «халқаро стандарт» деб тарғиб қилиш, иккинчи томондан эса «бир-бирингга шаҳвоний назар ташлама ва шилқимлик қилма» дея кодексга модда киритиш — худди оловга тинимсиз мой қуйиб туриб, ундан чиқаётган бадбўй тутунни қонун билан тақиқлашга ўхшайди. Муаммога барҳам бериш учун аввало ана шу бузуқ муҳитни йўқ қилиш, яъни эркак ва аёлларнинг аралашиши мумкин бўлмаган иш турларида улар учун алоҳида шарт-шароитлар яратиш зарур. Энг асосийси эса, жамиятда мана шундай ахлоқсиз муҳитни келтириб чиқараётган демократик-капиталистик қонунларга бутунлай барҳам бериш керак. Чунки капиталистик тузум аёл кишини ўзининг асл вазифаси — оила бекаси ва она бўлиш мақомидан узиб, уни арзон ишчи кучи сифатида аралаш меҳнат жамоаларига олиб чиқди. Ислом эса муаммонинг оқибати билан эмас, балки илдизи билан курашади: номаҳрам эркак ва аёлларнинг асоссиз аралашувини қатъий тақиқлайди, аёлларнинг иффати ва хавфсизлигини кафолатлайди ҳамда уларнинг моддий таъминотини эркаклар зиммасига юклайди. Демак, таъкидлаш лозимки, жамиятни шилқимлик ва фаҳшдан фақатгина Яратувчининг инсон табиатига мос бўлган адолатли қонунларигина чинакам ҳимоя қила олади.
Камбағалликни ўлчаш билан унга барҳам бериб бўладими?
Хабар: Бандлик вазирлигининг 1 октябрь ҳолатига кўра эълон қилган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 3,6 фоизни ташкил этиб, 1,4 миллион нафар фуқаро ҳамон камбағалликда яшамоқда. (gazeta.uz 15.11.2026й.)
Изоҳ: Вазирлик раҳбариятининг қайд этишича, минимал истеъмол харажатлари бир ойда аҳоли жон бошига 715 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, оилада бир кишига тўғри келадиган даромад шундан кам бўлса, у камбағал ҳисобланади. Бугунги кунда камбағаллик сунъий равишда нисбий тарзда ўлчанмоқда. Яъни инсоннинг яшаши учун зарур бўлган реал эҳтиёжлар – озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой эмас, балки жуда паст қилиб белгиланган «минимал истеъмол харажатлари» чегараси асосида ҳисоб-китоб қилинмоқда. Натижада, бир ойлик даромади 715 минг сўмдан озгина ошган оилалар расман «камбағалликдан чиқарилди» деб ҳисобланади, аммо уларнинг реал турмуш даражаси, кредит қарздорликлари ва кундалик муаммолари ўзгаришсиз қолаверади. Аслида эса жамиятда муҳтожлик ва қашшоқликни келтириб чиқараётган бош омил — бутун дунё ва юртимизга сингдирилаётган капиталистик тузумдир. Капиталистик иқтисодий тузум бойликни фақатгина бир ҳовуч бойлар ва монополистлар қўлида тўплаб, оддий халқни тинимсиз қимматчилик, инфляция ва фоизли кредитлар ботқоғига ботириб қўймоқда. Давлат томонидан берилаётган арзимас субсидиялар ёки асбоб-ускуналар бу зулм ва тенгсизликни ҳеч қачон бартараф эта олмайди, чунки капиталистик қонунларнинг ўзи бойни янада бой, камбағални эса янада камбағал қилишга мослаб тузилган. Инсоният тарихида камбағаллик ва қашшоқлик муаммосига мутлақ барҳам берган ва инсон қадрини юксак даражага кўтарган ягона низом — бу Исломдир. Исломда бойлик фақат бойлар ўртасида айланадиган мато эмас, балки жамиятнинг ҳар бир аъзосига одилона тақсимланадиган илоҳий омонатдир. Бунинг тарихий исботи сифатида адолатли халифа Умар ибн Абдулазиз даврини эслаш кифоядир. Ушбу муборак даврда Ислом адолати тўлиқ татбиқ этилиб, давлат хазинасидаги бойлик шунчалик кўпайган эдики, ҳатто садақа тарқатиш учун қашшоқ ва муҳтож одамнинг ўзи топилмай қолган. Халифанинг кўрсатмаси билан одамларга мол-дунё берилиб, «Кимнинг қарзи бўлса тўлаб қўйилсин, кимнинг уйланишга қурби етмаса уйлантирилсин, кимнинг муҳтожлиги бўлса таъминлансин», деб эълон қилинганида, бутун давлат бўйлаб закот ва садақа оладиган битта ҳам камбағал топилмаган.
Форуқ
22.11.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ