Мерос тўғрисидаги саволга жавоб

Мерос тўғрисидаги саволга жавоб
Ижтимоий тармоқлардан бирида Olim исмли мухлисимиздан келган саволга жавоб.
Савол:
Ассалому алайкум. Ака мерос тўғрисида бир неча саволларим бор эди. Умид қиламанки батафсил, далиллари билан жавоб берасиз.
1 – Марҳумнинг меросини тақсимлаш ҳукми нима?
2 – Меросни меросхўрларга тақсимлаш Исломий Халифалик давлатининг салоҳиятидаги ишми? Масалан, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорни тошбўрон қилиш каби. Ёки шахснинг салоҳиятидаги ишми? Яьни ҳар бир одам шахсий ҳолатда қилса бўлаверадиган ишми, масалан, намоз укиш каби. Ёки жамоатнинг-гуруҳнинг салоҳиятидаги ишми? Умуман олганда мерос тақсимотини ким бажаради?
3 – Меросхўрлар кўп бўлган вақтда меросни тақсимламасдан, балки ораларидаги битта меросхўр учун колган меросхўрлар ўз улушидан, яьни меросдаги насибасидан воз кечиши шариатда жоизми? Яьни меросдаги улушимизни сенга бағишладик деб, битта меросхўрга мероснинг хаммасини беришлари жоизми? Натижада мероснинг хаммасига бир киши эгалик килади, шу иш шариатда жоизми? Ўша бир кишига мероснинг хаммаси ҳалол бўладими?
4 – Бошқача вариантни ҳам айтсам, меросхўрлар кўп бўлган вақтда ораларидаги битта меросхўр қолган меросхўрларга қараб: “Мен учун ўз улушларингдан воз кечинглар” деб айтса ва мажбурламасдан уларнинг кўнглини топиб розилигини олса ва қолган меросхўрлар ўз улушларидан розилик билан воз кечса, натижада ҳамма мерос бир кишига колса, шу иш шариатда жоизми? Ўша битта меросхўрга мероснинг ҳаммаси ҳалол бўладими?
5 – Марҳумнинг ўлганига анча вақт бўлган, масалан, йиллар ўтган бўлса, ўша вақтда мерос тақсим қилинмаган бўлса, уйда қолган фарзанд мероснинг хаммасини бемалол ишлатиб юрган бўлса, қолган меросхўрлар ундан ўз улушларини сўрашмаса, балки сўраш кераклигини ҳам билишмаса, уйда қолган фарзанд мероснинг ҳаммасини бемалол ишлатавериши-ҳаммасига эгалик қилиши жоизми, ёки қолган меросхўрларнинг розилигини битта битта олиб чиқиши керакми, ёки кеч бўлса хам меросни тақсимлаб бериши керакми?
6 – Меросдаги улушидан воз кечилган пайтда гувоҳлар бўлиши шартми, агар шарт бўлса нечта гувоҳ бўлиши керак, ё гувоҳсиз ҳам воз кечиш шариатда жоизми?
7 – Меросни меросхўрларга тақсимлашда кимларга қанчадан улуш берилишини, қандай кўринишда тақсимланишини қаердан биламиз? Маьлумки, ҳозир бу илмни яхши биладиган ва меросни тўғри тақсимлайдиган кишини топиш ҳам мушкул.
8 – Агар марҳум тириклик вақтида меросхўрларидан биттасига ҳамма мол мулкини васият қилиб кетган бўлса, масалан, мендан кейин ҳамма мол мулким сеники, агар сен эплай олмасанг Умарники, Умар эплай олмаса Зайдники деб кетган бўлса, мерос тақсим қилинадими ё қилинмайдими?
Бу тўғрида Хизб ут Таҳрирнинг бирор табаннийси борми?
Илтимос саволларим узайиб кетганлигидан малолланмангизлар.
Жавоб:
بسم الله الرحمن الرحيم
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон бўлиб Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ қилаётган) ҳокимларга бўйинсунинг! Бордию бирон муаммога дуч келсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у муаммони Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринг! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. (Нисо. 59)
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ.
Мерос – бойликни тақсимлаш воситаларидан бири. Бойликни тақсимлаш унинг иллати эмас, балки воқесининг (ҳақиқатининг) баёнидир. Бойликка эга бўлиш ҳалол қилинган экан, демак у шахслар қўлларида йиғилган бўлади. Вафотларидан кейин ҳам шундай сақланиб қолмаслиги учун уни меросхўрларга тақсимлаб бериш лозим. Амалиётда бойликни тақсимлаш воситаси мерос эканлиги кўрилган.
Биринчи саволга жавоб. Марҳумнинг меросини тақсимлаш ҳукми нима?
Бирон мусулмон киши ўлса, унинг ортида қолган, унга тегишли бўлган мол-мулкини унинг ортида қолганларга тақсимлаш ишини ўта нозик аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, ушбу тақсимотни қандай бўлишини Аллоҳ Таъоло Ўзи батафсил Қуръонда баён қилган. Меросни тақсимлаш мусулмонларга фарз эканини ҳам Қуръонда алоҳида айтиб ўтган.
لِلرِّجَالِ نَصِيبٌ مِمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالْأَقْرَبُونَ وَلِلنِّسَاءِ نَصِيبٌ مِمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالْأَقْرَبُونَ مِمَّا قَلَّ مِنْهُ أَوْ كَثُرَ ۚ نَصِيبًا مَفْرُوضًا
“Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин–фарз қилинган насибадир”. (Нисо. 7)
Демак, ушбу оятдан билиндики, ўлганнинг ортида қолган мол-мулкини тақсимлашнинг ҳукми фарздир.
Иккинчи саволга жавоб. Меросни меросхўрларга тақсимлаш Исломий Халифалик давлатининг салоҳиятидаги ишми?
Меросни тақсимлаш амалиёти Ислом давлати Халифасининг ўзи, ёки у тайинлаган муовинлари, ёки ҳудудлардаги волийлари, ёки қозилари қилиш керак бўлган иш, яъни қисқа қилиб айтганда, мусулмоннинг меросини Ислом давлати вакили тақсимлаб бериши керак. Ислом тарихи китобларига қаралса, бу иш билан асосан қозилар шуғулланганини кўриш мумкин. Бунинг далили, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва кейинги тўрттала рошид Халифалар замонларида ҳал қилингани ривоят қилинган мерос масалаларига эътибор берсак, мерос тақсимотларини давлат раҳбари қилганини кўришимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерос тақсимлаганлари ҳужжатлари суннатлик эътиборидан далил деб қаралса, Рошид Халифаларнинг мерос тақсимлагани тўғрисидаги ривоятлар ижмоъ деб эътиборга олинади.
عن عليّ رضي الله عنه قال: قضى رسول الله – صلّى الله عليه وسلّم – بالدّين قبل الوصيّة، وأنتم تقرؤنها، من بعد وصيّة يوصى بها أو دين
Али розияллоҳу анҳу айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятдан олдин қарзни ҳал қилиб, мерос ҳукмини адо қилдилар. Сизлар оятда “қилинган васиятдан кейин ёки қарздан кейин” деб ўқиганингизни”. Ибн Можа ривояти. Ҳасан, саҳиҳ.
Мерос тақсимлаш амалиёти банданинг ўзи ва Роббиси ўртасидаги алоқа устидан қилинадиган ҳукм эмас, балки банданинг бошқа бандалар билан ўртасидаги алоқаларига алоқадор ишдир. Бандалар ўртасидаги алоқаларни шариат кўрсатган ечим билан ҳал қилиш эса, Исломий давлат Халифасининг ишидир.
Лекин бугунги кунимизда модомики Халифа йўқ экан, бу ишни фарз бўлгани сабабли, ҳар бир мусулмон ўзи мустақил равишда мерос муаммоларини ҳал қилишлари лозим, чунки Халифа йўқ бўлгани билан, мероснинг фарзлиги ўзгармайди. Ва бу ҳолат ҳам бошқа фарзлар каби, Исломий Халифаликни яна ҳаётга қайта тиклаш иши қанчалик муҳимлигини кўрсатади.
Тақсимлаш иши билан ким шуғулланишига келсак, мерос илмини шаръий жиҳатдан ўрганган, Аллоҳдан қўрқувчи тақволи мутахассис шуғуллангани мақсадга мувофиқ. Ва яна ушбу тақсимловчи меросхўрлардан бошқа бўлса янада яхши бўлади, ўртада ихтилоф ёки низо чиқиш эҳтимоли камаяди.
Учинчи саволга жавоб. Меросхўрлар кўп бўлган вақтда меросни тақсимламасдан, балки ораларидаги битта меросхўр учун колган меросхўрлар ўз улушидан, яьни меросдаги насибасидан воз кечиши шариатда жоизми?
Воз кечиш деганда, воз кечаётганлар улушларини кимга қолишини умуман қизиқтирмаган ҳолда, ўликдан қолган меросдан мутлақ юз бураётган бўлса, ана шунда буни воз кечиш, деб эътибор қилса бўлади. Ва бундай воз кечиш шариатда жоиз.
Саволдаги ҳолатда эса, ўз улушидан воз кечмоқчи бўлган меросхўрлар ичларида битта меросхўрга ҳамма мерос қолишини билган ҳолда, шуни ният қилиб воз кечаётганлари билиниб турибди, буни улушидан воз кечиш дейиш мушкул, бу ҳолат ўз улушини маълум шахсга қолдириш, яъни ўз улушини маълум шахсга совға қилишни билдиради. Мулкига кирмаган нарсани эса, совға қилишнинг ҳам имкони йўқ. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра, “قال: لا تبع ما ليس عندك” – “Ўзингда бўлмаган нарсани сотмагин” (Абу Довуд ва Насаий ривояти. Ҳасан. Саҳиҳ) мусулмон одам ўзида бўлмаган, яъни мулкига кирмаган нарсани устида тасарруф қилиши мумкин эмас. Ушбу ҳадисда Росулуллоҳнинг “сотмагин” деган сўзлари фақатгина сотишни англатмайди, балки ўзида бўлмаган нарсани тасарруф қилмасликни англатади. Демак, саволдаги ҳолатда меросхўрлар ўзларига тегишли улушлари тақсимлаб бўлинганидан кейин, ҳаммасими ёки баъзиларими “Мен ўз улушимни фалон меросхўрга қолдираман” дейиши жоиз бўлади.
Тўртинчи саволга ҳам учинчи саволнинг жавоби кифоялик қилади. Чунки бир меросхўр қолган меросхўрларга қарата “Мен учун улушларингдан воз кечинглар” дейиши ва қолган меросхўрлар унинг бу гапини қабул қилиши ҳам, қолган меросхўрларнинг ўз ҳаққидан воз кечишини эмас, ўз ҳаққини аниқ бир шахсга қолишини, яъни қолган меросхўрлар ўз ҳаққларини ушбу гапни айтган меросхўрга ҳадя қилишларини билдиради, бу эса фақатгина мерос тўлиқ тақсимланиб бўлганидан кейин шаръан тўғри бўлиши мумкин.
Бешинчи саволга жавоб. Тақсимланмай қолиб кетган ва кўп вақт ўтиб кетганидан кейин, мероснинг ҳаммасини тасарруф қилиб юрган шахс қолган меросхўрларга нима қилиши керак.
Мерос тақсимланмай қолиб кетиши ва бир кишининг тасарруфида бўлиб қолиши билан, қолган мероснинг устидаги бошқа меросхўрлар ҳаққи асло ўзгармайди. Зеро, меросни меросхўрларга Аллоҳ Таъоло ўзи тақсимлаб берган шаръий ҳалол ҳақдир.
لِلرِّجَالِ نَصِيبٌ مِمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالْأَقْرَبُونَ وَلِلنِّسَاءِ نَصِيبٌ مِمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالْأَقْرَبُونَ مِمَّا قَلَّ مِنْهُ أَوْ كَثُرَ ۚ نَصِيبًا مَفْرُوضًا
“Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин–фарз қилинган насибадир”. (Нисо. 7)
Бундан келиб чиқадики, тақсимланмай қолиб кетган меросни тасарруф қилиб юрган шахс бошқа меросхўрларнинг ҳаққларини истеъмол қилиб юрган ҳисобланади. Бунинг учун ушбу шахс бошқа меросхўрларни йиғиб, уларнинг ҳар бирига мазкур тасарруф қилиб юрган мол-дунёсидан тегиши керак бўлган улушларини ҳисоблаб чиқариб кўрсатиши керак. Агар қолган меросхўрлар ўз хоҳишлари билан ҳақларидан воз кечсалар, юқоридаги саволдаги ҳолатга тушиб, улар меросни тасарруф қилиб юрган шахсга ўз ҳаққини ҳадя қилган бўлади. Воз кечмаганига эса, мерос қўлида бўлиб турган мазкур шахс ана шу воз кечмаганга тегишли улушини бериши вожиб бўлади. Чунки бу улуш унинг ҳалол ҳаққи ва мусулмон учун бошқа мусулмон биродарини ҳаққини ейиши ҳалол эмас.
قال النبي صلى الله عليه وسلم : إن دماءَكم، وأموالَكم و أعراضكم حرامٌ عليكم، كحرمةِ يومِكم هذا، في شهرِكم هذا، في بلدِكم هذا
“Албатта, бир бирингизга жонларингиз, мол-дунёларингиз ва обрўларингиз ҳудди бугунги кунингиз каби, ҳудди ушбу шаҳарингиз каби ҳаромдир”. Муттафақун алайҳ.
Олтинчи саволга жавоб. Воз кечиш учун гувоҳ бўлиши керакми?
Юқорида айтиб ўтганимизга кўра, мерос бир шахсга қолиб, қолган меросхўрларнинг воз кечиши, ана шу бир шахсга қолганларнинг ҳадяси бўлади, воз кечиш деб аталсада. Ҳадя-совға бериш учун эса, гувоҳ бўлиши шарт қилинмайди.
Агар воз кечаётган (ўз улушини ҳадя қилаётган) одам қилган ҳадясидан қайтиб ўз улушини қайтариб олиш эҳтимоли билан ҳадя қилаётган, яъни ҳадясидан қайтиш нияти бор бўлса, ана шунда ушбу воз кечаётган меросхўр вақти келиб қозининг олдида мазкур меросхўрга ўз улушини ҳадя қилганини исботлаши учун гувоҳ келтириш зарур бўлади. Лекин бу ерда яна бир масала борки, мусулмон банда чин қалби билан бошқа мусулмон биродарига берган ҳадясидан қайтиши, қайтариб олиши шаръан ҳаром амалдир.
ليس لنا مثل السوء الذي يعود في هبته كالكلب يرجع في قيئه
“Қусган қусуғига қайтадиган ит каби, берган ҳадясидан қайтадиган ёмон киши биздан эмас”. Бухорий ривояти.
Демак, ушбу саволда ўз ҳаққидан воз кечдим деб ҳисоблаётган, аслида ўз ҳаққини ҳадя қилаётган шахс бу иши учун гувоҳ келтириши тўғри эмас. Чунки ҳадянинг шартларидан бири чин қалбдан, холис чиқариб беришдир. Қайтариб олишни ният қилиш бандани юқоридаги ҳадисда “ёмон” деб аталган киши қаторига қўшади.
Еттинчи саволга жавоб. Меросни меросхўрларга тақсимлашда кимларга қанчадан улуш берилишини, қандай кўринишда тақсимланишини қаердан биламиз?
Юқорида айтиб ўтганимдек, мерос тақсимоти масаласини Аллоҳ Таъоло ҳатто Росулига ҳам қолдирмасдан Ўзи Қуръонда бир неча оятларда бирма бир баён қилиб берган.
يُوصِيكُمُ اللَّهُ فِي أَوْلَادِكُمْ ۖ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ ۚ فَإِنْ كُنَّ نِسَاءً فَوْقَ اثْنَتَيْنِ فَلَهُنَّ ثُلُثَا مَا تَرَكَ ۖ وَإِنْ كَانَتْ وَاحِدَةً فَلَهَا النِّصْفُ ۚ وَلِأَبَوَيْهِ لِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ مِمَّا تَرَكَ إِنْ كَانَ لَهُ وَلَدٌ ۚ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ وَلَدٌ وَوَرِثَهُ أَبَوَاهُ فَلِأُمِّهِ الثُّلُثُ ۚ فَإِنْ كَانَ لَهُ إِخْوَةٌ فَلِأُمِّهِ السُّدُسُ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِي بِهَا أَوْ دَيْنٍ ۗ آبَاؤُكُمْ وَأَبْنَاؤُكُمْ لَا تَدْرُونَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ لَكُمْ نَفْعًا ۚ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا حَكِيمًا * وَلَكُمْ نِصْفُ مَا تَرَكَ أَزْوَاجُكُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُنَّ وَلَدٌ ۚ فَإِنْ كَانَ لَهُنَّ وَلَدٌ فَلَكُمُ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْنَ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِينَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ ۚ وَلَهُنَّ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْتُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَكُمْ وَلَدٌ ۚ فَإِنْ كَانَ لَكُمْ وَلَدٌ فَلَهُنَّ الثُّمُنُ مِمَّا تَرَكْتُمْ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ تُوصُونَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ ۗ وَإِنْ كَانَ رَجُلٌ يُورَثُ كَلَالَةً أَوِ امْرَأَةٌ وَلَهُ أَخٌ أَوْ أُخْتٌ فَلِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ ۚ فَإِنْ كَانُوا أَكْثَرَ مِنْ ذَٰلِكَ فَهُمْ شُرَكَاءُ فِي الثُّلُثِ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصَىٰ بِهَا أَوْ دَيْنٍ غَيْرَ مُضَارٍّ ۚ وَصِيَّةً مِنَ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَلِيمٌ
“Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар унинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг, оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг–агар уларнинг боласи бўлмаса–ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг–агар болангиз бўлмаса–чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда ҳалийм зотдир”. (Нисо. 11-12)
Демак, меросхўрларга улушларини тақсимлаш баёнини мана шу оятлардан биламиз.
Саккинзинчи саволга жавоб. Киши ўлимидан олдин ҳамма мол-мулкини меросхўрланинг биттасига васият қилиб кетиши шаръан жозими?
Киши меросхўрларидан бирини танлаб қолганларини меросдан маҳрум қилиши шаръан ҳаром. Чунки мерос меросхўрларнинг Аллоҳ белгилаб берган ҳақлари бўлиб, уни банда ўзгартиришга ҳаққи йўқ. Юқоридаги мерос оятларидан кейин ушбу ишнинг қанчалик муҳимлиги, бу ишни бузишнинг оқибати ёмонлигидан огоҳлантириб Аллоҳ шундай дейди:
تِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ ۚ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا ۚ وَذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ * وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا وَلَهُ عَذَابٌ مُهِينٌ
“Ана ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу эса, улкан ютуқдир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир”. (Нисо. 13-14)
Ва яна бу тўғрида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:
إن الله قد أعطى كل ذي حق حقه ، فلا وصية لوارث
“Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақдорни ҳаққини берган, меросхўрга васият йўқ”. Аҳмад, Абу Довуд, Насаий, Термизий ва Ибн Можалар ривояти. Ҳасан. Саҳиҳ.
Лекин агар мулк эгаси молини меросхўрлардан бирига қолдиришига бошқа меросхўрлар розилик беришса, қолган молнинг учдан биригагина ўтади, яъни мол эгаси ўлганидан кейин, ўлганнинг қарзлари тўланади, кейин кафан ва кўмишга кетувчи сарфлар қилинади, шундан кейин қолган молнинг учдан бирини ана ўша битта меросхўрга берилади. Қолган учдан икки қисм эса, қолган меросхўрлар ўртасида тақсимланади. Бунга далил, юқоридаги меросхўрга васият йўқ, маъносидаги ҳадисга шоҳид (ёрдамчи) бўлиб келган қуйидаги ҳадисдир.
إن الله قد أعطى كل ذي حق حقه ، فلا وصية لوارث إلا أن يجيز الورثة
“Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақдорни ҳаққини берган, меросхўрга васият йўқ. Лекин меросхўрлар рози бўлишса бўлади”. Дора Қутний ривояти. Ҳасан.
Демак, ортидан мерос қолдираётган мусулмон мол-мулкини меросхўрларнинг биттасига қолдириб, қолганларини меросдан маҳрум қилиши ҳалол эмас. Агар шундай қилса, унинг бу иши васият ҳисобланиб, агар бошқа меросхўрлар бунга рози бўлишса, фақатгина қолаётган мероснинг учдан бир қисмига ўтади, қолган учдан икки қисм ана шу бошқа меросхўрлар ўртасида тақсимланади.
Лекин бу ерда ўз мулкига кирмаган нарсани қандай қилиб воз кечяпти?, деган эътироз тўғри бўлмайди, чунки бу ҳолатда мол эгаси тирик ҳолатида ўзининг молини васият қиляпди, меросхўрлар эса ўзларидан биттасини васият билан мол олишига қаршилик билдиришмаяпди холос.
Айнан учдан бир, учдан икки қисмга ажратилаётгани сабаби, Аллоҳ юқоридаги мерос тақсимоти оятларида ўликдан қолган тарикани уч ўринга сарфлаш мумкинлигини айтиб ўтди: Биринчиси – ўлганнинг қарзлари, иккинчиси – ўлганнинг васиятлари, учинчиси – мерос.
مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِي بِهَا أَوْ دَيْنٍ ۗ
“У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг,” (Нисо. 11)
Ҳизб ут таҳрир мерос аҳкомларини табанний қилмаган. Ҳизбга кирган мусулмон ўзи ишониб ушлаган мазҳаб ёки мужтаҳиднинг раъйига эргашган ҳолида мерос масалаларини ҳал қилиши мумкин. Аммо шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, мерос масалаларида мазҳаблар ёки мужтаҳидлар ўртасида деярли катта ихтилоф йўқ, чунки мерос аҳкомларини батафсил тарзда Аллоҳ Ўзи оятларда баён қилиб берган. Валлоҳу аълам.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим
31.01.2017й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ