Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (uzdiplomat 04.12.2025й): Сурхондарёда ҳар икки соатда электр ўчирилиши белгиланганини тасдиқловчи ҳужжат аниқланди.
Изоҳ: Сурхондарёда ҳар икки соатда электрни ўчириб-ёқиш тартибини белгиловчи расмий ҳужжатнинг тарқалиши ҳукуматнинг ваъдалари ва амалдаги аҳвол ўртасидаги тафовут кўламининг ёрқин намунаси бўлди. Бу буйруқ халқ норозилигини кескин оширди, чунки қиш мавсуми арафасида бу қарорнинг оғир оқибатларга олиб келиши муқаррар. Айниқса, бу ҳолат президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йиғилишларда аҳолини узлуксиз электр билан таъминлаш ҳақидаги қатъий топшириғи фонида жуда ғалати кўринмоқда. Воқелик шуни кўрсатадики, бундай қарама-қаршилик ортида энергетик инқирознинг чуқур илдизлари мажуд. Бу инқирознинг даҳшати ҳатто Марғилон тиббиёт бирлашмасининг нефрология ва гемодиализ бўлимида ҳам намоён бўлмоқда, бу ерда режали ўчиришлар оқибатида беморлар жабр кўрмоқда. Албатта, ҳаётий зарурат бўлган касалхоналарга ҳам бундай чекловларни қўллаш ҳеч ақлга сиғмайди. Ҳукумат энергетика соҳасида “ислоҳотлар” амалга оширилаётганини даъво қилса-да, амалда бу ҳаракатлар халқ турмуш шароитида ўз тасдиғини топмаяпти. Электр тарифлари қимматлади ва бундан кейин ҳам қимматлайди. Ваҳоланки, таъминот даражаси ҳануз ночор аҳволда. Энергетика вазири Мирзамаҳмудовнинг “таъминотни тўғриламай туриб тарифларни оширмаймиз” деган ваъдаси ҳам ёлғонлигича қолди. Тармоқда юклама ортгани ҳақидаги баҳоналар ортига эса, энергетика ислоҳоти учун олинган миллиардлаб ташқи қарзларнинг самарасизлиги яширилмоқда. Бемалол айтиш мумкинки, энергетика соҳасидаги бу улкан муаммолар капиталистик иқтисод низомининг аянчли оқибатидир. Афсуски, ҳукумат шу тарзда одамларни қуруқ ва ёлғон ваъдалар билан алдашда давом этмоқда. Зеро, бу низомда электр энергияси фақат сотиб фойда олинадиган товар ҳисобланади. Исломда эса, электр энергияси умумий бойлик ҳисобланиб, уммат эҳтиёжи учун сарфланади. Энергия манбалари ҳам шу умумий бойлик ҳукмига киради. Росулуллоҳ ﷺ шундай дедилар: “Мусулмонлар уч нарсада шерикдирлар: сув, ўт-олов ва яйловда”.
Хабар (daryo.uz 05.12.2025й): Президент Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Изоҳ: Президент Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан музокара ўтказди. Жорий йилда Хитойдан 15 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши, умумий портфель эса 90 миллиард долларга етмоқда. Энергетика соҳасида 9 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги 10 ГВт ли 30 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу улкан сармоялар Ўзбекистонни Хитойга қарам бўлиш жараёнининг кучаяётганини англатади. Бундай ҳажмдаги инвестициялар – айниқса, China Datang, China Energy, Sinoma Energy каби йирик давлат компанияларининг иштироки – Ўзбекистон иқтисодиётида Хитой капиталига боғлиқликни оширади. Агар инвестиция оқими тўхтаса, мамлакат иқтисодий барқарорлигига катта хавф туғдиради. Геосиёсий нуқтаи назардан, бу жараён иқтисодий мустамлакачиликнинг замонавий кўринишидир. 10 ГВт ли энергетика лойиҳалари Ўзбекистоннинг янги энергетика тизимини Хитой технологиялари, эҳтиёт қисмлари ва муҳандислик стандартларига қарам қилиб қўяди. Масалан, шамол турбиналари учун парракларни маҳаллийлаштириш ваъдалари аслида Хитой технологиясининг Ўзбекистондаги филиали бўлиб, технологик қарамликни кучайтиради. Бу, шунингдек, Хитойга ўзининг ортиқча қуёш панеллари учун кафолатланган бозор яратиш имконини беради. Бу улкан лойиҳалар кўпинча Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” (BRI) ташаббуси доирасида, қарзлар асосида амалга оширилади. Қарзнинг ўсиши эса, сиёсий таъсир ва босим воситаси бўлиб хизмат қилади. Кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот лабораториялари очиш ташаббуслари эса, Хитойга Ўзбекистоннинг ақлий салоҳиятига кириш имконини беради. Бугун стратегик муҳим бўлган энергетика соҳасини назорат қилиш АҚШ, Хитой каби мустамлакачи давлатларнинг асосий мақсадидир. Уларнинг инвестициялари ривожланиш ваъдаси остида юрт бойликларини талон-тарож қилиш ва тарифларни ошириш орқали халқни қашшоқлаштиришга олиб боради. Мустамлакачиликнинг моҳияти – учинчи олам давлатлари ҳисобига мустамлакачи давлатларни бойитишдир. Токи, бунинг асоси бўлган Ғарб капиталистик тузуми мавжуд экан, қарамлик гирдобидан қутулиш имконсиз. Шунинг учун ушбу чирик капиталистик тузумдан воз кечиб, мустамлакачилик балосидан халос қиладиган Ислом тузумини татбиқ этувчи Халифалик давлатини тиклаш ягона тўғри йўлдир!
Хабар (president.uz 07.12.2025й): 8 декабр Ўзбекистон республикаси конституцияси куни муносабати билан президент табриги йўлланди.
Изоҳ: Мана 30 йилдан ошибдики, Ўзбекистонда 8 декабр конституция куни сифатида нишонлаб келинади. Аввало ушбу терминга тўхталиб ўтадиган бўлсак, “Конституция” сўзи лотин тилидаги “Constitutio” сўзидан олинган бўлиб, у икки қисмдан иборат: “Con” – бирга, умумий ва “Statuere” – ўрнатиш, белгилаш, мустаҳкамлаш. Шу сабабли, луғавий жиҳатдан “Constitutio” – “Мустаҳкам ўрнатилган қоидалар мажмуи” ёки “тузилиш”, “ташкилий тамойил” деган маъноларни билдиради. Тарихан, қадимги Римда бу сўз императорларнинг муҳим фармонларини англатган. Ҳозирги замонавий ҳуқуқий контекстда эса Конституция давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши шаклини (масалан, республика ёки монархия), ҳокимият органларининг ваколатлари ва уларни шакллантириш тартибини ҳамда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини белгилаб беради. Конституциянинг асосий вазифаси – давлат ҳокимиятини чеклаш, унинг фаолиятини қонуний доирага солиш ва инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтаришдир. Демак, конституция – жамиятда яшаётган инсонларнинг муносабатларини тартибга солувчи асосий қонунлар тўпламидир. Эътиборли жиҳати, айни шу Ўзбекистон конституцияси қайси асосдан келиб чиқиб тузилганлигида. Ўзбекистоннинг қарийб 95% аҳолисини мусулмонлар ташкил қилса-да, бугунги конституция Ғарбнинг яроқсиз капиталистик демократиясидан кўчирилган нусхадир. Биз Ҳизб ут-Таҳрир исломий сиёсий жамоаси юртимиз мусулмонларини Аллоҳнинг ҳукми билан яшашга чақирар эканмиз, жамиятда Ислом тузумини татбиқ қиладиган Халифалик давлатини тиклаш йўлида сиёсий-фикрий фаолият олиб борамиз. Мақсад – мусулмон халқимизни нафақат ибодат ва шахсий ишларда, балки ҳаётнинг барча жабҳасида Ислом ҳукмларига амал қилиб яшашларига эришишдир. Бу эса, аслида Аллоҳ ва Росули ﷺнинг қатъий талабидир. Ва мана шу Аллоҳ рози бўлган ҳаёт тарзидир. Аллоҳ таоло дейди:
الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا
– “Бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим, неъматимни тўла-тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим”. (Моида:3)
Ҳар йили Ўзбекистонда 8 декабр куни нишонланаётган ва ўзбек ҳукумати томонидан “бош қомусимиз” дея тараннум этилаётган конституция эса секуляризм (дунёвийлик), яъни динни ҳаётдан, сиёсат ва давлатдан ажратиш тамойилига асосланган бўлиб, юқорида таъкидлаганимиздек, кофир Ғарбнинг бузуқ капиталистик тузумининг айнан ўзгинасидир. Бошқача айтганда, у Исломга етти ёт бегона тузумдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ ۚ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ حُكْمًا لِّقَوْمٍ يُوقِنُونَ
– “Улар жоҳилият ҳукмини (яъни динсизлик ҳукмрон бўлишини) истайдиларми? Иймони комил қавм учун Аллоҳдан ҳам яхшироқ ҳукм қилувчи ким бор?” (Моида:50)
Хабар (qalampir.uz 08.12.2025й): Шавкат Мирзиёев 615 маҳкумни афв этди.
Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган 615 нафар шахс афв этилди. Улардан 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди. Афв этилганлар орасида чет эл фуқаролари, аёллар, ёши катта эркаклар, ёшлар ҳамда тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 9 нафар шахс борлиги қайд этилган. Деярли ҳар йили ушбу жараён давом этиб келганидан юртимизда маҳкумлари бор хонадонлар ўз яқинларини озодликка чиқишларидан умидвор бўладилар. Бироқ ҳукуматнинг бу “инсонпарварлик сиёсати” асосан ўғирлик, пора олиш, фирибгарлик ва бошқа жиноятлар содир қилган шахсларга тааллуқлидир. Аммо ягона “айб”лари Роббим Аллоҳ деган ва чорак асрдан кўпроқ давр қамоқда умрини ўтказаётган сиёсий маҳкумлар – мазлум мусулмонларга эса, бу “инсонпарварлик”дан насиба йўқ. Ваҳоланки, улар юртимиз ва мусулмон халқимиз учун қайғурган пок-тақволи йигитлардир. Мирзиёев ҳукуматга келган илк йилларда бир қанча сиёсий маҳбусларни жазо муддати тугагач озодликка чиқариб, қолган оилаларда катта умид учқунларини уйғотганди. Бироқ кўп ўтмай ўзбек режими озодликка чиқарилганларнинг айримларини яна узоқ йилларга қайта қамоққа ташлади. Бу эса, режимнинг Ислом мафкураси олдида ожиз қолаётганини ва овозларни бўғиш, қамаш, таъқиб ва тазйиқ қилишдан бошқа чора топа олмаётганини кўрсатади. Аслида, ҳақиқий инсонпарварлик – Ислом аҳкомларига юзланиш ва дин учун қамалганларни дарҳол озод қилишдир. Агар ўзбек ҳукумати ўзининг инсонпарварлик даъвосида ростгўй бўлса, аввалги Каримов режимининг зулм машинаси қурбонларини ҳеч бир шартларсиз зудлик билан озод қилиши керак бўлади. Мана шунда, умид қиламизки, кўплаб оилаларнинг бағрини бутун қилиб, дардини енгиллатган бўлади ва Аллоҳнинг олдидаги ҳисоб-китоби ҳам енгилроқ кечади, инша Аллоҳ.
Хабар (kun.uz 08.12.2025й): Ўзбекистонда квартира сотиб олиш учун неча йил пул жамғариш керак?
Изоҳ: Геостатистика портали маълумотларига кўра, ўзбекистонликларга квартира сотиб олиш учун 16 йилдан ортиқ вақт керак. Бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг узоқ муддат ҳисобланади. Аниқ рақамларга кўра, ўзбекистонликлар ўртача 482 доллар маош билан қарийб 97 минг доллар қийматли квартира учун 16 йил 9 ой пул жамғаришига тўғри келади. Таққосланишича, қозоғистонликлар квартира учун 7 йилу 8 ой, қирғизистонликлар 13 йилу 6 ой, тожикистонликлар 15 йилу 9 ой пул жамғаришига тўғри келади. Тадқиқот муаллифлари муддатлардаги тафовутни бир квадрат метр нархи ва мамлакатлардаги ўртача иш ҳақи даражаси ўртасидаги фарқ билан изоҳлайди. Мана шу хабар – бугунги манфаатга асосланган капитализм тузумидаги иқтисодий низомнинг ҳаётий оқибатига ёрқин мисол бўла олади. Капиталистик иқтисодиётнинг асосий эътибори бойликни кўпайтиришга қаратилган бўлиб, тақсимот масаласи иккинчи даражали иш ҳисобланади. Бу низомда жамиятдаги алоҳида ҳар бир шахснинг уй-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқатга бўлган асосий эҳтиёжлари қондириляптими ёки йўқми, бу эътиборга олинмайди. Шунинг учун ҳозирда ўзбек ҳукумати эътиборини юрт бойлигини кўпайтиришга қаратяпти-ю, уни тақсимлашга нотўғри ёндашяпти. Юқоридаги статистика ҳам шуни тасдиқлайди: ўртача маош билан емай-ичмай 16 йилдан ортиқ пул жамғаришнинг талаб қилиниши – бу амалда уй сотиб олишнинг деярли имконсиз ишга айланганини кўрсатади. Бунинг акси ўлароқ, Исломдаги Иқтисод низомининг сиёсати бойликни кўпайтиришга эмас, балки адолатли тақсимотга асосланган. Шунинг учун Исломда ҳар бир фуқаронинг асосий эҳтиёжи қондирилиши давлат томонидан кафолатланади. Яъни ҳар бир шахснинг уй-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқат каби асосий эҳтиёжлари қондирилиши масаласи иқтисодий муаммо ҳисобланади ва бу муаммо шаръий аҳкомлар асосида тўғри муолажа қилинади. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Одам боласи учун мана бу хислатлардан (нарсалардан) бошқа ҳақ (зарур эҳтиёж) йўқдир: ўзи яшайдиган уй, авратини тўсадиган кийим ва нон билан сув”. (Имом Термизий ривояти)
Хабар (kun.uz 08.12.2025й): Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қоҳирада Миср бош имоми, «Ал-Азҳар» мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб билан учрашди.
Изоҳ: Хабарга кўра, маънавият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилган, хусусан, маърифатли Ислом ғояларини тарғиб этиш ва ёшларни радикаллашувдан ҳимоя қилиш муҳимлиги қайд этилган. Бир вақтлар Ал-Азҳар Исломнинг қалъаси эди. У ердан Иззуддин ибн Абдуссаломлар етишиб чиққан, шунингдек, у султонлар юзига ҳақиқатни айтадиган мужоҳид уламолар минбари бўлган. Наполеон босқинига қарши курашда ҳам айнан Ал-Азҳар қўзғолонлари бошланғич тугун бўлганига тарих гувоҳлик беради. Бироқ Халифалик қулатилиб, исломий юртлар устидан ҳукмронлик мустамлакачи кофир давлатлар қўлига ўтгач, Ғарб Ал-Азҳарни Али Абдулрозиқ каби агентлари ёрдамида фикрий ифлослантириш орқали забт этди. Натижада Ал-Азҳар Ғарбнинг сиёсий режаларига хизмат қилувчи “ўрта йўл” (васатийя) ва “диний бағрикенглик”ка минбарлик қиладиган “мўътадил ислом” платформасига айлантирилди. Шунга кўра, Саида Мирзиёеванинг Миср бош имоми билан учрашувидан Ислом ва мусулмонлар манфаати эмас, балки Исломнинг сиёсий қувватини заифлаштириш мақсад қилинаётгани намоён бўлади. Айниқса, “ёшларни радикаллашувдан ҳимоя қилиш” баҳонасида юртимиздаги ёш мусулмон авлодни соф Исломни ўрганишга бўлган интилишларини жиловлаш ва назорат қилиш, уларни нари борса “мўътадил мусулмон” қилиб тарбиялаш кўзланган. Бироқ ўзбек ва миср режимларининг Аллоҳ таолонинг ақл ва қалбларни забт этувчи динига, яъни сиёсий-мабдаий Исломга қарши курашиши, Аллоҳнинг изни ила, албатта, заволга юз тутади. Зеро, Ислом Умматида, жумладан, юртимиз мусулмонларида ҳам Исломий уйғониш аллақачон бошланиб бўлган. Шундай экан, агар ўзбек ҳукумати ҳозирги ғайриисломий сиёсатида давом этаверадиган бўлса, бунинг оқибати муваффақиятсизлик билан тугаши аниқ ва муқаррардир! Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ﴾
– “Золим кимсалар яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар”. (Шуаро:227)
Хабар (president.uz 09.12.2025й): Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача қисқартириш кутилмоқда.
Изоҳ: 9 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ахборот билан танишди. Жорий йилда камбағаллик даражасини 8,9%дан 6%га, келгуси йилда эса 4,5%гача тушириш мақсад қилинган. Бунга эришиш учун касб-ҳунарга ўқитиш ва 1 миллион нафар аҳолини қамраб олувчи “Экспортчи кооперативлар” каби лойиҳалар режалаштирилган. Бу каби чоралар билан ҳукумат камбағалликни яна қоғозда камайтиришни кўзлаётган кўринади. Бу ишда эса, ҳукумат асосан икки йирик статистик манипуляция воситасидан фойдаланмоқда. Биринчиси, ялпи ички маҳсулотни (ЯИМ) сунъий ошириш: Миллий статистика қўмитаси 2024 йил учун ЯИМни қайта ҳисоблаш натижасида уни 121,4 млрд долларга етказди. Натижада аввалги ЯИМ 115 млрд доллар ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган 3091 доллар ўрнига, тахминан 3265 долларга етди. Мақсад – камбағаллик кўрсаткичларини пасайтиришдан ташқари, инвестицион жозибадорликни ошириш ва имтиёзли кредитларни жалб қилиш. Иккинчиси, аҳолини рўйхатга олишдаги айёрлик: аҳолини рўйхатга олишда 15 январдан кейин туғилганлар ва 1 йилдан ортиқ чет элда юрганлар ҳисобга олинмайди, лекин ўлганлар маълум муддат киритилади. Бу аҳоли сонини имкон қадар озроқ қилиб кўрсатишга қаратилган бўлиб, кўпайтирилган ЯИМни кичикроқ аҳоли сонига бўлганда жон бошига кўпроқ маблағ тўғри келади. Мақсад – халқаро рейтинг агентликлари олдида мамлакатнинг кредит лаёқатини яхшилаш. Демак, ҳукумат асосан рақамларни “таранг тортиш” орқали камбағалликни пастроқ кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Ислом нуқтаи назаридан эса, ҳақиқий муаммо ЯИМнинг пастлиги эмас, балки ҳар бир шахснинг камбағаллигидир. Шунинг учун Исломда уй-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқатга бўлган асосий эҳтиёжларни қондириш давлатнинг зиммасидаги фарз ҳисобланади. Муаммонинг ечими бойликни кўпайтиришга асосланган ва уни адолатсиз тақсимлайдиган капиталистик иқтисод низомини Исломий иқтисод низомига алмаштиришдадир. Бу эса Халифалик давлатининг тикланиши билан амалга ошади иншаАллоҳ.
Хабар (uzdaily.uz 09.12.2025й): Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 6 декабрдаги ПФ–243-сонли фармони расман ходимларнинг коррупцияга қарши туриш даражасини диагностика қилиш орқали давлат хизматида бошқарув самарадорлигини оширишни ваъда қилмоқда.
Изоҳ: Ушбу диагностика Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади ва полиграф, психологик тестлар ҳамда суҳбатлардан иборат бўлади. Агар ходим “паст” даража олса, у лавозимда қолиш ҳуқуқини йўқотади ва мажбурий ротацияга учрайди, одатда пастроқ вазифага ўтказилади. Бу ўзига хос “лояллик фильтри” сифатида хизмат қилиши мумкин:
1. Тест натижасини ким баҳолаётган бўлса, қарор ҳам ўша доира манфаатидан келиб чиқади.
2. Агар тизимга ёқмаган раҳбар ёки кадр бўлса, унга “коррупцияга чидамсизлик” деган тамға қўйиш етарли. Расман ишдан олиш учун асос тайёр.
3. Механизм энг қулай тарзда “ўз одамлари”ни юқори баҳо билан лавозимга олиб келишга хизмат қилади.
2023-2025 йилларда шунга ўхшаш ҳолатлар кўп учради. Кўплаб вилоят ҳоким ўринбосарлари, туман ҳокимлари ва бошқа раҳбарлар “раҳбар кадрларни баҳолаш” баҳонаси билан алмаштирилган. Демакки, сиёсий “тозалаш” йўлида қурол сифатида ишлатилиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, бу фармон “бегона” кадрларни “қонуний” йўл билан йўқ қилиш ва бошқарувни марказлаштиришга қаратилган кўринади. Ўзбекистон атрофида геосиёсий рақобат кучайган бир даврда, Мирзиёев учун сиёсий элитани ўзига мослаштириш, уни тўлиқ назорат қила оладиган таркибга айлантириш жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис раҳбарлар ва кадрларни тез-тез алмаштириш, ротация ва диагностика каби механизмлар авваламбор ҳокимиятнинг ички барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бироқ бу жараённинг халқ учун ҳеч бир амалий фойдаси кўринмайди. Чунки кадрларни алмаштириш коррупциянинг илдизини кесмайди, фақат унинг кўринишини ўзгартиради. Тизимнинг ўзи ўзгармаган экан, коррупция ҳам янги шаклда давом этаверади. Натижада, элита мақбуллашади, лекин халқ ҳаётида бирон бир яхшилик рўй бермайди. Шундай экан, коррупцияни илдизи билан йўқотиш ва халқ устига лойиқ иш эгаларини олиб келиш фақатгина ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўювчи Ислом Шариатининг татбиқи билан амалга ошади. Бу эса, татбиқ қилувчи вужуд – Рошид Халифалик давлатини тиклаш зарур эканлигини англатади.
Салоҳиддин
13.12.2025й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ
1447 ҲИЖРИЙ ЙИЛ МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ
Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!