«Халқ” (яратиш) –“йўқдан бор қилиш”

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
“Халқ” (яратиш) – “йўқдан бор қилиш”
Маҳмуд Синқрутга
Савол: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Муҳтарам шайхимиз! Сизга исломий саломимни йўллайман: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи таъала ва баракотуҳ. Аллоҳ таолодан Сизни Ўз паноҳида асрашини, ишларингизда мададкор бўлишини, умматга нусрат ва ғалабани кечиктирмай, айнан сизнинг саъй-ҳаракатларингиз орқали насиб этишини ҳамда бир асрдан буён бой берилган азизлик, қадр-қиммат ва бирликни қайтаришини тилайман.
Муҳтарам устоз, шайх Абдул-Қадим Заллум раҳимаҳуллоҳнинг «Исломда истинсох(клонлаш) ҳукми» номли асарининг иккинчи саҳифасида қуйидаги фикрлар келтирилади:
«Оламдаги мукаммал қонуниятлар ва мустаҳкам тартибот, шубҳасиз, Муназзим(тартибга солувчи), Мубдиъ(тенги йўқ ихтиро этувчи), Қодир ва Ҳаким Зотнинг мавжудлигини тақозо этади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ﴾
«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов (аниқ тақдир) билан яратдик». (Қамар: 49).
Яна Ул Буюк Зот шундай дейди:
﴿وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ فَقَدَّرَهُ تَقْدِيراً﴾
«Ва У ҳар бир нарсани яратиб, уни муайян ўлчов билан ўлчаб қўйди» (Фурқон: 2).
Яъни, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани пухта ўлчов ва мутаносиблик асосида яратиб, уни ўзига хос вазифани бажаришга мослаб қўйди. Демак, бу яратиш ҳикматли ўлчовга асосланган бўлиб, асло беҳуда эмас. Бу яратиш – йўқдан бор қилишдир. Зеро, халқ(яратиш) фақат йўқдан бор қилишни англатади, мавжуд ашёдан янги бир нарса ҳосил қилишни эмас. Чунки мавжуд нарсадан бирор нарса ясаш халқ(яратиш) ҳисобланмайди». Иқтибос тугади.
Кўриниб турибдики, Абдул-Қадим Заллум раҳимаҳуллоҳ халқ(яратиш) тушунчасини фақатгина «йўқдан бор қилиш» маъноси билан чеклаганлар. Бироқ Қуръони каримнинг кўплаб оятларини синчиклаб ўрганганимизда, жумладан:
﴿خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ﴾
«Инсонни лахта қондан яратди» (Алақ: 2)
﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ مِنْ سُلَالَةٍ مِّن طِينٍ﴾
«Ҳақиқатан, Биз инсонни лойнинг сарасидан яратдик» (Муъминун: 12)
﴿خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ صَلْصَالٍ كَالْفَخَّارِ﴾
«У инсонни сополдек қуриган лойдан яратди» (Ар-Роҳман: 14)
﴿وَخَلَقَ الْجَانَّ مِنْ مَارِجٍ مِنْ نَارٍ﴾
«Ва жинларни эса тутунсиз олов алангасидан яратди» (Ар-Роҳман: 15)
каби оятларда Аллоҳ таоло мавжудотларни айнан мавжуд ашёлардан яратганини баён этади.
Шундай экан, халқ(яратиш) сўзи «йўқдан бор қилиш» маъносини англатишга чекланганми? Мазкур қараш билан яратишнинг мавжуд нарсалардан ҳосил бўлишига далолат қилувчи оятлар мазмунини қандай мувофиқлаштириш мумкин? Шу масалани батафсил ёритиб берсангиз. Аллоҳ сизни энг яхши мукофотлар билан сийласин! Савол тугади.
Жавоб: Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Хайрли дуоларингиз учун Аллоҳ сизни мукофотласин ва баракотларини ёғдирсин. Биз ҳам сизнинг ҳаққингизга хайр-эзгуликлар тилаб қоламиз.
- Араб тили луғатида «халқ» (яратиш) лафзи бир неча маъноларда қўлланади:
йўқдан бор қилиш ва аввал ҳеч қандай намунаси бўлмаган нарсани пайдо қилиш;
Ўлчаш, муайян режа ва миқдор белгилаш;
Шакл бериш, ясаш ва ишлов бериш.
«Лисонул араб» китобида шундай қайд этилган:
«(Халқ)… Ал-Холиқ” ва “Ал-Халлоқ” бўлган Аллоҳнинг сифатларидан биридир. Араб тилида “ал-халқ” бирор нарсани аввалда унга ўхшаши бўлмаган тарзда илк бор пайдо қилиш, демакдир. Аллоҳ яратган ҳар бир махлуқотни олдин ўхшаши бўлмаган ҳолда илк бор яратган.
أَلَا لَهُ الْخَلْقُ وَالْأَمْرُ تَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ
“Огоҳ бўлингизким, яратиш ва амр қилиш Унгагина хосдир. Оламлар Робби Аллоҳ нақадар Буюкдир!”
Абу Бакр ибн ал-Анборий айтади: “Араб каломида «халқ» сўзи икки асосий маънога эга: биринчиси —олдин ўхшаши йўқ суратда пайдо қилиш бўлса, иккинчиси — аниқ ўлчов ва миқдор белгилашдир… Аллоҳ нарсани яратди дегани — уни йўқдан бор қилди, деганидир”…
Ва Аллоҳ азза ва жалланинг:
يَخْلُقُكُمْ فِي بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ خَلْقاً مِنْ بَعْدِ خَلْقٍ فِي ظُلُمَاتٍ ثَلَاثٍ
«У сизларни оналарингизнинг қорнида уч қоронғилик ичида, бирма-бир яратиш босқичлари билан яратади» (Зумар сураси, 6-оят) деган сўзи, сизларни аввал нутфа (томчи сув), сўнг алақа (лахта қон), сўнг музға (парча гўшт), сўнг суяк ҳолига келтириб, кейин суякларга гўшт қоплашини, сўнгра сурат бериб, руҳ пуфлашини англатади. Қорин, бачадон ва йўлдош каби уч қоронғилик ичидаги “босқичма-босқич яратиш”нинг маъноси шудир. Шунингдек, (уч қоронғуликни) умуртқа поғонаси, бачадон ва қорин ичида, деб ҳам тафсир қилинган…» Иқтибос тугади.
Демак, «халқ» сўзи барча нарсаларни йўқдан бор қилиш, аниқ ўлчов ва режа билан белгилаш ҳамда аввалда ўхшаши бўлмаган пайдо этишни англатади. Матнда ушбу маънолардан айнан қайси бири назарда тутилганини эса баҳс мавзуси ва унга алоқадор қариналар белгилаб беради.
- Шайх Абдул-Қадим Заллумнинг истинсох(клонлаш) китобидаги яратиш сўзи айнан «йўқдан бор қилиш» маъносини ифодалаган. Муаллифнинг мулоҳазаси қуйидагича:
«Бу улкан илмий ютуқлар ва энг юқори технологиялар воситасида қўлга киритилаётган натижалар энг аввало Аллоҳнинг улуғлигига, чексиз қудратига, ҳикматига ҳамда Унинг яратиш санъати бекаму кўстлигига далолат қилади. Борлиқдаги мавжудотларнинг илк Ижодкори ва Яратувчиси Аллоҳ эканини, улар асло тасодиф маҳсули эмаслигини исботлайди. Чунки табиатдаги ҳар бир махлуқнинг муайян низомга бўйсуниши, қатъий қонуниятлар билан бошқарилиши ҳамда ўз вазифасига тўлиқ мослаштирилган хусусиятларга эга экани тасодиф назариясини бутунлай инкор этади. Зеро, тасодиф аниқ қонун ва мустаҳкам тизимни пайдо қила олмайди. Бундай қонуниятлар муқаррар равишда тартибга солувчи, пайдо қилувчи, Қодир ва Ҳаким Зотнинг борлигини тақозо этади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: إنا كل شيء خلقناه بقدر
«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов (тақдир) билан яратдик» (Қамар: 49).
Яна Ул Зот айтади:
﴿وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ فَقَدَّرَهُ تَقْدِيراً﴾
«Ва У ҳар бир нарсани яратиб, уни муайян ўлчов билан ўлчаб қўйди» (Фурқон: 2).
Яъни, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳикматли ўлчов ва мутаносиблик асосида яратиб, уни ўз вазифасига мослаб қўйди. Натижада ўлчовсиз-беҳуда эмас балки ҳикматли ўлчов билан яратди. айнан шу яратиш йўқдан бор қилишдир. Чунки ҳақиқий “халқ” мавжуд нарсадан эмас, балки йўқдан бор қилишдир. Мавжуд нарсадан ижод қилиш эса яратиш ҳисобланмайди».
- Демак бу ерда баҳс тўлиғича олам тасодифан пайдо бўлиб қолмагани, аксинча, ҳар бир нарсани йўқдан бор қилиб, унга мукаммал қонуният ато этган Яратувчи борлигини исботлашга қаратилган. Ҳаттоки, далил қилиб келтирилган оятлар ҳам йўқдан бор қилишга далолат қилади:
﴿إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ﴾
«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов (тақдир) билан яратдик» (Қамар: 49),
﴿وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ فَقَدَّرَهُ تَقْدِيراً﴾
«Ва У ҳар бир нарсани яратиб, уни муайян ўлчов билан ўлчаб қўйгандир» (Фурқон: 2).
Ушбу ояти карималардаги баён барча нарсалар ҳақидадир. Оятлар Аллоҳ таолонинг барча нарсаларни яратганини айтмоқда. Бу эса яратилмаган бирорта ҳам нарса йўқлигини, яъни барча нарсалар аввал йўқ бўлиб, сўнг уларни Аллоҳ яратганини, яъни йўқликдан уларни вужудга келтирганини англатади. Зеро, “куллу шайъ” ибораси барча нарсаларни ўз ичига қамраб олувчидир. Шундай экан, муаллифнинг Истинсох(клонлаш) китобидаги: («Ва бу яратиш йўқдан бор қилишдир. Чунки “халқ” – йўқдан бор қилишдир, мавжуд нарсадан вужудга келтириш эмас. Зеро, мавжуд нарсадан вужудга келтириш халқ (яратиш) ҳисобланмайди») деган сўзи тўғри ва ўз ўрнида айтилган сўздир, айниқса, мана шу ўринда.
- Аммо, саволда келтирилган:
﴿خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ﴾
«Инсонни лахта қондан яратди»
﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ مِنْ سُلَالَةٍ مِّن طِينٍ﴾
«Ҳақиқатан, Биз инсонни лойнинг сарасидан яратдик»
﴿خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ صَلْصَالٍ كَالْفَخَّارِ﴾
«У инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди»
﴿وَخَلَقَ الْجَانَّ مِنْ مَارِجٍ مِنْ نَارٍ﴾
«Ва жинларни эса тутунсиз олов алангасидан яратди»
каби оятларга келадиган бўлсак, улар яратилиш босқичлари ҳақидадир:
а) Масалан, Одам алайҳиссаломнинг яратилиши ҳақида баҳс юритувчи оятлар унинг яратилиш босқичларини тасвирлайди. Зеро, у тупроқдан яратилган бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу тупроқни лой қилди, сўнгра у ўзгарган, қора лойга айланди, сўнг сопол каби қуриган лой бўлди ва кейин унга Ўз руҳидан пуфлади. Аллоҳ таолонинг( …خلق الإنسان) сўзи ҳақида Имом Қуртубий ўз тафсирида ёзади:
Аллоҳ субҳанаҳу осмон ва ер каби “катта олам”нинг яратилиши ҳамда Ўзини чексиз қудрати ва ёлғизлигига далолат қиладиган аломатларни зикр қилгач, “кичик олам” — инсоннинг яратилишини баён қилиб:( …خلق الإنسان) “Инсонни яратди”, деди. Муфассирларнинг иттифоқига кўра, бу ерда Одам а. с. назарда тутилган. (من صلصال كالفخار ) “Сополдек қуриган лойдан” иборасидаги “солсол” — чертилса жаранглайдиган қуруқ лойдир.
Бошқа бир қавлда: у қум билан қориштирилган лой, дейилган. Яна бир қавлда: у ҳидланган лой, дейилган бўлиб, гўшт сасиганда ишлатиладиган «صل اللحم و أصل» иборасидан олинган ва бу ҳақда «Ҳижр» сурасида келган. Бу ерда: صلصال كالفخار «Сопол каби қуриган лойдан» деди, у ерда эса: من صلصال من حمإ مسنون «Ўзгарган, қора лойдан бўлган қуриган лойдан» деди.
Яна:إنا خلقناهم من طين لازب «Албатта, Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратдик», деди
ва яна: كمثل آدم خلقه من تراب «…Одамнинг мисолидек, уни(яъни Одамни) тупроқдан яратди» деди. Буларнинг барининг маъноси бир хилдир. Чунки У Зот ернинг тупроғидан олди, уни қориб лойга айлантирди, сўнгра у ўзгариб, қора лой ҳолига келди, сўнгра яна ўзгариб, сополдек қуриган лойга айланди].
Бу босқичлар йўқдан бор қилишни асло инкор этмайди. Чунки Одам алайҳиссалом яратилган тупроқнинг ўзи қаердан пайдо бўлган? Аллоҳ ўша тупроқни ҳам йўқдан бор қилмадими?! Қолаверса, жонсиз тупроқнинг гўшт ва қонга айланиши, унга руҳ кириб тирик жонзот бўлишининг ўзи асл моҳиятига кўра йўқдан бор қилиш эмасми?! Демак, Одам а. с. ҳақида сўзловчи бу оятлар уни бир неча босқичларда яратилганини баён қиляпти. Бу оятлардан “Одам а. с. йўқдан бор қилинган”, дейишдан бошқа нарса тушунилмайди.
б) Шунингдек, жинларнинг яратилиши ҳақида баҳс юритувчи оятларда ҳам уларнинг яратилиш босқичлари баёни борки, жин дастлаб оловдан бўлган, сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ҳикматга кўра уни жин қилган.
«Тафсири Қуртубий»да шундай келган:
[( و خلق الجان من مار من نار «Ва жинларни эса тутунсиз олов алангасидан яратди») Ҳасан айтди: «Жон (жин) – Иблисдир, у жинларнинг отасидир». Бошқа бир қавлда: «Жон – жин тоифасининг бирлигидир», дейилган. Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, «ал-мориж» – алангадир. У яна: «Аллоҳ жинни соф оловдан яратди», деган. Яна ундан: «Олов ёнганда унинг учида бўладиган тилидан (алангасидан яратди)», деб ривоят қилинган. Лайс айтди: «Ал-мориж – кучли алангали, порлаб турувчи шуъладир…» Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, у оловнинг устига кўтарилувчи, қизил, сариқ ва яшил ранглари бир-бирига аралашиб турувчи алангадир. Мужоҳиддан ҳам шунга ўхшаш ривоят келган ва буларнинг барчаси маъно жиҳатдан бир-бирига яқиндир… Жавҳарий «Ас-Сиҳоҳ» китобида айтади: «( مارج من نار) яъни “ тутуни бўлмаган олов” бўлиб, ундан жин яратилгандир».]
Демак, ундан жин яратилган ўша оловни ҳам Аллоҳ субҳанаҳу йўқдан бор қилган. Сўнгра ундан жинни яратди ва уни ҳаёт сабаблари билан таъминлади. Буларнинг барчаси ҳали жин мавжуд бўлмаган пайтда Аллоҳ субҳанаҳунинг феъли билан пайдо бўлди… Шундай экан, жиннинг маълум босқичлар билан яратилиши – Аллоҳ уни йўқдан бор қилмаган, деган маънони англатмайди…
в) Аллоҳ таолонинг ﴾خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ﴿ («Инсонни лахта қондан яратди») деган ояти ҳам инсоннинг мутлақ йўқликдан яратилганини инкор этмайди. Алақа (лахта қон) ота манийси ва она тухум ҳужайрасининг бирлашишидан ҳосил бўлади. Аллоҳ уларни гўшт ва суякка айлантириб, руҳ пуфлайди. Ҳали мавжуд бўлмаган бу мураккаб биологик низомни пайдо қилган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
Қуръони карим ушбу босқичма-босқич ривожланишни бошқа оятларда янада очиқроқ баён этади:
﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ مِنْ سُلَالَةٍ مِنْ طِينٍ * ثُمَّ جَعَلْنَاهُ نُطْفَةً فِي قَرَارٍ مَكِينٍ * ثُمَّ خَلَقْنَا النُّطْفَةَ عَلَقَةً فَخَلَقْنَا الْعَلَقَةَ مُضْغَةً فَخَلَقْنَا الْمُضْغَةَ عِظَاماً فَكَسَوْنَا الْعِظَامَ لَحْماً ثُمَّ أَنْشَأْنَاهُ خَلْقاً آخَرَ فَتَبَارَكَ اللَّهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ﴾
«Ҳақиқатан, Биз инсонни лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда (бачадонда) бир томчи сув (нутфа) қилдик. Сўнгра у томчи сувдан лахта қон (алақа) яратдик, сўнг лахта қондан бир тишлам гўшт (музға) яратдик, сўнг у бир тишлам гўштдан суяклар яратдик, бас, суякларга гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, энг гўзал Яратгувчи Аллоҳ баракотли ва Буюкдир!»
Хулоса:
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир нарсани ибтидосидан то интиҳосигача йўқдан бор қилгувчи ягона Холиқдир. Бу ҳақиқатни англаш учун У Зотнинг қуйидаги каломи кифоя қилади:
﴿إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ﴾
«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов (тақдир) билан яратдик»
﴿وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ فَقَدَّرَهُ تَقْدِيراً﴾
«Ва У ҳар бир нарсани яратиб, уни муайян ўлчов билан ўлчаб қўйди»
Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг махлуқотларни яратишига оид барча оятлари чуқур таҳлил қилинса, уларда мутлақ йўқдан бор қилиш фикрати ётгани аён бўлади. Бу — «халқ» сўзининг ҳам, Аллоҳни «Холиқ» деб эътиқод қилишимизнинг ҳам асл маъносидир.
Нусусларда маълум бир нарсанинг бошқа бир моддадан яратилгани баён қилиниши эса ушбу қоидага зид келмайди. Зеро, дастлабки модда ҳам, ундан шаклланган кейинги ҳолат ҳам Аллоҳнинг яратганидир. Борлиқдаги барча яратиш занжири охир-оқибат фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига бориб тақалади.
Оламлар Робби Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсин!
Ушбу жавоб масалани англаш учун етарли бўлди, деб умид қиламан. Аллоҳ ҳар нарсани билувчи ва ҳикматли Зотдир.
Сўнгида сизга самимий саломимни изҳор этиб, ҳаққингизга хайрли дуолар қиламан.
Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта 24 Робиулаввал 1448ҳ
06 август 2026м



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ