Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (uza.uz 13.03.2023й): 2023 йил 1 апрелдан “Нуроний” жамғармасига давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилади. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ ёшлар ҳар бир маҳалладаги фаол нуронийларга бириктирилади.
Изоҳ: Президентнинг ушбу қарори золим Каримов режими томонидан жорий қилинган маҳалла назоратини эсга соляпти. Бундай механизм ҳар бир маҳаллада одамлар устидан давлат назоратини ўрнатиш имконини берди. Айнан шу “норасмий орган” асосан Ислом қадриятлари, унинг фикр ва тушунчалари, бир сўз билан айтганда, жамиятда Исломий фикр ва туйғулар ҳукмрон бўлишига қарши курашишда катта рол ўйнаган воситалардан бирига айлантирилди. Ҳозирги ҳукумат ҳам шу йўлдан бориб, уни янада ривожлантиришга қарор қилган кўринади. Ёшларга бириктириладиган нуронийлар эса, социалистик тузумнинг тарбиясини олганлардан тузилиши ва уларнинг Исломий сақофатдан узоқ бўлишини тахмин қилиш мумкин. Бундан асосий мақсад ёшлар орасида Исломга яқинлашишни олдини олиш ва яқинлашганлардан ўз вақтида бохабар бўлиш эканлиги ойдинлашади.
Хабар (Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти 13.03.2023й): Ўзбекистонда аҳоли ўртасида ўтказилган сўров (450 киши) натижаларига кўра, ёш оилалар (оила боқувчиси ёши ўртача 38 ёш) ўз даромадининг кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфлаётганини маълум қилган. Бунда респондентларнинг 18 фоизи маиший техника, 22 фоизи уй-жой, 13 фоизи автомобиль, 10 фоизи ўқиш шартнома тўлови, 11 фоизи телефон учун қарз олгани маълум бўлди. Қолган 34 фоиз респондентлар қарзи йўқлигини билдирган.
Изоҳ: Юқорида келтирилган тадқиқот натижалари хавотирли бўлиб, юртимиз иқтисодиёти капиталистик Ғарб давлатларининг иқтисодий тизимидан “ранг олишни” бошлаганини билдиради. Бу тизимни соддароқ қилиб қарзга яшаш, дея ифодалаш мумкин. Бунда одамлар ўз эҳтиёжларини қондириш учун товар ва хизматларни қарзга сотиб олишга кўпроқ таянадилар. Ислом Шариати бўйича бундай бай – маълум шартлар топилса – жоиз бўлса-да, бироқ бугунги капиталистик иқтисодий тизим шароитида бундай шартларга деярли амал қилинмайди. Бундан ташқари, Ғарб жамиятида авж олган истеъмолчилар жамияти, дея аталадиган яшаш тарзи ҳам мусулмонларга ўз таъсирини ўтказяпти. Бундай яшаш тарзида товар ва хизматларни сотиб олиш эҳтиёжларни қондириш учун эмас, балки мақсадга айланиб қолади, яъни “харид учун харид”. Буларнинг барчаси жамиятимизда капиталистик фикр ва тушунчаларнинг илдиз отаётганидан дарак бермоқда.
Хабар (РИА Новости 14.03.2023й): Москвада православ черковларини қуриш дастурида Ўзбекистон Республикаси билан ишчи кучини ёллаш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик кўриб чиқилган. Бу ҳақида Москвадаги черковлар қуриш дастури куратори матбуот котиби – Давлат Думаси депутати Владимир Ресин маълум қилди. Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Москвадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов Владимир Ресин билан учрашиб, ҳамкорлик борасида келишувга эришган.
Изоҳ: Ўзбекистон ҳукумати ҳалол ва ҳаромни ажратмай, мусулмонлар эътиқодини умуман эътиборга олмасдан фақат манфаат нуқтаи назаридан туриб ишларга баҳо бераётганига қарши ҳеч ким бирор гап гапирмаяпти. Айниқса, дин ишлари бўйича ўзини жавобгар, деб ҳисоблайдиган диний қўмитаси-ю идораларида ўтириб олган салла-чопонлилар бу борада оғзига толқон солиб олганлар. Агар ҳукуматнинг бундай сиёсатига қарши чиққан ёки унга насиҳат ёки танқид қилган мусулмонларни экстремист, террористга чиқариш бўлса, ҳар доим бу ишга шай ҳолда турадилар. Агар сизларда озгина холислик бўлганида ҳукуматнинг очиқ ҳаром ишлари борасида танбеҳ бериб, унга тўғри йўлни кўрсатган бўлардингиз. Мусулмоннинг кофирлар черковларини қурилишида иштирок этиши ҳаром эканлигига қарамай, рус ҳукумати билан бундай ҳаром битимлар тузилишига “диний уламолар” ҳеч бир сўз айтмадилар. Агар бирор гап топсалар, бу гап ҳукуматнинг мусулмонлар ҳақида қайғуриб, иш билан таъминлаётганларини мақташ бўлиши мумкин холос.
Хабар (Ташқи савдо ва инвестициялар вазирлиги 14.03.2023й): 14 март куни Жамшид Хўжаев ЖСТ Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан музокаралар олиб борди. Учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш масалалари, жумладан, жорий йилнинг 14-15 март кунлари Ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди. ЖСТ Бош директори Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёни доирасидаги ҳаракатларини, йирик аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб бораётганини юқори баҳолади.
Изоҳ: 1995 йилда ГАТТ (Божлар ва савдо бўйича умумий битим) иттифоқи глобаллаштириш сиёсатларини қонун ниқоби остида ҳимоя қилувчи Жаҳон савдо ташкилотига айлантирилди. Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг роли кучайтирилди. Шу даражада кучайтирилдики, оқибатда бу учлик, яъни Жаҳон савдо ташкилоти, Валюта жамғармаси ва Жаҳон банки буюк давлатлар бошқа давлатларнинг иқтисодий сиёсатига аралашиш ва босим ўтказиш учун ишга соладиган қуролга айланди. Шунга кўра айтамизки, ўзбек ҳукумати Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш орқали Ғарбни рози қилишга интиляпти ва бунинг оқибатлари ҳақида ўйламаяпти. Ваҳоланки, бундай халқаро молиявий ташкилотлар Ғарб, хусусан Америка қўйган тузоқ бўлиб, унга тушган давлат иқтисодиёти вайрон бўлиши муқаррардир.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Форуқ
20.03.2023й
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми
Республика президентлиги сайловлари ҳукми
Муслима синглимиз Роҳиланинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор қиламиз