Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар: 16 декабр куни 15 нафар собиқ сиёсий маҳбуслар устидан ўтказилган апелляция суди, аввалда уларга ўқилган ҳукмни деярли ўзгаришсиз қолдирди.
Изоҳ: Маълумот учун, ушбу мазлум йигитларнинг 3 нафарига 7 йилга, 5 тасига 12 йилга, 6 тасига 13 йилга ва 1 тасига 14 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда жазони махсус тартибли колонияда ўташ бўйича суд ҳукми чиқарилган эди. Шундан сўнг уларнинг адвокатлари апелляция судига шикоят аризаси киритишди… Шу муносабат билан Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими матбуот баёноти эълон қилди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“16 декабр куни Ўзбекистон судлари ҳозирги ўзбек режими бошқаруви тарихига улкан қора доғ бўлиб тушадиган ҳукмни ўқиди. Аввалда ноҳақ 20 йиллаб золим Каримов режими қамоқларида умрлари ҳазон бўлган 15 нафар йигитга нисбатан ўқилган узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси деярли ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳукуматга ушбу собиқ сиёсий маҳбусларнинг яқинлари, ота-оналари, жуфти ҳалолларининг зорланиб қилган мурожаатлари, Аллоҳдан қўрқишга, мазлумларга зулм қилишдан тийилишга чақириб қилинган хитоблар ва бундан бошқалар умуман таъсир қилмади. Уларнинг қалби бунчалар қаттиқлашиб кетган бўлмаса-я!
Мазкур ўқилган ҳукм Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизими ўта абгор аҳволда қолаётганлигини, аввалги золим режим давридан буён айтарли ўзгармаганлигини, суднинг ислоҳ қилинаётганлиги ҳақидаги баландпарвоз гапларнинг пуч эканлигини яна бир бор исботлади. Шунингдек, бу суд ҳукми ҳозирги ўзбек режими ҳақ олдида нақадар ожизлигини, кучли Исломий мафкура олдидаги мағлубиятини тан олганини ҳам кўрсатди. Ҳолбуки, бу йигитларнинг мустаҳкам ақидаси ва соф Исломий фикрларидан бошқа қуроллари йўқ эди. Бироқ ҳукумат ўзи даъво қилган “жаҳолатга қарши маърифат”, “ғояга қарши ғоя” билан курашамиз, деган сўзларига қарши бориб, куч қўллаш, тазйиқ ўтказиш, зўравонлик қилиш йўлидан боришдек пасткашликка қўл уришдан ҳеч уялмаяпти…”.
Баёнот шундай сўзлар билан якунланади: Мусулмон халқимизни Исломий даъватдан йироқлатиш ва умуман Исломга интилишига турли тўсиқлар қўйиш ортида Россия каби мустамлакачи давлатларни рози қилиш турганига асло шубҳа йўқ. Ўзбек режими ўз халқини норози қилиб, унинг қарғиш ва лаънатига қолиб бўлса-да ўрис ва бошқа “катта оға”ларини рози қилишга интилиши ҳали ўзининг бошига битган бало бўлади. Ҳеч бир замонда бундай қинғир ишларнинг оқибати яхшиликка олиб бормаган. Бироқ ўзбек режимидаги масъул шахслар ўзларидан олдингиларнинг аянчли қисматларидан ва ҳатто бугун кўз ўнгимизда содир бўлаётган ибратли ҳодисалардан ҳам тўғри хулоса чиқара олмаяптилар. Аллоҳ таоло буларнинг ҳақ йўлга қайтиши учун яна қанча дарс бериши керак?! Уларнинг кўзи очилиши учун яна нима керак?! Дарҳақиқат, уларнинг аҳволи жуда ачинарли! Бироқ улар қилиб ўтган қилмишлари учун Аллоҳнинг олдидаги оқибат эса янада қаттиқ ва янада шармандалидир. Айниқса, улар Аллоҳнинг дўстларига зулму зўравонлик қилганларига афсус-надомат чекканларида жуда кеч бўлади!
وَيَوْمَ يَعَضُّ الظَّالِمُ عَلَى يَدَيْهِ يَقُولُ يَا لَيْتَنِي اتَّخَذْتُ مَعَ الرَّسُولِ سَبِيلاً * يَا وَيْلَتَى لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَاناً خَلِيلاً
“У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер: “Э, қанийди мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди. Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди”. (Фурқон:27-28)
Хабар (gazeta.uz 17.12.2024й): Депутатлар чиқинди қарзлари учун электр тўловларини чеклаш масаласини муҳокама қила бошлади.
Изоҳ: Эълон қилинган маълумотларга кўра, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик ҳозирда 596 млрд сўмни ташкил этади. Бу йил бошига қараганда 115 млрд сўмга кўпайган. Республика бўйлаб халқимиз энергия манбалари тақчиллигидан қийналаётган бир пайтда, бундай бемаъни қонун муҳокамасини ўтказишдан ҳукумат озгина уялса бўлмасмиди?! Бу қандай ноинсофлик бўлдики, ҳукумат худди бир тўда товламачи сингари қарздорликни шантаж йўли билан ундирмоқчи бўляпти. Ҳа, бу айнан одамларни шантаж қилиш ҳисобланади! Бўлмаса, чиқиндидан қарзингни тўламасанг, электрдан фойдалана олмайсан, дейишни қандай тушуниш мумкин?! Бундан ташқари, нима учун халқ бунчалик катта қарзга ботди? Нима учун ҳукумат буни ўрганмайди? Бунинг устига, ўзи чиқиндилардан тозалаш бўйича шунча хизмат ҳақиқатда кўрсатилганми ёки йўқми?… Албатта, бундай саволлар ҳукуматни умуман қизиқтирмайди. У халқни қарзга ботириб, қандай қилиб бўлса-да пул ундириш устида бош қотиряпти холос. Бошқача айтганда, ҳукумат бюджетга тушумларни кўпайтириш ва харажатларни камайтириш юкини халқ бўйнига юклаяпти. Бу эса олинган риболи қарзларни тўлаш билан боғлиқдир. Аввалдан айтиб келаётганимиздек, ушбу қарзларни тўлаш айланиб-ўргилиб халқимиз бўйнига тушяпти. Бироқ ҳукуматга яқин бўлган компанияларга улкан имтиёзлар ва енгилликлар бериш ҳамон давом этяпти. Бир сўз билан айтганда, ҳукумат халқни эзиш ва бойларни янада бойитишни жуда яхши уддалаяпти. Аслида, коммунал хизматлар сирасига кирувчи чиқинди тозалаш хизмати давлат томонидан халқ учун бепул кўрсатилиши лозим. Исломий бошқарувда бу хизмат сифатли ва бепул амалга оширилади.
Хабар (ozodlik.org 17.12.2024й): Ўзбекистон иқтисодий комплекси тизимида ишлаб келган 297 нафар раҳбар сусткашлиги ва масъулиятсизлиги сабаб лавозимидан бўшатилди.
Изоҳ: Бу ҳақда 16 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинган. Жумладан президент: “Қатъий огоҳлантираман – маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди. Ҳамма ўзгариши керак. Кўриб турибсизлар, ҳар дақиқа дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият қийинлашиб, янги-янги таҳдидлар пайдо бўлаяпти. Уларга бугун жавоб топмасак, кейин кеч бўлади”, – деди. Албатта, Ўзбекистон иқтисодиётида муаммо борлиги ойдек равшан. Президент Мирзиёев мазкур муаммонинг бош сабабчиси раҳбар лавозимдагиларнинг масъулиятсизлиги, дея кўрсатмоқчи бўляпти. Бироқ 30 йилдан бери минглаган кадрлар алмаштирилган бўлса-да, нафақат иқтисодиётда, балки бошқа соҳаларда ривожланиш у ёқда турсин, айтарли ижобий ўзгариш бўлмади. Демак, президент айтгандек гап фақат шахсларни ўзгартиришда эмас. Тўғри, ишига масъулият билан ёндашадиган, яъни иш эгаси бўлган раҳбар ходимлар ҳам бошқарувнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Бироқ бу ўринда асосий муаммо ҳукумат бошқаруви нимага асосланаётганида, яъни иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ўзгариш бўлмаётганининг асосий сабаби бу – ўзбек ҳукумати татбиқ қилаётган яроқсиз капиталистик иқтисодий тузумидир. Шунинг учун ушбу тузумни таг-томири билан улоқтириб ташлаб, ўрнига мусулмон халқимизга фаровонлик ва мўл-кўлчилик келтирадиган Исломий бошқарувни олиб келиш зарур. Мана шундагина иқтисодиёт ҳам, бошқа соҳалар ҳам ўз ўрнига тушиб, мисли йўқ ривожланиш босқичига қадам қўяди.
وَمَنۡ أَعۡرَضَ عَن ذِكۡرِي فَإِنَّ لَهُۥ مَعِيشَةٗ ضَنكٗا
– “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур”. (Тоҳо:124)
Хабар (qalampir.uz 18.12.2024й): 17 декабрь куни Россиянинг Москва шаҳрида содир бўлган портлаш қурбони бўлган мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг ўлимида гумон қилиниб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак ушланди.
Изоҳ: Россия Тергов қўмитасининг версиясига кўра, ушбу жиноят учун Ўзбекистон фуқаросига 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига чиқариб юбориш кафолатланган. Албатта, Россия ФХХ бу қотиллик, гарчи расмий Киев тан олмаган бўлса-да, УХХ томонидан режалаштирилганини гумон қилди. Қизиғи, Украина махсус хизматлари қандай қилиб русларнинг нуфузли генералини йўқ қилиш учун оддий мигрант, бўлиб ҳам ошпаз бўлиб ишлаган одамни ёллаши мумкин? Ахир, бундай амалиётларни одатда пухта тайёргарликдан ўтган, кучли тажрибага эга ҳарбий мутахассисларгина амалга ошира олади-ку! Бу каби саволларнинг кети узилмайди. Биз мусулмонлар қўли бегуноҳлар қонига ботган рус армиясининг генерали ўлимига, албатта, қайғурмаймиз. Ачинарлиси эса кофир давлатлар сиёсий манфаатлари йўлидаги ўзаро низоларида мусулмонларни қурбон қилишаётганидир. Крокус воқеаси совумай туриб, мана энди генералнинг ўлимида Ўзбекистон фуқароси айбланмоқда. Ҳар қандай ақли расо инсон Россияда ишлаб юрган муҳожирларга босим янада кучайишидан хавотир олаётгани аниқ. Чунки бу ўрис ҳукумати шундай ҳам уларни одам ўрнида кўрмаётган эди. Ўзбек ҳукумати томонидан эса бу борада жўяли муносабат билдирилмади. Фақатгина “Умумроссия ўзбеклар, ўзбекистонликлар Кенгаши” жамоат ташкилоти раҳбари Иброҳим Худойбердиев деган бир ноинсоф кимса, гумонланаётган ва ҳали айби исботланмаган одамни “сотқин махлуқ” дея ҳақорат қилди. Ҳа, бугун мусулмонларнинг ҳимоячи қалқони, яъни халифаси йўқлиги мана шундай ҳолатларда яққол намоён бўлмоқда. Агарда мусулмонлар бошида уларнинг халифаси бўлганда, бирор кофир давлат мусулмоннинг бошидан ҳатто битта соч толасини тўкишга ҳам ботинолмаган бўларди. Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: “Имом-халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Хабар (kun.uz 18.12.2024й): Фарғона шаҳридаги заправкада рўй берган портлаш оқибатида яна 3 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Изоҳ: Расмий хабарларга кўра, ушбу машъум ҳодиса қурбонлари сони 4 тага етган, яна 8 нафар жабрланувчи шифохонада қоляпти. Аввало, қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қиламиз ҳамда жароҳат олганларга Аллоҳ тез орада комил шифо беришини сўраймиз. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ушбу заправка қурилишига аввалдан қаттиқ норози бўлишган. Чунки аҳоли турар жойларига яқин жойда бундай заправка қуриш хавфли эканлигини тушуниш қийин эмас. Бироқ бунга на расмийлар ва на давлат ташкилотлари эътибор беришган. Kun.uz'нинг аниқлашича, портлаган шохобча Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов оиласига мансуб шахсларга тегишли бўлган. Мана шундан аён бўляптики, халқ қанча норози бўлмасин, амалдорлар ва уларга яқинларнинг манфаати биринчи ўринга қўйилган. Буни Бойсундаги фожеа мисолида ҳам кўрдик. Албатта, бир сиқим амалдорларнинг тор манфаатлари биринчи ўринга қўйиладиган бўлса, бунинг товонини халқ тўлайди. Аксар ҳолатларда бундай товон одамларнинг жони ва моли ҳисобига бўлади. Аммо ҳукумат бундай аянчли воқеалардан тўғри хулоса чиқариши даргумон. Чунки у татбиқ қилаётган тузум ғайриисломий бўлиб, шахсий манфаат биринчи ўринга қўйилади. Аслида, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай иншоот аҳоли турар жойларидан узоқроқда, хавфсиз масофада қурилиши лозим. Шунингек, ҳатто иншоотнинг шовқин-сурони ёки ёмон ҳид тарқатиши кабилар ҳам ҳисобга олиниши лозим. Чунки мана шу нарсалар ҳам одамларга нисбатан зулм деб эътибор қилинади. Шунинг учун ҳам Исломий бошқарувда аҳолига ноқулайлик, зарар ва хатар келтириши мумкин бўлган иншоотлар қурилиши тўғри тартибга солинади.
Хабар (qalampir.uz 18.12.2024й): Андижон вилояти Асака туманида эр-хотин яшаш хонадонида қўлбола усулда ясалган иситиш печига солинган кўмир ёқилғисидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Изоҳ: Ҳар йили бўлаётганидек, бу сафар ҳам қиш мавсумида ис газидан заҳарланиб вафот этиш ҳолатлари ҳақида хабарлар чиқишни бошлади. Бироқ бундай аянчли ҳодисалар ҳукумат масъулларига қилча таъсир қилмаяпти. Улар ҳис-туйғуси йўқ бир маҳлуққа ўхшаб қолишган. Агар озгина инсофи бўлганда, бундай ишларни фожеа сифатида қабул қилиб, бошини чангаллаши керак эди. Чунки ҳукуматда ўтирган ана шу очкўз кимсаларнинг ўз халқини энергия манбалари билан сифатли ва кафолатли таъминлай олмаётгани сабабли, чорасиз қолаётган одамлар ҳар турли сифатсиз жиҳозларни ишлатишга мажбур бўлишяпти. Уларга қолса, жонини хавф остига қўйиб шунақа жиҳозларни ишлатишармиди?! Яна халқ устидан кулгандек, Мирзиёев ва қатор расмийлар инсон қадри ҳақида такрор ва такрор гап сотишни канда қилишмайди. Ҳукуматдагилар билиб қўйсинки, бундай ўлимларнинг асосий жавобгарлари улардир. Чунки фуқаролар устидан Мирзиёевдан тортиб барча бошлиқлар масъулдирлар. Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар: “Имом (халифа) бошлиқ ва у ўз раъийятидан масъулдир”. Агар ўз қўл остидаги бирор фуқарога бошлиқларнинг масъулиятсизлиги ёки манфаатпарастлиги… ортидан бирор зиён-заҳмат етса, албатта, улар Аллоҳнинг олдида жавоб берадилар. Росулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилганлар: “Эй Аллоҳим, кимки бирон ишда умматим устидан раҳбарлик қилиб, уларга машаққат келтирса, Сен ҳам уни машаққатга солгин. Бир ишда умматим устидан раҳбарлик қилиб, уларга меҳрибон бўлса, Сен ҳам унга меҳрибон бўл”. (Муслим ривояти)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
23.12.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми