Ғайриисломий конституцияни эъзозлаш Аллоҳнинг ғазабига мубтало бўлиш демакдир!

Ғайриисломий конституцияни эъзозлаш Аллоҳнинг ғазабига мубтало бўлиш демакдир!
بسم الله الرحمن الرحيم
Бундан 31 йил олдин, яъни 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон ҳукумати илк конституциясини қабул қилди. Ҳукумат бу кунни байрам ва дам олиш куни, деб эълон қилган. Ҳатто бу куннинг аҳамиятини ошириш учун президент тарафидан қамоқда жазо муддатини ўтаётганларга авф эълон қилиб келинади. Албатта, бу ишлардан кўзланган мақсад асосий қонун бўлмиш конституциянинг халқ эътиборида ҳурмати ва аҳамиятини оширишдир. Зеро, ҳукумат учун халқнинг қонунларни ҳурмат қилиб, бўйсуниши нафақат зарурат, балки ҳатто ҳаёт-мамот масаласи, десак ҳам хато бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, ҳукумат ушбу конституция кунига алоҳида эътибор қаратиши табиий ҳолдир. Албатта, ҳеч шубҳа йўқки, одамлар қонунларни ҳурмат қилиши, унга итоат қилиб яшаши, бошқаларни ҳам шунга чақириши лозим. Аксинча, агар одамларда қонунлар ҳақида бундай тушунчалар мавжуд бўлмаса, жамиятда парокандалик, қонунсизлик ва бошбошдоқлик юзага келади. Ҳар қандай соҳалардаги тараққиётнинг оқсашини-ку айтмаса ҳам бўлади. Хуллас, яхлит тузумни ташкил қилувчи қонунларга амал қилиш қанчалик кучли бўлса, давлат ҳам шунчалик кучаяди.
Бироқ одамлар қонунларни ҳурмат қилиб, ўз хоҳиши билан итоат қилиши, ана шу қонунларнинг манбаси нима эканлигига чамбарчас боғлиқдир. Яъни агар бу қонунлар инсон ақли маҳсули бўлса, уларни одамлар эътиборида обрўси ва итоати ҳукумат умид қилганчалик бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳукумат қонунлар ижросини таъминлаш учун турли давлат идораларини ташкил қилиб, қаттиқ назорат қилишга мажбур бўлади. Табиийки, бу жуда кўп куч ва маблағ талаб қилади ҳамда бошқарувни қийинлаштиради. Энди агар бу қонунлар инсон тарафидан эмас, балки Яратувчи тарафидан бўлса-чи?! Албатта, одамлар бундай қонунларга ҳурмат-эҳтиром билан қарайдилар ва ўз хоҳишлари билан бўйсунадилар. Ҳақиқатдан ҳам, агар мана бу қонунларни фалончи профессор ишлаб чиқди ёки фалон давлат, масалан, Америка ё Франция қонунчилигидан олинди дейилса ва айни шу вақтниниг ўзида мана бу қонунлар эса Аллоҳдандир, дейилса, одамлар қайси бирига ҳеч бир ғилла-ғашликсиз таслим бўладилар?! Биринчиси борасида одамларда шубҳа туғилиши мумкин, лекин иккинчиси ҳар қандай шубҳа-гумонлардан холидир. Чунки инсон табиатидаги ожизлик қонунлар Яратувчи томонидан бўлишини тақозо қилади. Бундан ташқари, инсон ақли ҳам қонун ижод қилишдан ожиздир.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан 1992 йилда қабул қилинган ва жорий йилда референдум орқали янгиланган конституция ҳам инсон ақли маҳсулидир. У қайсидир профессорлар нуқтаи назари ёки фалон ривожланган давлатлар конституциясидан нусха қилиб олинган бўлса ҳам, нима бўлишидан қатъий назар инсон томонидан ижод қилингандир. Юқорида айтганимиздек, ҳукумат қанчалик уринмасин халқда бундай қўлбола қонунларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром уйғота олмайди ва унга сидқидилдан итоатни ҳосил қила олмайди. Чунки халқимиз мусулмон халқ, у бир муаммога дучор бўлса, дардини давлатга эмас, маҳалласидаги имомга ёки диндан хабардор одамга айтади, ундан ечим сўрайди. Халқимизга шаръий ҳукмдан гапирсангиз жим қулоқ солади, давлатнинг ғайриисломий қонунларидан гапирсангиз энсаси қотади!… Бу – масаланинг бир томони, бошқа томондан эса, ҳукумат қабул қилган ана шу конституцияга аввало унинг ўзи амал қилмай келяпти. Уни бузаётган ҳам, назар-писанд қилмаётган ҳам, биринчи навбатда мана шу ҳукуматдир. Шунингдек, хоҳлаган пайтда уни ўзгартириб-алмаштириб олаётган ҳам шу ҳукумат. Хўш, ўзи қабул қилган асосий қонунни ўзи бузаётган бу ҳукуматнинг аҳволини кўрган халқ қандай қилиб бундай ҳурмати йўқ қонунни эъзозласин, унга итоат қилсин?! Қонунга амалсизлик ҳукуматнинг ўзидан бошланиб турган вақтда халқдан итоатни талаб қилиш мантиқсизлик эмасми?! Албатта, шундай. Мана шундан келиб чиқадики, ушбу демократик конституциянинг ғайриисломийлиги уни халқимиз учун етти ёт бегона нарсага айлантиради. Унга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ва чин итоатнинг йўқлиги сабабли уни бузиш ёки четлаб ўтиш ҳолатларининг кўпайиши табиий ҳолдир. Ҳукумат қонун ижросини таъминлаш учун ҳар қанча куч сарфламасин, асосий қонун аҳамиятини кўтаришга қанчалар уринмасин, у халқимизга бегоналигича қолиб кетаверади.
Шуларга кўра айтамизки, қонун Яратувчидан бўлиши шарт! Мана, халқимизга Исломни беринг, у буюрмасангиз ҳам шаръий аҳкомларни қанчалик эъзозлашини кўрасиз! Исломга итоат қилиш шартлигини айтмасингиздан бурун, ўз хоҳиши билан “эшитдик ва итоат қилдик” деяётганганига гувоҳ бўласиз! Хўш, анави демократик қонунингизни ўртага ташласангиз, халқдан шунақа муносабат бўлишини умид қила оласизми?! Ўртага ташладингиз ҳам. Аммо воқеликда шу нарса яққол кўриниб турибдики, бундай ботил қонунингиз халқимизни умуман қизиқтирмаяпти, балки мажбурликдан ўлганни кунидан бўйсуниб келяпти. Шунинг учун ҳам халқни қонунга куч билан бўйсундириб келяпсиз. Дарвоқе, Фаластиндаги охирги воқеалар ҳам демократиянинг тамоман тугаб-битганини кўрсатди, дунё аҳолисида демократия, инсон ҳуқуқлари ва демократик қонун-қоидаларга бўлган қолган-қутган ишонч ўрнини умидсизлик, ҳатто нафрат эгаллаганини кўряпмиз.
Аввало, бундай ғайриисломий қонунни қабул қилиш ва унга мусулмон халқни итоат қилишга мажбурлаш оғир жиноятдир. Аллоҳнинг қонунларини қўйиб, инсоннинг ожиз ақли маҳсули бўлмиш қонунларни кўкка кўтариб эъзозлаш – бундай разиллик ва жиноятга қўл урган ҳар бир кимса Аллоҳнинг ғазабига лойиқдир! Бас, ўзбек ҳукуматини Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишидан огоҳлантирамиз! Бундай ишингиз билан бу дунёда бундан-да шарманда бўлишингиз, Қиёматда эса, жаҳаннамга ўтин бўлишни бўйнингизга олаётганингиз ҳақида огоҳлантирамиз! Чунки Аллоҳ таоло айтади:
إِنِ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلّهِ
– “Ҳукм юритиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хос”. (Анъом:57)
Бас, ким Аллоҳ билан ҳукм талашса, у Аллоҳ таолонинг ҳаққига дахл қилаётган ҳисобланади ва албатта, Унинг ғазабига мубтало бўлади!
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
08.12.2023й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ