Индонезиядаги янги сиёсий ҳодисалар

بسم الله الرحمن الرحيم
Саволга жавоб
Индонезиядаги янги сиёсий ҳодисалар
Савол: Собиқ генерал Прабово Субианто (73 ёшда) 2024 йил 20 октябрда Индонезияда феврал ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг парламент олдида Индонезиянинг янги президенти сифатида қасамёд қилди. Унинг ғалаба қозонгани 2024 йил 20 мартда эълон қилинган эди. Америка уни дарҳол табриклади. Давлат котиби Блинкен табрик йўллаб, деди: “Вашингтон Прабова билан мустаҳкам ҳамкорликни кутиб қолади”. (Ал-Жазира 2024/3/20). Шунингдек, Прабова 2024 йил 1 апрелда ҳали инаугурация бўлиб ўтмасдан, яъни янги сайланган президент ваколатларини қабул қилмасдан туриб, Хитойга шошилинч ташриф буюрди. У Хитой президенти Си Цзиньпин билан учрашиб: “ўзининг Индонезия билан Хитой ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини ва президент Жоконинг Хитойга нисбатан олиб борган дўстона сиёсатини давом эттириш истагида эканини” билдирди… (Рейтер 2024/4/1).
Савол: Американинг тезликда табрик йўллагани ва Хитойга қилинган ушбу шошилинч ташриф Индонезиянинг Америка билан ва шунингдек Хитой билан бўлган муносабатларида нимани англатади? Бошқача айтганда, Индонезиянинг Америкага нисбатан сиёсатида ўзгариш бўладими? Унинг Хитойга нисбатан сиёсати қандай олиб борилади? Қолаверса, унинг Ғазо устидаги яҳуд тажовузига нисбатан сиёсати қандай бўлади?
Жавоб: Токи жавоб аниқ бўлиши учун қуйидаги ишларни кўриб чиқамиз:
Биринчидан: Америка ва Индонезия сиёсати:
1- 1949 йилда Индонезия голланд мустамлакачилигидан озод бўлганидан кейин Америка унинг ўрнини эгаллаб олишга ҳаракат қила бошлади. Буни ёрдамлар ва қарзлар бериш орқали амалга оширмоқчи бўлди. Лекин Индонезия бу “ёрдам” ва қарзлар (Американинг) ўз ҳукмронлигини ўрнатиш ва нуфузини ёйиш воситаси эканини англаб, буни рад этди. Чунки у Голландия мустамлакачилигидан халос бўлиб, Америка мустамлакачилиги остига киришни истамас эди. Шундан сўнг Америка унга турли босимлар ўтказишга бошлади – тартибсизликлар ва ғалаёнларни келтириб чиқарди. Натижада президент Аҳмад Сукарно 1958 йилда бўйсунишга мажбур бўлиб, Американинг ёрдам ва қарзларини қабул қилди. Америка мамлакатга ўз нуфузини ўтказишга киришиб, янги-янги малайларни қидира бошлади. Натижа ўлароқ, армияда янги малайларни топишга ҳам эришди. Уларнинг бошида Муҳаммад Суҳарто турар эди. У 1966 йилда Аҳмад Сукарнога қарши ҳарбий тўнтаришни амалга оширган шахс бўлди. Америка коммунистларни йўқ қилишда унга ёрдам бериб, унинг нуфузини оширишга ҳаракат қилди. Ва кейинчалик унга шарқий Тиморни 1975 йилда португал мустамлакачиларидан озод қилишда ҳам ёрдам берди. Лекин Америка шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб ташламоқчи бўлганида Суҳарто унинг айтганларини бажаришни пайсалга солди. Шунда Америка унга иқтисодий муаммоларни туғдирди. Унинг Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки каби молиявий қуроллари вазиятни кескинлаштиришда муҳим рол ўйнади. Оқибатда талабалар норозилик намойишлари ва тартибсизликлар аланга олди. Натижада Суҳарто 1998 йилда ўз истеъфосини эълон қилишга мажбур бўлди. Оқибатда эса, Америка ўз лойиҳаларини бажаришни пайсалга соладиган ёки ваколатлари тугаган ҳар қандай малайни олис-олисларга улоқтиргани каби уни ҳам улоқтириб ташлади!
2- Суҳартодан кейин вице-президент Юсуф Ҳабибий мамлакат президенти лавозимини 1998-1999 йиллар оралиғида бир ярим йилча эгаллаб турди. У Америка талабларини қабул қилиб, шарқий Тиморнинг мамлакатдан ажралиб чиқишига замин тайёрлаш учун “ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи” бўйича референдум ўтказишга розилик берди. Шунингдек у шарқий Тиморни талаб қилмасликка ва демократик ўзгаришлар деган ном остида сайлов системасини йўлга қўйишга ваъда берди. Ундан кейин Абдураҳмон Ваҳид 1999-2001 йиллар оралиғида икки йилча президент лавозимини эгаллаб турди. Уни парламент коррупция айблови билан истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига Индонезиянинг биринчи президенти Аҳмад Сукарнонинг қизи Мегавати Сукарнони тайинлади. У президентлик лавозимини 2001-2004 йиллар оралиғида эгаллаб турди. Унинг даврида шарқий Тиморнинг 2002 йилда Индонезиядан ажралиб чиққани эълон қилинди. Бу билан у ўз ўтмишдошлари каби хиёнатга қўл урди!
3- Киритилган янги ўзгартиришлар бўйича мамлакатда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Бу ўзгартишларга кўра, президент қайта сайланадиган бўлса, энг кўпи билан икки муддатга сайланадиган ва ҳар бир муддат 5 йил давом этадиган бўлди. Шунинг учун ҳам Юдойоно 2004 йилдан 2014 йилгача бўлган муддатга сайланди. Ўша йили президентлик сайловлари ўтказилиб, Жоко Видодо ғалаба қозонди. У иккинчи марта 2019 йилда яна қайта сайланди. Унинг президентлик муддати 2024 йил октябрида ниҳоясига етди.
Видодо индонез режимининг Америкага қарам бўлиб қолаверишига зўр бериб ҳаракат қилди. У Америкага қилган охирги сафари чоғида президент Жо Байден билан 2023 йил 13 ноябрида учрашиб, стратегик ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди ва у билан Жанубий Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN)нинг марказий ролини кучайтириш ҳақида келишиб олди. Америка бу ассоциациядаги қарор устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатишга уринмоқда. Унинг таркибига бир неча давлатлар кирган, бироқ уларнинг барчаси ҳам Америка ҳукмронлиги остида эмас. Шунинг учун Америка Индонезияни ишга солиб, ана шу мақсадини олға сурмоқчи. Америка Индонезияни ишга солиб, Хитойга қарши туришга ёки унга таъсир ўтказишга эришмоқчи. Бундан мақсади Хитойнинг жанубий хитой денгизи регионида ўз назоратини ўрнатишига йўл қўймасликдир. Америка давлат котиби Блинкен 2024 йил 17 августда Индонезия мустақиллигини нишонлаш муносабати билан табрик йўллаб: “Тарихий муносабатларимиздаги янги тарихий босқичда президент Жоко Видодо ва Америка президенти Жо Байден ўтган йили ноябр ойида Қўшма штатлар билан Индонезия ўртасидаги алоқаларни кенг кўламли стратегик ҳамкорлик даражасига кўтаришга ҳаракат қилди” деди. (Ал-Явм ас-Сабиъ 2024/8/17).
4- Прабово Субиантонинг ва вице-президент Гибраннинг 2024 йил 14 февралда бўлиб ўтган сайловларнинг биринчи турида 58,58% нисбат билан ғалаба қозонгани эълон қилинди. “Прабово Субианто собиқ президент Муҳаммад Суҳартонинг куёви”, вице-президент Гибран эса президентлик муддати ниҳоясига етган Жоко Видодонинг ўғли бўлади. Маълумки, Гибран 36 ёшда бўлгани учун вице-президентликка ўз номзодини қўя олмас эди. Чунки мавжуд қонунлар президентлик ва вице-президентлик каби юқори лавозимларга 40 ёшга тўлмаган шахслар номзоди кўрсатилишига йўл қўймайди. Лекин Индонезия суд тизими раҳбари бунга сайловлардан олдин айрим ўзгартиришлар киритди. У президент Видодонинг куёви эканини эътибордан қочирмаслик лозим. Унга кўра энди бундай мансабларга қирқ ёшга тўлмаган кишининг ҳам ўз номзодини кўрсатишига рухсат берилади. Президент Видодонинг ўзи ҳам раҳбарлик муддатини қандайдир йўл билан узайтириш фикрида эди. Бироқ бунга эришолмади. Шундан сўнг у ўғли Гибранни вице-президент қилиш тўғрисида Прабово билан келишув тузди. Давлат эса президент Видододан бошлаб, армия, хавфсизлик хизмати ва полициягача бутун аппарати билан Прабовонинг сайланишини очиқ-ойдин қўллаб-қувватлади. Америка ҳам ўзининг бундай ҳолатлардаги одати бўйича қаршилик қилмади. Айтилишича, Прабовонинг армиядаги ҳамкасблари бўлмиш офицерлар унга “Американинг хизматкори” деган лақаб беришган. У АҚШнинг Жоржия штатидаги Форт-Беннинг ва Шимолий Каролина штатидаги Форт-Браггда ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Шунинг учун унинг ғалаба қозонгани 2024 йил 20 мартда расман эълон қилиниши биланоқ Америка дарҳол уни ғалаба билан табриклади. Давлат котиби Блинкен табрик йўллаб: “Вашингтон Прабово билан мустаҳкам ҳамкорликни кутиб қолади,” деди. (Ал-Жазира 2024/3/20). Бу эса унинг Америкага содиқлигини ва бу садоқатини янада кучайтиришини таъкидлаб турибди!
5- 2024 йил 20 октябр куни Прабовонинг лавозимга расман тайинлангани ва қасамёд қилиб, янги ҳукуматни тузгани эълон қилинди. У сайловда ғалаба қозониб, президентлик мансабига тайинлангунга қадар, яъни етти ой мобайнида ўтмишдоши Видодо давридаги мудофаа вазири мансабини эгаллаб келган эди… Америка ана шу давр оралиғида Индонезия билан ҳамкорликда 2024 йил 26 августда Жанубий Хитой денгизининг Ява оролидаги Сидаварго минтақасида улкан ҳарбий тактика машғулотларини ўтказди. Бу ҳарбий машғулотлар икки ҳафта давом этди. Уларда Япония, Таиланд, Британия, Сингапур, Франция, Канада ва Янги Зеландия қатнашди. Шунингдек Прабово бир неча хорижий сафарларни амалга оширди ва шу жумладан Америкага ҳам ташриф буюрди. У Пентагонда Америка мудофаа вазири Остин билан учрашди. Американинг Индонезиядаги элчиси Камала Ширин Лахдхир хоним: “ўз мамлакатининг Индонезия янги президенти билан муносабатлари узоқ йилларга бориб тақалишини, бу муносабатлар унинг 2019 йилда мудофаа вазири лавозимини эгаллашидан олдин ҳам бўлганини” айтиб ўтди… (Ал-Жазира 2024/10/20). Яъни, у армия зобити бўлган ва президент Суҳарто даврида армия қўмондони лавозимини эгаллаб турган пайтдаёқ Америка билан алоқалар ўрнатган. Чунки у Америка ҳарбий базаларида ва офицерлари қўлида ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Voice of Indonesia (VOI) сайти ҳам 2024 йил 29 октябрда, яъни Прабово тайинланганидан бир неча кун кейин қуйидаги хабарни нашр қилди:
“Индонезия мудофаа вазири Сжафри Шамсиддин ва Американинг Индонезиядаги элчиси Камала Ширин Лахдхир икки мамлакат ўртасида мудофаа, жумладан, денгиз хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Индонезия Мудофаа вазирлиги Бош котибияти жамоатчилик билан алоқалар бюроси бошлиғи, бригада генерали Эдвин Адриан Суманта душанба кунги чиқишида шундай деди, Америка элчиси Индонезия мудофаа вазирига Қўшма штатлар денгиз хавфсизлиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш истагида эканини билдирди. Америка элчиси шунингдек, Мудофаа вазирлиги офисидаги йиғинда, ўзининг мамлакати Индонезияда ҳар йили доимий равишда бир марта ўтказиб келинадиган «Super Garuda Shield» ҳарбий манёврларини давом эттириш истагида эканини ҳам айтиб ўтди. Ўша йиғинда Сжафрий элчи Камолага ташриф учун миннатдорчилик изҳор қилиб, Индонезия икки мамлакат ўртасида ўрнатилган ҳамкорликни янада кучайтиришга қаттиқ амал қилишини билдирди”.
Юқорида ўтганларни атрофлича ўрганиш билан шу нарса аён бўладики, Индонезиянинг янги президенти Прабово 2024 йил 20 мартдаги сайловларда ғалаба қозонгани эълон қилинганидан бошлаб, ҳатто лавозимига 2024 йил 20 октярда тайинланишидан олдин ҳам ва ундан кейин ҳам, фақат ўтмишдошлари йўлини тутибгина қолмай, балки Америкага янада қаттиқроқ ёпишиб олди. Американинг Индонезиядаги нуфузи ҳамон мустаҳкамлигича қолмоқда!!
Иккинчидан: Хитойнинг Индонезияга нисбатан сиёсати:
1- Пробово 2024 йил 1 апрелда – гарчи ҳали президентлик ваколатларини олмаган бўлса ҳам – сайланган президент сифатида Хитойга ташриф буюрди. У Хитой президенти Си Цзиньпин билан учрашув чоғида: “Индонезия билан Хитой ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришни тўла қўллаб-қувватлашини ва президент Жоконинг Хитойга нисбатан олиб борган дўстлик сиёсатини давом эттириш тарафдори эканини” билдирди. Си Цзиньпин эса муносабат билдириб:“Пекин ўзининг Индонезия билан бўлган алоқаларига стратегик ва узоқ муддатли бўлиши эътибори билан қарайди ва кенг кўламли чуқур стратегик ҳамкорликка тайёр туради” … деди (Рейтер 2024/4/1). Маълумки, Хитой Индонезияда савдо-сотиқ алоқалари ва инвестиция доирасида улкан ҳажмдаги иқтисодий фаолиятга эга. Иккаласи ҳам ASEAN ташкилотига аъзо давлатлардан ҳисобланади.. Бу эса улар ўртасида ўзаро иқтисодий алоқалар бўлишини тақозо қилади. Қандайки, у Хитойга нисбатан душманлик позициясида ҳам турмасин ва айни пайтда, юқорида баён қилганимиздек, Америка сиёсатига қарамлигини ҳам сақлаб қолсин.
2- Қувайт газетаси 2024 йил 9 ноябрда ўз сайтида қуйидагини нашр қилди: “Хитой президенти Си Цзиньпин ва Индонезия президенти Прабово Субианто Пекиндаги “буюк халқ” залида кечган битим имзолаш маросимида бир-бири билан қўл сиқиб кўришди. Бу Прабовонинг ўз лавозимини эгаллаганидан буён хорижга қилган биринчи сафари эди. Президент Прабово Субианто Пекинда ўзининг хитойлик ҳамкасби Си Цзиньпин билан учрашув ўтказди ва Хитой билан мустаҳкам алоқаларни сақлаб қолишга ваъда берди. Хитой Индонезиянинг биринчи рақамли тижорий шериги ва энг муҳим хорижий инвесторларидан ҳисобланади. 73 ёшли собиқ генерал Субянто Си Цзиньпин билан учрашуви чоғида: “Индонезия Хитойга фақат буюк куч сифатидагина эмас, балки буюк цивилизация сифатида ҳам қарайди,” деди. У икки давлат ўртасида бир неча асрдан буён мустаҳкам алоқалар борлигини қўшимча қилиб: “Бинобарин, мен ишонаманки, ҳозирги геосиёсий ва иқтисодий географик вазиятда Индонезия билан Хитой жуда кўп соҳаларда жуда қалин шериклар бўлиши табиийдир” деди. Си ҳам ўз навбатида Субянто маъмуриятини қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, унга энг аввало Хитойга ташриф буюрганлиги учун ташаккур билдирди. Ва: “Индонезия ривожланишнинг мустақил йўналишига қаттиқ амал қилишига, миллий фаровонлик ва миллий янгиланишга эришиш босқичида янги-янги марраларни қўлга киритишда давом этишига ҳамда минтақавий ва халқаро майдонда муҳим рол ўйнашига” ишонишини айтиб ўтди. Хитой ва Индонезия ўзаро иқтисодий иттифоқчилар ҳисобланса-да, уларнинг ҳар иккиси жанубий хитой денгизини назоратга олишга ким ҳақли экани борасида бир-бири билан даҳанаки жангга ҳам киришмоқда. Субианто Пекиндан кейин Жо Байденнинг таклифига биноан Вашингтонга қараб йўл олиши ҳам муқаррар. Унинг бу сафари халқаро турне доирасида бўлиб ўтади ва унда Перу, Бразилия, Британия ҳам иштирок этади”.
Буларни атрофлича ўрганишдан аён бўладики, Индонезия ва Хитой алоқалари тижорий соҳадан нарига ўтмайди. Демак бу Американинг Индонезиядаги сиёсий нуфузига таъсир қилмайди.. Ўзаро алоқаларда тижорий соҳа асосий ўринни тутдими, демак қачонки нуфуз, назорат ва жанубий хитой денгизи масаласи ўртага чиқадиган бўлса, иккала томон ҳам даҳанаки жангларгагина чекланишади!
Учинчидан: Индонезиянинг мусулмонлар масалалари борасидаги сиёсати
1- Маълумки, Индонезия кўҳна Исломий юрт. Унинг аҳолиси Исломга ҳижрий биринчи асрдан бошлаб кира бошлаган. Аҳолиси сони қарийб 300 миллион бўлиб, аксарини, яъни 90% ини мусулмонлар ташкил қилади. Ер майдони ҳам катта, 1,9 миллион кв.кмдан кўпроқни ташкил қилади. У бойликлар ва хом ашёларга бой ўлка. Исломий дастур (конституция) лойиҳаси татбиқи йўлга қўйилса ва онгли сиёсий Исломий раҳбарият бошқарувни ўз қўлига олса, унда Буюк Давлатга айланиш потенциали-имконияти бор.
2- Янги президентнинг мусулмонлар масалалари борасидаги ташқи сиёсатига келсак, у ҳам ўтмишдошига ўхшаб Америка нуқтаи назарига асосланган сиёсатни юритмоқда. Прабово 2024 йил 1 июнда Сингапурда ўтказилган Осиёдаги энг йирик хавфсизлик форуми Шангри-Ла Диалог саммитида сўзлаган нутқида бундай деди: “Америка президенти Жо Байденнинг Ғазода ўқ очишни тўхтатиш ҳақидаги уч босқичли таклифи тўғри йўналишдадир”. У яна қўшимча қилиб: “Керак бўлса ва БМТ шуни талаб қилса, биз ўт очишни тўхтатиш таъминланиши ва назоратга олинилиши учун йирик тинчликпарвар кучлар орқали иштирок этишга ҳам тайёрмиз, барча тарафлар ва барча томонларнинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлашга ҳам тайёрмиз” деди. У: “Фаластиндаги вазиятни одилона ҳал қилишга” чақириб, “бу эса мавжуд ҳақ-ҳуқуқлар фақат “Исроил”ники бўлиб қолмай, Фаластин халқи ҳам ўз ватани ва ўз давлатига эришиш ҳамда тинч ҳаёт кечириш ҳуқуқига эга эканлигини англатади” деди… (Рейтер 2024/6/1). Ваҳоланки, унинг вожиб-вазифаси қўзғалиб, Ғазо аҳлига ёрдам бериш, етарлича қурол-аслаҳа билан таъминлаш ва қуролли кучларни юбориб, ваҳшийлашган бу душманни тийиб қўйиш эди. Айниқса, бу душман қуролсиз-ҳимоясиз болалар, аёллар, қарияларни ҳамда уй-жойлар, мактаблар ва шифохоналар каби фуқаролик инфраструктураларини нишонга олаётган экан, унинг шундай қилиши нақадар вожиб эди. Индонезиянинг Ғазо аҳолисига кўрсатган бор-йўқ ёрдами Индонез шифохонасини қуриш бўлди, холос. Уни ҳам Ислом ва мусулмонлар душмани яҳуд вужуди вайрон қилди. Бу душманни Америка қўллаб-қувватлаб, унга океан ортидан тўхтовсиз қирувчи қурол-аслаҳа, техника ва ёрдамларни юбормоқда. Шуларнинг барчасига қарамай, янги президент Прабово Америка билан алоқаларини янада кучайтирмоқда, унга янада кўпроқ ёпишмоқда ва талабларини бажармоқда. Бунга сабаб Америка билан бўлган эски алоқалари ва унинг уни қўллаб-қувватлаётганидир.
Тўртинчидан: Индонезияда бошқарувга келаётган ва Американи дўст тутаётган мана шундай сиёсий зеҳниятлар сабабли мамлакат буюк давлатга айланиш имкониятини бой бермоқда. Чунки агар бу мамлакатда бошқарувни онгли, холис, Исломий сиёсий раҳбарият ўз қўлига олса ва шу юрт аҳли ақидасидан, уларнинг ҳаниф дини бўлмиш Исломдан олинган исломий дастур (конституция)ни татбиқ этса, сўнгра Исломий юртларни, хусусан, Малайзия каби Индонезияга қўшни юртларни бирлаштиришга ҳаракат қилса, албатта бу юрт чиндан ҳам буюк давлатга айланади. Ана шунда бу юрт пайғамбарлик минҳожидаги рошид Халифалик давлатининг таянч нуқтаси бўлиб қолади.
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ﴾
“Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар”.
Ҳижрий 1446 йил 9 жумодул аввал
Мелодий 2024 йил 11 ноябр
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми