Исломда ижтимоий алоқалар
Исломда ижтимоий алоқалар
Кириш
(давоми)
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ
Ислом ҳазорати билан Ғарб ҳазорати ўртасида моҳият жиҳатидан қарама-қаршилик борлигини англаб етмаслик кўчирмачилик ва тақлидга олиб келди. Китобдан нусха кўчираётган одам маъносига эътибор бермай, сўзлар ва ҳарфларни кўчириш билан овора бўлгани каби, кўпчилик мусулмонлар ҳам тушунмай-нетмай Ғарб ҳазоратини кўчиришга киришиб кетдилар. Уларнинг баъзилари эса, Ғарб ҳазоратига унинг тушунчалари ва ўлчовларини қабул қилиш билан тақлид қила бошладилар. Улар бу тушунча ва ўлчовларнинг сабаб-оқибатлари ҳақида ўйлаб ўтирмадилар. Дарҳақиқат, бу мусулмонлар Ғарб жамиятида аёл эркак билан тенг мақомда туришини, улар ўртасидаги фарққа ва бу тенгликдан келиб чиқадиган оқибатларга эътибор берилмаслигини кўрдилар. Ғарб аёлида маданий шакллар намоён бўлаётганини, Ғарб аёлининг ўзи ҳам маданий шаклларни намойиш қилаётганини кўриб, унга тақлид қилдилар ёки тақлид қилишга уриндилар. Лекин бу шакллар Ғарб ҳазоратига, унинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаларига, ҳаётни тасвирлашига мос келишини, Ислом ҳазоратига, унинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаларига ва ҳаётни тасвирлашига асло мос келмаслигини англаб етмадилар. Ғарб аёлида намоён бўлаётган ва унинг ўзи намойиш қилаётган шакллардан келиб чиқадиган ишларга ҳеч қандай эътибор бермадилар.
Ҳа, улар бу ҳолатларни кўришгач, ҳар қандай натижалардан қатъий назар, муслима аёл ҳам жамиятда ва жамланишда эркак билан ёнма-ён туриши керак, деб эътиқод қила бошладилар. Қандай муаммо ва ишлар келиб чиқишидан қатъий назар, муслима аёлда ҳам ғарбий маданий шакллар намоён бўлиши, унинг ўзи ҳам ғарбий маданий шаклларни намойиш қилиши керак, деб ўйладилар. Шу туфайли муслима аёлнинг шахсий эркинлигини таъминлаш ва унга истаган ишини қилиш ҳуқуқини беришга чақирдилар. Бундан келиб чиқиб, бирор эҳтиёж бўлмаса ҳам, аёлнинг эркак билан аралашишига, очиқ-сочиқ юришига, зийнатларини кўрсатишга, аёлнинг ҳокимиятга бошчилик қилишига чақирдилар. Бу ишларни тараққиёт деб, уйғониш аломати, деб ҳисобладилар.
Ушбу кўчирмачи-тақлидчиларнинг шахсий эркинлик масаласида ўзларига бутунлай эрк беришлари ишни баттар ёмонлаштирди. Бунинг оқибатида жамиятда эркак билан аёлнинг аралашишига бирор эҳтиёж бўлмаса ҳам, аёлнинг эркак билан учрашишини тақозо этадиган эҳтиёж бўлмаса ҳам, аёл эркак билан шунчаки шахсий эркинликдан баҳраманд бўлиш учун бевосита учрашадиган бўлиб қолди. Шунчаки, фақатгина шахсий эркинликлардан баҳраманд бўлиш учун икки жинс ўртасидаги бу учрашишларнинг Ғарб раъйларига ўйламай-нетмай юзланган мазкур кўчирмачи-тақлидчилар табақасига хунук асорати юзага келди. Бу хунук асорат туфайли аёл билан эркак ўртасидаги алоқа фақат эркаклик ва аёллик алоқаларига чекланиб қолди. Хунук асорат бу табақадан жамиятдаги бошқа табақаларга ҳам ўтди. Бу алоқа ҳаёт майдонида эркак билан аёл ўртасида бирор ҳамкорликни пайдо қилмади. Балки ахлоқий тубанликни, хотинларнинг безаниб, турмуш ўртоғи ёки маҳрами бўлмаган бегоналарга зеб-зийнатлари ва гўзалликларини намоён этишларини келтириб чиқарди. Бунинг оқибатида мусулмонларнинг фикрлаши тўғри йўлдан тойди, завқлари бузилди, ишончларига путур етди, миқёс-ўлчовлари вайрон бўлди. Ғарбдаги ижтимоий жиҳат севимли намуна, Ғарб жамияти эса ўлчов қилиб олинди. Бироқ ушбу Ғарб жамияти эркаклик ва аёллик алоқаларини аҳамиятсиз бир иш ҳисоблаши ва бунда намунали яшаш тарзига нисбатан бирор уятсизлик, бузуқлик ёки зиддиятни ҳамда ахлоққа зарар ёки хатарни кўрмаслиги эътиборга олинмади. Ислом жамиятининг эса, бу соҳадаги қарашлари Ғарбникидан тубдан фарқ қилиши, унга бутунлай қарама-қарши эканлигига эътибор берилмади. Зеро, Ислом жамияти эркаклик ва аёллик алоқаларида содир бўлган Ислом қонунларига зид ишларни дарралаш ёки тошбўрон қилишдек қаттиқ жазо белгиланган катта гуноҳ, деб ҳисоблайди. Бундай бузуқликни қилган кимсаларни ҳазар қилинадиган, нафрат билан қараладиган тубан кимсалар, деб ҳисоблайди. Номус ҳимояланиши вожиблигини орага ҳеч қандай гап сиғмайдиган оддий ҳақиқат, деб билади. Уни ҳимоя қилиш йўлида чин юракдан қаттиқ интилиб, молу жон сарфланиши керак, деб ҳисоблайди. Бундан бош тортишда эса, ҳеч қандай узр ва баҳоналарни қабул қилмайди.
Ҳа, бу кўчирмачи-тақлидчилар иккала жамият ўртасидаги фарқни, икки ҳолат ўртасидаги улкан тафовутни мулоҳаза қилмадилар. Шунингдек, Исломий ҳаёт ва шаръий ҳукмлар улардан талаб қиладиган ишларни ҳам мулоҳаза этмадилар. Кўчирмачилик ва тақлид қилишга шундай берилдиларки, охири «аёлнинг уйғониши» даъватига батамом эркинлик тўнини кийгизиб, ёмон хулқ билан сифатланишга бепарво бўлдилар. Бу кўчирмачи-тақлидчилар «аёлни уйғотиш» ва «Умматни уйғотишга ҳаракат қилиш» ниқоби остида мусулмонларнинг ижтимоий жиҳатини шу йўсинда вайрон қилишда давом этдилар. Бу кимсалар дастлаб озчилик эдилар. Уммат аввалига уларнинг даъватларидан асло рози бўлмади. Лекин Ислом юртларида капиталистик тузум татбиқ қилиниб, мустамлакачи кофирлар, кейинчалик эса уларнинг малайлари, уларнинг карвонида уларнинг кўрсатмалари билан юрадиган ҳокимлар томонидан бошқарила бошлагач, мазкур озчилик шаҳар аҳолисининг кўпчилигини ва қишлоқ аҳолисининг бир қисмини ўзлари юрган йўлда юриш ҳамда Ғарб ҳазоратини кўчириб олиб, унга тақлид қилиш томон олиб ўтишга муваффақ бўлдилар. Оқибатда Ислом шаҳарларининг кўп маҳаллаларидан Исломий қиёфа йўқолди. Бунда Истанбул, Қоҳира, Тунис, Дамашқ, Карачи, Бағдод, Қуддус, Байрут, Тошкент, Қўқон, Бухоро, Самарқанд, Бишкек, Ўш, Душанбе ва бошқа шаҳарлар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмади. Барчаси Ғарб ҳазоратини кўчириш ва унга тақлид қилиш йўлида юрадиган бўлиб қолди.
Бу фикрларга қарши курашиш учун бир гуруҳ мусулмонлар қўзғалиши табиий эди. Бу раъйларга қарши урушиш учун Ислом юртларидаги оммаю хосса оёққа туриши аниқ эди. Дарҳақиқат, бир гуруҳгина эмас, балки бир қанча гуруҳлар муслима аёлни муҳофаза қилиш, жамиятда фазилатларни асраб қолиш вожиблигига чақира бошладилар. Лекин улар Ислом низомларини тиниқ тушунмас, шаръий ҳукмларни аниқ билмас эдилар. Исломий ақида асос эканлиги, шаръий ҳукмлар эса ўлчов эканлигини англамаган ҳолда ақл тўғри деб топган манфаатни баҳс учун асос, раъй ва нарсалар учун ўлчов қилиб олдилар ҳамда урф-одатларни, тақлид-анъаналарни сақлаб қолишга, ахлоқни маҳкам ушлашга чақирдилар. Аёлни ҳижоб билан беркитишга кўр-кўрона мутаассиблик билан ёндашиш шу даражага етиб бордики, улар аёл учун йўлни жуда тор қўйишни, уйидан чиқишига, ўз эҳтиёжларини ўзи қондириши ва ўз ишларини бевосита ўзи қилишига рухсат бермасликни кўтариб чиқдилар. Сўнгги даврлардаги фақиҳлар аёл учун беш хил авратни белгиладилар: намоздаги аврат, маҳрам эркаклар олдидаги аврат, номаҳрам эркаклар ҳузуридаги аврат, муслима аёллар ҳузуридаги аврат, кофира аёллар ҳузуридаги аврат. Бундан келиб чиқиб аёл бировни, биров аёлни кўришини ман қиладиган ёппа ҳижоб ўрашга чақирдилар. Аёлнинг ҳаётдаги ишларини бевосита ўзи бажаришини ман қилишга даъват қилдилар. Уни сайловда қатнашиш ҳуқуқидан ҳамда сиёсат, ҳукм юритиш, иқтисод ва ижтимо хусусида раъйи бўлишидан маҳрум қилиш ҳақида гапирдилар. Аёл билан ҳаёт ўртасига тўсиқ қўйиб, Аллоҳнинг баъзи оятларини фақат эркакларга хослаб қўйдилар. Расулуллоҳ билан байъат чоғида аёллар қўл билан кўришганлари ҳақидаги, аёлнинг аврати ҳақидаги ҳадисларни шаръий ҳукм тақозо этадиган йўсинда эмас, аёлга нисбатан ўзлари хоҳлаётган қолипга мос келадиган тарзда таъвил қилдилар. Уларнинг бу даъватлари ва ҳаракатлари одамларни шаръий ҳукмлардан узоқлаштириб, мусулмонларга ижтимоий жиҳатни ноаниқ қилиб қўйди. Шу туфайли уларнинг раъйлари босқинчи фикрлар қаршисида туришга қодир бўлмади, шиддатли оқимни тўса олмади. Мусулмонлар ўртасида ижтимоий жиҳатни кўтаришга бирор таъсир кўрсатмади. Ҳолбуки, Уммат ичида илмда, билимдонликда аввалги мужтаҳидлар ва соҳиби мазҳаблардан қолишмайдиган олимлар мавжуд эди. Бирор умматнинг бойлиги тенглаша олмайдиган фикрий ва ташриъий (қонуншуносликка оид) бойлик мусулмонлар қўлида мавжуд эди. Мусулмонларнинг умумий ва хусусий кутубхоналарида бебаҳо китоблар, асарлар тўлиб-тошиб ётган эди. Ҳа, буларнинг барчаси кўчирмачи, тақлидчиларни адашишларидан қайтаришда, қотиб қолганларни мужтаҳид тўғри истинбот қилган Исломий раъйга қаноатлантиришда – модомики бу раъй улар аёл учун хоҳлашаётган қолипга мос келмас экан – фойдаси бўлмади. Бунга сабаб шуки, ушбу кўчирмачи-тақлидчилар, қотиб қолганлар ҳамда олим ва талабаларда фикрловчи киши сифати йўқолган эди. Бунинг оқибатида улар воқеликни тушунмас ёки Аллоҳнинг ҳукмини фаҳмлаб етмас ёки тўла мувофиқликни пайдо қиладиган тарзда шаръий ҳукмларни воқеликка айнан татбиқ этиш орқали шаръий ҳукмларни фикран қабул қилмас эдилар. Шу туфайли Ислом ўлкаларидаги жамият икки фикр – қотиб қолиш ва тақлид қилиш ўртасида қолди. Ижтимоий жиҳат беқарор бўлиб қолди. Муслима аёл ҳайрон бўлиб қолди. Энди унинг олдида Ғарб ҳазоратини тушуниб етмай, моҳиятини англамай, у билан Ислом ҳазорати ўртасидаги зиддиятни билмаган ҳолда уни кўчириб олаётган безовта ва беқарор аёл бўлиш ёки ўзига ҳам фойдаси тегмайдиган, меҳнатидан мусулмонлар ҳам фойдалана олмайдиган қотиб қолган аёл бўлиш йўли турар эди. Буларнинг барига Исломни фикрий равишда ўрганмаслик, Исломдаги ижтимоий низомни тушунмаслик сабаб эди.
Шунинг учун Исломдаги ижтимоий низомни тўлиқ ва атрофлича ҳамда чуқур ўрганиш зарур. Шундагина муаммо аёл ва эркакнинг жамланишида, бу жамланишдан пайдо бўладиган алоқа ва бу алоқадан келиб чиқадиган ишларда эканлиги англаб етилади. Мана шу жамланишни, ундан пайдо бўладиган алоқани ва бу алоқадан келиб чиқадиган ишларни муолажа қилиш талаб қилинаётгани маълум бўлади. Бу муолажани ақл кўрсатиб бера олмайди, балки шариат кўрсатиб беради. Ақлнинг вазифаси бу муолажани тушуниб етишдир. Бу муолажа Ислом буюрган муайян ҳаёт тарзига мувофиқ ҳаёт кечираётган муслима аёл ва муслим эркак учун берилган ечимдир. Улар Аллоҳ Қуръон ва суннатда буюрган мана шу ҳаёт тарзи асосидагина ҳаёт кечиришлари ва бу ҳаёт тарзи Ғарбнинг ҳаёт тарзига ва ота-боболарнинг урф-одат, тақлид-анъаналарига зид келиб қолишига асло эътибор бермасликлари зарур.
Шу билан Исломда ижтимоий алоқалар рукнимизнинг кириш қисми якунланди. Келгуси мақолада “аёл ва эркак” мавзусига Исломда қандай қаралиши тўғрисидаги фикрлар билан Исломда ижтимоий алоқалар рукнимизнинг биринчи мавзусини бошлаймиз.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим
04.03.2017й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми