Медиа ҳар қандай давлатнинг кучли қуролидир
Медиа ҳар қандай давлатнинг кучли қуролидир
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Шубҳасиз, Украинадаги ҳодисалар бутун дунёнинг диққат марказида турибди. Бунинг сабаби у ерда мустамлакачи давлатлар манфаатлари тўқнашмоқда. Зотан, ҳарбий қудратга эга йирик давлатлар ўзаро курашларини заиф давлатлар воситасида олиб боришади. Бу ишда Россияни ваҳший босқинчи, Американи эса Украина давлати ва халқининг ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган иттифоқчи давлат сифатида тақдим қилаётган куч асосан АҚШнинг қўлида бўлган оммавий ахборот воситаларидир. Аниқки, Россия Украинанинг ҳарбий истеҳкомларига, таянч нуқталарига, сўнг эса тинч аҳоли устидан уюштирган шиддатли ҳужумлари билан улкан жиноятни содир этмоқда. Бироқ мавзумиз бу ҳақида бўлмагани учун бу масаланинг тафсилотларига тўхталмаймиз. Мавзумиз неча кундирки давом этаётган Украинадаги ҳодисаларни мусулмонлар ва бошқа миллатларнинг кўз ўнгида гавдалантирган, Россиянинг Суриядаги узоқ йиллик қақшатқич ҳужумларини эса, олис сайёрадаги аҳамиятсиз иш сифатида талқин этган оламий медиа ҳақидадир.
Инсонларга яқин ёки узоқдаги нарса ва ҳодисалар ҳақида хабар ва маълумот бериш хизматига медиа дейилади. Ҳозирги даврда кўнгилочар дастурлар, спорт ва ҳатто пазандалик кўрсатувларида ҳам ғоявий фикрлар олд планга чиқарилмоқда. ОАВ ва интернет тармоқлари воситасида инсонларни фикрлашдан тўсиш уринишлари бутун дунёда ортди. Биздаги ҳолат эса, янада ачинарли. Бунга сабаб мустамлакачи Америка ва унинг иттифоқчилари жаҳон медиа тизимини ўз манфаатларига кўра бошқаришаётганидир. Масалан, АҚШ "террористик" ташкилотлар рўйхатига киритган Исломий жамоа ҳақида ижобий фикрлар билдирсангиз ёки Америкага қарши кайфиятдаги материаллар, ҳатто у холис ёритилган тўғри маълумотлар бўлса ҳам бундай нарсаларни эълон қилган саҳифалар ёпилади. Шаръий ҳукмлар ва Исломий фикрлар ҳақида маълумот тарқатувчи ижтимоий тармоқ саҳифалари ҳам буткул ўчириб ташланади. Масалан, фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларни кузатган киши Ўзбекистонлик фаол даъватчиларнинг аккаунтлари кўп ўтмай ғойиб бўлиб қолишига гувоҳ бўлади. Танлов имконияти бўлмаган бундай шароитда инсонлар Ғарб ўрнатган қолипга тушишга, яъни улар рухсат берган маълумотларнигина олишга, уларга маъқул бўлган фикр ва қарашларнигина билдиришга мажбур бўлишади. Бунга видео ва бошқа материаллар учун пул тўлаш механизми йўлга қўйилганидан кейин талаблар янада қатъийлашди. Ўзбекистон ҳукумати ҳам мусулмонлар уйғониб кетмаслиги учун интернетни чеклаган эди. Бугун эса, гумон қилинган шахслар устида қаттиқ назорат ўрнатиб, ўз сўзи билан майдонга чиқаётган блогерларни ўз измига солмоқда, бўйин эгмаганларни ҳибсга тиқмоқда. Зеро, ботил ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатиши учун ҳақиқий юзини ва кўп қилмишларини яширишга мажбурдир.
Ўзбекистонда ахборот методологик асосларини аввало президент Шавкат Мирзиёев асарлари ва нутқларида баён этилган фикрлар ташкил этади. Чунки давлатда халқимизнинг эътиқодидан келиб чиқувчи мафкура асос эмас. Шу сабабдан медиа тизими Исломдан, сиёсатдан ва Уммат манфаатларига тааллуқли барча масалалардан халқни тўсиш ва саводсизлаштириш учун хизмат қилиб, ҳукумат сиёсатини мадҳ этиш билангина шуғулланмоқда. Натижа эса, ҳамма учун хавотирли тус олди. Чунки ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришни истаган аҳоли Россия пропагандасини кузатадиган, айримлар эса, Ғарб матбуотига қарам бўлди. Халқимизда тўғри тушунчаларнинг, яъни Ислом ақидасининг барча фикрлар учун пойдевор сифатида шаклланишига давлат йўл бермайди. Шу сабаб халқимиз нафақат иқтисод ва тижоратда, балки “фикр”да ҳам истеъмолчи бўлиб қолган. Шу боисдан мафкура ва сиёсатлар ҳақида, қўзғолон ва урушлар ҳақида аниқ фикрга эга эмаслар.
Ўзбекистонда ОАВдан яқин-яқингача диндорлар узоқлаштириб келинди. Бугунга келиб эса, улар диний ва сиёсий мавзуларда кўрсатувлар тайёрлашмоқда. Бироқ уларда, юқорида айтганимиздек, соф Исломий ёндашув бўлмагани учун демократик қарашдаги муросасозлик йўлига тушиб қолишмоқда. Уларни бошқалардан фарқли қилган нарса муҳбир аёлларнинг рўмолли, эркакларнинг соқолли эканлиги ва кўрсатувларини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошлашаётгани, дейишимиз мумкин. Бироқ улар энг муҳим иш саналган Исломий уйғонишга бошқалардан кўра каттароқ зарар етказишмоқда. Чунки улар Исломнинг сиёсат ва иқтисод борасидаги ўзига хос мукаммал ҳукмларидан кўз юмиб, АҚШ ва Европа мусулмонлар устида тажриба ўтказиб, сўнг уларга Исломий тўн кийдирган мўътадил сиёсий қарашларни ва демократик иқтисодий ечимларни илгари суришмоқда. Одамларимиз ҳар қандай янги ҳодисани ёки мураккаб ҳисобланган муаммоларни теран нигоҳ билан ўргана олиши ва уларга нисбатан энг тўғри ечим берадиган Шаръий позицияда туришлари учун Исломини яхши танишлари керак. Шунда муайян ҳодисанинг қандай кўринишдалигини эмас, унинг кимга нисбатан кимлар тарафидан, нималарни олдини олиш учун содир этилганига аҳамият қаратадиган бўлади. Бир сўз билан айтганда, ёрқин фикрловчи, мабдаий (идеологик) принциплари устида мустаҳкам турувчи тақводор шахсга айланади.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, инсониятни бошқараётган капитализм тузуми бекор қилиниши зарур. Акс ҳолда у ўзининг очкўзлик ва ваҳшийликка бўлган ундови билан давлатларни парчалашга ва мустамлака қилишга ундайверади. Бу тузумнинг зарари геополитик ишлардан ошиб, барча халқ ва миллатлардаги қадриятларни бузиб ташлади, инсонларни инсонийликдан чиқарди. Мусулмонларнинг қалблари улфат бўлишига ва бирлашишига тўсиқ бўлди. Мавжуд бузуқ тузумга қарши курашиш ва уни ўзгартиришни ўзимиздан, оиламиздан бошлаб, сўнг жамиятимизда ва ижтимоий тармоқларда кенг ёйишимизни тақозо этади. Токи инсонлар ўйлаб топган тузумлар ваҳшийлик, адоват ва охири йўқ душманликни келтириб чиқаришини, Ислом эса уни қабул қилганларни ноҳақ қон тўкишдан, адоватдан, ёлғон хабар тарқатишдан, зулмдан ва золимга ёрдам беришдан қаттиқ қайтаришини барча инсонлар билишсин ва мусулмонлар Исломига тушуниб амал қилишсин. Зеро, медиа қачонки сиёсий ақида асосида юритилгандагина кучли қуролга айланади. Бундай ишда бутун мусулмонларга, хоссатан юз минглаган, эҳтимол миллионлаган инсонларга ҳақ даъватни етказиш имконига ва қобилиятига эга бўлган қаламкаш ва нотиқ инсонлар зиммасига катта вазифалар тушади. Зеро, Аллоҳ эртага Ўзи берган имконият ва қобилиятлардан бандаларини ҳисобга тортади. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَى وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ وَسَاءَتْ مَصِيرًا
– “Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!” (Нисо:115)
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Абдураҳмон
09.03.2022й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми