Нусрат остонасидаги силкиниш
Нусрат остонасидаги силкиниш
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳозирги кунда АҚШ Яқин Шарқ минтақасига ўзининг энг сара ва улкан ҳарбий салоҳиятини сафарбар этмоқда. Бу шунчаки рамзий иштирок эмас, балки минтақа тарихида кам кузатиладиган ҳарбий жамланишдир. Шарқий Ўрта ер денгизи ва Форс кўрфази сувларида дунёнинг энг йирик авианосец гуруҳлари, жумладан, минглаб денгиз пиёдаларини ташувчи кемалар, ядровий сувости кемалари ва юзлаб энг замонавий қирувчи самолётлар шай ҳолатга келтирилди. Пентагон расмийлари бу ҳаракатни “минтақавий барқарорликни сақлаш ва тийиб туриш” деб атаса-да, ҳарбий экспертлар, жумладан, истеъфодаги генераллар ва стратегик таҳлил марказлари бу кўламдаги куч жамланиши фақатгина битта давлат ёки кичик гуруҳга қарши эмас, балки бутун бошли минтақанинг геосиёсий харитасини назорат қилиш учун мўлжалланганини таъкидламоқдалар. Ҳарбий таҳлилчи Сет Жонс (Seth Jones) каби экспертларнинг фикрича, бу “иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик ва мураккаб логистик амалиётлардан бири” бўлиб, унда қўлланилаётган Gerald R. Ford каби авианосецларнинг ўзи бир неча минтақавий давлатларнинг ҳаво кучларидан қудратлироқдир. Бундан ташқари, минтақадаги мавжуд ҳарбий базаларга қўшимча равишда энг мураккаб THAAD ва Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда стратегик B-52 бомбардимончи самолётлари жойлаштирилди. Бундай улкан кучнинг бир нуқтага жамланиши минтақадаги ҳар қандай маҳаллий давлатнинг ҳарбий салоҳиятидан бир неча баробар устун бўлиб, бу сафарбарликнинг кўлами глобал урушлар даражасига тенглашмоқда.
Бугунги кунда АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасига улкан ҳарбий кучларни, жумладан, авианосец гуруҳлари ва энг замонавий қирувчи самолётларни мисли кўрилмаган даражада сафарбар қилаётгани шунчаки маҳаллий тўқнашув ёки Эрон билан боғлиқ вазият эмас, балки оламшумул мафкуравий тўқнашувнинг янги палласидир. Сиёсий воқеликка мафкура кўзойнаги билан назар ташласак, бу улкан ҳарбий машинанинг ҳаракатга келиши аслида Уммат ичида кечаётган яширин, аммо шиддатли уйғониш ҳароратининг ўлчови экани намоён бўлади. Гарчи Ғарб ОАВлари бу сафарбарликни “Эрон таҳдиди” билан хаспўшлашга уринса-да, таҳлиллар шуни кўрсатадики, Эрон АҚШ учун минтақада ўз ҳарбий борлигини оқлаш ва мусулмон ўлкаларини қўрқувда ушлаб туриш учун қулай бир “қўрқитувчи восита”, холос. Аслий ва стратегик хавф эса, Ғарб мафкурасига бўйсунмайдиган, соф Исломий мабда асосида шаклланаётган сиёсий ирода ва Халифалик лойиҳасидир.
Буни АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан иборат юқори лавозимли амалдорлар ҳам ўз баёнотларида бир неча бор очиқ-ойдин тан олишган. Жумладан, собиқ президент Жорж Буш 2005 йилда қилган чиқишида: “Халифаликни тиклашга интилаётганлар Испаниядан Индонезиягача чўзилган улкан империя қурмоқчи”, – деб бонг урган эди. Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр эса “Биз дуч келаётган мафкуравий таҳдид – бу Халифаликни тиклаш ва Шариатни ўрнатишни истаётган кучлардир”, дея дунёга жар солган. Бу борада “исроил” бош вазири лаънати Нетаньяху ҳам ўзининг кўплаб чиқишларида, хусусан, БМТ минбаридан туриб: “Бу кучларнинг мақсади фақат биз эмас, улар бутун дунёда глобал Халифалик ўрнатишга интилмоқда ва Ғарб цивилизациясини тарих қаърига улоқтирмоқчи”, – дея Ғарб дунёсини ушбу “мафкуравий хавф”га қарши бирлашишга чақириб келади. Ҳаттоки Дональд Рамсфелд каби собиқ мудофаа вазирлари Халифалик тикланишини Ғарбнинг минтақадаги ҳукмронлиги учун энг катта даҳшат деб атаганлар. Бу иқрорлар шуни исботлайдики, минтақадаги ҳарбий жамланиш айнан мана шу сиёсий уйғониш йўлини тўсиш учун ишлатиладиган “олдиндан тийиб турувчи” воситадир.
Пайғамбарлар тарихига диққат қилсак, ботил кучларнинг бор имкониятини битта нуқтага жамлаб, улкан куч билан сафарбар бўлиши доим катта илоҳий нусрат ва тизимли ўзгаришлар олдидаги сўнгги силкиниш бўлиб келган. Бу борада Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн билан тўқнашуви энг ёрқин мисоллардан биридир. Ўшанда Фиръавн Мусо (а.с.) олиб келган мафкура (Тавҳид) унинг мустабид ҳокимиятига таҳдид солаётганини сезгач, бор ҳарбий қудратини сафарбар қилган эди. Бу ҳолат Қуръони Каримда шундай баён қилинади:
فَأَرْسَلَ فِرْعَوْنُ فِي الْمَدَائِنِ حَاشِرِينَ * إِنَّ هَٰؤُلَاءِ لَشِرْذِمَةٌ قَلِيلُونَ * وَإِنَّهُمْ لَنَا لَغَائِظُونَ
– “Фиръавн шаҳарларга (аскар) тўпловчиларни юборди (ва деди): “Албатта, анавилар (Мусо ва унинг қавми) бир ҳовуч кичик гуруҳдирлар. Ва, албатта, улар бизнинг ғазабимизни қўзгатгувчилардир””. (Шуаро:53-55)
Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг фикрий даъватини сиёсий хавф деб билгани учун “бир ҳовуч гуруҳ” бўлишига қарамай, уларга қарши давлатнинг бор ҳарбий кучини сафарбар қилди. Ушбу қўшин мўминларни денгиз бўйигача қувиб келганда, инсоний ҳисоб-китоблар бўйича нажот йўли қолмаган эди. Бироқ Мусо (а.с.)нинг фикри соф ва Аллоҳга таваккули комил эди. Айнан ботил кучларнинг ўз мағрурлиги билан энг юқори нуқтага келиши – уларнинг ҳалокати ва янги тарихнинг бошланишига сабаб бўлди. Бугунги АҚШ авианосецларининг ҳаракати ҳам фикрнинг кучидан қўрққан замонавий фиръавнларнинг сўнгги ҳарбий пўписаларига ўхшайди.
Шунингдек, Аҳзоб (Хандақ) ғазотидаги сиёсий вазият бугунги кунни тушуниш учун бебаҳо дарсдир. Ўшанда ҳам мушриклар ва уларнинг иттифоқчилари Мадинадаги ёш Исломий давлатни илдизи билан йўқ қилиш учун ўн минг кишилик қўшин тўплаган эди. Қуръони Карим бу оғир вазиятни ва инсон руҳиятидаги табиий қўрқув ҳолатини шундай тасвирлайди:
إِذْ جَاءُوكُمْ مِنْ فَوْقِكُمْ وَمِنْ أَسْفَلَ مِنْكُمْ وَإِذْ زَاغَتِ الْأَبْصَارُ وَبَلَغَتِ الْقُلُوبُ الْحَنَاجِرَ وَتَظُنُّونَ بِاللَّهِ الظُّنُونَا
– “Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, қуйи томонингиздан ҳам (бостириб) келган эдилар. Кўзлар тиниб, юраклар бўғизга келиб қолган эди ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли ёмон) гумонлар қила бошлаган эдингиз”. (Аҳзоб:10)
Бу оятдаги “ёмон гумон” ва “юраклар бўғизга келиши” воқеликнинг нақадар даҳшатли бўлганини, душман кучининг моддий жиҳатдан мутлақ устунлигини кўрсатади. Бироқ Қуръон бу ҳолатни баён қилиш билан кифояланмай, мўминларнинг ушбу даҳшатли воқеликка қандай мафкуравий баҳо берганини келтиради:
وَلَمَّا رَأَى الْمُؤْمِنُونَ الْأَحْزَابَ قَالُوا هَٰذَا مَا وَعَدَنَا اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَصَدَقَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ ۚ وَمَا زَادَهُمْ إِلَّا إِيمَانًا وَتَسْلِيمًا
– “Мўминлар (душман) гуруҳларини кўрганларида: “Бу Аллоҳ ва Унинг Расули бизга ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзладилар”, – дедилар. Бу уларнинг иймонларини ва таслимиятларини янада зиёда қилди, холос”. (Аҳзоб:22)
Бу икки оят бир-бири билан “синов ва тасдиқ” занжири орқали боғланади. Биринчи оятдаги даҳшатли манзара – қалбларни сараловчи бир имтиҳон (фильтр) эди. Мунофиқлар бу вазиятни мағлубият ва Исломнинг тугаши деб баҳолаган бўлсалар, ҳақиқий мўминлар учун душманнинг ҳар томондан ёпирилиб келиши (10-оят) айнан Аллоҳ ва Расули ваъда қилган Нусрат олдидаги сўнгги синов эканини тасдиқлади (22-оят). Яъни вазиятнинг энг танг нуқтага келиши мўминларни тушкунликка эмас, аксинча, “Демак биз ҳақ йўлдамиз, Аллоҳнинг ваъдаси амалга ошяпти!” деган хулосага ва иймоннинг зиёда бўлишига олиб келди. Бугунги АҚШнинг улкан қўшин тўплаши ҳам худди шундай: кимдир буни ҳалокат деб кўрса, собитқадам мўмин буни душманнинг саросимага тушгани ва Нусрат остонада эканининг илоҳий белгиси сифатида қабул қилади.
Бугун ҳам ер юзида расман Ислом давлати мавжуд бўлмаса-да, АҚШнинг бу қадар ваҳимага тушиши мусулмонлар онгида қайта тирилаётган соф ва тиниқ мафкурадан – Халифалик лойиҳасидан қўрқувдир. Бу борада “Ҳизб ут-Таҳрир” Исломий сиёсий партиясининг асосчиси Шайх Тақийюддин Набаҳоний (р.а.) таъкидлаганидек, жамиятни ўзгартирувчи асл куч – бу шунчаки ҳарбий қурол эмас, балки инсонлар онгини мутлақ эгаллаган ва ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган мабда-мафкурадир. Агар мусулмонларнинг фикри ҳамон хира, тарқоқ ва фақат умумий шиорлардан иборат бўлганида, Ғарб бунчалик мисли кўрилмаган харажат қилиб, минтақага улкан қўшин ташиб юрмасди. Демак, воқеликнинг ўзи бизга фикрнинг софлиги ва мақсаднинг тиниқлиги нақадар буюк куч эканини исботламоқда. АҚШ разведкаси ва стратегик марказлари Уммат ичида Исломни шунчаки шахсий ибодатлар мажмуаси эмас, балки давлат бошқарувидан тортиб иқтисодгача, ижтимодан тортиб халқаро сиёсатгача бўлган мукаммал ва муқобил сиёсий низом сифатида қабул қилган, Шайх Набаҳоний асос солган Ҳизб ут-Таҳрир Исломий сиёсий жамоасининг онгли ва собитқадам аъзоларини ҳамда улар Уммат ичида ёйишга муваффақ бўлган тиниқ сиёсий ва мафкуравий қарашларни кўриб турибди. Улар айнан мана шу тизимли ва мафкуравий лойиҳадан хавфсирамоқда. Ғарб таҳлилчилари англаб етдики, фикри соф ва тариқати аниқ бўлган бундай сиёсий ҳаракатни на демократия алдовлари ва на вақтинчалик иқтисодий манфаатлар билан йўлдан уриб бўлади. Шу сабабли, улар мафкуравий курашда мағлуб бўлаётганларини сезгач, фақатгина ҳарбий пўписа ва “темир-терсак” кучи билан Умматнинг иродасини синдиришга уринмоқдалар.
Бу улкан ҳарбий сафарбарлик аслида Умматнинг мафкуравий жиҳатдан Нусрат остонасига яқинлашганининг “ғоибона” тан олинишидир. Душманнинг бу қадар безовталиги ва бор кучини майдонга ташлаши – Ҳақнинг ғолиб келиш вақти яқинлашганидан далолат беради. Эндиги вазифа – бу улкан кучларнинг жамланишидан ваҳимага тушиш эмас, балки Нусрат келишининг асосий шарти бўлган мафкуравий ва амалий собитқадамликни янада кучайтиришдир. Ушбу йўлда ҳаракат қилаётганлар билишлари лозимки, АҚШнинг ҳарбий пўписалари – бу Умматнинг иродасини синдириш учун қилинган охирги чорадир.
Бундай лаҳзаларда собитқадамлик – нажот калитидир. Зеро, тарих шоҳидлик берадики, қачонки мўминлар ўз мафкураларини бегона таъсирлардан пок тутиб, Набавий йўлдан заррача оғишмай собит турсалар, ботилнинг энг улкан қўшинлари ва темир-терсаклари Аллоҳнинг изни билан денгиз кўпигидек йўқ бўлиб кетиши муқаррардир. Бу кучларнинг келиши – туннинг энг қоронғу лаҳзасидир, туннинг энг қоронғу лаҳзаси эса тонгнинг яқинлигидан дарак беради. Шундай экан, ҳаракат қилувчилар ўз иймонлари, мафкуралари ва Набавий тариқатларида тоғдек маҳкам туришлари зарур, чунки Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ ва Нусрат яқиндир! Аллоҳ таоло шундай дейди:
أَلَا إِنَّ نَصْرَ اللَّهِ قَرِيبٌ
“Огоҳ бўлингким, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир!” (Бақара:214)
Салоҳиддин
27.02.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми