Аёл ва эркак шаръий бурчлар олдида (3)
Аёл ва эркак шаръий бурчлар олдида (3)
Исломда ижтимоий алоқалар туркумининг давоми
بسم الله الرحمن الرحيم
Рукнимизнинг ўтган сонида аёл ва эркак шаръий бурчлар, Ислом қонунлари олдида бир ҳил жавобгар эканликлари, уларнинг аёллик ёки эркаклик табиатига қараб Аллоҳ Таоло аёл учун аёлларга хос, эркак учун эркакларга хос баъзи аҳкомларни нозил қилгани ҳақида сўз юритган эдик. Қуйида ушбу мавзуни ёритишда давом этамиз.
Ислом аёллар устидан раҳбарлик қилиш ишини ҳамда етакчилик қилиш, буюриш ва қайтариш ҳуқуқини эркакларга берди. Аллоҳ Таоло дейди:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا
“Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг баъзиларини баъзиларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир”. (4/34)
Бу раҳбарликнинг сабаби Аллоҳ Таоло эркакларни ҳукм юритиш, намознинг имомлиги ва никоҳдаги валийлик каби бурчларда ортиқ қилгани ва талоқни эркак кишига топшириб қўйгани, деб баён қилинган. Аллоҳ Таоло дейди: “بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ – Аллоҳ уларнинг баъзиларини баъзиларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани сабабли”. Яна бу раҳбарликнинг сабаби маҳр ва таъминотдан иборат нафақа бурчлари ҳам эркакларнинг зиммасига юкланганидир. Аллоҳ Таоло дейди: “وَبِمَا أَنفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ – Эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганлари сабаблидир”.
Шунингдек, аёл итоатсизлик қилган, яъни эрига қарши чиқиб, унга осийлик қилган вақтида – қилинган гуноҳ одоб беришнинг қайси турига муҳтож бўлса, шунга қараб – у аёлга чиройли панд-насиҳат билан, ётоқларда тарк қилиш билан ва оғритмайдиган қилиб уриш билан одоб бериш ҳақини ҳам эрга берди. Ёш болани тарбия қилиш ҳақини – у ўғил бўладими ёки қизми – аёл кишига берди ва ундан эркакларни ман қилди. Агар оталар ёш гўдакларига бевосита сарф-харажат қилишни пайсалга солишса ёки бахиллик қилишса, уларга бевосита сарф-харажат қилишни аёл зиммасига юклади ва эркак кишини ушбу ҳолатларда у ишларни бажаришдан ман этди. Ҳинд бинти Утба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб:
يا رسول الله, إن أبا سفيان رجل شحيح, وليس يعطيني من النفقة ما يكفيني وولدي. فقال: خذي ما يكفيك وولدك بالمعروف
“Эй Расулуллоҳ, Абу Суфён бахил одам. У менга ва боламга етадиган нафақани бермаяпти”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзинг билан болангга кифоя қиладиган нарсани яхшилик билан ол”, дедилар. (Муттафақун алайҳ).
Қози эркакни нафақани аёлга топширишга мажбур қилади ва у ишларни бевосита бажаришни аёлга беради. Ушбу ҳолатларда бевосита сарф-харажат қилишни эрдан қабул қилмайди.
Шундай қилиб, Ислом баъзиси эркакларга хос бўлган ва баъзиси аёлларга хос бўлган турли хил ҳукмларни олиб келди ва улардан бир қисмида аёллар билан эркакларнинг орасини ажратди. Ҳамда уларни Аллоҳ унинг ўзига хослаб қўйган ҳукмларга рози бўлишга буюрди ва Аллоҳ бировларини бировларидан ортиқ қилиб қўйгани сабабли бир-бирига ҳасад қилишдан ва бошқасидаги ортиқ нарсани ҳасад-адоват билан орзу қилишдан қайтарди. Аллоҳ Таоло дейди:
وَلاَ تَتَمَنَّوْا مَا فَضَّلَ اللَّهُ بِهِ بَعْضَكُمْ عَلَى بَعْضٍ لِلرِّجَالِ نَصِيبٌ مِمَّا اكْتَسَبُوا وَلِلنِّسَاءِ نَصِيبٌ مِمَّا اكْتَسَبْنَ
“Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасад-адоват билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар, аёллар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар”. (4/32)
Ҳукмлардаги бу хослашнинг маъноси тенгсизлик эмас, балки аёл деган эътибор билан аёлнинг ва эркак деган эътибор билан эркакнинг феълларини муолажа қилишдир. Уларнинг ҳаммаси бандаларнинг феълларига тааллуқли бўладиган хитоб билан муолажа қилинган. Агар уларнинг барчасининг воқелиги ўрганилса, навининг эътибори билан инсоннинг бир навининг (яъни эркак ёки аёлнинг) муаммолари муолажа қилингани маълум бўлади. Бу эса инсонни инсон деган эътибор билан муолажа қилишдан фарқли бўлиши керак. Бу борада тенглик ёки тенгсизлик жиҳати мулоҳаза қилинмаган. Чунки у баҳс ўрни эмас. Балки у муайян муаммо ва муайян инсон учун муайян муолажа бўлиши мулоҳаза қилинган. Бу эркак ва аёл ўртасидаги ҳукмлардаги ҳар хиллик жиҳати. Ҳар қандай ҳолатда ҳам – илм талаб қилиш каби эркак ва аёлнинг ҳар бири учун бир хил ечим бўладими ёки улар ўртасидаги аврат хилма-хиллиги каби ҳар хил ечим бўладими – у фақат инсон муаммосининг муолажасидир. Эркак ва аёлга нисбатан уларнинг ҳар хил бўлиши инсонни инсондан ажратишни ёки тенглик ва тенгсизлик баҳсини англатмайди. Энди ҳадисда келган аёлларнинг ақли ва динининг нуқсонлиги масаласига келсак, унда ақл ва динга нисбатан содир бўладиган ҳолатни эътиборга олиш қасд қилинган, холос. Унинг маъноси аёлларнинг ақли ва дини ноқис дегани эмас. Чунки ақл эркак ва аёлнинг ҳар биридаги фитрат эътибори билан бир хил, шунингдек, дин ҳам эркак ва аёлнинг ҳар биридаги иймон ва амал эътибори билан бир хилдир. Бу ҳадисдан мақсад аёлнинг гувоҳлигини эътиборга олишдаги нуқсондир. Яъни икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг қилинган. Яна аёлдаги намоз кунларининг нуқсонлигидир. Чунки у ҳар ойдаги ҳайз кунларида ҳамда нифос кунларида намоз ўқимайди. Рамазон ойида ҳам шундай кунларда рўза тутмайди.
Бу ҳуқуқ ва вазифалар шаръий бурчлар мавзуси бўлиб, Аллоҳ уларни инсон учун унинг инсонлиги жиҳатидан ва инсон навининг ҳар икки нави, яъни эркак ва аёл учун шаръий ҳукм қилди. Лекин қонунчиликда уларнинг ҳар бирининг ўзига хос инсонийлик сифати ва нав белгиси бор, деб эътиборга олди. Бу борада ҳар қандай тенглик ва тенгсизлик ишлари мулоҳаза қилинмаганидек, улардан бирини бошқасидан ажратиш ҳам кўзда тутилмайди.
Мақоланинг келгуси сонида “АЁЛНИНГ ИШЛАРИ” мавзусида суҳбатимизни давом эттирамиз.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим.
28.07.2018й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми