ХАЛИФАЛИК ДАВЛАТИ ЖИҲОЗИ
ХАЛИФАЛИК ДАВЛАТИ ЖИҲОЗИ
(Бошқарув ва идора)
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Тўққизинчи: Қозилик
(8)
Мазолим қозиларини ишга тайинлаш ва ишдан олиш
Мазолим қозиси халифа ёки қозилар қозиси томонидан тайинланади. Негаки, шикоятлар қозилик ишларидандир. Қозилик эса, шаръий ҳукмни айтиш ва уни мажбурият қилиб юклашдир. Қайси турдаги бўлишидан қатъий назар, ҳар бир қозини халифа тайин қилади. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳамма турдаги қозиларни Пайғамбар ﷺнинг ўзлари тайин қилганлар. Агар халифа қозилар қозисини тайинлашда унга мазолим қозисини тайинлаш ҳуқуқини берган бўлса, бу лавозимга қозилар қозиси ҳам одам тайинлаши мумкин. Давлат марказидаги асосий мазолим маҳкамасининг иши халифа, вазирлар, қозилар қозиси тарафидан бўлган ноҳақликларни кўриб чиқиш билан чекланиши мумкин. Мазолим маҳкамасининг вилоятлардаги бўлимлари волийлар ва бошқа давлат амалдорлари томонидан содир этилган ноҳақликлар билан шуғулланади. Халифа марказий мазолим маҳкамасига вилоятлардаги шу маҳкамага тобе бўлган бўлимлардаги қозиларни ишга тайинлаш ва ишдан олиш ҳуқуқини бериши мумкин.
Давлат марказидаги бош мазолим маҳкамаси аъзоларини халифанинг ўзи тайинлайди ва ишдан бўшатади. Марказий мазолим маҳкамаси бошлиғини, яъни халифани бўшатиш масаласини кўриб чиқадиган қозини ишдан бўшатиш масаласига келсак, аслида халифанинг уни ишга тайинлашга ҳаққи бўлгани каби ишдан бўшатишга ҳам ҳаққи бор. Лекин шундай вазият туғилиб қолиши мумкинки, агар марказий мазолим қозисини ишдан олиш ҳуқуқи халифага берилса, бу ишнинг ҳаромга олиб бориб қўйиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Шаръий қоидада эса, «Ҳаромга олиб борадиган восита ҳам ҳаромдир», дейилган. Шундай бўлишининг эҳтимоли кўпроқликнинг ўзи шу қоидани ишлатишга кифоя қилади.
Бундай ҳолатда, яъни халифанинг ўзига ёки вазирларга ё қозилар қозисига (агар халифа унга мазолим қозисини ишга тайинлаш ва ишдан олиш салоҳиятини берган бўлса) қарши иш қўзғатилганда мазолим қозисини ишдан олиш салоҳиятининг халифа қўлида қолиши мазолим қозисининг ҳукм чиқаришига таъсир қилиши, имкониятини чеклаб қўйиши, натижада у халифанинг ўзини ёки ноибларидан бирини ишдан бўшатолмай қолиши мумкин. Шу эътибор билан бундай пайтда ишдан бўшатиш салоҳияти ҳаромга олиб борувчи воситага айланиб, унинг халифа қўлида қолиши ҳаромдир.
Бошқа ҳолатларда эса, ҳукм ўз ҳолича қолади. Яъни мазолим қозисини ишга тайинлаш ва ишдан бўшатиш ҳуқуқи халифада қолади.
Мазолим қозилигининг салоҳиятлари
Мазолим маҳкамаси давлат жиҳозидаги бирор шахс томонидан содир этилган ноҳақлик, халифанинг бирон шаръий ҳукмга зид иш қилгани, халифа қабул қилган дустур ёки қонуннинг бирон бандидаги хато, одамларнинг манфаатлари, солиқ ва бошқа соҳаларга доир идорий қонунлардаги бирон ноҳақлик каби ишлар билан шуғулланиш салоҳиятига эга бўлади.
Давлат жиҳозидаги бирон шахснинг иши бўладими, халифанинг бирон шаръий ҳукмга зид иш қилгани бўладими, у қабул қилган дустур ёки қонундаги хатолик бўладими, солиққа доир иш бўладими, давлатнинг фуқаро ҳуқуқига нисбатан зўравонлик қилиши бўладими, мажбурлаб солиқ солиши бўладими, қўшин ёки хизматчиларнинг маоши камлиги бўладими, маошнинг вақтида берилмаслиги бўладими, ҳар қандай шикоятни кўриб чиқишда мазолим қозилиги учун қозилик мажлисининг, даъвогар ва жавобгарнинг бўлиши шарт эмас. Ҳеч ким даъво қилмаса ҳам у ноҳақликни ўзи кўриб чиқиши мумкин.
Негаки, юқорида айтиб ўтилган қозилик мажлиси бўлиши шарт эканлиги тўғрисидаги далил мазолим қозилигига тўғри келмайди. Чунки бу ишда даъвогарнинг ҳам, жавобгарнинг ҳам қатнашиши шарт эмас. Иш даъвогарсиз ҳам, жавобгарсиз ҳам кўрилаверади. Шунга кўра, мазолим қозилигида қозилик мажлисининг бўлиши шарт қилинмайди. Абу Довуд ва Аҳмад Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қиладилар:
«قَضَى رَسُولُ اللَّهِ ﷺ أَنَّ الْخَصْمَيْنِ يَقْعُدَانِ بَيْنَ يَدَيِ الْحَاكِمِ»
«Расул ﷺ даъвогар ҳам, жавобгар ҳам ҳокимнинг олдида ўтиришлари керак, деб ҳукм қилдилар». Пайғамбар ﷺ Али р.а.га:
«إِذَا جَلَسَ إِلَيْكَ الْخَصْمَانِ»
«Даъвогар билан жавобгар олдингга келиб ўтиришганида…», деганлар. Шунга биноан мазолим қозилиги замон, макон, қозилик мажлиси каби шартларсиз ҳам ишни кўриб чиқаверади. Фақат бу маҳкаманинг салоҳиятлари жиҳатидан тутган мақоми эътибори билан унинг обрўси ва ҳайбатини ошириш учун жой танланилиши мумкин. Масалан, султонлар замонида Миср ва Шомда шикоятлар кўриб чиқиладиган султон мажлиси бўлган. Уни «Дорул-адл», яъни адолат ошёни, деб аташган. Бу ишга ноиблар, қозилар, фақиҳлар қатнашган. Мақризий «ас-Сулук ила маърифати дувалил-мулук» китобида айтишича, солиҳ подшоҳ, султон Айюб «Дорул-адл»да шикоятларни кўриб чиқишлари учун ўзидан ноиблар тайинлаган. Улар билан бирга гувоҳлар, қозилар ва фақиҳлар ҳам бўлишган. Мазолим маҳкамаси учун бир муҳташам бино қурилса ҳечқиси йўқ. Чунки бу иш мубоҳ амаллардандир. Қолаверса, у адолатнинг буюклигини намойиш қилиб туради.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими
03.10.2021й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми