Хайрия фондлари нега тўхтатилди?
Хайрия фондлари нега тўхтатилди?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Ўзбекистонда газ ва электр учун тўловларнинг оширилиши аҳоли хавотирларига сабаб бўлган эди. Энергия тежайдиган қурилмалардан фойдаланиш кам таъминланган оилалар учун қанчалик зарурлигини ўрганиш мақсадида Би-би-си муҳбири Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида уч нафар ёш боласи билан ёлғиз яшайдиган бева аёлнинг уйига борди. Йиллар давомида табиий газ тўловидан қийналиб келган бу оилага маҳаллий саховатпеша тадбиркор тежамкор иситиш қурилмаси ўрнатиб берган. Журналистнинг хонадон аъзолари билан бу қурилманинг зарурияти ҳақидаги суҳбати, ишсизлик авж олган ҳудудлардан бирида бева бўлиб, боқувчисиз яшаш қандай бўлиши борасидаги суҳбатга айланиб кетган.
Бу оила ҳақида ёзилган мақола ҳамда унинг видеоси остида қолдирилган изоҳларнинг қарийб барчасида бева аёлга сабр тиланган ва саховатли кишиларни бу хонадонга кўмак кўрсатишга чақирилган. Кўриниб турибдики, одамларимиз боқувчисини йўқотган оилаларнинг турмуши доим оғир кечишини инсонларнинг қисмати, деб билишади. Уларга кўмакни фақат саховатли кишиларгина кўрсатиши мумкин, деб ўйлашади, яъни муаммонинг ечимини аксар ҳолатларда шахсларга чеклаб қўйишади. Буни биз “Юрак амри” хайрия фондининг вақтинча ёпилишини ҳозиргача норозилик билан муҳокама қилиб келинаётганидан ҳам кўришимиз мумкин. Чунки халқ бу хайрия фонди республикани уч маротаба айланиб етимларга моддий кўмак кўрсатганига, беморларни даволатиш, уйлар бериш, қарзларни узиш ва бошқа саховатли амалларни бажарганига гувоҳ бўлди. Фонд асосчиси Сардор Раҳимхон бир интервьюсида “мен ҳаётнинг ҳақиқатини топдим”, “Аллоҳ мени топишни хоҳласанг муҳтожларни олдига бор деган, шундай экан, биз нима учун ночорларни олдига бормаслигимиз керак?” деганди. Сўнг “одамларга озиқ-овқат тарқатиш билан инсонларнинг муаммосини ҳал қилиб бўлмас экан. Уларнинг муаммоларини таг-томири, илдизи ва негизи билан ҳал қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди” деди. Шундан сўнг, 2021 йилнинг 12 июль куни “Юрак амри лойиҳаси” расмий рўйхатдан ўтказилиб, “Юрак амри жамоат фонди” номини олди. Орадан бир йил ўтмай жамоат фонди ўз фаолиятини тўхтатди. “Юрак амри” хайрия фондининг кўлами ва миқёси катталашаётган бир пайтда, уни шубҳали тарзда тўхтатилишига давлат босими сабаб бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқади. Сардор Раҳимхоннинг қисқа видео мурожаатида олти маротаба президентни тилга олиб, “юртбошимиз учун ҳар дақиқа жонимизни беришга тайёрмиз” дегани ва мурожаат сўнггида эмоцияга берилиб “юртбошимизни яхши кўрамиз” деган сўзлари халқдаги бу гумонни янада кучайтирди. “Юрак амри” хайрия фондини машҳур кишилар юритгани учун бу ташкилот атрофидаги ишлар сирлигича қолди. Бироқ “Саховат Наманган” хайрия жамоат фонди фаолиятига давлат ифлос воситалар билан тўсқинлик қилгани эса, фош бўлиб қолди. Ишонарсиз далиллар ва бўҳтонлар асосида тайёрланган видеолар ортидан фонд кузатув кенгаши аъзоларидан бири устидан жиноят иши очилди. Унинг сабабидан кўнгиллилар уйларида ҳам тинтувлар ўтказилди. Фонд офисидаги компьютер ва фонднинг печати олиб қўйилиб, ҳайр-эҳсонларни қабул қилмаслик буюрилди.
Мингдан ортиқ оилаларга, жумладан 650 та оилага ҳар ой мунтазам рўзғорлик тарқатиб келган “Саховат Наманган” хайрия жамоат фонди шу зайлда ўз ишини тўхтатган. Бу жамоат фонди 132 хонадонли кўп қаватли уй қуриб, ундан 24 та оилага барча ашёлари билан жиҳозланган уйларни топширган. “Юрак амри” ва “Саховат Наманган” хайрия жамоат фондлари ўзининг тўғрилиги ва дийну диёнати билан танилган кишилар тарафидан бошқарилгани учун қисқа муддатда ишлар кўлами кенгайди ва инфоқ-эҳсонлар ўта ночор оилаларга етказилди. Бу ҳол жамиятда хайрия ишлари баробарида диндорлар мавқеини ҳам юксалтира борди. Жамиятдаги зиёли ва эътиборли кишиларнинг Ислом асосида халқнинг жонига оро кириши оммани савобли амалларга илҳомлантирди. Бу фондлар уюштирган ҳашарларга республиканинг турли ҳудудларидан кўнгиллиларнинг қуйилиб келиши Исломий урфларнинг секин-аста ҳаётга қайтишига ва омма диққатини савобли амалларга тортишга сабаб бўлаётган эди. Бироқ Исломий кайфият ҳукмрон бўлган бу фондларнинг фаолиятига таъқиқ қўйилди. Эндиликда бу хайрия фондлари қайта ишга тушиши учун Исломий белгилардан воз кечиш ёки ватанпарварлик ва миллийликни олд планга чиқариш талаб этилади. Бундай ҳолатда эса, кўнгиллиларнинг уюшишида ҳам, юрт кезиб муҳтожларнинг аҳволини ўрганишда ҳам маъно қолмайди. Чунки ватанпарварлик ва миллатчилик асосидаги чирик шиорларнинг сийқаси чиқиб, одамларнинг уларга ишонмай қўйганига анча бўлган.
Исломий фон юқори бўлган бу хайрия фондлари инфоқ-эҳсонларни муҳтожларга етказилишида кўприк вазифасини ўтаган бўлса-да, бироқ бу инсонларнинг асосий эҳтиёжларини қондиришдаги туб, ҳақиқий ечим эмас. Чунки бутун аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш ва муҳтож қатламни давомий қўллаб-қувватлаш вазифаси шахслар ёки юқоридаги каби хайрия фондлари зиммасидаги масала эмас, балки давлат зиммасидаги масаладир. Ўзбекистон асосланган демократик тузум фақир, мискинларни, қарздор ва беморларни қарамоғига олишни ёки қўллаб-қувватлаш вазифасини давлат зиммасига эмас, балки шахсларнинг ўзига юклайди. Яъни инсонларни уларнинг асосий эҳтиёжлари бўлган емоқ-ичмоқ, кийим-кечак ва бошпана билан таъминлашга давлат масъул ҳисобланмайди. Демократияда давлат оч-юпунларга ғамхўрлик кўрсатмайди, улардаги ёрдам фондлари нодавлат ташкилотлари бўлади. Бу фондларнинг имконияти чеклангани учун муҳтожлар муаммолари борасида ҳеч қандай мажбуриятни зиммасига олишмайди. Агар бир фуқаронинг талаб қилинган ҳужжатларида камчилик бўлса, унинг аҳволи қанчалар аянчли аҳволда бўлмасин моддий кўмак оладиганлар рўйхатига киритилмайди. Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида яшаб келган Офтоб момо (Ортиқова) 74 ёшга тўлганида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олди. Чунки бу гувоҳномасиз Офтоб момо пенсия ололмаётган эди.
Сўнгги сўз ўрнида шуни айтамизки, бутун Марказий Осиё аҳолисининг эҳтиромига сабаб бўлган хайрия фондлари фаолиятининг ягона омили шубҳасиз Исломдир. Ислом хайр-саховат қилишга тарғиб қилади, бироқ инсон муаммолари фақат Ислом тузуми жорий этилсагина ҳал бўлишини баён қилади. Халқимизнинг бугунги абгор ҳолати куфр тузумининг татбиқи натижасидир. Мазкур оқибатларни хайрия ишлари ёрдамида ислоҳ қилишга уриниш самарасиз эканлигидан ташқари зарарли уринишдир. Чунки бу хайрия ишлари куфр тузумининг муваффақиятсизликларини яширади ва халқдаги Исломий туйғуларни эҳсон ва ҳашар ишларига йўналтириш орқали мусулмонларни Исломий ҳаётни қайта бошлаш ғоясидан узоқлаштиради. Шубҳасизки, барча муаммоларнинг туб ечими Исломда мавжуд. Ислом давлат зиммасига аҳолини зарурий эҳтиёж воситалари билан таъминлашни, шунингдек камолий (иккинчи даражали) эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитлар яратиш вазифасини юклайди. Бундай рисолатни ҳаётга татбиқ қилиш йўли Рошид Халифалик давлатини тиклашдир. Бунинг учун эса, Уммат орасида буюк Халифалик ғоясини ёйиш керак бўлади. Бу ғоя мусулмонлар зеҳнида фақат сиёсий онг билан тиниқлашади. Шундай экан, фақир, мискин, муҳтожларнинг додига етадиган ва хайрия фондларига иш қолдирмайдиган ғамхўр, раҳнамо давлатимизни тиклаш учун туну кун ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмон учун фарзларнинг гултожисидир!
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Абдураҳмон
05.07.2022й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми