Халифалик Давлатида моллар
Халифалик Давлатида моллар
Ушрлар
(2)
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Зиммийлардан ҳам ушр олинмаган, балки ушрнинг ярми олинган. Улардан олинган ушрнинг ярми эса, Умар ибн Хаттоб замонларида Ироқ, Шом, Миср фатҳ қилинганда улар билан ушрнинг ярмини бериш шарт қилинган эди. Мана шу билан қайтарилган ва олувчиси қаттиқ ёмонланган макс бу мусулмондан бўлсин ё зиммийдан бўлсин ёки дорул-ҳарб аҳлларидан бўлсин, уларга шарт қилинганидан кўпроқ ёки мусулмон тижоратчиларимиз кофирларнинг диёрларига борган пайтларида улар олишганидан кўпроқ олиниши ноҳақ олинган нарсадир.
Дарҳақиқат, бу зиддиятни кетказувчи ривоятлар мавжуд. Абу Убайд «Моллар» китобида ушр олувчини зикр қилган вақтда марфуъ ҳадисни келтириб, шундай деган: «Ушр олувчи ҳақсиз садақа оладиган кишидир». Ва буни шундай деган ҳолда тафсир қилган: «Агар ушр олувчи, ушр олишда закотни аслидан зиёда олса, закотни ҳақсиз олибди». Сўнгра Абу Убайд шундай деб давом эттирган: «Ибн Умар, Умарнинг мусулмонлардан ушр олганини биласизми, деб сўралган пайтда у: «Йўқ, билмайман», деб жавоб берган ҳадис мазмуни ҳам шунга ўхшашдир». Албатта, биз Ибн Умарнинг закотни аслидан ортиқча олишни ирода қилганини, закот олишни ирода қилмаганини кўряпмиз. Умар ва бошқа халифалар ҳақларни бераётганда закот олишарди. Ибн Умарнинг фикри закотни уларга бериш ҳақида бўлган. Сўнг Абу Убайд шундай деб давом этди: «Шунингдек, Зиёд ибн Ҳадийрнинг «биз мусулмондан ва зиммийдан ушр олмас эдик», деган ҳадисида ҳам, «биз мусулмондан ушрнинг тўртдан бирини ва зиммийдан ушрнинг ярмини олардик», деган маънода айтилган. Булар Зиёд ибн Ҳадийрдан ривоят қилинган бошқа ривоятларда очиқ келгандир». Абу Убайда зиммийлардан ушр олишни ўзи мушкул бўлганини зикр қилди. Чунки улардан садақа олинса, зиммийлар мусулмон эмаслар, улар аҳли ҳарб ҳам эмасларки, мусулмонлардан аҳли ҳарб олганчалик миқдор улардан олинса. Сўнг Абу Убайд: «Мен ҳадисни яхшилаб ўйладим ва Умарнинг зиммийлар билан ҳар бир бош жизяси ва хирождан ташқари ўша миқдорга сулҳлашганини топдим», деди. Шунингдек, Қатоданинг Абу Мужлиздан қилган ривоятида, Умар р.а. Усмон ибн Аффонни Ироққа жўнатгани ҳақидаги узун ҳадисида, Умарнинг мана бу сўзлари келган: «Бориб-келиб юрган зиммийларнинг молларини ҳар бир 20 дирҳамига бир дирҳам ва уларнинг ўзларидан жизя олгин». Абу Убайд шундай деб давом этади: «Мен зиммийларнинг тижоратчилари билан ушр олишга сулҳ тузилган деб фикрлардим. Бу ушр ҳозирда мусулмонларнинг зиммийлар гарданидаги ҳаққидир». Шу каби Молик Ибн Анас: «Зиммийлар агар ўз шаҳарларидан тижорат учун чиқишса, ҳар бир чиқишгани учун улардан олинишига сулҳлашганлар», — дедилар. Мана шундай қилиб, ҳадислар орасида зиддият йўқ эканлиги ва мазамматланган солиқ – бу молни ҳақсиз олиш эканлиги равшан бўлади.
Шуларга биноан мусулмонлар тижоратчиларнинг давлат чегарасидан ўтаётган молларига рубъул ушр, яъни қирқдан бир закот олинади. Чунки тижорат матоларининг закоти пул кабидир. Пул закотида вожиб бўлган нарса эса, қирқдан бир эди. Тижорат матоларини закоти ҳам пул закоти каби бўлади. Пул закотидан оширилмайди ва камайтирилмайди. Чунки бу миқдор Аллоҳ мусулмон кишига Қуръондаги саккиз синфга молини поклаш учун вожиб қилган мусулмон кишининг молидаги ҳақдир. Ва бу садақот девонга қўйилиб ўз ўринларига сарфланади.
Зиммий тижоратчиларнинг чегаралардан ўтаётганларига Умар ибн Хаттоб даврларида ақд қилинган сулҳ ва иттифоққа мувофиқ нисфул ушр, яъни йигирмадан бир олинарди. Агар бугунги кунда аҳли китоблар ёки улардан бошқалар билан янги иттифоқ тузилса, улар давлат чегарасидан олиб ўтаётган тижорат молларига олишаётган солиқ миқдори ушр билан ушрнинг ўндан бири ё тўртдан бири ёки ушрнинг ярми билан, ё ярмидан кўпроғи ёки озроғи билан белгиланади. Иттифоқ қилинган нарсага риоя қилиш вожиб бўлади.
Дорул-ҳарб тижоратчиларининг давлат чегарасидан олиб ўтаётган молларидан уларнинг давлати мусулмонлардан ушлаб қолаётган миқдорида бир хил муомала қилиб ушр олинади. Улар бизни тижоратчиларимиздан олганлари каби оз бўлса оз, кўп бўлса кўп оламиз. Дарҳақиқат, Умар ибн Хаттоб ва у кишидан кейинги халифалар даврида дорул-куфр аҳллари билан бир хил муомала қилиниб ушр олинарди. Зиёд ибн Ҳадийрдан ривоят қилинган ҳадисда, Зиёд ибн Ҳадийр: «Умар ибн Хаттоб ушр олишга жўнатган кишиларнинг аввали мен бўлган эдим. Умар ибн Хаттоб мусулмонлардан қирқ дирҳам ҳисобидан бир дирҳам, зиммийлардан ҳар йигирма дирҳамдан бир дирҳам олишимни, зиммий бўлмаганлардан, биз уларнинг диёрларига борганимизда биздан олишгани каби ўндан бир олишимни буюрди», деди. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда, Анас ибн Молик: «Умар ибн Хаттоб мени ушр олишга жўнатдилар ва менга мусулмонларни тижоратлари учун бориб-келиб юрган молларидан қирқдан бирини, зиммийлардан йигирмадан бирини олишимга ва дорул-ҳарб аҳлларидан ўндан бир олишимга фармон ёзиб бердилар», деб айтади.
Абу Мусо ал-Ашъарий Умар р.а.га: «Албатта биз тарафдан тижоратчи мусулмонлар куфр диёрига боришганда улар мусулмонлардан ўндан бир олишади», деб хат ёзди. Шундан сўнг Умар р.а. Абу Мусо ал-Ашъарийга: «Сен куфр диёри аҳлларидан мусулмон тижоратчиларидан олганлари каби олгин», деб хат ёздилар. Ва Манбиж аҳли Умарга: Бизга ерингизга тижорат учун киришга ижозат беринг, биздан ўндан бирини оласиз, деб хат ёзишди. Сўнг Умар р.а. Расулуллоҳ ﷺни саҳобалари билан шу ҳақда маслаҳатлашди. Улар Умарга ўндан бирини олишга маслаҳат беришди. Шунинг учун, куфр диёри аҳлларидан олинадиган солиқ миқдори у билан бир хил муомала қилиниб, бизнинг тижоратчиларимиздан олишган миқдорида бўлади. Агар биз бугунги кунда давлатлар билан янги иттифоқ тузсак, бу иттифоқ, улар бизнинг тижоратчиларимиздан оладиган солиқни белгилаб беради ва биз уларнинг тижоратчиларидан иттифоқ белгилаб берган солиқ миқдорини олишга риоя қилишимиз вожиб бўлади. Бу миқдордан ортиқча олишимиз жоиз эмас.
Албатта, зиммий ва куфр диёри аҳллари тижоратчиларидан олинадиган нарсалар мусулмонлар учун фай ўлжадир ва булар фай ва хирож девонига қўйилиб, жизя ва хирож ўринларига сарфланади.
Зиммийлар ва куфр диёри тижоратчиларидан олинадиган миқдор халифанинг ихтиёрига топширилгандир. Халифа тузилган ёки тузиладиган сулҳ иттифоқи доирасида ва бизнинг тижоратчиларимизга муомала қилишгани каби бир хил муомала қоидасига биноан, унда Ислом ва мусулмон, даъватни ёйиш манфаатли деб кўрган раъйига мувофиқ миқдорни ошириши ёки камайтириши жоиздир. Абдуллоҳ Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадисда Абдуллоҳ: «Умар р.а. Набат қавмининг ёғ ва буғдойидан – Мадинада товарлар кўпайиши учун – йигирмадан бирини олардилар, пахта матосидан эса, ўндан бирини олардилар» дедилар.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими
22.07.2022й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми